МАЛОҲАТЛИ АЁЛ ЭДИ...


     Сийратдаги гўзаллик инсоннинг доимий фазилатидир. Андиша, ҳаё, ибо, вафо бобида нимаики билсак, бу хислатларнинг ҳаммаси халққа, ҳаётга бўлган муҳаббатдан эканини яхши тушунамиз.
     Адабиётга кўнгли ошуфта шеърдан, қўшиқ ва латиф мусиқалардан  ҳаловат топадиган инсонлар кўп.  Мен таниган Малоҳат опа ҳам ана шундай покиза юракли инсонлардан бири эди.
     Танишувимиз қизиқ кечган. Мен ўшанда “Мулоҳаза учун мавзу” кўрсатувига таклиф этилгандим. Кўрсатув мавзусига кўра фикр билдирганлар кўп бўлди. Аммо улар орасида бир аёл эътиборимни тортди. Жуда теран фикрлар, тиниқ овоз, жонли мисоллар билан гапирди. Кўрсатув тугагач, ўша аёлнинг ёнига бордим. Эски қадрдонлардек қучоқ очиб кўришдик. “Мен сизни яхши танийман”, – деди опа жилмайиб. Гурунгимиз қизиб кетди. Унинг инсон кўнглига ёқадиган суҳбати кечагидек ёдимда:
֪  – Сизни кўпчилик танийди, аммо менинг меҳрим, иҳлосим бошқача. Озодбек Назарбеков ижро қилган “Қалдирғоч”, “Ёр кетди Андижонга”, “Ватан” қўшиқларингизни жуда яхши кўриб тинглайман. Мен Андижон халқини, умуман водийликларни яхши кўраман. Умр йўлдошимнинг хизмат фаолияти боис бир муддат водийда яшадик. Қўни-қўшничилик, одамларнинг бир-бирига бўлган оқибатлари мени ҳайрон қолдирган. Мен келин бўлиб тушган тупроқ - Сурхон воҳасининг одамлари ҳам тоза кўнгли билан меҳмонга жонини тўшайди, топса оёғи тагига қўйлар сўяди. Барибир менда андижонликларнинг ўзларига ярашган феъл-атворлари катта таасурот қолдирган. Гўдак боласини ҳам сизлаб гапиришлари, эр-хотин ўртасидаги муомала-муносабатларнинг самимийлиги, хуллас ўрганса бўладиган кўп жиҳатлари бор экан. Эсимдан чиқмайдиган  воқеани сизга айтиб берай. Биз яшайдиган уй яқинида  файзли  маҳалла бор эди. Бир куни шу кўчадан пиёда  ўтгим  келди. Сўритокларда узумлар ғарқ пишган, ариқ бўйларида гул-райҳонлар тебраниб турарди. Сиёқи рангда товланиб турган садарайҳонларни кўриб ҳидлаб,  шохидан узгим келди. Яна биров кўриб қолишидан, эгаси билиб қолиб ранжишидан андиша қилиб, бироз иккиланиб турдим. Аммо кўнгил қурғур қўймади. Бир шода райҳонни синдириб, шошилиб қадам ташлашимни биламан, дарвоза ёнида ҳовли бекаси аёл кўринди. Кийимлари одмигина, аммо ўзига жуда ярашган, сочини икки  ўрим қилиб ташлаб қирмизи рангдаги гулли дуррачани бошига ўраб олган аёлни кўриб, вужудим титраб кетди. Узр сўрадим. У менга жилмайиб “Синглим, узр сўрашингиз нимаси? Кўчага экилган мева ҳам, гулу райҳонлар ҳам кўчаники бўлади. Шу маҳалладан ўтган одамларнинг кўнгли ёришсин, деб тонг саҳарда кўча супуриб, сувлар сепамиз, гул райҳонлар экамиз. Кўнглингиз тортса, ҳавас қилсангиз олинг кўпроқ”,– деб  райҳон шохларидан синдириб бир қучоқ қилиб қўлимга тутди. Тўхтанг, гапингиздан меҳмонга ўхшаяпсиз, деб узум узиб берди. Анча гаплашиб турдик. Кўнглим шодланиб уйга қайтмоқчи бўлиб, йўлга тушдим. Ортимдан ҳалиги аёлнинг овози эшитилди. “Ҳой, синглим тўхтанг, иссиқ нон ёпгандим обкетинг, тандирда ёпилган нон бошқача бўлади”, – дея қўлимга нон тутди. Оқибат, одамгарчилик борасида мен водийликлардан жуда кўп фазилатларини ўргандим. Айниқса, меҳмон келса остона ҳатлаши билан қўлига човгумда илиқ сув тутиб, оппоқ сочиқ тутишлари, меҳмоннинг оёқ кийимини чинни-чироқдек қилиб артиб қўйишлари ҳаммаси ёдимдан кетмайди. Сизнинг ижодингизга ҳам алоҳида эътибор билан қарашим шу меҳрдан бўлса керак.
     Малоҳат опа билан суҳбатимиз анчагача давом этди. “Қалдирғоч” шеърининг тарихини айтиб бердим. Китобимдан совға қилишга ваъда бериб хайрлашдик. Сувга қуёш нури тушса тошиб кетмаганидек, яхши инсонларнинг  қалбу қўридаги файз ҳам кўнгил кўзи очилгандагина яққол кўринади.   Лекин афсуслар бўлсинки, биз, айниқса мен ғафлатда қолдим. Ўзаро борди-келди қилсам бўларди. Менинг югур-югурларим кўплигидан андиша қилиб бошқа безовта қилмаган бўлсалар ҳам опа билан бўлган суҳбат кўнглимнинг бир четини милтиллаб ёритиб тургандек эди.
     Чин инсоний фазилатлари, камтарлиги, оддий ва самимий суҳбатлари, кишини ўзига ром қила оладиган феъли билан  менда ўзига хос таассурот қолдирган  Малоҳат опа билан мени тақдир яна учраштирди. Наврўз байрами арафасида Чилонзор туманидаги “Меҳрибонлик уйи”га тадбирга таклиф этишди. Борганимда эса янада кўнглим ёришиб кетди.Ўша тадбирни бош-қош бўлиб ўтказаётган жонкуяр - Малоҳат Мирзомуҳаммад экан. Ҳамсуҳбат бўлган инсоннинг кўнгил оқлиги, халоллиги, шукрона келтириши, кишини эзгуликка чорловчи хислатлари, таббиийки, суҳбатдошига ҳам юқади. Яна бир бор опа билан кўришганимга шукрона қилдим. Рақс тушиб ўтирганларнинг  кўнглига байрам шодлигини улашган қизалоқлар орасидан бири тадбир сўнгида бизнинг ёнимизга келди. Малоҳат опа у қизчани яхши танир эканми, бағрига босиб: “Кел, Нигинажон қизим, сенга   ва дугоналарингга совғалар  олиб келдим. Устозларинг албатта сизларга беради”, – деди. “Яна келасизми?” деган сўзига жилмайиб, мен албатта келаман. Қўйни-қўнжимни тўлдириб келиб сизларни йўқлайман. Инсоннинг  умри етса экан, ёруғ дунёда ҳеч бўлмаса саксон йил яшасак, шундай яхши амалларни кўпроқ қилган бўлардик”, – деди. Шунда ҳам мен: "опажон, саксон йил нима бўлибди, шу қалбингиз билан юз йил умр кўрасиз", - дедим. Ўшанда ёнимда турган, кўнгли ярим гўдакларнинг дилини шод айлаш учун  камармаста бўлиб меҳр улашаётган  аёлнинг ҳам кўнгли вайрон эканлигини  сезмабман. Ўзи ҳам яхши гап, яхши тилакларга, дуоларга муҳтож эканлигини англамабман ҳам. Бошидан тақдирнинг кўп синовлари ўтаётганини  билганимда, бошқачароқ сўзлар айтармидим... Тақдирнинг битмишига бирор чора қўлимдан келмаслиги рост,  аммо билганимда, сезганимда бошқачароқ суҳбат қилган бўлармидим... Орзу-армонлари ҳақида сўраган бўлармидим?..
     Меҳрибон, оқил фарзандлар ўстириб,  керак бўлганида ҳам ота, ҳам она бўлиб тарбия қилиб келган Малоҳат опанинг энди армонлари ушалиб, орзулари юзага чиқиб, ёруғ кунлари келган эди. Аёл боши, тоғдай бардоши билан кўксида илдиз отган ниҳоллари бенуқсон, беғубор кўкариб, боғу боғчага айланган давру давронларга етган эди. Сарбон эди, карвонбоши эди. 
Ниятлари биллурдай тоза ва осмонча баланд, Ватанда яшаб туриб ҳам саратон иллатини даволлаттириш учун Ватанидан узоқда бўлишига тўғри келадиган, ҳар нафасида Ватанини соғинадиган инсонлар сирасидан эди. АҚШда даволанган кезлари Ватанимни, оиламни, дўстларимни соғиндим, деб ёзишларидан ҳам буни англаш мушкул эмасди. Сўзни минг келишикда турлаш мумкиндир, аммо Малоҳат опанинг сўзларида  ўзгача сеҳр кўрдим.   Кейин билдим, бемор эканлар... Дардига дармон топаман, деб бир муддат хорижда фарзандлари ёнида бўлибдилар. Ватанпарвар, элпарвар инсон учун бир он бўлса-да, тупроғидан йироқ бўлиш жуда қийин бўлса керак. Эҳтимол, юртида туриб Ватаннинг таъмини туймаганлар, Ватан тупроғи, ҳидини энтикиб димоқларига босмаганлар ҳис этмас. Аммо юраклари ялпиз ҳидига тўлиб борган, юрак қонидан қизғалдоқлар сувратини чизган, ўғилларини отасидек, қизини онасидек суйиб эркалаган Малоҳат опага қийин бўлгандир...
     Музаффаржон ижтимоий тармоқ орқали:  “Онамдан айрилиб қолдик...”, деб нола қилганида ундан кўнгил сўрадик, ҳасратига шерик бўлдик. Одатда, энг яқин кишингдан айрилганда шундай кўнгил сўралади, қучоқлашиб йиғлашади, кўз ёш билан куйган юрагига сув сепмоқчи бўладилар. Демак, Малоҳат опа ҳам  ҳаммамизнинг яқинимизга айланган экан-да. Унинг ҳам юзлаб, минглаб қадрдонлари дилбандлари каби андуҳга ботган экан-да.
     Аллоҳнинг иродаси, деймиз. Бу ёруғ оламдан насибаси узилган экан, деймиз.Умри фарзанди-ю  набираларида давом этяпти, деймиз. Яхши сўз, ибратлари ишлари ҳикмат бўлиб янграяпти, деймиз.
     Булар — бари тасалли (Майли, тасаллининг ҳам бори яхши) . Лекин энди шундай қумридил, юраги тоза инсон, меҳрда тенги йўқ она, шеърни, адабиётни ўзидан кўпроқ севадиган инсон орамизда йўқ...
     Ёрқин хотиралар бор экан, у инсон абадий ҳаётдир.
     Яратганим охиратларини обод айласин!
Мунаввара УСМОНОВА - “Саодат” журналининг Бош муҳаррири.