Турмуш ўртоғим ҳақида гапиришни хоҳламайман


 

ХАДИЧА ҚУРБОНОВА: “ОИЛА МЕН УЧУН ҲАР НАРСАДАН АЗИЗ”

     Бугунги суҳбатдошимиз кейинги пайтда ўзининг дилтортар қўшиқлари билан мухлислари қалбидан жой олаётган ва “Ожиза” сериалида ўзига хос образда намоён бўлган ёш санъаткорлардан бири Хадича ҚУРБОНОВА бўлди.

  • - Хадича, кейинги пайтда сизни телесериалда учратяпмиз. Бу ўзингизнинг танловингизми ёки режиссёрларнинг қатъий таклифими?
  • - Тўғри, яқинда “Ожиза” сериалида Дилфуза исмли аёлнинг ролини ижро этдим. Бу роль ўзимга жуда ёқди. Сценарийни ўқиганимдаёқ менга маъқул келганлиги учун бу ролни ўйнашга рози бўлдим. Сабаби ҳаётда характерим ҳақиқатдан ҳам Дилфузага  ўхшайди. Жудаям сабрлиман деб ўйлайман. Унча-мунчага жаҳлим чиқмайди. Оила мен учун биринчи ўринда туради. Агар ҳаётимда бирор бир кескин воқеа юз берса нима бўлганда ҳам худди сериалдаги Дилфузага ўхшаб оиламни сақлаб қолишни биринчи ўринга қўйган бўлардим.
  • - “Ожиза” сериалида нега айнан қийналган аёл образида намоён бўлишга рози бўлгансиз? Одатда бу каби ролларни ижро этиш актиёр учун бир мунча қийинчилик туғдиради, дейишади.
  • - Менимча ҳар бир образда намоён бўлишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Характер жиҳатдан ўзимни шу ролда тополганим учун рози бўлдим. Сценарий билан танишганимда ундаги бошқа ролларда ўзимни кўролмадим. Шунинг учун ҳам Дилфуза ролини ўйнашга рози бўлдим. Ушбу сериалнинг сценарий муаллифи ва режиссёри  Дилшода Қосимова менинг курсдошим. У билан коллежда уч йил бирга ўқиганмиз. Институтда ҳам бошқа-бошқа факультетларда  таҳсил олган бўлсакда курсдош бўлганмиз. Менимча Дилшода менинг характеримни билгани учун шу обрадза мени кўролди ва айнан мана шу ролга мени таклиф этди.
  • - “Ожиза” сериалидаги образингиз руҳиятингизга яқинми?
  • - Жуда ўхшайди. Айниқса, сабр-тоқатлилигим. Кўп нарсани йиғлаб-йиғлаб енгаман. Гиначимасман. Ҳеч ким билан узоқ вақт аразлашиб юрмайман. Нима бўлганда ҳам кулиб яна яшашда давом этаман.
  • - Ушбу сериалнинг сизга маъқул бўлган жиҳатлари нимада?
  • - Ушбу сериал режиссёр Дилшода Қосимованинг биринчи иши бўлганлиги учунми жудаям эътибор билан қарадим ва кузатдим. Бошқа серилларга нисбатан менга жуда ёқди. Йўқ, сериалда ўзим роль ўйнаганлигим учун эмас, албатта. Яхши мавзу бўлганлиги учун ва долзарб масала кўтарилганлиги учун ушбу сериал юрагимга яқин бўлиб қолди.

-Ўзингиз қўшиқ куйлайсиз агар бошқа хонандаларнинг клипларида роль бажаришга чақиришса рози бўлармидингиз? Одатда санъаткорлар бошқаларнинг клипларида камдан-кам ҳоллардагина намоён бўлишади. Сабаби рейтенги тушиб кетишидан қўрқар экан.

  • - Албатта, ўзим қўшиқ куйлайман. Бошқа хонандаларнинг клипида ҳечам чиқмаганман ва бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганман. Агар шунақа таклиф бўлса билмадим, олдиндан бир нарса деёлмайман
  • - Ҳозир қизғин ижод палласидасиз, оила ва болалар тарбиясида қийналиб қолмаяпсизми?
  • - Тўғри, ҳозир ижодим энг қизғин паллага кирган давр, десам адашмаган бўламан. Қолаверса, яна концерт бериш ниятим бор. Ҳозир янги албомьлар устида ишлаяпман. Яқинда “Ўргатинг” номли янги таронамизга клип олдик. Фарзандлар тарбиясида қийинчиликлар йўқ, худога шукр. Ҳаммасига улгуришга ҳаракат қиляпман
  • - Сизни ҳали талабалик пайтингиздаёқ оила қуриб, фарзандли бўлганингиз ҳақида эшитгандик. Бу сизга қийинчилик туғдирмаганми?
  • - Тўғри, талабалик пайтимда оила қурганман. Ҳомиладор пайтларим орада академ таътил олишга ҳам тўғри келган. Фарзандли бўлгач яна қайтаданяна ўқишимни давом эттирганман. Удога шукр, шу йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетини тамомладим. Фарзандлар тарбияси ҳеч қачон менга халақит бермаган ёки чалғитмаган. Сабаби оила аъзоларим ҳар доим мени қўллаб-қувватлаб туришади. Бу борада онажоним менга жуда катта ёрдам берадилар. Биттаю битта акам бор. Шу акамнинг умр йўлдошлари Феруза кеннойим билан худди опа-сингилдек бўлиб кетганмиз. Шу киши фарзандларим тарбияси билан мен йўқ пайтларимда шуғулланиб турадилар. Менинг ҳаётдаги энг катта бахтим бу турмуш ўртоғим, десам хато бўлайди. Чунки у киши ҳар доим мени ҳар томонлама ҳам оилада, ҳам ижодда қўллаб- қувватлаб турадилар. Қийналмаслигим ва бемалол ижод қилишим, ўқишим учун барча шар-шароитларни яратиб берганлар. Мен биринчи ўринда бемалол ижод қилаётганлигим учун турмуш ўртоғим, онам ва кеннойимга ўз минннатдорчилигимни билдирган бўлардим..  

 

  • - Фарзандларингиз, оилангиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
  • - Ростини айтсам, турмуш ўртоғим ҳақида гипиришни хоҳламайман. Чунки у киши буни хоҳламайдилар ва рухсат бермайдилар. Фарзандларимига келадиган бўлсак, бир-биридан ширин учта ўғлим бор. Биринчи фарзандим Меҳранг ҳозир тўрт ярим ёшда, иккинчи ўғлим Имрон яқинда учга тўлди, кичик ўғлим Исломбек эса бир ёшу уч ойлик бўлди. Фарзандларим жудаям шўх, эрка ва ҳали жудаям кичкина. Иккита ўғлимни яқинда боғчага бердик, кичкинаси ўзим билан уйда.
  • - Илк концертингиз ҳақидаги таассуротларингиз қандай? Аксарият санъаткорлар концерт беришнинг машаққатлари ҳақида кўп гапиришади. Сиз ҳам шундай машаққатларга дуч келдингизми?
  • - Таассуротларим катта албатта. Ҳақиқий ҳаяжонни илк марта катта саҳнага чиққанимда ҳис қилдим. Юрагим шу қадар қаттиқ урардики унинг вужудимни титратаётганлигини сездим. Жудаям ҳаяжонли дамлар эди. Буни сўз билан ифодалаб беролмайман. Тўғри, қийинчиликлар ҳам бўлди. Сабаби биринчи концертим бўлганлиги учун қайсидир жойларида қийналдим, лекин машаққатсиз, қийинчиликсиз ва тушунмовчиликларсиз ҳеч ким бирор бир нарсага эришолмаган. Албатта, ҳаммаси ширин ташвишлар деб ўйлайман. Иккинчи марта концерт берганимда биринчи концертимдаги хатоларни қилмасликка ҳаракат қиламан ва концерт дастуримдаги қўшиқларим мавзусини янаям ранг-баранг ва бир-бирига ўхшамайдиган бўлишига ҳаракат қиламан.
  • - Яна яккахон концерт беришни режалаштираяпсизми ва қачонга?
  • - Шундай ниятим бор. Агар улгурсам ва кўнглимдаги қўшиқларим вақтида тайёр бўлса шу йилнинг охирида ёки кейинги йилнинг бошлариида концерт беришни режалаштираяпмиз.
  • - Санъаткор аёллар орасидан дўстингиз борми?
  • - Санъаткорлар орасидан яқин дўстим бор, деб айтолмайман. Лекин дўстлашса бўладиган санъаткор аёллар бор, албатта. Аввалига ўқиш, кейин ижод, оила ташвишлари ва фарзанд тарбияси билан банд бўлиб ортиқча учрашишга вақтим бўлмаганлиги учун менимча унақа яқин дўст орттирмаганман ҳали. Лекин санъаткор аёллар орасидан яқин дўстим ёки опам бўлишини хоҳлардим

- Кўпинча санъаткорлар негадир бир-бирлари билан унчалик чиқишолмайди, қайсидир кимдир билан аразлашган, яна қайсидир бошқасини ёмонлаган. Сизнинг бу ҳолатга муносабатингиз қандай?

  • - Тўғрисини айтсам бировнинг ҳаётини ёки ижодини муҳокама қилишни ёқтирмайман. Лекин ҳамма билан яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қиламан..

- Мумтоз қўшиқлар куйлаш ниятингиз ҳам борми?

  • - Албатта бор. Ҳозир вакалга қатнашяпман. Мумтоз қўшиқларимиздан бирортасини яхшилаб ўраганиб, куйлаш ниятидаман.
  • - Келгусидаги режаларингиз қандай?
  • - Янада кўпроқ ижод қилиб, ўз устимда ишлаш ва яккахон концертимга тайёргарлик кўришни режалаштиряпмиз. Бундан ташқари, оилада фарзандлар тарбияси билан чуқурроқ шуғулланиш ва халқимизга ёқадиган гўзал қўшиқлар ҳамда клиплар ишлаш ниятим бор.
  • - Суҳбатингиз учун ташаккур!

Суҳбатдош - Гулруҳ ЁРМАТОВА

Манба: "Бекажон" газетаси