КИТОБ ЎҚИШГА ЧОРЛОВ


 

КИТОБ ЎҚИШГА ЧОРЛОВ


Китоб - ақл қаймоғи. Аммо буни тушунган тушунади. Бунинг учун идрок элагида эланган китобларни излаб топиш, уни ўқиш учун қизиқтириб намойиш этиш керак. Пойтахтимиздаги Киночилар уйида қўйилган янги спектакл менимча китобхонликка даъват бўлди. Киночилар уйида янги спектакл?!..- деб ҳайрон бўлаётгандирсиз? Ҳа, актёр Фарҳод Худойбердиевнинг айтишича бу ижод уйи раҳбарлари мўъжазгина хоналарини зерикиб қолманглар, янги кинода рол ўйнайман деб юриб. Майли, ниятингизни амалга ошириб, бемалол маҳорат мактабингизни очаверинг. Ижод маҳсулларингиз томошабинларга маънавият улашса бўлди, -дейишибди.
Қаранг, мен ҳеч қачон театрда рол ўйнамаганман. Бу ерда эса «Тўмарис» спектаклида Феничо ва бу асарда эса иши юришиб, омади чопмаган шоир образини яратдим, -дейди Фарҳод. Шу кунларда ёзувчи Шаҳодат Исахонованинг «Бибихоним» асарини сахналаштиряпмиз...
-Машқимизни кичик даврада кўрикдан ўтказмоқчи эдик, аммо кўпчилик йиғилибди. Беҳад ҳурсандман, -деди томоша бошланишидан олдин режиссёр Сайфиддин Мелиев.
- Асосан кўнгилли киноактёрлардан бир жамоа тузиб, маҳоратимизни чархлаш ниятида эдик. Қаранг, ниятимиз эзгу экан, жамоамиз ҳам, томошабинларимиз ҳам кўпайиб боряпти...
Кўнгилларга театрга бориш, кино кўриш, концерт залларига йўл олиш сиғяптими, демак, оламимизда ҳотиржамлик!
Кеча оқшом Киночилар уйига мен ҳам бориб, қалбимни ёғдуларга қориб қайтдим.
Бугун эса Тениси Уильямис ким, у яна қандай асарлар ёзган?- деб интернету яқин дўстларимни йўқлашга тушдим. Зора улардан унинг китобларини топсаму, Абдумажид ва Абдубосит набираларим қўлига тутқазсам!
Чунки бешинчи ва еттинчи синфда ўқийдиган набираларимни ҳам бу «қўлбола» театрга олиб боргандим-да! «Пушти зал» деб номланган шинамгина томошахона кино тасмалари, касета ленталари билан ўзгача безатилиб, мўъжизавий ялтиллаб турарди.
Кираверишданоқ эски замон киборлари оламини ҳис қиласиз. Сочилган пушти қоғозлар, алмисоқдан қолган стол - стуллар, «шохона» либослар...
Ҳаммадан ҳам, бир соатлар чамаси давом этган «Бир кунлик бахт»/асл исми «Шиша қафас»/ спектакли актёрлар маҳорати, жасорати, эслаш қобилияти... ҳаммасини намоён этди. Набираларим шундай ёнгинасида нафаслари сезилиб, кўзлари ёниб, бирор сўзидан тутилмай, бир-бирига туртиниб-суртинмай ролга кирганларни мўъжизавий қабул қилганидан, стулни жуфтлаб қўйиб, актёрлардек устида рақс тушиш, унинг устидан умбалоқ ошиб сакраб югуриш «машқи»ни уйда бошлаб юборишди.
-Бувижон, суфлёр йўқ экан-ку, бувам артистлар ҳамма гапни ёдлаб ололмайди. Унга шивирлаб айтиб турадилар, - деганди деб мендан сўраб ҳам қўйишади.
-Ҳа, ишлайман, иқтидоримни пешлайман, - деганлар жам бўлибди бу ижодхонада, - деб жавоб бераман ўйланиб мен...
- Бепул кирдик-а?
Яна ҳайрон бўлади каттаси.
-Ҳа, бепул. Улар изланяпти, китоб ўқишга даъват қилишяпти. Китоб ичидан топганларини шунақа жонлантириб беришяпти.
-Китобда улар айтган қўшиқлар ҳам ёзилганми? Жуда чиройли айтишди. Менинг ҳам гитара чалиб шундай қўшиқ айтгим келяпти...
Ҳа, мен айнан шу саволга жавоб топиш учун ҳам ўша ёзувчининг айнан шу хикоясини излашга тушдим. Ҳали олдинда гитара масаласи ҳам турибди...
Фарҳод Худайбердиев, Илмира Раҳимжонова, Изроҳат Муродоваю Эркинжон Бозоровларга катта раҳмат! Овозингиз, созингиз асло сўнмасин. Қўша-қўша олқишу унвонларни етаклаб келар хайрингизни Аллоҳ берсин!

 

Умида АБДУАЗИМОВА