Инсонга талпиниш муҳаббатдан дарак


Менинг биринчи устозим
Дилноза КУБАЕВА:
Инсонга талпиниш муҳаббатдан дарак

     Мен мактаб даврини ёдга олганимда энг аввало, ўқувчилар билан тўлган мактаб ҳовлиси, ўнг қўлимни кўксимга қўйиб, фахр ила мадҳия куйлаётганим ва биринчи устозимнинг нурли чеҳраси кўз олдимдан ўтаверади. Ўша дамлардаги бахтиёрлик ҳар бир ўқувчининг кўзида акс этар эди. Синфдошларим билан бирга илк ўқувчилик остонасида турар эканмиз, ичимиздаги ҳайратни яшира олмас эдик. Эгнимдаги оппоқ кофта, қора юбка ва сочимга тақилган иккита оқ пахтадай тасмаларим мени худди катта инсонлардек бўлишга ундар эди. Дарс давомида нафасимизни ичимизга ютиб, қўнғироқ овозини эшитишимиз биланоқ мактаб ҳовлисига югурар эдик. Мендаги шўхликлар, шаддодликлар биринчи ўқитувчим томонидан сабр ила сайқалланди. Ўқитувчим  Гулсара опа мен учун нафақат биринчи устоз, балки яқин дўст, меҳрибон она ҳам бўлганлар.
     Биринчи синфга қадам қўйган кезларда ҳаммада ҳам ўзгача бир ҳаяжон, қўрқув бўлиши табиий. Мен ҳам ота-онам олиб берган янги формаларни кийиб, ўқувчи бўлиб борганим ёдимда, Гулсара опа қўлимдан тутиб синф томон етаклаб кетгандилар. Ўқитувчим жуда ҳам талабчан, интизомни ёқтирар, ўз касбининг ҳақиқий устаси эдилар. Чиройли ҳуснихат, алифбони равон ўқишим учун қанча тер тўкканлари менга аён. Улардаги сабр, аёллик матонатига тасанно айтиш керак. Сабаби, ҳали ўйинқароқ болакайларни бир хонада жамлаб, уларнинг ҳар бирини нафис кўнглига мослаб муомала қилиш жуда мушкул иш, назаримда. Бошланғич синфларда аъло баҳоларга ўқий олмаганман, синфдошларим фахрий ёрлиқлар олганда уларга ҳавас билан қарардим. Катта синфларга ўтганим сари менда ўқишга, илмга бўлган эътибор кучайиб борди. Юқори синфларда ўқий бошлаганимда синфимизга Мавлуда Абдуллаева раҳбарлик қилдилар. Уларнинг ҳам барча насиҳатлари, қаттиққўлликлари замирида битмас меҳр ётар эди. Мен учун энг ажойиб фазилатлари, улар ўқувчиларни илҳомлантира олар эдилар. Ижодга йўналтиришлари бу мен учун катта ютуқ эди. Масалан, биргина шеърни ифодали ёдлаб берсам, “мана Дилноза шеър ёдласа ашула айтгандек бўлади, ўрганинглар” дея мақтар эдилар. Бундай рағбатлардан руҳим кўтаринки бир кайфиятда, худди қанот чиқаргандай бўлар эдим. Мактаб даврларида бир нарсадан ҳадиксирар эдим, аниқ фанлардан. Алгебра, геометрия, физика ва кимё фанлари мен учун қийинчилик туғдирарди. Севимли фанларим бўлмиш адабиёт ва тарих дарслари шунчалик тез тугаб қолар эдики, шу пайтларда қўнғироқ чалинмаслигини истар эдим. Устозим Мавлуда опанинг ёшлари катта бўлса-да худди биз болалардек эдилар, қалблари ҳали бола эди. Шунинг учундир балки, бизларга ҳам тўғри туртки бера олганлар.
     Шукрки, бугунги кунгача мен устозларимдан маслаҳат олиб, ҳали-ҳануз улардан билмаганларимни сўраб, билганларимни ўсиб келаётган ёш авлодга ўргатишга ҳаракат қиламан. Олийгоҳдаги устозларим Мунаввара Абдуллаева, Хайрулла Саъдиев, Моҳигул Ҳамроева, Махсума Ҳожиматова актёрлик маҳоратидан дарс берганлар.Талабалик даврларимда устозларим “китоб ўқи, мутолаадан тўхтама” деб уқтиришса ҳайрон бўлар эдим. Айниқса, Ҳайрулла ака ҳар куни камида бир маротаба “китоб – дунёқарашни кенгайтиради” деб айтардилар. Мана ҳаммаси кундан-кунга равшанлашиб бормоқда. Улар айтганларидек “касбдан барака топиш” тушунчасини ҳис қилмоқдаман .
     Инсон мактабда, олийгоҳда, бир касбни эгаллагандан сўнг, оилада – қаерда бўлмасин, албатта, бир устоз топади. Оилада ота-онам энг яхши устоз. Улар беминнат кўмакдош. Касб доирасида мен учун барча актёр ва актрисалар устоз, улар билан кичик-кичик ҳаётларда яшаймиз, улар билан театр ва кино оламида бирга нафас оламиз. Мен учун барча ўқитувчилар – биринчи синфимдан то бугунги кунгача – барчаси ҳурматга, эътирофга лойиқ инсонлардир. Уларнинг қиёси йўқ тенгсиз меҳнатлари учун ташаккур айтаман.
     Инсон инсонга талпиняптими, бу меҳрдан дарак, бу муҳаббатдан дарак!

Муаззам НИШОНБОЕВА суҳбатлашди.
Манба: "Китоб дунёси" газетаси.