«ТУҲМАТ ГИРДОБИ» СЕРИАЛИ ҲАҚИДА


«ТУҲМАТ   ГИРДОБИ» СЕРИАЛИ  ҲАҚИДА БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН ҲАҚИҚАТЛАР
 
     Кейинги пайтда ўзбек режиссёрларимиз томонидан ҳам кўпгина сериаллар суратга олиняпти. Бундай сериаллар ҳақида кимдир ижобий фикр билдирса, яна кимдир салбий  муносабатда бўляпти. Аммо нима бўлганда ҳам бизда ҳам сериллар суратга олиш анча жонланган. Бу жараёнга энди-энди кириб келаётган бўлсакда, томошабин кўришига арзийдиган сериллар яратилаяпти, албатта. Масалан, айни кунларда телеэкранларда намойиш этилаётган “Туҳмат гирдоби” кўпчилик телетомошабинларга манзур бўляпти. Биз шу муносабат билан сериалда бош қаҳрамонлар образини гавдалантирган таниқли актёрларга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.
Саволлар:
  1. “Туҳмат гирдоби” сериалига сизни ким таклиф қилган ва бу сериалдаги ролингиз ўзингизга маъқулми?
  2. Сериалдаги қайсидир воқеалар сизнинг ҳам ҳаётингизда рўй берганми?
  3. Сериал ғояси сизга маъқулми? 
  4. Ўзбек сериллари ҳақида фикрингиз қандай?
  5. Ижтимоий тармоқларда кўпгина сериаллар қатори “Туҳмат гирдоби” сериали ҳақида ҳам танқидий фикрлар билдирилди. 
Боир ХОЛМИРЗАЕВ, “Туҳмат гирдоби” сериалидаги бош қаҳрамон образи ижрочиси:
“СЕРИАЛДАГИ КЕККАЙГАН ОБРАЗИМ МЕНИНГ ТАБИАТИМГА ЁТ”
  •  Зулхумор Солиева сценарийси асосида саҳналаштирилган ушбу фильмга мени режиссёр Илҳом Ибрагимов таклиф қилди. Бу сериалда мен ўзининг ҳар қандай орзусини ва жамиятда тутган ўрнини пул билан ҳал қиладиган киши образини гавдалантирганман. У ўзига тўқ, бақувват, ўзининг наздида гўё замонга қараб юрадиган, аммо ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини фойдасини кўзлайдиган одам бўлади. Ишчиларнинг ойлигини бермасдан, бировлардан фойдаланиб бойлик орттиради. Албатта,бундай инсонлар ҳамма замон ва маконларда бўлган ва бундан кейин ҳам бўлаверади. Бунақа одамларга муносабатим ҳақида тўхталадиган бўлсак мен яхшиси, Мен бундай инсонлар билан алоқани узаман ва улардан иложи борича узоқроқ юраман. Шунақа одамлар бор давраларга ҳам яқинлашмайман. 

“БИЗ СЕРИАЛЛАР ОЛИШГА ҲАЛИ ТАЙЁР ЭМАСМИЗ”

  • Сериалда аввало режиссёр билан сценарий муаллифи ўзининнг ғоясини олдинги планга қўяди. Биринчи навбатда улар катта бир ғояни,катта бир фикрни ўртага ташлайди. Шу фикрга ёрдамчи сифатида актёрлар ҳаракат қилишади. Албатта,ҳамма иш ҳам камчиликсиз бўлмайди. Аммо биз ана шундай камчиликлар бўлмаслиги учун курашамиз. Сериаллар олишга ҳали биз ташкилий жиҳатдан тайёр эмасмиз, деб ўйлаймиз. Атроф-муҳит, актёрларга,  режиссёрларга, постановчикларга хизмат қиладиган ташкилий жараёнлар ҳали бизда кўнгилдагидек эмас. Агар буни фоиз ҳисобида ҳисоблайдиган бўлсак бизда бу ўн фоизга ҳам тўғри келмайди. Шу боис ҳам биз сериал яратишда бошқа кўзга кўринган киностудиялардан анча ортдамиз. Ташкилий гуруҳга  ҳамма ишини пухта биладиган профессионал даражадаги мутахассислар керак. Бу борада мен ҳали профессионал командани кўрмадим.

“КОРРУПЦИЯ ВА ТАНИШ-БИЛИШЧИЛИК ЎЗБЕК КИНОЧИЛИГИНИ ЕМИРЯПТИ”

  • Қачонки ўзбек сериалини кўтармоқчи бўлсак аввало коррупциядан, таниш-билишчиликдан, арзон ёки бепул артистлардан воз кечишимиз керак. Шундагина жамиятимизда экраннинг ҳурмати ошади. Биз кўпинча чет эл фильмларига ҳавас қиламиз, аммо иллатларни барҳам қилмай юраверамиз. Сериаллар яратиш учун давлатимиз томонидан яхшигина маблағ. Аммо бу пулларнинг ҳаммаси тўлиғича фильм учун сарф қилинмайди. Аксинча ҳали фильм суратга олиш бошланмай туриб бу маблағ ким-кимларгадир тақсимлаб бўлинади. 
  • Умуман ўзбек сераллари ҳақид фикрин
  • Ўзбек серилларини бирданига зўр бўлишини кутамиз, албата. Аммо минг афсуски юқоридаги жараёнлар бошимиздан ўтиши керак экан, мана  ҳозир шуни ўтказяпмиз. Зўр бўлишини ҳаммамиз ҳам хоҳлаймиз. Лекин бунинг учун барча ижодколрлар бир фикрга келиши керак. Иқтисодий қийинчиликларга енгилмасдан бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилинса  сериаллмримиз зўр бўлади. Секин аста бўлади. Бўлмасдан иложи йўқ. 
“ТАНҚИДЛАР ҲАР ДОИМ БЎЛГАН ВА БЎЛАВЕРАДИ ҲАМ”
  • Ижтимоий тармоқлар билан мен умуман қизиқмайман. Лекин танқидларнинг бўлгани яхши.  Танқид бўлса демак, томошабин кўряпти. Аммо хоҳлаймизми-йўқми, танқид билдираётган томошабин қисқа жараённи кўради, бўлаётган воқеликни билмайди.  Албата, 33 миллионта халқнинг ичида ҳар хил инсон бор. Сериалларни имкон қадар таъсир кучини ошириш  керак. Бу борада кимдир моддий бойлик орттириш илинжида, кимдир ўзини кўрсатиш, кимдир аламини олиш, яна кимдир давр келиб қолди, суриб қолайлик, деб ҳаракат қилса ривожланиш бўлмайди. Ривожланиш учун қаттиқ туриш керак. Айниқса, актёрлар масаласида. Бу билан сералларда мен ўйнашим керак, демоқчи эмасман. Мен ўйнашим шарт эмас. Ҳозирги пайтда ҳар қандай ролни маромига етказиб ўйнашга кучим етади. Аммо, афсуски ҳозир шунақа жараён. Ғиром жараёнлар кўп. Қизимни ёки  ўғлимни кинога олинг, бош қаҳрамонни ўйнасин, дея пул кўтариб келадиганлар кўп. Мен ҳаммасини кўряпман, сериаллар қандай олинаётганлигидан жуда яхши хабардорман. Ҳозир киносаноати жуда  аянчли аҳволда.

“САЛБИЙ РОЛ ИЖРО ЭТИШДАН ЧЎЧИМАЙМАН”

  • Актёр учун ҳар доим ва ҳар қандай ҳолатда рол ўйнаш бу жуда яхши ҳол. Чунки актёр доимо жараёнда бўлиши, тўхтаб қолмаслиги керак. Ахир от ҳам чопиб турмаса уни сўйиб, қази қилишади. Актёр ҳам қанча кўп рол ўйнаса борган сари кучга киради ва қирралари очилиб боади. Актёр хато қилишдан ҳечам қўрқмаслиги керак. Афсуски, қайсидир актёрлар хато қилиб қўяман, хунук чиқдим, чиройли чиқишим керак, деб ҳар қандай ролларни ижро этишдан чўчийди. Бу нотўғри. Актёр хунук чиқадиган салбийролларни ҳам шу қадар маҳорат билан ўйнаши керакки, бу томошабинга етиб борсин. Актёрга  сериалларда рол ижро этишнинг ҳеч ёмон томони йўқ. Агар яхши актёр керак бўлса  режиссёр ҳар қандай вазиятда ҳам унга вақт масаласида имкон топиб бера олади.

“ҚУЛАЙ, АРЗОН ЁКИ ТЕКИН АКТЁРЛАРДАН ВОЗ КЕЧИШ КЕРАК”

 Баъзан яхши актёрларнинг вақти тўғри келмагани учун режиссёрлар ўйлаб ўтирмай кўчадаги актёрларни олишяпти.Бу жуда нотўғри. Бизга ўхшаган актёрлар режиссёрга пул олиб бормаймиз, аксинча  пул сўраймиз. Лекин кўпгина режиссёрлар текин актёрлардан фойдалансам дейди. Албатта, яхши режиссёрлар жуда кўп. Яхши ижодкорлар ҳам. Мана “Опа-сингиллар” сериали анча яхши чиқди, кўпчилик яхши баҳо берди.Чунки режиссёр керакли актёрларни чақира олди. Мана масалан “Занжир” сериали ҳам жуда яхши олинган. Унинг режиссёри Санжар Бобоев ҳам талантли инсон. Сериалларни суратга олишда ана шундай режиссёрлардан фойдаланиш керак. Санжар Бобоев режиссёр сифатида актёрларнинг ҳурсатини жойига қўядиган инсон. Воқеаларни шундай          тушунтириб қўядики, ўша ролга жон-жаҳдингиз билан киришиб кетганингизни ўзингиз билмай қоласиз. Ана шундай ҳолатларда акётрнинг бор маҳорати очилади. Яхши режиссёр ва  хокисор актёрларимиз  жуда кўп. Театрларда айниқса талантли актёр ва актирисалар бор. Сериалларга ана шундай инсонларни жалб этиш керак. Ахир телесериалларда қулай одамлар қачонгача роль ўйнаши керак?  Ҳақиқий актёрлар ноқулай бўлади.  Чунки у ижодкор. Учрашувларга чиқсак одамлар доим шу сериаллар ҳақида сўрашади. Қачон ҳақиқий актёрлар ўйнайди киноларимизда деб куйинишади. Мен эса бундай кунларга оз қолди деб ўйлайман.

“БАЪЗИ АКТЁРЛАРДА МАСЪУЛИЯТ ЙЎҚ”

  • Тирик жонмиз, албатта. Лекин ҳал қилса бўладиган ишлар бу. Икки томон яъни режиссёр ва актёрлар келишиб, ишлашса ҳаммаси  яхши бўлади. Баъзан тўсатдан съёмка жараёни ҳақида айтиб қолишади. Бундай режасиз ишлар актёрга ноқулайлик туғдиради, албатта. Лекин мен ҳеч қачон режиссёрларни уялтирмаганман. Куттириб қўйишни ёмон кўраман. Шунинг учун съёмка жараёнига бир соат олдин бораман. Лекин ҳозирги ёш актёрлар жуда кеч қолиб келишади. Бу яхши эмас, албатта. Ишга жиддий ёндашиш керак.

        “ЯХШИ ПАРТНЁР ЯХШИ ҲАМКОР ДЕМАК”

  • Партнёрларимнинг ҳаммаси менга маъқул. Шулар ичида Райҳон Уласеновани алоҳида тилга олиб ўтишни хоҳлардим. Райҳон мен ҳурмат қиладиган актирсалардан. Ўз ишига жиддий ёндошади. Масъулиятли, ўйнаган ҳар бир ролини маромига етказа олади. Феруза ҳам худди шундай актирисалардан. Албата, талантли ёшларимиз жуда кўп. Сценарийнавис Зулхумор Солиева ҳам тиниб-тинчимас аёллардан. Яхшиғояларни кўтаради.

“СУРАТГА ОЛИШ ЖАРАЁНИ ҚИЗИҚ”

  • Қизиқарли воқеалар кўпинча сценарийни ўқиб чиққанимиздан кейин бўлади. Сценарийни ўқиб чиққанимиздан кейин мен ўзимнинг сўзим билан кулгили қилиб гапиришга ҳаракат қиламан. Ҳазил-ҳузул қиламиз. Чунки актёр ва актирисаларни  табиий жараёнга олиб кириш керакда.Хуллас, суратга олиш жараёнида кулгили ва қизиқарли воқеалар кўп бўлади.

Феруза СОБИТОВА, актириса “Туҳмат гирдоби” сериалидаги Озода образи ижрочиси:
“АДАШИБ БОШҚА ФЕРУЗАНИ ЧАҚИРИШГАН”

  •  Режиссёр Илҳом Иброҳимов анча олдин сериал суратга оламан ва сизни бош роллардан бирига таклиф қиламан деб юрганди. Бир куни унинг янги сериал суратга олаётганлиги ҳақида эшитиб қолдим. Кўчада кўриб қолганимда мени сериалга таклиф этмадингиз-ку, сиздан хафа бўлдим, десам укиши рад қилдингиз-ку, деди. Қачон таклиф қилдингиз, дея ҳайратдан қотиб қолдим. Администираторим таклиф қилган экан, ҳозир бошқа фильмларда рол ижро этяпман, вақтим йўқ, дебсиз деди. Ҳозир ўша администираторингизга қўнғироқ қилингчи, дедим. Кейин маълум бўлишича Илҳом ака администираторига Феруза Собитова қўғриоқ қилиб чақиринг, деса у адашиб “Опа-сингиллар”да роль ижро этган Феруза Саидовага  қўнғироқ қилган экан. Хуллас, режиссёр мени қайтадан “Туҳмат гирдоби” га таклиф қилди. Лекин Феруза Саидова рад этгач Нигора Каримбоевани бош ролга олишаётган экан. Аммо англашилмовчилик барҳам топгач, мен сериалдаги салбий образлардан бири Озода образини гавдалантира бошладим. 

“ҲАЁТДА МЕН ҲАМ ТУҲМАТ БАЛОСИГА УЧРАГАНМАН”

  • Ҳа, сериалдаги воқеаларнинг баъзилари менинг  ҳаётимда ҳам рўй берган. Унда талаба эдим. Когон туманидан Бухоро вилоятига келиб ўқиб юрган кезларим бой бир қариндошимизнинг уйида унинг икки боласига энагалик қилиш эвазига  яшаганман. Бир куни қариндошимизнинг тилла узуги йўқолиб қолди. Шуни мендан кўрди. Нима қилишни билмайман. Олмадим, десам ҳам ишонмайди. Хуллас, фолбинга борган экан,узук уйингда, дебди. Бир куни уйидан чиқди ўша узук. Уялиб қолди, албатта. Аммо менинг юрагимда чуқур из қолдирди шу воқеа. Ҳамон унутолмайман. Чунки туҳмат балоси юракда чандиқ қолдираркан.

“РАЙҲОН УЛАСЕНОВА БИЛАН ЯХШИ ПАРТНЁРМИЗ”

  • Режиссёрларнинг айтишича Райҳон Уласенова билан “линиямиз” жуда мос тушибди. Кўпчилик эътироф этяпти буни. Ўзимга ҳам Райҳон Уласенованинг ижроси жуда ёқади. Жуда истеъдодли, ҳар бир ролини юракдан чиқариб ўйнайдиган актириса. Йиғлаш керак бўлган жойда чин юракдан йиғлайди, куладиган жойларида самимий кула олади. Ўз ишига масъулият билан ёндашади. 
Бадиий раҳбаримиз Аюб Шаҳобиддинов биздан керакли маслаҳатларини аямайдилар. Ҳар доим у кишининг маслаҳатларига қулоқ тутган ҳолда иш олиб борамиз. Албатта, серилани суратга олиш жараёнида  қизиқарли воқеалар кўп бўлади. Бунда ҳар бир ҳолатнинг ўзи қизиқарли. Съёмкаларда бир-биримизга ҳазил-ҳузул қиламиз. Кўпинча Аюб ака билан Райҳон қани туҳматчи Озода деб кулишади.Мен эса сериалдаги эркак образларни булар менинг йигитларим, дея ҳазил қиламан. Чунки сериалдаги образим шунақа. Айниқса, Райҳон Уласенованинг эрини йўлдан уриш саҳналарини ўйнаётганимда жамоадошларим менга кўп ҳазил-ҳузул қилишади.

 “БОИР АКА ЭНГ ЯХШИ УСТОЗЛАРДАН”

Устоз санъаткорлардан Боир ака Холмирзаев, қайнотам ролини ўйнаётган Муҳаммадали Абдуқундузов, Шоҳида Узоқовалар билан мириқиб рол ижро этаман. Айниқса, Боир ака билан ишлаш жараёнлари жуда мароқли. Боир ака салбий роллар ижро этишдан ҳеч қачон қўрқмайдиган маҳоратли актёрлардан. Мен ҳам худди шундайман. Салбий роллардан асло чўчимайман. Боир акада ўз-ўзига ишонч бор. Ҳар қандай ролларни ҳам маромига етказиб ўйнай оладилар. У кишидан ўрганадиган жиҳатлар жуда кўп. Биринчидан, бу инсон жудаям тартиб-интизомни ёқтирадилар. Ҳар доим суратга ошиш майдончасига ўз вақтида етиб келадилар. Устоз санъаткорларнинг кўпи бунга амал қилишади. Аммо ёш, ўзларидан юлдуз ясаб олганлар ҳаммани  куттириб қўйишади, масъулиятни сезишмайди. 
Боир ака жуда ҳазилкаш инсон. У киши ҳаётда жуда жиддий инсон бўлсаларда сеъмкаларда чарчаган пайтларимиз ҳазил-ҳузул қилиб бизни кулдирадилар. Шунда чарчоқларимиз бир пасда чиқиб кетади. Ёшлардан ҳеч қачон маслаҳатларини аямайдилар.
Муҳаммадали Абдуқундузов эса жуда жиддий одам. У кишига ортиқча гап гапиришга чўчиймиз. Боир ака билан эса худди ўзимизнинг акамиздек эркин гаплашамиз. У киши ҳар қандай актёр ва актирисалар учун энг яхши партнёр.
Умуман олганда “Туҳмат гирдоби” сериалида бош роллардан бирини ижро этаётганимдан  хурсандман. У сериалда рол ижро этиш менга ҳеч қандай қийинчилик ёки ноқулайлик туғдирмаяпти. Чунки яхши фильм ёки сериал учун актёр қандай бўлмасин вақт ва имкон топишга ҳаракат қилади.
Гулруҳ ЁРМАТОВА тайёрлади.