ОФТОБ ОҒУШИДА ҚОЛГАН МУҲАББАТ


Қўчқор НОРҚОБИЛ
ОФТОБ ОҒУШИДА ҚОЛГАН МУҲАББАТ
Ҳикоя 
1
  Баъзан ўйга толаман. Яратган тақдир тошини Инсоннинг ўз қўлига бериб қўярмикин-а? Ирғитасан, секингина. Лекин тош аллақаергадир, олис-олисларга бориб тушиши ҳам мумкин. Масалан, Антрактидага ёки Санкт-Петербургга. Шундан кейин ҳам Ерни катта деб кўр-чи... Кички-и-и-и-и-на-а.
  Бу ҳикоя Ернинг катта-кичиклиги ҳақида эмас. Йўқ, мутлақ бошқа нарса ҳақида.
  ...Асқар “афғон” касал бўлди: озиб-тўзиб қолди — худди игнанинг тешигидан ўтадигандайгина. Кўзлари ёшоврайди. Ичини нимадир кемиради, нафаси қисиб, олам қоронғу тортади. Гавдасига оғирлик қилаётган боши қалтираб, чайқалади.
  Билмагичлар: “...шўрликнинг дарди оғир, бу кўргулик қайдан ёпишди?”,— дейишади. Билгичларнинг эса изтироби ичида: “Урушнинг касофати бу. Минг ланъат. Оғриғи инсоннинг бошидан чиқиб кетмаскан-а, барибир. Бундан кейин навбат қайсимизники, қай биримиз ҳолдан тоямиз?..”
  Бу савол шу даврадагиларнинг кўпчилиги хаёлида чарх ургани ҳам чин. Қайси давра демоқчимисиз? Ёшлигини уруш “еган”, эллик ёшдан ошган бўлса-да, ҳамон уруш юкини кўтариб юрган қавмни айтаяпман.
  Бою камбағали теппа-тенг. Мансабу мартаба чақа-чўп. Бир-бирининг кўзига тик қарашади. Сенсирашади. Ҳакаммисан ё ҳокиммисан, ҳукуммиссан ё тукиммисан фарқи йўқ, ўртада чегара ҳам йўқ. Ҳамма бирдай. Мулозамату манзиратнинг ғирром ғавғоси бу давранинг ғалвирига тўғри келмайди. Чунки, булар ўзларини ҳаётни яшаб қўйган каби ҳис қилишади, ҳу-у-в, ўшанда ўлиб кетишганда нима бўларди? Ўн саккиз-йигирма ёшида. Ўзга юртда. Жангу жадалда. Афғонда...
  Улар, шу даврадагилар кейинги ҳаёти, ҳозир яшаётган умрини ўша кунлардан омонатга, қарзга олингани, тақдирнинг буюк инояти ила жонлари гаровга қолганлигини ҳис қилишарди. Шунинг учун бу дунёнинг ўткинчи тўс-тўполонлари билан чувалашиб - чувиллаб ётишнинг не ҳожати бор? Бу даҳри-дунда савдойи-садойилик, яъни, ғурбату ғанимбозлик не даркор? Шундай ғалати ўй ҳар бирининг хаёлига ўрнашиб қолган эди, десам ишонаверинг.
  Ахир улар ўлим билан олишган, энди, бу замонда иту бит билан ғажишиб ётиш кулгули ва аянчли эмасми? Садқаи сар!
  Икки ойда бир, сўнгги якшанбада водийу воҳа, Тошкенту Нукус, хуллас, юртнинг ҳар ҳудудига ризқи сочилган қуролдошлар давра қуришади, “гап” ейишади. Шу давра бугун бир қалқди. Эрматнинг гапи хандаққа тушган снаряддай портлади:
— Асқардан хабарларинг бор-а, ўламан, деб ётибди. Даволатишимиз керак. Ернинг киндигида бўлса ҳам зўр духтир топиш лозим, — деди у.
  “Портлаш”дан сўнг бирдан жимлик чўкди. Худди жанг олдидаги ваҳимали сукунат ичра ўлим шамоли эсиб ўтгандай бўлди. Ҳамманинг нигоҳи Эрматда.
  Эрмат: — Ҳар ким топганини беради! Бериши шарт!
   Бу буйруқ эди.
— М-м-м, да-а-а-а... Йиғамиз. Рўйхатни мен тузаман, — деди Қодир мерган. — Ўзим минг доллар бера оламан.
  Давра чайқалди: “Мен беш юз, мен минг, мен икки юз, мен юз...”
  Гарчанд ушбу гап-гаштакнинг пойида ўтирган бўлса-да, Раҳимнинг дамига довучча пишарди, бу атрофда ундан ўтадигани йўқ, бойлиги бойўғлини ўйнатарди.
— Сен-чи, Раҳимбой? Ҳимматингга Ҳимолай ҳавас қилгур, ўзинг ҳам бир нима дегин. — Эрматнинг эрканавоз илмоғи Раҳимбойга хуш ёқди. У бу “ялангоёқ-ялангтўшлар”нинг ҳадди-ҳимматидан яйраб ўтирганди. 
— Тубканинг туби бўлса ҳам йўл ва шифохона ҳаражатини ўзим кўтараман, — деди қатъий оҳангда.
— Тўғри қиласан-е, агар ўшанда шу Асқар бўлмаганда, сенинг чала ўлигингни жаҳаннамдан кўтариб чиқмаганда, бундай бойиб, донғинг Доғистонни довдиратиб юрмасдинг, — қарсиллатиб гап сопқонини бўшатди Жовли чечан.
  Эрмат унга ўқрайди. Кимдир айталаб йўтал тутди қилди — уҳилади. Бошқа биров шақиллатиб чойнак қопқоғини ўйнай бошлади. Қодир қўлидаги рўйхатдан кўз узмайди, худди унга сеҳрланиб, тикилиб қолгандай. Раҳим ўзини ғазабланганга олиб қирғий қараш қилди. Жовлининг ёнида ўтирган Тўлқин танк эшик томон секин сурилди, Қудрат дудуқ ҳам ўзини дераза томон тортди.
— От! Отавер. Шишани от! Олашақшақни бир ўзи рўпарангда турибди, — Қудрат Раҳимбойни тезлаган бўлди.
— Отсин-чи, нима қиларканман. Қўлини тишлаб, ғажиб ташларман, — бой бўлса ўзига, — ёлғон дўқ қилди Жовли.
  Раҳимбой бироз жим турди. Сўнг... Қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
— Афғонда сенинг оғзингга ўқ кириб кетмаганига хафаман, — деди у елкалари учиб.
Ана шундай. Бу давра шунақа. Ҳамма бир-бирига эт-тирноқ. Бу давра аҳлини ўша гулгул даврларда уларнинг бошидан учиб ўтган ажал товуши, шувуллаб ҳавони тилкалаган ўқлар ваҳимаси бирлаштирган. Улар тақдир ипларида тизилган мунчоқ доналари каби теппа-тенг эдилар ва бу тизимдан бирининг узилиб тушиши, бошқаларнинг мувозанатини ҳам остин-устун қиларди. Хуллас, бу даврада улар эллик ёшдан ўтган “болакайлар”га айланиб қолишар, араз ва гина-кудратдан йироқ ҳаёт лаҳзаларидан завқланишарди.
— Демак, Раҳимбой, Сенинг борингга шукр! Асқарни сенга, сени Худойимга топширдик. Кейинги шанба Жовли ҳамма пулни йиғиб сеникига олиб боради. — Эрматнинг гап ва қарори қатъий янгради. Худди жангдагидай...
                            2
— Нега энди айнан Санкт-Петербург?, — ғингшиди Жовли. — Ўзимизда ҳам зўр шифохоналар бордир...
— Ишинг бўлмасин. Эзмалама. Питерда бир-икки ой даволанади. Кейин Германияга юборишади, — гапни қисқа қилди Раҳим.
— Қара, бунинг аҳволига. Қопга солиб елкаламайсан-ку.
— Болалар, илтимос, раҳмингиз келсин. Узоғим яқинда, тузоғим салқинда турибди. Мени қилмирлатманглар. 
  Милдир-милдир чўғланиб товланган тойпи узумлар тизилган ишком остидаги қуроқи кўрпача узра ёнбош тортиб, кунботарга ўгрилиб уфққа нигоҳ қадаган Асқарнинг киприкларида ёш қалқди. “Менинг қуёшим ботаяпти-ю, буларнинг гапини қара...”, — ижирғанди ўзича. “Ҳеч нарса ёқмаяпти-ку. Касалхонага олиб боришармиш...”
  Раҳим унинг ўгрилиб олганини “кетинглар, мени ҳоли қолдиринглар”, деган маънода тушунди. Жовли қўйнидан қора елим тўрвага ўралган ғиштдай бир нарсани тапиллатиб унинг олдига ташлади.
— Ўргилдим сендай одамдан. Биз буни деб жонимиз оғриса-ю, бу тихирлигини тойхорга юк қилганига ўлайми?
  Асқар иҳради. Баъзўр бу ёнбошига ағдарилиб, супа четида омонат чўккан икки дўстига юз бурди. Қоқсуяк ва қонсиз, ожиз чеҳраси кўз ёш заҳмида янада аянчли кўринди. Раҳим сесканди, Жовлининг эти жўнжикди ва хаёлидан: “Рангига ўлим нуқси урибди...”, — деган ўй кечди.
— Ҳа, шу ерда ўлмоқчиман, ўзимнинг ўлан-тўшагимда қотмоқчиман, — деди Асқар гўё Жовлининг ҳаёлидагини уққан каби. Сўнгра пул ўралган елимхалтани олиб Жовлининг олдига ташлади: 
— Буни қайтариб олиб кетинглар.
  У яна юзини уфққа, яримдоира чўккан офтобга бурди: “Менинг ҳам офтобим чўкиб бормоқда. Қайтиб чиқмайдиган бўлиб чўкмоқда...” Бу ўкинч унинг хаёлида жаранглади. На Раҳим, на Жовли эшитмади. Яхшиям хаёлимиздаги гаплар ташқарига отилиб чиқмайди. Агар ташқи олам ўйу ҳасратимизни эшитиб турганда эди, аллақачон бу дунё надомату оғриқ қаъри-гирдобида йўқ бўлиб кетар, бани-башар қулоғи азоб-уқубат зарбидан тош битиб қоларди.
  Асқар ҳамон осмоннинг охири — фалак қони кўпчиган алвонтус уфқдан хира нигоҳларини узмайди. Шу тобда худди жанг пайтидагидай портлаш зарбидаги каби учқунлар сачраб кетгандай бўлди, энди у ўт кетган осмон гумбазида баъзўр илиниб турган қонталаш офтоб ичра сингиб бораётган раҳматли ота-онасини кўрди. Ё қудратингдан, ота-онаси, уларнинг юзини ҳам аниқ-тиниқ кўрди. Онаси ортига қараб-қараб қўйди — улар офтоб бағрига сингиб ғойиб бўлишди. Асқарнинг ботинида яна оғриқ турди, нафаси сиқилди. Шундоғам бу дунёда ёлғизлигини ҳис қилди, тезроқ ота-онаси ортидан кетишни хоҳлади. Тўғри-да, бу дунёда уни нима ушлаб турибди, кими бор? Э-е-е, анави Гулсарами? Ҳа, Гулсара. У ҳам офтоб оғушига сингиб кетаяптими? Бошида ўша сариқ дурра, эгнида печакгулли мовий штампил кўйлак. Олов ичра отилган бир тутум гулдайгина бўлиб йўқ бўлиб кетди. Асқар хира тортиб, ёшовраган кўзларини чирт юмди. Юзига ўша уфқда ўрлаган ўт оташи урилгандай бўлди. Кўзини очди. Тобора чўкиб бораётган офтобёғдуда югуриб бораётган Ольгани кўрди. Лаблари беҳол пичирлади: “Қайт... Қайт... Осмон портлаб кетади, ҳозир, қайт...” Ольга эгнида тиббиёт тўрваси, ҳарбий илвасинда уфқ томон шиддат билан чопиб борар, жангоҳ ичра жонталаш бўлиб ётган Асқарни қутқазмоқ учун жон уҳмида югурарди.
  Асқар ернинг лопиллаб кўтарилиб тушиши-ю, осмоннинг гумбурлаб қоқ ёрилганини ва ўзининг қулаганини ҳис қилди. Хира чанг-тўзон ичра тепасида турган Ольгани кўрди. У чўкка тушган кўйи шоша-пиша жанг тўрвасини титкилаб, оғриқ қолдирувчи ампулани олиб, Асқарнинг қонталаш бўлиб илвираган шалвари устидан сонига укол урди.
  Қизиқ, Асқарнинг ҳеч жойи оғримаяпти. У ҳаммасини сезиб ётибди. Ланъати минани босиб олгани-ю, унинг заҳми кейинчалик уни бир умр сон-сафодан чиқариб ташлаши, уруғини куйдириб, зурриёдини қуритиб юбориши-ю, касофат шу урушдан сўнг қисмат наслни нася этиши, ўн йил бирга яшаб тирноққа зор бўлгач, Гулсаранинг ҳам сабр косаси оғуга тўлиб, уни ташлаб кетиши...  бари-барини билиб ётарди. Ана, у яна уфқни кўрди, атрофда ҳеч ким қолмади, осудалик, ҳеч қандай жанг-уруш содир бўлмаяпти — борлиқ уфқ, уфқ, уфқ... Шомталаш дамнинг сўнгги лаҳзалари. Ана, Гулсара ўша сариқ дурра, оқ печакгулли мовий штампил кўйлакда шафъақ шулъасига сингиб кетмоқда. Энди жавониб бирдан ёришди. Сўл қўлидан енгил яраланиб қисм тиббиёт масканига тушиб даволанаётган паллага қайтиб қолди. Ольга унинг жароҳатини спирт билан ювиб муолажа қилаяпти. Оқ дурраси остидан чиқиб турган олтин сочлари янада жозиба бахш этган оппоқ чеҳрасига ярашиқ мовий кўзлари қаърида яширинган шодиёналик акс этиб турибди. Аскарнинг жароҳатини боғлаётиб у жилмайди, шу тобда унинг олтинтус сочлари-ю, тиниқ-теран юзи, милдираган зилол сувдай оч мовий кўзлари ҳам табассум қилгандай бўлди.
  Воқеалар шу даражада ривожландики, у ҳарбий тиббийт масканида кечган ҳамма кунларини лаҳзада бошидан кечирди — Ольга билан аҳил-иноқлик, кейинчалик палатадан унинг хонасига кўчиб ўтиши, бу ердан чиққандан сўнг то жангга боргунга қадар у яшайдиган аёллар модулига қатнагани, ўша ерда тунаб қолиши ва яна жангга чиқиши-ю, бугун мана шу минани босиб ҳаёти остин-устун бўлиб ётиши... ҳаммаси бир лаҳзадагина рўй берди. Мана у энди ётибди, хандақ ёнида, ит азобида, тепасида Ольга, э-э-й, йўқ, у ҳам кетиб қолибди, ахир, уруш тугаганига ўттиз йилдан ошиқ вақт ўтди-ку.
  ...Ольга уни унутиб ҳам юборгандир. Бу орада ота-онаси ўтди, Гулсара ташлаб кетди, бошқага эрга тегди, тақдирига тирноқ битди — фарзандли бўлди деб эшитди, олис қишлоқда ҳозир... Ака-укалари ўз йўлига, ўз кунига улар ҳам омон бўлишсин. Ўзими? Ўзи мана ётибди, кун санаб. Супада, ота-онасидан қолган ҳувиллаган ҳовлида, бир ўзи, ёлғиз, худди бойўғлига ўхшаб. Укаларининг болалари ҳам бунинг ёнига келишга безиллаб қолишган. Инжиқлигидан ит ирканади. Шўрлик болакайлар тугунчадаги емакни супа четими, ошхона токчасигами қўйишади-ю, ғизиллаб эшик томон чопишади, касал амакининг койиши-ройишларига кимда хоҳиш бор дейсан.
  Асқар энди мутлақ ўз ҳаётига, ўзининг ҳозирги қисмати қаърига қайтганини ҳис қилди. У энди бир пайтнинг ўзида икки хил дунёда яшаётганини англади. Бири уруш дунёси, бири ўзининг мана шу дардли дунёси. Ҳамма нарса айқаш-уйқаш бўлиб кетган. Зил-замбил қабоқларида оғриқ туйди. Кўзларини очди. Қуёш ботиб кетибди. Супа четида ундан кўз узмай турган Раҳим ҳамда Жовлини кўрди. Мижжаларида ёш ғилтиллади.
— Майли, бораман. Қачон йўлга чиқамиз?, — деди зўрға.
— Эртага. Эртага. Биз сени олиб кетамиз. — Раҳим оғир ютинди.
  3
  Соҳибига одам иси ёқмайдиган уй ҳам ўз-ўзидан емирилиб, тўкилиб боради. Асқар яшаётган уй чиндан ҳам хароба, ака-укалари таъмирдан сўз очса, ажинаси отланиб, жиғида жин қўзиб қоларди. Кенжа ука билан бу мавзудаги суҳбатга темир қопқоқ урилгандан кейин ҳеч ким унга, келинг, шу жойни эпақага келтирайлик, дейишга ботинолмади.
  Кенжа ука айтганди: — Одамлардан уялаяпмиз. Сизни ташлаб қўймаймиз. Ҳамма харажат ўзимдан. Уйни таъмирлаб, ҳовлини кўримга келтираман.
  Асқарнинг жавоби шу бўлди: — Ўлганимдан сўнг!
  Катта укаси эса қўл силкади:
— Майли ўз ҳолига қўй. Ишқилиб уй босиб ўлмаса бўлди.
  Шу, укалар ва сингиллар билан ҳам орага ғов тушган — одамови-да! Уруш уни шу куйга солиб, ҳардамхаёл қилиб ташлаганини жигарлари яхши билишади. Ортиқча тирғалашмайди. Шўрлик меҳри мулозамати музлаган дунёни кўрарга кўзи йўқ, бироқ кўриб юрибди-да, нима қилсин, ўлиб-ўлолмаса.
  Бугун ҳам ноилож йўлга тараддуд кўрди. Қариндош уруғ, ҳомсоя-овулнинг аччиниш ҳисси билан боқишлари жон-жонидан ўтиб кетаётганига дош беролмагани учун ҳам тери тўрвасига бир-икки илвасинни солиб супа четида эшикка кўз тикиб турибди. Раҳим билан Жовлини кутаяпти. Майли, ўша ёқларда, олисларда, Петербургми-сетербургми, қайси бир гўрларда ўлиб кетса ҳам майли.
  Асқар супа четидаги ўрик дарахтига термулиб турди. Сентябрь охирлаётганига қарамай тепа шохларида биров-ярим мевалари илиниб турибди. “Шугина ҳам мевага киради, мева беради. У бу куч-қудратни илдизидан олади. Илдизи кесилса у қуриб қолади, қулайди. Яшай олмайди. Одам-чи, одам?.. Одам яшайвереркан-да-а? Одамнинг илдизи зурриёди, фарзандлари эмасми? Менда улар йўқ. Менинг илдизим кесилган, лекин яшаб юравераман...”
  Ҳовли эшиги тарақлаб очилди. Раҳимбой ва Жовли кўриниш беришди. Асқар ўрнидан қўзғалди.
4
  Орадан бир ой ўтди. Ё, қудратингдан! 
  Асқарнинг умр дарахти жонлана бошлади, кузнинг ўртасида, чекка бир ўлкада, ўрмонга туташ кўл четида қад ростлаган шифохонада. Умри бино бўлиб бундай иззат-ҳурматини кўрмаганди. Аллада азиз, тўрвада майиз бўлди. Энг нуфузли, олд хоналардан бирига жойлаштиришди. Емакхона алоҳида, ётоғи бўлак. Келган кунидан бери кунора уни йўқлаб келишларини айтинг. Ҳамширалар сархил мева-чева, ширинлигу, лаззатли таомларни олиб чиқишади. У тақдирнинг ҳазили билан алланечук ўта муҳим, нуфузли-нурафшон кимсага айланиб қолгандай сезади ўзини.
— Мени кимгадир адаштиришаяпти, шекилли?, — дейди у икки қўлида ноз-неъматлар тўла елимпакет тутиб турган ҳамшира ёки навбатчига ҳар гал.
— Аскар... Аскар Тўраев сиз-ку-а? Сизга булар, — дейди “қ” ҳарфига тили терс ҳамшира.
— Ким бериб юборди?
— Билмадим. Сизнинг олдингизга қўйишмайди, барибир. Қабул эшигига қолдиришаяпти.
  У ҳайрон қолади. Деразадан ташқарига қарайди. Милдираб турган кўл, сўл тарафда ҳадсиз ўрмон. Деразанинг кичик қанотини очади. Хонага ўрмон, кўл, булутли осмон, гиёҳу ўт-ўлан, ёмғир ҳиди — ҳаёт нафаси уфириб киради. У жилмаяди, нигоҳи тиниқ тортади.
5
  Асқар анча тетиклашди, одамшинаванда бўлиб қолди. Юзига қон тепди, мадорга кириб, жони сўли қайта бошлади. Қисқаси денг, тирилиб қолди. Ҳаётига ҳам ранг инди. Ваҳми-варажаси анча пасайди, кўнгли хотиржам тортаяпти, тани-вужудини сирқиратган оғриқлардан ҳам қутилди. Бугун у кўл бўйини айланди, ёмғирдан сўнг янада ложувард бўлиб шовуллаган ўрмон ичра сайр қилди. Ботинида жонланиш туйди — соф ҳаво, салқин ва беғубор борлиқ унинг ўпкаси, юраги, бутун борлиғида ҳаёт, тириклик туйғуларини қўзғатиб юборди. Ҳар бир хужайрасида ҳаёт дарахтининг ниҳоллари ниш ура бошлади.
  Хосхонага бардам қайтди. Стол устидаги бир даста ўрмон гули ҳамда ялтироқ елим халтадаги сархил мева-чева, оҳангжамо шиша идишлардаги турли-туман шарбату ичимлик, ширинликларга боқиб яна ҳижолат тортди. “Раҳим бу ердан ҳам таниш топиб пул бериб кетган. Ўша одам олиб келса керак. Нима бўлганда ҳам Раҳимнинг танишлари...”, — деган ўй яна хаёлидан ўтди. “Оббо, хумпар-ей, йўлини қилиб кетган эканда-а... Кимгадир тайинлаган, дўстимдан ҳар куни хабар оласан, деб...” Асқарнинг хаёлида миннатдорлик туйғулари аланга олди. Кўзларига ёш келди. Ўртоғига қўлтелефон орқали қўнғироқ қилди.
— ...Нималар деяпсан? Мен ҳеч кимга ҳеч нарса тайинламаганман.
— Ахир ҳар куни шунча нарса...
— Айтдим-ку, ҳеч кимни танимайман у ерда...
— Дори-дармон, қимматбаҳо уколлар-чи?
— Уларга ҳам менинг даҳлим йўқ.
— Ахир... Сен пул бермаганингда...
— Ҳа, берувдим. Бироқ пулимни ўзимга қайтариб беришди. Шундоқ ўроғлиқ ҳолида Тошкентга олиб қайтдим. Так что, сен ҳеч кимдан ҳеч нарса қарзмассан...
— Шифохона-чи... Шифохона, ахир текин бўлмаса керак? — Асқар ҳаяжону ваҳимадан эсканкириб қолди.
— Ўзингни бос. Кейин биласан. Шифохонадан ҳам қарзинг йўқ. Ўша шифохонанинг сендан қарзи бор қайтамга. Улар сени даволашади, омон бўл!
  Телефон узилди. Аниқроғи, Раҳим атайлаб узиб қўйди. Асқар гандираклаган кўйи хона бурчидаги диванга чўкди. Кўзларини юмди.
— Ассалому алайкум. Ўрмон сайри қандай ўтди? Кирсам йўқ экансиз, Қани, билагингизни шимиринг, мана шу уколни ҳам оливолинг, кейин чўзилиб дам оласиз. Қадди басти расо, дуркун, юзида табиий табассум зоҳир ҳамшира қиз Галька мовий кўзлари чақнаб унинг тепасида турарди.
— Э-е-ей, қўнғироқча, келдингми?, — деди у жилмайиб.
— Келдим. Келдим жангчи тоға, келдим!
— Галька, сен аниғини айт, шу дори-дармон, манави мева-чева, ҳатто, шу ҳашамдор хона-ю, сизларнинг мулозаматингиз ниманинг ҳисобига бўлаяпти? Мени миллиардер деб ўйлаяпсанларми? — У ҳам чин, ҳам ҳазил тарзда кўнглидаги хавотиру ваҳмни тўкиб солди.
— Сизга веб! Бош шифокоримиз топшириғи шу. У киши сиз ҳушсиз ётган кезларингизда тепангизда соатлаб ўтирди.
— Ҳозир қаерда у?, — эсанкиради Асқар.
— Хизмат сафарида. Германияга кетган.
— Қ... қ... қачон келади?
— Бимадим. Кўпинча мева-чева, дори-дармонларни Нина Владимировна олиб келиб турди.
— Нега олиб келади?
— Мен қаердан билай?
  Галька хонадан чиқиб кетди. Асқар ўз ўрнига чўзилди. Қаноти очиқ деразадан мовий осмон, ёмғир ҳиди, кўл,  шовуллаган ўрмон, октябрь кузининг ҳали сўли қочмаган ўт-ўланлари бўйи — ҳаёт нафаси шовуллаб оқиб кирмоқда эди. У яшашга иштиёқ сезди, жилмайди.  У уйқуга кетди. Илк бора юзида алланечук осойиш ва табассум зоҳир. Худди Гальканинг юзида доимо ёйилиб тургувчи табассум каби тирик табассум!
  У туш кўрарди. Кўл бўйидаги ўрмон... Осмонни суяб турган ям-яшил дарахтлар қошида эмиш. Фалакка қаради. Кўкка учишни хоҳлади. Фақат оёқлари ерга ёпишиб қолган. Оёқлари остидан ўсиб чиққан илдиз уни рўйи -заминда маҳкам тутиб тутганмиш. Энди унинг ҳам илдизи бор.  Илдизсиз дарахт каби қувраб-қовжирамайман, мен энди яшайман, деб бақираётганмиш. Нимадир қарсиллагандай бўлди. Ўрмон ўрнини чанг-тўзон, тутун қоплади. У ерда ётибди. Э-е-ей, жанг бўлаяпти-ку... Яраланган. Тепасида Ольга турибди, унинг жароҳатини боғлаяпти, сўнгра уни судрай бошлади. Кейин... кейин... Ҳарбий қисмдаги палатани кўрди. Ольга унинг ярасини боғлаяпти. Қиз энгашиб юз кўзидан ўпиб қўйди. Унинг чўғдай, олов нафасини туйди. У Ольганинг бағрига сингиб кетаётганини ҳис қилди. Яна нимадир тарақлади. Уйғониб кетди. Фаррош хотин, шоша-пиша хонани йиғиштираётгани, стол устидаги у-бу нарсаларни тартибга келтираётганига кўзи тушди.
— Уйғотиб юбордимми? Узр. Сиз ухлайверинг. Ҳозир чиқиб кетаман. Сизни кўргани келишаяти.
— К... ким? Ким келади?
— Хабарингиз йўқми?
— Бош шифокоримизнинг онаси келаркан? Сизни жудаям ҳурмат қилишаркан. Буни бутун шифохона билади-ку.
— Нега? Нимани?
— Ахир бу шифохона Ольга Ивановнанинг шахсий шифохонаси. Шу атрофдаги энг зўр клиника бу?
— Ким у Ольга Ивановнангиз?
  Шу пайт хона эшиги шарақлаб очилиб, Галька ҳаллослаб кириб келди-да, ҳансираган кўйи Асқарнинг кравати адоғидаги тумбани очди. Конверт олиб Асқарга тутди.
— Ҳали ўқимаганмидингиз?
— Нима бу?
— Билмайман. Аскин Петровичнинг хотини Нина Владимировна олиб келиб берувди. Ўқиб чиқсин экан, бериб юборишди, нима ёзилганини билмайман, деганди. Ҳозир Нина Владимировна қўнғироқ қилди. “...Қайнонам сўраяпти, беморингиз хатни ўқиганмикин”, деб? Ўзлари кўргани бормоқчи, деди. Асқар гарангсиб турди. Галька хатни шарт очиб Асқарга тутди. 
— Ўқиб қўйинг. Бир соатдан кейин келади. Сизни деб ноқулай аҳволга тушиб қолишни хоҳламайман.
  Асқар хатга кўз югуртирди. 
  “Салом, қадрли Аскар омонмисан? Буни тақдир дейдилар. Мен Худодан розиман. Сени топдим. Бир неча бор юртингга бориб излашга жазм этдим, юрагим чидамади, ожизлик қилдим. Оиланг, ўз ҳаётинг, яшаш тарзинг бор, ҳалал бергим келмади. Ўтган йил бизнинг 180 - полкимиз қуролдошлари интернет орқали боғланиб, учрашдик. Сизлар томондан Раҳим ҳам келди. Кавказлик йигитлар, рус, қозоқ болалар тўпланишди. Тиббиёт қисмимиздаги Гриша билан мен, Москвадан Анна (эсингдами у қисм штабида ишларди) бирга бордик. Учрашув ажойиб ўтди. Москвада Сизларнинг “Ўзбекистон” деган чойхонангиз бор экан. Ўша ерда ҳам бўлдик. Раҳим ош дамлади. Учрашув зўр ўтди. Сени сўрадим Раҳимдан. У ҳаммасини айтиб берди. Бетоб, аҳволи яхшимас деди. Мен унга шахсий клиника очганман, олиб кел, ўзим даволайман. Кучим етмаса, Германияга олиб борамиз, деб ялиниб-ёлвордим. Нега? Нега? Биласанми? Агар кўришсак, айтаман девдим... Эсингдами? Қисмдан уйга қайтаётганингда: “Сени ўзим билан олиб қолаяпман...”, деб йиғлагандим. Ҳа, ўшанда Сени ўзим билан олиб қолувдим, Сен қайтгач икки ойдан сўнг Санкт-Петерберугга ўзим билан олиб келдим. У туғилди. Исмини Аскар қўйдим. Ўша Аскар бугун сен ётган шифохонанинг бош врачи. Бу ердагилар уни Асин,  Асин Петрович деб аташади.
  Бу ерга мени майор Пётр Игнатов излаб келди. Унга турмушга чиқдим. Эслайсанми, иккингиз доимо жиққа мушт бўлиб, уришиб юрардингиз. Сен уни “тиббиёт товуғи”, сен урушга чиқмайсан, қўрқоқсан...”, деб ҳақоратлагандинг. Ҳатто менинг ёнимга келганигда у чидай олмай, қисм навбатчисига айтиб, гаупахтага ҳам юбормоқчи бўлувди. Хуллас, Пётер билан оила қурдик. Ҳомилам тўрт ойлик эди. У меникида яшай бошлади. У биларди, очиғини айтдим, бола сенинг зурриёдинг эканини айтдим. Ўн йил яхши яшадик. Кўп ичарди. Кейинчалик ароқ унинг тинкасини қуритди. Уруш юкини кўторолмади. Шўрлик, баъзида: “Ярадорларни олиб келишаяпти. Ярадорлар келаяпти...”, — деб бақириб қоларди.
  Кейинчалик умуман ўз хонасидан чиқмай қўйди. Эшикни қулфлаб оларди-да, “Ярадорлар бор. Ўликлар бор...”, деб чинқирарди. Менга ароқ олиб кел, деб бақирарди. Охири чидай олмади... ўзини осиб қўйди. Уни уруш ўлдирди.
  Шундай гаплар. Хуллас, сен ҳақингда ўғлим Аскарга ҳеч нарса демадим. Келиним Нинага айтганман, яшира олмадим, аёл у, менинг ичи-танамдаги дардимни ҳис қилади.
  Ўғлимга сен унинг отаси эканлигинг ҳақида қандай қилиб айтишни билмаяпман. Шу хатни ўқигач, карахт ҳолга тушиб қолишингни сезаяпман. Лекин нима қилай, айт?
  Ўғлим ҳозир Германияда. Клиника ишларини ҳал этгач, сени у ёқда даволатиш бўйича ҳам ҳамкор ҳамкасбларимиз билан келишиб олади. Сен, албатта, у ёққа боришинг керак. Миядаги асоратни жарроҳлик операцияси орқали даволашади, жуда кучли мутахассисларнинг назоратида бўласан. Ўғлимга ялиниб-ёлвордим, у менинг қуролдошим, ёрдам бер, мени жангда қутқариб қолган дедим. Болам, гапимни ерга ташламаса-да, шундай дейишга мажбур бўлдим.
  Хуллас, кейинги ҳафта, чоршанба куни Сени кўришга бораман. Қаршингда гапиришга куч тополаманми, йўқ, билмадим. Айтиб қўяй, агар хоҳласанг, Сен шу ерда, биз билан истаганингча яшашинг мумкин. Мен ҳеч қачон Сенга кет демайман. Шаҳар четида иккита дачамиз бор. Клиника атрофидаги уйимизда қолсанг ҳам бўлади, қара, қандай яхши: Кўл, ўрмон, тоза ҳаво. Мен сен ҳақингда Раҳимдан ҳаммасини билиб олганман. Кеча ҳам у менга қўнғироқ қилди. Ажойиб инсон у. Сени бемалол даволанса яхши бўларди, унга бу ёқда ҳеч кимнинг кўзи учиб тургани йўқ, деяпти. Сен ҳафа бўлма, у садоқатли дўст, ҳақииқий жангчи.
  Майли, энг муҳими, ўзингни қўлга ол. Ҳаммаси яхши бўлади. Сен, албатта, тузалиб кетасан! Мен эса сени топганим, Сен билан яна кўришиш имконини бергагани учун Яратганга шукрона айтаман. Мен тақдирдан розиман, қайта-қайта Парвардигорга ҳамду-санолар айтаяптман.
  Кўришгунча?
  Чексиз меҳру муҳаббат ила Ольга!”
  Асқар эс-ҳушидан айрилган кўйи, карахту лол ҳолда ўрнидан туриб дераза томон юрмоқчи бўлди. Гандираклаб деворга суянди. Ич-ичидан нимадир тошиб, ҳаяжону ҳайратдан эсанкираб қолди-да, курсига чўкди. Авзойи-баданидан совуқ тер чиқиб кетди, кўз олди жимирлай бошлади.
  Шу тобда... шу тобда хонага тасур-тусур қилиб Галька кириб келди:
— Келаяпти. Ольга Ивановна йўлакда келаяпти, — деди ҳовлиқиб.
  Асқар миясида чақмоқ ургандек бир қалқди. Ўрнидан шаҳд туриб эшикка юзланди.
6
  ...Орадан бир йил ўтди.
  Яна ўша давра. Қуролдош дўстларнинг гап-гаштаги.
  Тағин Асқар ҳақида гап кетди. Ҳа, бу гал ҳам Асқарни эслашди. Эслашади-да, ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетса, на хат-хабар бор, на бошқа бир янгилик.
  Олдинги йиғинда Раҳим қовоғини уюб олганди:  “Мен қаердан билай? Яхши ниятда олиб борувдим... Кейин суриштирдим... Хорижга даволанишга кетди дейишди...”
— Ким айтди шу гапни?
— Сенкт-Петербургдаги дўхтирлар.
— Қачон келади деб сўрамадингми?
— Билишмаскан.
  Бу галги йиғинга эса  Раҳим келмади, қатнашмади . Бу ҳол айримларнинг дилида шубҳа қўзғади.
  Энди ҳамма ўз хаёлидаги гапни айта бошлади:
Мўмин: — Хориждан Санкт-Петербугга қайтган бўлса ҳам у ер-бу ерда юргандир.
Қудрат: — Ахир дўхтирлар   пулни ҳам олишмаган-ку. Демак даволашга кўзлари етмаган.
Рашид: — Ўша ёқда ўлиб-пўлиб кетганмикин?
Эрмат: — Эсинг жойидами? Ўлса хабари келарди-да.
Қодир: — Ҳозир дунё алғов-дарғов, ким билан кимнинг иши бор?  Ёнида паспорти бўлмаса кимга хабар қилади дейсан...
Қудрат: — Раҳимни қаттиқ сиқувга олишимиз керак, у ниманидир яшараяпти.
Эрмат: — Юргандир эҳтимол ўша ёқларда уриниб-суриниб, ёмон ният қилманглар.
Жовли: — Аэропортда кузатаётганимда, шўрлик зорланувди: “Санкт-Петербургда нима бор, оёғим тортмаяпти”, — девди-я. Раҳим айбдор. Ўша қўймади-да, ўша ёқда даволатаман деб. Ўзи бирга олиб кетди. Кейин бироз ўтгач,  сўппайиб қайтиб келди. Даволаниб келади, деди. Хўш, қани келгани?
  Водийнинг оромижон чойхоналаридан биридаги гап-гаштакда юз бераётган бу дилгирликка кенг-ҳашам хона эшиги очилиб, остонада Раҳимнинг пайдо бўлиши чек қўйди. Даврага сукунат чўкди. Йиғилганлар Раҳимга қарашди. У эшик бурчига суяниб жилмайиб турарди. 
— Мен Сизларга сюрприз олиб келдим, — деди у ниҳоят.
— Кейинги пайтлар Сенинг сюрпризларинг кўпайиб кетаяпти. Яхшиси Сен Асқардан гапир. Ҳозир шуни муҳокама қилаётгандик, — кесатди Жовли.
— Э-е-ей, каллаварамлар, мен Сизларга бир эмас, иккита Асқарни олиб келдим.
  У шундай деди-да эшикни қия очиб, ўзи четга сурилди. Чойхоначи икки кишини бошлаб кирди. Уларнинг иккиси ҳам пўрим, анчайин ораста ва озода, худди каттаконларга ўхшаб оппоқ кўйлак, устидан галустук тақиб, тим қора костюм-шим кийишган эди. Улар бир-бирига ўхшаб кетар, ёшроғи ўттиз ёшлардан ошган, сочи бироз сарғиштоб, чеҳраси оппоқ, анчагина савлатдор эди. Бири... бири эса... Ё, Қудратингдан!!!
  Ниҳоят Жовли ортга бир тисланди-да, ҳаяжони тошиб, сокин овозда, худди ўзига-ўзи пичирлагандай деди:
— Э-е-ей, Асқар, Асқаржон... Сенмисан? Ўзингмисан? Ўзгариб кетибсан-а?
  Келгиндиларнинг ҳар иккиси ҳам жилмайишди. Буларга анграйиб қараб турган даврадошларга Раҳим шундай деди:
— Худди шундай! Қаршингизда ота-бола Асқарлар туришибди.
  Давра бир қалқди. Ҳамма нима бўлаётганини англай олмай гарангсир эди, худди туйқус жанг бошланиб, борлиқни гумбурлаш тутган каби... Худди жангдагидай!
  Чиндан ҳам Раҳимнинг гапи “гумбурлаб” кетганди-да.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот