Бадкирдор эркакдан воз кечдим


     Баъзида шундай бўлади - одам ўз кўнглида йиғилиб, тўлиб-тошиб қолган ҳамма гапини кимгадир - бегонами, дўстми, ким бўлмасин ишқилиб, тинглаб маъқулласа бўлди, айтиб-айтиб енгил тортишни истаб қолади. Назаримда ўша куни сизда шундай ҳолат юз берди. Аввал қўнғироқ қилиб манзилимизни сўрадингиз, келишингизни айтдингиз.
     Кириб келдингиз... Қорача чеҳрали, баланд қоматли қиз экансиз. Ёшингизни дафъатан бир қарашда англаш қийин, 20 дан 25 гача бўлган ёшни берса бўлаверади.
     Шундай қилиб сиз ҳамма гапингизни тўкиб солдингиз. Мен эса тингладим. Сўнг мен ҳам қиссадан ҳисса деганларидек, сизга ўз фикрларимни баён этдим. Менинг сўзларимни - маслаҳатимни қабул қилдингизми, йўқми билмадим - бу албатта сизнинг ихтиёрингиз. Лекин сиз ҳам мени тоқат билан тингладингиз.
     Сиз кетдингиз... Лекин сизнинг ҳаётингиз, муаммоларингиз менинг фикру хаёлимни буткул банд этди... Менда ҳам худди сиз бизни излаб келгандақа ҳолат юз берди - суҳбатимиз оқибатида кўнглимда пайдо бўлган таассуротларимни кимгадир бировга айтмасам бўлмайдиган даражага тушиб қолдим... Ва сизнинг дил ҳасратларингизни, иқрорларингизни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилгим келди...
-Мен обрўли, эътиборли, бадавлат оилада туғилиб ўсганман, - дея ўз кечмишингизни сўзлай бошладингиз Сиз. - Ота-онамнинг шаънини ҳамма нарсадан юқори қўярдим. Уларнинг чизган чизиғидан четга чиқмаслик мен учун мажбурият эмас, табиий бир эҳтиёж эди. Шу сабабданми ўғил болалар, йигитлар мен учун мисоли бир дўст-ўртоқлар эди, бундан ўзгача бўлиши мумкинлиги ҳатто хаёлимга ҳам келмасди... Менинг келажакдаги тақдирим отамнинг бир имоси ва ё рози-ризолиги билан амалга ошади ва мен албатта бахтли бўламан, деб ўйлардим. Мактабни, институтни аъло баҳоларга ўқиб битирдим. Ўзим-кутганимдек, отамнинг қўшни туманда яшовчи қадрдон дўстларидан бири ўғлига мени сўраб совчи бўлиб келди. Йигит ёши мендан каттароқ бўлиб, институтни битирган, шифохонада ишларкан. Бу таклиф отамга маъқул келди. Мен эса розилик билдирдим. Бир-икки учрашиб юрган, сўзлашган бўлдик. Бўйи бўйимга мос эди. Кўриб турганингиздек, мен қорачадан келганман. У эса оппоқ йигит, келишган, кўркам қоматли. Тўйгача амалга ошириладиган барча расм-русумлар ўтказилди. Ҳатто тўй куни ҳам белгиланди. Лекин... аввал бувим оламдан ўтдилар. Тўйимиз қолдирилди. У кишининг йили ўтар-ўтмас катта амакимдан ҳам айрилдик... Устимизга тағин кўк кийдик. Шундай қилиб орадан икки йилча вақт ўтди. Яна қайтадан тўй ҳаракати бошланди. Тўйга 4-5 кун қолганда эса... Ишхонамга мени сўраб сарғиштоб, озғин бир аёл келди. Биласизми, уни кўрган заҳоти юрагимни биров пичоқ билан «шиғ» этказиб тилиб юборгандек бўлди... Вужудим бирам совуқ жимирладики, асти қўяверасиз. Барибир ҳаётда бизнинг измимиздан ташқарида - бизни кузатувчи, бало-қазолардан бизни асраб қолгувчи қандайдир бир руҳий куч бор. Худдики - бу аёл сенинг бахтсизлигинг, ўзингни бардам тут, дегандек бўлди... «Фалончини (ўша йигит номини атади) яхши танийсизми?», - дея сўради у. «Танийман, сизга нима?» - дедим, ўзимни лоқайд тутиб. «Йўқ, фаҳмимча уни яхши билмайсиз, тағин уни ўзингиздан кўра яхшироқ танийдиган аёл борлигидан бехабарсиз. Фалончи билан биз бир-биримизни ёқтириб қолганмиз. Бирга яшадик ҳам. Мен биринчи турмушимдан ажрашганман. Биламан, у сизга уйланиши керак. Бунга қаршилигим ҳам йўқ. Шундай қилишга ҳаққим ҳам йўқ. Лекин гап шундаки, орамизда пайдо бўлган ўғлини яхши кўради. Истагим унга текканингиздан кейин ўғлини тан олсангиз, уларнинг ота-болалигига раҳна солмасангиз бўлди...» Бу гапларни эшитаётган қулоқларим тош битди. Оёғим остидаги ер ўпирилиб бораётгандек, бошим устидаги осмонни қоп-қора булут эгаллагандек, ҳаво етишмай, нафасим қисилиб келаётгандек бўлди... ва портлаб кетдим: «Нега келдингиз? Номаъқулчиликни қилиб қўйиб, энди мендан нима истайсизлар... Менинг нима айбим бор? Кўнглингиз тинч бўлсин, ўша бадкирдор эркакдан шу лаҳзанинг ўзидаёқ воз кечдим. Энди йўқолинг, ҳеч қачон кўзимга кўринманг»...
     Аёл мендан бу қадар сахийликни, мурувватни кутмаган, «Хўп талашади, тортишади, юмдалашади», - деб ўйлаганди шекилли, муддаосига осонгина эришганидан кўзлари порлаб, ялтираб кетгандек бўлди...

     Ҳаётим ўша вақтда, ўша жойда тўхтаб қолди назаримда... Ул бевафони мен кечирмадим. Орага қанча одам аралашди, мени инсофга чақирмоқчи бўлишди, насиҳат қилишди. Йигит орқамдан кўп келди, кўп эланди, «дунёдан уйланмай ўтиб кетаман» - деб қасам ҳам ичди. «Мен сизга тегмайман. Ҳали турмуш қурмай туриб хиёнатга рўпара келдим-ку, буёғига нима ҳам кўрардим», - дедим. Мана ўшандан буён ҳам 6-7 йиллар ўтиб кетибди. Ўз шаҳримда ортиқ яшай олмадим. Катта шаҳарда, кўпчилик орасида яраларимдан фориғ бўлишим осон кўчади, деб пойтахтга кўчиб келдим. Отам - менга уй сотиб олиб берди. Ёлғиз эмасман бу ерда, опамнинг бир ўғилчаси мен билан бирга. Унга: «Сен менинг ўғлимсан»,- деганман. Опам ҳам шунга рози бўлган. У билан зерикишни билмайман. Юрагим оғриқларига давою дармоним шу бола. Мени, «ая» деб, ўрганди. Зийрак, доно, ширинтой болакай. Сизларга келишимга ҳам шу бола билан боғлиқ бир воқеа сабаб бўлди. Боғчасини таъмирлаш учун бир кунга ёпиб қўйишди. Уни ишхонага ўзим билан бирга етаклаб олиб келишга мажбур бўлдим. Табиийки, ишхонада ҳамма: «Бу болакай мунчаям асалтой экан, кимингиз бўлади?», - деб суриштира кетишди, десангиз... Мен нима дейман. Боланинг ўзига: «Сен ўғлимсан»,- деганман. У шунга ишонган, кўниккан. Одамларга эса бу гапни айтолмайман, турмуш қурмаганимни яхши билишади-ку! «Ўғлим», - десам, эшитган одам борки, хаёлига не гаплар келмайди, дейсиз. «Жияним бўлади», - дедим. Мен сездимки кичкинтойни қиёфаси тундлашди. Бу гапим ёқмади, унга. Ёлғиз қолганимдан сўнг бошлади хархашани. «Ёлғончи экансиз, энди сизга ишонмайман. Ахир мени ҳар доим ўғлимсан дегансиз, энди эса жияним, деяпсиз. Ростини айтинг, мен сизга кимман? Агар ростдан ҳам онам бўлсангиз дадамни топиб беринг. Боғчадаги ҳамма болаларнинг дадаси бор. Меникиниям топиб беринг», - деб юрагимни қон қилди, зардобга айлантирди. Ёш боланинг кўнгли шунчалик ҳам нозик бўларканми, ҳайрон қоламан. У ўшандан буён: «Менга ростини айтинг», - деб хархаша қилгани қилган. «Аслида опамга ўғилсан, менга эса жиянсан», - дейишга журъатим етишмайди. «Кетаман, ўз ота-онамнинг олдига», - деб туриб олса нима қиламан. Унга ниҳоятда ўрганиб қолганман. Яна тағин ёлғизликдан қўрқаман. Икки ўт орасида қолиб, куйиб-жизғанак бўлиб кетаяпман...
     «У йигит уйландими», - дейсизми? Йўқ, ҳалиям уйланмаяпти, деб эшитаман. Ҳов ўшанда: «Менга тегмасангиз бундан сўнг энди ҳеч кимга уйланмайман!», -деб қасам ичганди-да... «Ўртага одам қўйинг, турмушингизни қайтадан тиклаб олинг», - деяпсиз. Рости гап - йигитларга сираям ишончим қолмаган. Дугоналарим ҳам менга сизнинг маслаҳатингизни беришади. “Бахтинг учун курашишинг керак”,- дейишади. Қайдам, ёшим ҳам 29 га тўлди, ўзимни қариб бужмайган, ҳеч нарсага ярамайдиган кимсага айланиб қолгандек сезаман. Олдинда мени нима кутяпти, нима қилишим керак, билмайман... Баъзида ота-онам менга нотўғри тарбия беришганмикан? Бошқача яшашим, ўзимни бошқача тутишим керакмиди, деб ўйлаб қоламан.

Азиз синглим! Сизнинг кечмишларингизни кўп минг сонли муштарийларимизнинг эътиборига ҳавола этмоқдан муддаомиз не? Халқимиз донишманд - кўпни кўрган, кўпдан-кўп савдо-синоатлар сирини очган. Қани кутайлик-чи, сизнинг тақдирингиз борасида улардан қандай фикр, қандай маслаҳат чиқаркан?..

 

Дилбар САИДОВА