ДУБЛЯЖГА МУНОСАБАТ ЖАҲЛИМНИ ЧИҚАРАДИ


  Бугунги суҳбатдошимиз - элимиз ролларини севиб томоша қиладиган ва овозини мароқ билан тинглайдиган актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, дубляж устаси - Ҳошим Арслонов!

 

- Бугунги кунда қайси фильм ва сериалларда суратга тушаяпсиз?

- Ҳозир “Исломхўжа”дан кейин “Қўқон шамоли” фильмида роль ижро этдим. Фильмни тасвирга олиш ишлари якунига етиб қолди.  Овозлаштириш жараёни қолди, холос. “101- рейс” фильмининг бошланганига 3-4 йил бўлди. У фильмни ҳам октябрь ойларида катта премъера қилиш ниятидамиз. Ушбу фильмдан умидимиз жудаям катта.  Тўғрисини айтадиган бўлсам, роса қийналдик. Негаки, асосий суратга олиш жараёни фақат кечаси бўлди.

- Нима сабабдан фильм тун вақтида олинди?

- Чунки,  аэропортда, самолётнинг ичида бўлди.  Аэропорт фаолиятига халақит бермаслик учун фильмни кечқурун олишимизга тўғри келди.  Кечки соат етти (ўн тўққиз)дан эрталабки еттигача давом этди ишларимиз. Уйга келиб ювинамиз, аранг чой ичишга бир амаллаб улгурамиз, кейин яна бошқа жойга югурамиз... Жуда қийинчиликлар билан кечди бу фильмда иштирок этишимиз.  Шунга яраша Худойим юзимизни ёруғ қилиб, фильмимиз кўнгилдагидек чиқса ва томошабинлар томонидан муносиб кутиб олинса, биз ҳам хурсанд бўлардик.  Куни кеча “Бокира” деб номланган 26 қисмдан иборат яна битта сериалда қаҳрамонлардан бирининг ролини ижро этдим.

   Фильмларда ҳам, сериалларда ҳам ҳеч қачон салбий роль ўйнамасдим. Бу ролим салбий. Томошабинлар қандай кутиб олади, ҳайронман. Салбий кимса қиёфасини акс эттиришга имкон қадар ҳаракат қилдим. Бу ҳам яхши сериал бўлади, деб ўйлайман. Ҳозирча шу.  

   Бу ёғи дубляж жараёнлари. Тошкент шаҳридан чиқиб кета олмаяпман.  Бориб бирор жойда дам оламан десам ҳам имконият бўлмаяпди.  Мавлуда келинойингизни олиб, у ёққа-бу ёққа кетгим келяпди-ку,  сериалдаги ишларим ҳеч қўйиб юбормаяпди. Опангиз ҳеч қўйиб юбормайди, 60 дан ошган бўлсам ҳам, мени ҳалигача ҳеч кимга ишонмайди.

- Оилангизнинг ҳаётингиздаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Фарзандларингиз кейинги пайтларда улкан ютуқларни қўлга киритишаяпти. Бу ҳам СИЗ ва келинойимизнинг тарбияси самараси.

- Биласизми, мен бир нарсага иқрор бўлдим. Сизнинг ишингиз, бошқа нарсалар, ҳаммаси бир тараф экан. Инсоннинг асосий ишонгани - ўзининг қўрғони, яъни оиласи бўларкан.  Кўчадаги дўстларингиз оилангиздан кўра яқин бўла олмайди.  Ҳаммаси ўз йўлига. Оилангиз тинч бўлса, фарзандларингизни, невараларингизни кўриб кўнглингиз хотиржам бўларкан. Ижодкор учун мана шу оилани ҳимоя қилиб, бошида кўтарадиган, барибир аёли экан.  Аёл кишига кўп нарса боғлиқ. 3 та неварамиз институтга ҳужжат топширишиб, имтихонлардан яхши ўтиб келишди.

   Тўртта фарзандим бор.  Энг каттаси Жамшид “Сардор” сериалида ўйнаган, ҳозирда тадбиркор. Кейингиси - қизим Дилафруз.  У ҳисобчи бўлиб ишлайди. Бобуржон "Ўзбекфильм"да ишлайди. Кўплаб фильм ва сериалларда роллар ўйнамоқда. Жавоҳир эса яқинда Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Шайхонтоҳур тумани кенгаши раиси вазифасидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари, ижтимоий-ҳуқуқий ва саломатлик масалалари комплекси раҳбари лавозимига тайинланди. 7 та набирам бор. 

- Келинойим билан қандай танишгансиз?

- Келинойингиз билан танишувимиз... 1974 йилда танишиб, 3 йилча бир-биримизни синаганмиз. 1977-йилда турмуш қурганмиз.

- Дубляж санъати хусусида батафсил тўхталиб ўтсак. Муфассал баён этишингизни сўраётганим боиси, дубляж соҳасида етук мутахассиссиз. Хамза Умаров, Ҳожиакбар Нурматовдек дубляж мактабининг моҳир билимдонлари билан биргаликда бир сафда туриб дубляж мактабига асос солган инсонлардан бирисиз. "Бекажон" газетаси мухбирига берган интервьюнгизда дубляж соҳасидаги камчилик ва муаммоларни кескин танқид остига олиб ўтган эдингиз. Бугунги кунда бу соҳада сал бўлса-да ўзгаришлар, сезиларли натижалар бўлдими?

 - Берган интервьюмдан кейин ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Ўша гапларни яна такрорлайман: дубляж қайсидир актёр ё актрисаларнинг нуқсонларини яширишга хизмат қилмаслиги,  саҳна ортидаги овоз каби уларни гапираётгандек қилиб кўрсатиб, ниқобламаслиги, томошабинларни алдамаслиги керак! Бу ўзбек актёр ва актрисаларига бериладиган овозлаштириш дубляжини назарда тутаяпман.  

  Ҳаммасидан ҳам энг алам қиладигани жиҳати шуки, режиссёр, раҳбарларнинг дубляжга енгил-елпи қараши менинг жаҳлимни чиқаради. Ўзбекистон телевидениясида сериаллар бўлаётган бўлса, профессионал дубляж актёрлари Ўзбекистон телевидениясидан қочяпди. Бунинг сабаби: биринчи навбатда актёрларнинг пулини кесишларидир. Дастлаб, 5 та серияга 100% ҳақ тўлаб, 10 та сериалга 75% тўлаб,  10 та сериядан кейин нечта қисм бўлишидан қатъий назар, 100 серия бўладими, 200 тами, атиги 10 % пул тўланади, холос. Модомики, шундай бўлгач, ким ўнта қисмдан кейин жон куйдириб овоз бергиси келади? Содда тилда тушунтириладиган бўлса, бу бериладиган пул ҳаттоки келиб кетишга сарфланадиган йўлкирани ҳам умуман қопламайди. Ўқишни эндигина тугатиб келиб, янги ишга келган, шу арзимас пулга ҳам қониқаман, деганларгина ишлаши мумкин.

- Ёшлар қизиқиб, овозим экранларда янграса, титрларда фалончи овоз берди деган титр чиқса бўлди, деб кези келса текинга ҳам бораверадиганлар топилади, чиндан ҳам. Сиз овозингиз янграши ё исмингиз экранларда кўринса қувонадиган, нархи арзон актёр эмассиз.

- Бу борада мутлақо ҳақсиз. Сизга яна бир мисол. Дейлик, хусусий студияда қандайдир фильм тасвирга олинди.   Профессионал актёрлар  ўйнамаган.   Ҳамма суратга олиш жараёнлари олиб бўлингандан сўнг режиссёрлар, продюсерлар: "Ака, илтимос, мана шу арзимас пулимизга овоз беринг, бошқа пулимиз қолмади", - дейишади. Фильмни суратга олишдан аввал барча сарф-харажатлар ҳисоб-китоб қилинмайдими? Бари инобатга олинмайдими? Дубляжга яраша ҳам пул ажратилади-ку! Бундай корчалон, қўштирноқ ичидаги "бечораҳол"лар жамики пулни суратга олишга сарфлайди-да, кейин "Ёрдам беринг, жон ака, кейинги сериалларда пулингизни икки ҳисса қилиб берамиз" деб сохта насия, ваъдабозлик йўлига ўтиб олишади.

   Кўрдингизми, буларнинг чинакам актёрга, дубляжга бўлган муносабати қанақалигини. Ўзини ҳурмат қилган актёрлар: "Йўқ, мен бу қадар арзимас пулга овоз беролмайман, вақтимни зоъе кетказишимга ҳам арзимайди", - дейишади. Бунақа фильмларга режиссёрлар кўчадан олиб келган бойвачча ёки кимнингдир арзандаси бўлган актёр ва шу тахлит эркатой қўғирчоқ актрисасининг ўзи ўзига овоз бериши керак. Лекин улар ўзига-ўзи овоз бера олмайди, чунки улар профессионал эмас. Малака ҳам етишмайди. Бадиий тилда гапира олишмайди ҳам.

   Менинг пешонамга ёзилгани кўчадан келиб роль ўйнаган ёши катта актёрларга овоз бериш экан.  “Юраклар жанги”да ҳам қийналиб кетдим. “Ожиза” сериалида ҳам битта шунақасига овоз бердим.  Хуллас, буларнинг дубляжга бўлган муносабати менга сира ёқмайди.

- Сизнинг кўнгилчанлигингиздан фойдаланишади, деган фикрдаман. Бировни ранжитгингиз келмайди. Гарчи қийналсангиз ҳам, кейинчалик афсуслансангиз ҳам.

- Ҳа, таассуфки, шунақа.

- Ўша кўчадан келган "артистлар" шунга яраша ролини маҳорат билан ўйнаб  бера олса-ку, майли. Сизнинг овозингиз чиройли, бироқ у одамнинг хатти-ҳаракатига ҳам уйғун бўла олмаса, сохталикни ҳақиқийдек қилиб кўрсатиш машаққат талаб қилади. Сизда танлаш имконияти йўқми ёки Сиз кўнгилчанлигингиз учунгина рози бўласизми?

- Ҳамма гап шунда. Режиссёр айтадики: "бу актёр профессионал эмас, Шунинг учун шуни образини овозингиз орқали кўтариб берсангиз", - деб илтимос қилишади. Барибир, касбингиз шу бўлгач, нима қиласиз?

   Моҳира Нурматовага беш кетаман!  "Ким ўйнаган бўлса, ўзи овоз берсин, мен бормайман" дейди шартта. Дубляж, устоз-шогирд мактаби йўқлиги ҳам, ҳаммаси мана шу дубляжга бўлган муносабатдан келиб чиқади.  Агар раҳбарият дубляжни кучайтирайлик деса қанийди! Нега ҳали-ҳануз бу мураккаб соҳага панжа орасидан қарашади? Ўзи саноқли дубляж усталари қолибди. Ўтириб санасак бармоқ билан санарли чиқди, холос. Элёр Носиров,  Боир Ҳолмирзаев, Моҳира Нурматова, Санжар Саъдуллаев, Маҳмуд Исмоилов, Ойбарчин Бакирова... Ёши катталардан, асосан, шулар. Шунақа аҳвол.

- Афзал Рафиқовнинг овозини кейинги пайтларда эшитмай қолдик?

- Афзал Рафиқовнинг ҳозир бироз мазаси йўқ. У киши ролни танлаб олаяпди.

- Дубляж соҳасида фаолият юрита бошлаганингизга неча йил бўлди?

- Ҳисобим бўйича, 35 йилдан ошди.

- Бугунги таржималар дубляждаги энг оғриқ нуқталар эканини кўп таъкидлайсиз. 10 та канал бўлса, 10 хил дубляж бўлади. Ҳамма каналда ўз дубляж актёрлари бўлади. Ҳаммаси турлича таржима қилишади, турли актёр ва акрисалар овоз беришади. Бунинг сабаби нимада деб биласиз? Ўша телеканал раҳбари ёки режиссёрларнинг ўзлари танлаган доимий одамлари борми?

- Шундай. Тўғри топдингиз.  Ўзининг одамлари бор. Бунинг яна бошқа сабаби ҳам мавжуд. "Севимли" каналида маълум актёрлар, "Менинг юртим" телеканалида муайян актёрлар ишлайди. "Зўр ТВ"да ўзларининг актёрлари бор. Бунинг сабаби, дубляж усталарининг сони камайиб кетганлигидан. Бир хиллар айтади: "Э, битта серия учун фалончига шунча пул берамизми?  Уларни чақирмай қўявер", - деб бошқасини чақиради. Ёки "пулни бегона қилмайлик", - деб ўзларининг дубляж соҳасида профессионал бўлмаган таниш актёр ва актрисаларини чақиришади. Қарабсизки, натижада уларнинг овозини эшитиб, томошабинларнинг ғаши келади. Негаки, томошабинлар ғализ гапирадиган, бадиий тилни ўзлаштирмаган кишилар гапиришига ўрганмаган. "Дубляжни расво қилибди,  нимага фалончи одам овоз бермаган?", -  дейишади томошабинлар пировардида.

- Умр йўлдошингиз, кўп йиллар мобайнида матбуот соҳасида ишлаб келган - Мавлуда Арслонова ҳам ижтимоий тармоқларда кўпчилик телебошловчилар ва фильм, сериалларда шеваларда гапиришларини танқид остига олиб, жон куйдириб, бу борада туркум мақолалар ёзган эди. Сиз водийлик бўла туриб,  соф адабий тилда гапирасиз. Худди шундай ҳолатни актриса ва ёш дубляж устаси - Маърифат Ортиқовада ҳам кузатишимиз мумкин.  У асли Хоразмдан. Хоразмликларга айниқса, бадиий тилда гапириш бироз қийин, назаримда.

- Шу жумладан, Тоҳир Саидовни ҳам тилга олиб ўтиш жоиз. У ҳам хоразмлик. Аммо ҳеч ким уни сўзлаш оҳангидан хоразмдан, деб умуман ўйламайди. Кўпчилик  водийлик деб ўйлашаркан.

- Бугунги кунда дубляж, сериалларда шевани аралаштириб гапиришни кўпчилик танқид қилса, айримлар ҳар хил шеваларда гапириш табиий ҳолат, бу ҳам ўзбек тили деб уларни оқлаяпди. Сиз бу қарама-қарши фикрларга қандай ёндошасиз?

- Бизнинг соҳада битта нарсага жиддий эътибор бериш керак. Хусусий каналларда журналистлар бор. Ҳали мен қизиқчи ёки актёрларни гапирётганим йўқ. Ўша телеканаллардаги журналистларнинг ҳаммаси "ман, сан", - дейди. Санъаткор бўлгандан кейин, адабиётга дахлдор одам бўлгач, мулоқот бўладими, интервью бўладими, фарқи йўқ, адабий тил қоидаларига риоя қилиш шарт! Масалан, мен кимгадир интервью берсам "мен, сен" деб гапираман.  Адабий тилда гаплашиш - бу аввало, муомала маданиятига риоя қилишнинг асосий негизи.  Бу нарсалар, надоматлар бўлсинки, кун сайин йўқолиб бораяпти. Бунинг ҳаммаси нимага бориб тақалади? Барчаси адабий тил меъёрларини мукаммал ўқитадиган, ўргатадиган мактаб йўқлигига бориб тақалади.

- Дубляж мактаби йўқлиги борасида кўп куюниб гапирасиз. Дубляж мактабини яратиш масаласини кўтаришга ҳаракат қилганмисиз?  Актёрлик маҳорати, саҳна нутқи ва журналист, репортёрларни ўқитадиган хусусий мактаблар, ўқув курслари пайдо бўляпди. Дубляж мактабига ҳам овоз бераётган образинниг ҳолатига кира оладиган, ўша рол қаҳрамони руҳиятини ҳис қила оладиган, овози бор ёшларни чорлаб, дубляж соҳаси йўналиши бўйича тайёрлайдиган мактаб очиш режаси бўлмадими?

- Буларнинг бари яна бевосита раҳбариятга бориб тақалади. Дубляж мактаби ҳақида биров ўйлаб ҳам кўргани йўқ. Ойнаи жаҳонни нафақат миллий, турк ва покистону ҳиндистон, корейс сериаллари, фильмлари билан тўлдиришди, холос. Дубляжга овоз берадиган актёр бирор сабабга кўра кела олмадими,   "Наригисини чақир, ўқиб беради", - дейди. У балки касал ётгандир, аҳволи оғирдир. Бошига мусибат тушгандир. Иши йўқ! Қолаверса, шу овоз ўша ролга тушадими, тушмайдими, уларга фарқи йўқ. Бу ҳақда ўйлаб ўтириш тугул, бошларини ҳам қотиришни исташмайди.

  Дунёдаги мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, жаҳон андозаларидан мисол келтирсак, кўпгина давлатларнинг ҳаттоки давлат арбоблари ҳам ўзларига саҳна нутқидан сабоқ берувчи кишини тайинлайди. Чунки улар халққа мурожаат қилганда, адабий тилда гапириши керак. Саҳна нутқи деган нарсани на телевиденияда, на бошқа ерларда кўрмаяпман. Ташаббус билан чиқиб, мени қўллайдиган одам ҳам чиқмайди. Чунки, ҳеч кимга бунинг қизиғи йўқ-да.

  Ҳамма жабрни дубляж актёрлари кўришаяпти.  Бугун қайсидир сериалга бораман, битта сериалга тезлаштириш мақсадида бўлса керак, икки хил таржимон жалб қилинган.  Иккисиники бир-бириникидан тубдан фарқ қилади. Энди биринчисининг тилига мослашсак, қолган сериалларни бошқа таржимон таржима қилишни бошлаб юборган бўлади. Натижада унга мослашишга мажбурмиз. Одатда, таржима матнини муҳаррир кўриб чиқиши, таҳрир қилиши керак. Ҳозир, очиғини айтишим керак, таржима матнларини муҳаррирлар кўриб беришмаяпти.  "Моҳир таржимон" томонидан сўзларга русча иборалар қўшилиб кетган бўлса,  ўзбекчага актёрларнинг ўзлари таржима қилишларига тўғри келаяпди. Айрим таржималарнинг эса ҳажми экранда гапирадиган одамнинг оғиз очиб юмишидан кўра узун. Мисол учун русчада "Молчи" деб кимдир қичқирса, таржимон "Оғзингизни юминг", "Овозингизни ўчиринг" деб таржима қилган бўлади. Шуни лўндагина қилиб "Жим" дейиш мумкин-ку! Гапирган актёрнинг лаб очилиб юмилишига ҳам мос келади, мантиқан ҳам тўғри. Шундай ҳолатларда, тумтароқ таржималар матни тўғри келмаса, қисқартиришимизга тўғри келади.

   Баъзи сериалларга кези келса бешталаб таржимон чақиртирилади. Бешовининг таржимаси ҳар хил. 

- Аммо сериаллардаги ёзувларда ёки айтиб ўтилганда таржимонлар деб ўқимаймиз ё эшитмаймиз. Одатда, фалончи таржимаси дейишади. Бундан чиқди, қолган нўноқ таржимонлар пулини олишади-ю, асосий таржимоннинг исми ўқиб эшиттирилади. Шундайми?

- Худди шундай! Бизга қийин. Биз бунга мослашишимиз керак. Баъзи  таржимонлар борки, матнида эга ва кесим йўқ.   Яна айрим тоифалари борки: "Бугун ўша ерга борасизми сиз?", - деб ўгиради. Ўша ерга борасизми, дегин! Вассалом. Ёки бўлмаса: "Ўша ерга сен ҳам борасанми сен?"! Шу ҳам таржимами?  Шунақа қилиб, уларнинг хатоларини  тўғрилашга ҳам вақт сарфлаймиз. Пулини олган улар, жабрини кўрган биз дубляжчилар!

- Фильм ва сериаллардан ташқари, мультфилмларга, "Жиноят ва жазо" каби ҳужжатли кўрсатувларга кадр ортидан овоз берасиз.  Бу жараёнлар қандай кечяпди? Яъни қониқиш ҳосил қилаяпсизми ёки уларда ҳам шу аҳволми?

-  Мен учун энг яхши йўналиш, бу - мультфилм! Мультфилм менинг жону дилим!

- Айниқса, “Қирол шер”га жуда зўр овоз бергансиз! 

- "Менинг юртим" телеканалида “Шаҳризода эртаклари” деб номланган мультсериал берилаяпди. Шунга мазза қилиб овоз бераман. "Миллий" каналида ҳам мультфилмларга роҳатланиб, яйраб овоз бераман.

   “Жиноят ва жазо” кўрсатувига келадиган бўлсак, у ерда муаллиф битта. Матнни тузадиган ҳам бир киши. Шу туфайли, унча қийналмайман.  Барибир матнни ўқиётган шахс муайян воқеага ўзининг муносабатини билдирсагина, томошабин ва тингловчиларга етиб бориши осон кечади. Шуниси сал ҳаётга яқинроқ бўлади. Кимнингдир ўлдирилганлигидан ҳаяжонланиб, йиғламсираб ёки жиноятчидан қаҳрланиб, ғазаби жўш урса ва ҳис-туйғуларга берилса, овози тушмаса, томошабин қабул қилмайди. Чунки, бу фильм эмас. Бу ерда инсон тақдири ҳақида гап кетаяпти. Томошабин ё йиғлайди ёки кулади.

  Айниқса, корейс киноларида учрайдиган айрим ҳолатлар борки, актёр ё актрисалар қиёфасида ҳеч қандай ҳис-туйғуни кўрмайсиз. Юз ва кўздаги ифода бамисоли ҳайкалдек қотиб қолган. Орадан ярим соат ўтгачгина бир-бирига қарайдиган сюжетлари бор. Унгача бир нуқтага тикилганча узундан узоқ маъруза ўқишади.

- Қайси хориж сериалларига овоз беряпсиз?

- "Менинг юртим" каналида “Гул ишқи” деган сериалга, “Шаҳризоданинг эртаклари” мультсериалига, "Севимли" каналида “Йиғлама она” сериалига, "Кинотеатр" каналида “Яшил ўқ” деб номланган Америка сериалига овоз беряпман.  Хуллас, овоз бераётган сериалларим жуда ҳам кўп.  “Чуқур” сериалидаги дубляжда ҳам овоз бераётгандим. Ҳозирда 2-фасли бошланди. Раҳбарлари билан келиша олмай қолганим туфайли, энди у сериалда овоз бермаяпман.

- Ўзбек актёрларидан кимларни "гапиртираяпсиз"?

-  “Юраклар жанги” да қизнинг, “Ожиза” да йигитнинг отасига овоз бердим.

- Мухлисларингизга тилакларингиз борми?

-Тилакларим - энг сара, маъноли, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган, қизиқарли фильмларимиз кўпайсин! Энг аввало, сизларга маъқул бўлсин.  Насиб қилса, эндиликда тарихий фильмларимиз ҳам кўпаяди. Аста-секин дунё миқёсидаги фильмлар даражасига етиб оламиз, деган умиддамиз. Фильмларимизни кўриб, баҳо бераётганингизлар учун раҳмат.

- Ишларингиз кўп бўлишига қарамасдан, қимматли вақтингизни аямай вақт ажратганингиз ва суҳбатлашганингиз учун СИЗга катта раҳмат!


Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.

2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот