Энди ўзимиз стилист!


 
Кўзгу олдида

     Аёлларимизнинг кўпчилиги сочларни одатдан ташқари турмаклаш учун, албатта, гўзаллик салонига бориш керак деб ҳисоблашади. Аммо буни уй шароитида ҳам амалга ошириш мумкин. Буннинг учун озгина қунт ва эътибор бўлса кифоя. Асосийси, қуйида бериладиган тавсияларни диққат билан ўқинг ва мутахассис стилистнинг маслаҳатларига қулоқ тутинг. 
Ҳар куни сочни чиройли турмаклаш учун сартарош ҳузурига бориш шарт эмас. Чунки мутахассис қабулида бўлиш ҳар сафар ўзига яраша маблағ талаб этади. Қандай соч турмаги қилмоқчи эканлигингизни аниқлаб, буни мустақил равишда амалга оширишингиз мумкин.
     Классик услубга эга бўлган соч турмаклари эластиклиги ва силлиқлиги билан ҳар қандай базм, учрашув ва банкетлар учун мос келади. Бунинг учун нима қилиш кераклиги хусусида мутахассислар қуйидагиларни маслаҳат беришади. 

1.Сочларга ўзгача жило ва товланиш бериши  ва яхши ётқизилиши (укладка) учун намланган сочларга кўпик суртилади.
2.Сочларни бўлакларга ажратинг. Қуритилган сочларни иссиқ бигуди ёрдамида айлантириб чиқинг ва совишини кутинг. 
3.Бигудини олаётганингизда эҳтиёткорроқ бўлинг. Сабаби сочларнинг қолипи бузилиб кетиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун уларни лак ёрдамида қотириш керак. 
4.Жингалаклар табий ва силлиқ бўлиши учун уларни қўллар ёрдамида енгилгина силкитиш керак. 
Фойдали маслаҳатлар
1.Сочларингизнинг ранги қанақа чиқишини билмоқчи бўлсангиз, олдин бўйнингизнинг орқа тарафидаги соч толаларингизни бўяб кўринг.  Натижада қандай ранг ҳосил бўлгани аниқ бўлади.  Шунда хавотирланишга ўрин қолмайди. 
2.Ҳафтада бир бор қўлларингиз учун  сутли маникюрдан фойдалансангиз терингиз янада майин бўлиб қолади.  Буни тайёрлаш учун 20 % ли 100 мл қаймоқ аралашмасига 3-4 томчи бодом ёғи қўшиб, миксерда аралаштириб олинг ва ҳосил бўлган аралашмага қўлларингизни ботиринг, кейин енгил уқаланг. Сўнгра қўлларга целлофан қўлқоплар кийиб, сочиқ билан ўраб қўйинг. Орадан беш дақиқа ўтгач, қуруқ қоғоз сочиқ ёрдамида қўлларни артинг.
3.Ишлатиб бўлинган тушь идишларини ташлаб юборманг. Идишда қолган туш киприкда тўкилиб кетади, лекин у билан қошни бўяш мумкин. Шунингдек, унинг юмшоқ чўткаси ва тароғи қошларни текислаш учун асқотиб қолиши мумкин. Қора мағизлилар учун қора рангли тушь, малла сочлиларга эса жигаррангли тушлар тавсия этилади.   
4.Лаблар ҳам алоҳида парваришга муҳтож. Уларни ҳафтада уч маротаба юмшоқ чўтка ёрдамида уқаланг. Кейин бодом ва лаванда ёғлари аралашмасидан суртиб қўйинг. 
5.Аёллар юз парваришида лимон суви ҳам асқотиб қолиши мумкин. У ёрдамида тайёрланган маскалар нафақатюз терисини оқартиради, балки турли хил доғларни кетказишда қўл келади. 
6.Косметологияда шундай қоида бор. Пардоз қилаётганингизда кўзларга алоҳида урғу бермоқчи бўлсангиз, лабларни очиқ рангда бўянг. Аксинча, лабларга эътибор қаратмоқчи бўлсангиз кўзлар унчалик ўзига жалб қилмаслиги керак.
7.Бўйин териси ҳамиша қуруқ бўлади. Ҳатто юз териси ёғли бўлса ҳам. Шунинг учун бўйинга фақат қуруқ териларга мўлжалланган кремларни ишлатиш тавсия этилади. 

Махсума ОҚҚЎЗИЕВА тайёрлади.