КИТОБНИНГ ЖОНИ БОР


      
   Ўзбек Миллий Академик драма театри ва кино актёри, Биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, "Шайтанат"даги Асадбек ва бошқа кўплаб роллари орқали халқимизга жуда қадрдон бўлган - Ёдгор Саъдиев бугунги меҳмонимиз! 

– Ассалому алайкум, Ёдгор ака. Келинг, суҳбатимизни сиз ижро этган роллардан бири – Турғун Пўлат қаламига мансуб “Ичкуёв” видеоспектаклидаги Ўринбой Темировдан бошласак. “Шайтанат” ва Асадбек ҳақида кўп гапирилди. Ўринбой тимсолида ҳам ҳақиқатпарварлик, чапанилик, мардлик каби фазилатларни кўрамиз. Шу спектаклнинг яратилиш жараёни, сизни видеоспектаклга ким таклиф қилгани, лўнда қилиб айтганда, видеоспектаклнинг тарихи ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Ушбу асар муаллифи ардоқли ёзувчимиз Турғун Пўлатов асли наманганлик эди. Ўша асарни Мақсуд Юнусов ўқиб чиққач, экранлаштиришни режалаштирган. Шунда менга: “Ичкуёв” деган асарда бош қаҳрамон роли бор – Ўринбой Темиров деган ҳақиқатгўй журналист. Шуни сенга лойиқ топдим”, – деганди. Унгача ҳам жуда кўп видеофильмларда турли ролларни ижро этгандим. Ўша барчага манзур бўлган “Гирдоб”, “Алишер Навоий”, “Диёнат” ва бошқа видеоспектаклларда роллар ўйнаганман. “Ичкуёв”ни видеоспектакль қилсак, деган таклифни киритилгач, ишга киришиб кетдик. Суратга олиш жараёнлари икки йилча давом этган. Ўзимизнинг таниқли актёрлар иштирок этишган. Мазкур видеофильм телевидение орқали “Диёнат” видеофильмига ўхшаб тез орада халқимизнинг эътиборига тушди ва машҳур бўлди. 1989 йили “Ичкуёв” видеофильми Ҳамза номидаги Ўзбекистон давлат мукофотига номзоди қўйилди ва шу видеофильмимиз раҳбарият томонидан мазкур мукофотга лойиқ деб топилди. Мукофотга тўрт кишининг номзоди қўйилганди: муаллиф Турғун Пўлатов, Мақсуд Юнусов, режиссёр ва постановкачи Тўлқин Қурбонов, постановкачи оператор ва бош қаҳрамон ижрочиси Ёдгор Саъдиев, яъни камина Ўринбой роли учун. Қирқ уч ёшда Ҳамза номидаги Ўзбекис­тон давлат мукофоти совриндори бўлганман. Қувонарли жиҳати шундаки, анча йиллар ўтса-да, ўша видеофильм яна экранларимиз­да – “Ўзбекистон” телевидениесида намойиш этила бошлади. Ҳозирги кунгача ретро саналган видеофильмларни намойиш этиш бўйича “Ичкуёв” видеофильми ҳам такрор экран юзини кўрди. Халқимиз буни яхши санъат асари сифатида қабул қилган. Бу жуда қувонарли ҳол. Мақсуд ака жуда иқтидорли, Ўзбекистон телевидениесининг асосчиси, ардоқли режиссиёрлардан эди. Биз бир-биримизни яхши тушунардик. Видеофильмнинг муваффақияти ҳам актёрларни тўғри танлаш, оператор иши, янграган куйларда ўзимизнинг миллий мусиқаларимиздан фойдаланилганида бўлган. “Отмагай тонг” куйи сурнайда чалинган. Ҳар гал “Ичкуёв” видеофильми ҳақида гап кетса, доим кўнглимда ёрқин таассурот, кўтаринки кайфият пайдо бўлади.
– Раҳмат. Аввалги суҳбатимизда, қолаверса, бошқа нашрларга ҳам берган интервью­ларингизда тўйларни ихчамлаштириш, келин-куёвларнинг ғарбдан кириб келаётган турли ёт одатларга тақлид қилишини кескин танқид остига олгандингиз. Видео­спектакль ғоясидан келиб чиқган ҳолда, ичкуёв бўладиган эркакларга, бугунги кундаги ичкуёвлар: кимдир вилоятдан келиб, пойтахтда қолиш учун ёки қизнинг бойлигига учиб ичкуёв бўладиганларга муносабатингиз қандай?
– Мен бу борада қанақа муносабат билдиришим мумкин?! Салбий муносабат билдираман, албатта. Чунки айримлар ҳаёт тақозоси билан ичкуёв бўлиб қолишса, баъзи бирлари бунга интилишади. Мен ичкуёвликни ҳар қандай ҳолатда ҳам маъқулламайман. Негаки эркак киши ҳар доим эркаклигича қолиши керак. Айниқса, бу гапим оилали эркакларга тааллуқли. Ўзбекистондаги оила қурмоқчи бўлган ёки янги ҳаёт остонасида турган барча йигитларнинг ҳеч қачон ичкуёв бўлмасликларини Аллоҳдан тилаб қоламан.
– Сиз “Иймон” спектаклини Қорақалпоғистонда ўзбек тилида, қорақалпоқ дўстларимиз қорақалпоқ тилида ўйнайди, шундай тажриба ўтказмоқчимиз, деган интервьюнгизни ўқиб қолгандим. Тажрибанинг натижаси қандай бўлди?
– Натижасини телевидение орқали кўрсатишганди. Қорақалпоқлар дўстларимиз пойтахтга келишганда, улар билан Ўзбекистон миллий академик драма театрида “Иймон” спектаклини ўзбек тилида ўйнадим. Улар эса қорақалпоқ тилида ўйнашди. Томошабинлар жуда катта олқишлар билан кутиб олишди. Икки миллатнинг ўзаги, қони, тили, ташвишию қувончи бир. Аслида, икки миллат де­йиш нотўғри. Қорақалпоқ ва ўзбек бир элат. Биз бир халқмиз. Тил масаласида ҳам тафовут йўқ. Ўзбеклар ҳам жуда яхши тушунишди қорақалпоқларни, улар ҳам ўзбекчани бемалол англашди. Ўйлаган режаларимиз яхши натижа берди. Қорақалпоғистонлик Бердақ номидаги театр актёрлари учун ҳам муваффақиятли спектакль бўлди.
   Айтиш жоиз – Қорақалпоғистон театри ифтихоримиз. 90 ёшдан ошди-я. Қорақалпоқ теат­ри Ўзбек миллий драма театрининг туғишган укаси, десак ҳам бўлаверади (Ўзбек миллий драма театри 104 ёшга тўлди). Чунки йўналиши ҳам, мактаби ҳам деярли бир хил. Қорақалпоқ халқи жуда иқтидорли. Биргина Бердақ театрининг ўзи ҳам опера, ҳам мусиқали драма, ҳам драма қўяди. Ҳозир балетни ҳам қўйишяпти. Қаранг, битта театрда қанча йўналиш. Бу театрдан жуда катта-катта санъаткорлар чиққан. Қўшиқчилик борасида ҳам биргина Отажон Шукуровнинг ўзи ҳам Қорақалпоғис­тон, ҳам Ўзбекистон, ҳам Туркманистон, ҳам Татаристон халқ артисти унвони соҳиби! Қаранг, у ердан жуда ҳам маҳоратли опера йўналишидаги овозлар чиққан. Женисбек бизнинг ифтихоримиз. Иккала санъатнинг ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Санъат битта бўлади. Хуллас, шуларнинг барчаси Қорақалпоқ теат­рида мужассам.
– Ёдгор Саъдиевни асосан ижобий ролларда кўришга одатланиб қолганмиз: Ибн Сино, Бадиуззамон... “Гирдоб” спектакли, ундан ташқари, “Ойна” спектаклида эса салбий қаҳрамон образини гавдалантиргансиз. Раҳматли Ҳамза Умаров билан бир саҳнада роль ўйнаш бахтига мушарраф бўлгансиз. Спектаклда ролингизни ўйнашингиз қандай кечган? Назаримда, ўша асарда кўтарилган долзарб мавзулар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагандек.
– Ҳамза Умаровни ёдга олганингиз учун катта раҳмат. У кишини улуғ санъаткор дея баралла айтсак бўлади. Ёш кетдилар. Улардан яна кўп нарсани ўрганишимиз мумкин эди. “Ойна” спектаклига келадиган бўлсак, бу Учқун Назаров асари. Раҳматли Учқун аканинг ўзи театримизнинг директори бўлиш арафасида ўз асарини саҳналаштирган. Дастлаб Ёқуб Аҳмедов, Турғун Азизов сингари устозларимиз ҳам роль ўйнашган. Ҳамза ака келганларидан кейин уларгаям роль берилган. Ҳамза ака ижод қилиш учун театримизга келган эканлар. Бир-биримизга муносабатимиз туғишган ака-укалардек эди. Мен ўшанда бир савол берганман: “Ҳамза ака, сиз Муқимий номидаги мусиқали драма театрида етакчи актёрлардансиз. Нега бизнинг театримизга келдингиз?” Ҳамза ака айтдиларки: “Ҳамза номидаги миллий драма академик театрида битта бўлсаям роль ўйнаш орзум бор эди. Ана шу орзу, ёшим ўтган бўлса-да, барибир мени тарк этмаган. Шунинг учун бу даргоҳга келдим”.
   Ҳамза Умаров бу театрда ҳам чин маънодаги катта санъаткор эканларини яна бир карра исботлаб кетдилар. Чунки бир ҳафта, ўн куннинг ичида спектаклдаги барча сўзни ёдлаш жуда қийин эди. Ўн кун жуда оз муҳлат. Ҳатто ёш йигитларимизнинг хотираси кучли деймиз-у, лекин улар ҳам бундай қисқа муддат ичида бу қадар кўп сўзларни ёд олиши амри маҳол. Ҳамза ака эса ўн кун ичида спектаклдаги барча сўзларни ёд олганди. Телевидение учун “Ойна” спектакли ёзиб олинадиган бўлганда, Шукур Назаров “Ҳамза ака ўйнайди, устоз бу одам”, – дегандилар.
   Энди мен мана шу ерда бир сирни ошкора айтишим мумкинки, менда “Ойна” спектаклининг сценарийси турибди. Шуни бир варақлаб чиқиб, бугунги кунга янада мослаштириб, қайтадан саҳналаштириш ния­тим бор. Ҳамза ака ижро этган бош ролни бу сафар ўзим ўйнайман. Мана шундай ор­зум ҳам йўқ эмас. “Ойна” спектакли ҳақидаги фикр­лар мен учун қадрли. Энди Ҳамза аканинг даражасига чиқа оламанми-йўқми, буни Аллоҳ билади, лекин ўйнаб кўриш ниятим бор.
– У ҳолда кутиб қоламиз. Демак, ўзингиз режиссёрлик қиласиз?
– Худо ҳоҳласа, албатта.
– Бугунги кунда қандай китобларни мутолаа қиляпсиз?
– Турган гап, бу менинг шахсий сирим. Лекин ўқувчиларга, албатта, бир асарни ўқиб чиқишни тавсия қилган бўлардим. Марҳум дейишга мажбурмиз... марҳум, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси, менинг қадрдон дўстим Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки” китобини топиб ўқишсин. Керак бўлса, фарзандлари билан бирга ўтириб ўқишсин. Ўшанда китобга, мутолаага бўлган муносабатлари ижобий томонга ўзгаради. Одамийлик мулкини кўтариш жудаям оғир. Тоҳир Маликнинг бу асари бизга катта мерос бўлиб қолди.
– Рафиқангизнинг ҳаёти ҳақида китоб ёзилгани ҳақида эшитдик. Бу китобни қачон ўқиш имконига эга бўламиз?
– Ҳа, келинойингиз ҳақида “Умрга татигулик бахт” деб номланган китоб ёзилди. Гулнора Отажонова шунга бош-қош бўлди, ўзи ёзиб-чизди. Китобни катта ададда чиқармадик. Яқинларнинг ўзига тарқатдик. Раҳматли умр йўлдошимни биладиган, таниган инсонларгагина тарқатдик. Ўзимизга тааллуқли нарсаларни кўз-кўзлашни ёқтирмайман.
– Сиз ҳақингизда ҳам китоб ёзилаётган экан, деган гаплар бор?
– Биласизми, мен ҳақимдаги бу хабар нотўғри. Мен ўзим тўғримда қанақадир китоб яратишни ёқтирмайман. Билмадим, лекин менга одамнинг ўзи ҳақида китоб ёзиши ёки ёздириши ёқмайди. Тўғри, шунақа одамлар ҳам бор. Фалон ёшга кирганда, “Мен ўзим ҳақимда китоб ёздиришим керак”, дейишади.
   Умр йўлдошим Зайнихон Саъдиева 55 ёшга киришим арафасида тўйимиз бўлган кун – 24 сентябрда эрталаб нонушта пайти менга “Себзорлик йигит” деб номланган китоб тақдим этган. Ўзи ёзган экан китобни. Аввал мендан: “Дадаси, у расмингиз қани, бу суратингиз қани?” деб сўраб юрарди. Лекин китоб ёзаётганини айтмаганди. Умр йўлдошим ёзган кичкина китобча мен учун энг қадрли туҳфа.
– Сизни ишхонада ўта жиддий, ниҳоятда талабчан ва қаттиққўл инсон деб билишади, лекин умр йўлдошингизга нисбатан оилада жудаям меҳрибон бўлган экансиз. Эслаш гарчи сиз учун оғир бўлса-да, келинойимиз ҳақидаги хотираларни ҳам эслаб ўтсангиз.
– Нимасини айтай! Аёлим раҳматли жуда кўп китоб ўқиган, ўқимишли, санъатшунос олима эди. Шу таърифнинг ўзи, менимча, унинг қандай инсон бўлганини билдиради. Ҳаётда ҳам, оилада ҳам шунақанги меҳрибон ва жуда эътиборли, айниқса, менга нисбатан ниҳоятда меҳрибон аёл эди. Шунинг учун бу нарсалар ҳақида гапириш мен учун жуда оғир... Эсласам, ҳар доим қайғули вазиятга тушиб қоламан. Аёлим ҳақида гапиришим учун менга бир нарса етишмаяпти. У ҳам бўлса – аёлимнинг меҳри, унинг борлиги етишмаяпти. Албатта, болаларим, набираларим менга меҳрибон. Лекин улар фарзанд, улар набира, аёлим эса умр йўлдошим эди! У мутлақо бошқача эди.
   Бирга умр кечирдик, яхши кунларимиз ҳам бўлди, ташвишли кунларимиз ҳам бўлди. Лекин яхши кунларимиз кўпроқ эди. Уни жуда яхши кўрардим. У ер-бу ерга саёҳатга борсам, уни ҳам, албатта, олиб боришни истардим. Имконият даражасида бирга олиб борардим. Жойи жаннатда бўлсин. Аллоҳ Ўзи раҳматига олган бўлсин. Мен ўзимга ўзим таскин бериб яшайман. Энди висол фақат қиёматда. Аллоҳим шунга етказсин дейман.
– “Китоб дунёси” газетасининг мухлисларига тилакларингиз...
– “Китоб дунёси” номли нашр пайдо бўлганида, рости, жуда хурсанд бўлгандим. Бу китобга қайтиш демакдир. Очиғини айтсак, китобдан йироқлашиб қолгандик. Катталар ҳам, ёшлар ҳам йироқлашганди. Буни беркитишнинг ҳожати йўқ. Ўша пайтда ҳам ўқийдиган ўқирди, ўқимайдиган ўқимасди. Лекин шунга қарамасдан, кўпчилик ўқирди. Кўпчилик фарзандларига, набираларига китоб ўқишни ўргатади. Ҳозир, мана, “Китоб дунёси”нинг шарофати билан яна битта чиройли анъаналаримизни тикланиши маълум бўляпти. Муҳтарам Президентимиз ҳам китобга бўлган ҳурматлари, эътиборларини бутун халққа билдириб, ҳозир кўп жойларда китоблар тарқатил­япти, одамлар ўқисин, жонли китоб, жонли мулоқот бўлсин, деб ҳар доим, керак бўлса, талаб ҳам қиляптилар. Бу нима дегани? Бу илм, зиё дегани! Китоб мутолаа қилинг, дегани. Илмли, зиёли бўлишга китоб мутолаа қилиш орқали эришилади. Шунинг учун китоб ўқиш фойдадан ҳоли эмас. Кони фойда.
   “Китоб дунёси” газетасига муваффаққият тилайман. Одамларни мана шундай китобга қайтаришда амалга ошираётган саъй-ҳаракатларида омад тилайман. Шу билан биргаликда, халқимизнинг ҳар битта поғонасига, ёшларга ҳам, мактабга энди кирадиган, мактаб­гача таълим олаётганларга ҳам, талабаларга ҳам, катта ёшлиларга ҳам, ҳаммага китоб билан дўст бўлишларини Яратгандан сўраб қоламан. Чунки китобнинг жони бор. Ҳар битта саҳифасини варақлаб ўқиганингизда китоб мириқади. Шу билан бирга, ўзимизнинг ҳам тафаккуримиз ортади ва фикримиз янада тиниқлашади, теранлашади. Китоб фақат фойда, фойда ва яна фойда келтиради. Мана шу ҳақиқатни халқимиз сира унутмасин.
– Ёдгор ака, сизга ҳам узоқ умр, янада баркамоллик, дунёдаги энг эзгу истакларимизни тилаб қоламиз. Мароқли суҳбатингиз учун катта раҳмат!

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.

Манба: "Китоб дунёси" газетаси. 2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот