БУТУН ДУНЁ БИР ТИЛДА ГАПЛАШСА ЭДИ...


     Дунёдаги муаммоларнинг асосий сабабчиси, бир-биримизни тушунмаслигимиз, бир-биримизни тушунмаслигимизнинг сабаби эса тил билмаганимиз эмасмикан? Тасаввур қилиб кўринг, инсонлар қаерда яшамасинлар, бир-бирларини тушунсалар, қайси миллатга мансубликларидан, ирқларидан қатьий назар бир-бирлари билан гап­лаша олсалар... Тил муаммоси бўлмаса! Баъзан муаммоларимизнинг негизида Биз ўзимизни етарлича тушунтириб беролмаётганимиз тургандай туйилади. Шу ерда фикр туғилиши мумкинки, инсонлар аввал, юраклари билан гаплашиб бир-бирларини англасин! Тўғри, бу нарса бизда етарли. Биз қаерда, кайси Миллат билан рўбарў келсак, бир-биримизни кўзларимиз билан тушуниб, қалбларимиз билан англаймиз! Лекин гаплашганингда янаям кўпроқ яқинлашасан, янаям кўпроқ тушунасан. Шу ўринда бизга ёрдам берадиган биринчи кўмакчи бу Протанизм назарияси! Даллас Университети Профессори Гекё Маринай асос солган Протанизм назарияси бутун Дунё одамларини бир-бирларига меҳрли бўлишлари билан бирга, Худо яратган ҳамма нарсага муҳаббат билан қарашларини тарғиб этади! Унинг китобида айтилишича, агар биз Дунё одамлари бутун дунёга яхши кўриб қарамас эканмиз, дунёни ўзгартиролмаймиз, фақат кун кечириб кетишимиз мумкин холос! Бу каби фикрлар Бизнинг муқаддас китобларимизда бор! Биз бувиларимиздан бировни дилини оғритиш гуноҳ эканлигини, жонзотларга озор бериш, уларни хўрлаш жиноят қилиш билан баробарлигини қайта-қайта эшитиб улғайдик. Шунинг учун бўлса керак бир инсон билан сал гапимиз тўғри келмай қолса, яхши бўлиб кетганимизга қадар қийналиб юрамиз! Озор чекамиз! Чунки бизни Худо яратган! Биз Уникимиз! Биз қаерга кетаётганимизни биламиз, шубҳасиз! Фақат баъзан хаёлингдан кечадиган фикрлар ҳақида фикрлаганингда, ҳақиқатдан ҳам бутун Дунё бир тилда гаплашса, муаммолар ўз-ўзидан бартараф этиладигандек туюларкан! Ва бизлар тил ўрганишга сарфлайдиган вақтимизни китоб ўқишга ва ёки бошқа бир хайрли ишларга сарфлармидик! Ҳамиша инсонларни қийнайдиган вақт етишмовчилиги озгина барҳам топармиди! Ўқишга улгуролмаётган китобларимиз олдида ҳижолат чекишдан озгина қутулармидик? Бу ҳам қизиқ, ҳам бизни мушоҳада қилишга ундайди! Сиз нима дейсиз, азиз Ўқувчиларимиз, ҳаёт қандай бўлиши мумкин эди, БУТУН ДУНЁ БИР ТИЛДА ГАПЛАШСА?

Хосият РУСТАМОВА, "Китоб дунёси" газетасининг Бош муҳаррири.
Манба: "Китоб дунёси" газетаси.