Ўзбек каратэси ҳақида фильм оламан


     Суҳбатдошимиз барчага бирдек таниш, кўрганимизда юзимизга табассум югуришига сабабчи бўладиган қизиқчи, актёр, режиссёр, юрист ва каратист - Валижон Шамшиев!

- АҚШга қизиқчи Шукурулло Исроилов билан биргаликда бораётган экансиз. У ерда қанақа концерт дастурини тайёрлаб кетаяпсизлар ва айнан қайси штатда намойиш этишни режалаштиряпсизлар?

-Август ёки Cентабр ойларида боришни режалаштириб турибмиз. Қонцерт намойиш қилмоқчи бўлган штатларимиз бир нечта. АҚШга шахсан менинг биринчи сафарим эмас  Илгари ҳам 6 маротаба давлатимиз тадбирлари юзасидан ҳамда каратэ бўйича ўтказилган мусобақаларга борганман.  У ердаги Туркистон жамиятида ўзбек юртдошларимиз бор.

- Туркистон жамияти АҚШнинг қайси штатида жойлашган?

- Нью Жерси штатида. Шу жамият президенти - Абдуллахўжа ака бошчилигида ўша жамиятда кўп тадбирлар бўлади. Бизни тадбирларга чақиришганида, у ерда  элчихоналаримизнинг таклифлари билан мустақиллик байрамларини ўтказиш бахтига муяссар бўлганман. Нафақат Нью Жерсида, балки, Силаденсияда, яна бир нечта штатларда ўзбекларимиз кўпроқ жойлашган жойларга бориб, томошаларни қўйганмиз. Менга бу каби таклифлар кўп бўлади. Охирига етказолмаган ишим бор, жумладан, жаноб Лоно исмли сайёҳлик билан шуғулланувчи киши менга нафақат ўзбек тилида, балки инглиз тилини ўзлаштирсангиз, қобилиятингизни янада кенг оммага намойиш этардик, деган фикрни билдирди. Унинг  ўзбекларга меҳри баланд. Сабаби, турмуш ўртоғи Бухоролик. Шу туфайли, Ўзбекистонга нисбатан қизиқиши жуда катта. Шу жумладан, менинг санъатимга ҳам қизиқиб қолиб, таклиф қилаяпти.  Бу борада олдимизга қўйган режаларимиз кўп, Оллоҳ насиб этса, ўзбекларга ўзбекча гапирсак, бошқа миллат вакилларига мимика, пантомима сингари сўзсиз томошаларимизни  намойиш қилиш ниятимиз бор.  Бу галги сафаримиз Шукурулло Исроилов билан бирга. Шукур ака ҳам илгари АҚШга бир маротаба борган. АҚШдаги ўзбекларга турли байрам муносабатлари, масалан, Хотин-қизлар байрами, Наврўз, Мустақиллик байрамимизни шодиёна қаршилаб олиш мақсадида томошалар уюштиришади ва байрамни завқ-шавқ билан қарши олишади. Бундай байрамларда иложи борича ўзбек санъаткориларни таклиф қилишга ҳаракат қилишади. Таклифга кўра кўплаб санъаткорлар АҚШга боришлари мумкин.  Биз Шукур ака иккаламиз қизиқчи, Иззат Ибрагимов хушовоз ҳонанда сифатида кетаяпмиз. Иззат Ибрагимовнинг ҳам ташаббуси катта бўлди. Ўзбекларимизни кулдириб келмоқчимиз. Америкага Шукурилло иккимиз биргаликда биринчи марта боришимиз. Боя таъкидлаганимдек, авваллари алоҳида-алоҳида борганмиз, бирга эмас.

- Сарф-ҳаражатлар кимнинг ҳисобидан? Ўзингизнинг ҳисобингиздан кетяпсизларми ёки бирор бир ташкилот кўтаряптими?

- Ташкилотми, бирорта шахсми, аниқ билмайман, лекин боришимиз ҳақида таклиф бўлди.  Барча сарф-ҳаражат, албатта, уларнинг ҳисобидан бўлади.

- Такси лойиҳасида қатнашганингизни кўргандим. Қизишиб кетиб, "рашкчи йигит"ни уриб юборишингизга сал қолди. Бу жиддий тарзда содир бўлганмиди ёки томошамиди? Сўраётганим сабаби, илгари ўзингиз ҳам шунга ўхшаш кўплаб лойиҳаларни амалга оширгансиз.

- Дарҳақиқат, таъкидлаганингиздек, бир пайтлар ўзим ҳам шунга ўхшаш битта кўрсатув яратганман. Жумладан, "Ёшлар" телеканалида "Кулгуга нима етсин?" деган кўрсатувимизнинг битта сонига шу шаклда ёндошганман. Яширин камералар орқали ҳазиллар қилганмиз, лекин ҳазиллар жуда ўринли бўларди ва унга ижодий ёндошардик. Мен бундай томоша ва кўрсатувларга сал жиддийроқ қарайман. Негаки, бу каби кўрсатувларда инсон ўзи билиб-билмаган ҳолда кимнингдир иззат нафсонияти, шахсиятига тегиб қўяди. Такси лойиҳасига чақиришганда, мен билан ҳазиллашмоқчи бўлишди шекилли-да.  Инсоннинг хулқ-атвори ҳар хил. Мен санъаткорлигимдан ташқари спортчи ҳамман.  Баъзи пайт қўл-оёқларим калламдан кўра тезроқ ишлаб кетади. Рақибингиз томонидан  танангизга зарба яқинлашса ёки тегса, кўзингизни юмиб бўлса ҳам, беихтиёр зарба теккан тарафга ҳимояланиш тарзида ҳужумни бошлаб қоласиз. Улар шу жиҳатларини инобатга олмаган ҳолда мени кўрсатувга чақиришиб, ўзларича мени чув туширмоқчи бўлишган. Мен чиндан ҳам уни актёрлигини билмаганман ва жиддий қабул қилганман. Мендан яхшигина 3-4 та зарбани "еб олди" ва бир ҳафта даволанишига тўғри келган.  

-Ҳазилнинг таги зил бўлибди-да.

- Гавдали бола бўлганлиги учун гавдасига ишонган экан. "Ҳой бола, сен мени Валижон Шамсиевлигимни билмадингми? Алдашнинг бошқа йўлини тополмадингларми? - десам, "Ака, мен кучим етмаса ҳам, гавдам билан сал бўлса-да чўчитаман, юрагига ғулғула соламан, деб ўйлагандим, қолаверса, урасиз деб хаёлимга келтирмагандим. Спорт устаси эканингиздан хабарим бор эди, чарм куртка кийиб олганим боис, зарби ўтмаса керак, дегандим", - дейди. "Эй, ука, зарбим ғишт синдиришга қодир бўлса, устингдаги куртканг қанчалик ҳимоя қила оларди?" дедим.  Шунақа кўнгилсиз ва аянчли ҳолат бўлган. Кайфиятим бузилгани сабабли, кўрсатувини келган жойида шартта тўхтатиб қўйганман.

- Авваллари ўзингиз ҳам яширин камера кўрсатувларини намойиш қилгансиз. Бироқ ўзингиз таъкидлаганингиздек, меъёр доирасида, чегарадан чиқмаган ҳолатларда бўларди. Ҳозирги “Хафа бўлиш йўқ” кўрсатувининг қалтис ҳазилларидан кўпчилик норози бўлишяпди. Баъзилар эса уюштирилган деса, бошқалари "Мен бўлганимда буларни судга бериб юборардим" деган гапларни  айтишяпди. Юраги касал бўлса, мазаси қочиб қолса ё юраги тўхтаб қолса  нима бўлади, дейишяпди. Буборада Сизнинг фикрингиз қандай?

- Масала ва мавзунинг яна бир томони бор. Бировнинг асаби бузилишидан бошқа кимса мазза қилиб кулмаслиги керак.  Ижодкорлар кўпроқ шов-шувли нарса бўлса "реклама бўлар эканман" деган ўйга бориб, бу нарсаларга рози бўлаётганлари ҳам йўқ эмас.  Менга ҳам таклиф бўлган. Мен айтдимки: "Агар одамлар  қизиқиб томоша қиладиган бўлишса, майли, аммо одамнинг асаби, ғашига тегадиган ҳолатлар бўлса,  керакмас. Фарзандларим  бор, қуда-андали одамман. Эртага улар наздида ким деган одам бўламан, дея жавоб қайтарганман уларнинг таклифига.

 Энди масаланинг бошқа жиҳати шуки, айримлар санъатга бошқача ёндошмоқчи, ўзларича янгилик яратмоқчи бўлишади ёки ғарб кўрсатувларидан кўр-кўрона кўчирма ғояларни ўғирлаб олишади. Аввало, уларнинг феъл-атвор ва мақсадларини билиш керак. Кўпинча бир ёқлама, калта ўйлайдиган айрим журналистлар мухлислар билмаган санъат қирраларини очаман, дейди. Ўзим ҳам журналистика соҳасига қизиққаним учун, баъзи фикрларимни айтиб ўтмоқчиман. Журналистикага кимдир ижобий томондан ёндошса, кимдир эса салбий томондан ёндошган ҳолда мақсад сари қадам ташлайди. Афсуски, бугунги кунда кўпгина журналистларимиз орасида салбий тарзда югурадиганларлари кўпайиб қолди. Қўштирноқ ичидаги бунақанги "Журналистлар"ни мен ижодкор деб айта олмайман. Чунки, улар ёритаётган мавзуларда қандайдир  салбий фикрлар бор. Аҳамият беринг, танқидий эмас, айнан салбий! Инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатадиган қўрқинчли фильмлар бор-ку, масалан, шундай кинолар халққа, ўсиб келаётган ёшларга нима бериши мумкин? Қўрқув, даҳшат, нафрат, жирканиш ҳисси! Агарда ёшлар бундай фильмларни кўрадиган бўлса, ёшларни йўлдан чиқариши мумкин.  Ахир, қўрқинчли фильмлар замирида одамларни ваҳимага солиш, салбий қувватлар оқими бор-да.

     Кўрсатувларга қайтсак, шундай кўрсатувларнинг ичида одамнинг асабига тегадиган, юрак ўйноғи қиладиган, кимларнингдир кайфиятини бузиш  орқали машҳурликка интиладиганлар бор.  Битта маҳаллада одамларга яхшиликлар, ёрдамлар қилган одам оламдан ўтганида, у шунақа савоб ишлар қилган экан, деб хотирланади. Кўпчиликка ибрат бўлиб, у инсон ҳаётлигида ҳам, бу дунёни тарк этганида ҳам халқнинг тилига тушади.  Энди битта савол туғилади. Фақат бу дунёни эмас, у дунёни ҳам ўйлайдиган бўлсак, унда бу масала қандай бўлади? Шунинг учун шу масалада ўша Аброржон укамиз билан ҳали гаплашганимиз йўқ-ку, лекин ижодкорлар фикрини билмоқчи бўлса, бир маслаҳатлашиб,  гаплашишимиз мумкин. Инсон иқтидорини шундай нарсага сарфласинки, унинг ишларини келгусида халқимиз қайта-қайта кўрсин. Эртага вақт ўтиб кетгандан кейин, фалончи санъаткорни боплагани, чув тушириб, асабини бузганини қўйиб бер, дейишармикан халқимиз? Халқимиз жуда ишонувчан, ниҳоятда меҳрибон.

      Ўрни келганда шуни айтмоқчиманки, Президентимиз Шавкат Миромонович зўр гап гапирдилар: "Ҳеч бўлмаганда мана шу халққа мос бўлайлик". Ўзимизча фантазия қилиб, ҳадеб осмонга сакрайвермайлик. Халққа мос бўлишимизнинг ўзи бизнинг даражамизни кўтаради.   Халқимизнинг ўзига яраша ҳаёт тарзи бор, меҳнат даражаси юксак. Иродаси унча-мунча халқнинг иродасидан мустаҳкам. Иродаси мустаҳкам ўзбекларимизда оқибат масаласи гоҳида кўндаланг бўлиб қолади. Айримлар оқибат нималигини англаб етмаган ҳолда бу дунёдан ўтиб ҳам кетишади. Ҳаммаси оҳирида билинади, Ҳинд киноларида ҳам баъзи қаҳрамонлар оҳирида афсусланиб қолишади. Кимдир отасига ё фарзандига қилган ёмон ишларини, аблаҳликларини эслаб, жони узилаётганида нечоғли оқибатли эканини намойиш этади. Бизда оқибат деган тушунча кичкиналигимиздан онгимизга сингдирилади. Болаларимизга қарасак, бир-бирига оқибатлари бор. Лапарларимизда, халқ ўйинларимизда қанча оқибат тараннум этилади. Ана шунақа буюк халққа мос бўлишимиз керак. Айтмоқчиманки, таниқли бўлишнинг бошқа йўллари ҳам жуда кўп. Кўрсатув ҳақида гапирганингиз учун мен бу томонларига ўтдим. Эртага шу кўрсатувни кўрганда ҳам, баъзилари асабийлашаётгандир, жаҳли чиқаётгандир, йиғлаётгандир. Тўғри, танқид деймиз-ку, аслида танқид билан мазахнинг ўртасида катта фарқ бор.  Танқид тарбиявий аҳамиятга йўналтирилган бўлиши керак.

      Масалан, менинг ҳажвий ва ҳазиломуз кўрсатувларим анча йиллар ойнаи жаҳон орқали намойиш этилган. Кўрсатувларим ижобий натижа берган. Бир қадрдонимни Москвадан келаётган кинорежиссёр биз билан ҳамкорликда фильм ишламоқчи Ўзбекфильмда, шунга роль ўйнаб берсангиз, деб ишонтирганман. Кўрсатувга ижодий ёндошганман. Санъаткорларимиз бунинг ҳазил эканини билгач, "Вали ака, раҳмат сизга, ўзимни кўриб маза қилдим. Майли, сал ҳазил қилибди режиссёр, лекин бошқа давлатлар олаётган фильмда суратга тушиш, тарихда қолиш - ҳамма актёрнинг орзуси. Шу орзумиз ушалгандек бўлди, - дейишган.  

- Сизнинг ҳазилингиз беғараз ва қалтис ҳазиллардан фарқли ўлароқ, мазахдан холи бўлган.

- Мирзабек Холмедов астойдил кулдира олади. Аммо унинг саҳнада монолог айтиб, одамларни йиғлата олиш қиррасини ҳам кашф қилганмиз. Ёки Умида Мирҳамидовани кўп маротаба кинога чақиришган.  Зўр қобилияти бор экан дейишган. Бу бор нарса. Зўр ўйнаб бера олади.

- Фильмлар ҳақида сўз очдингиз. Шу ўринда сизнинг ҳам режиссёрлигингизни ёдга олиб ўтишимиз керак. Фильмларингизни суратга олиш жараёнида ҳам режиссёр, ҳам актёр сифатида фаолият юритгансиз. Нима сабабдан кейинги пайтларда фильмларни суратга олмаяпсиз? Вақтингиз бўлмаяпдими ё маблағ масаласида муаммолар бўлаяптими?

- Ҳа, вақт масаласида озгина муаммоларга дуч келаяпмиз. Концертлар қўйдик. "Ўғлон" деган фильмда роль ижро этаётганимда, отдан йиқилиб, бошим билан қаттиқ йиқилиб тушганман. Шунақа кўнгилсизликлар ҳам бўлиб ўтган. Соғлиғимни яна тиклаб, спорт мусобақаларида қатнашиб, фахрли ўринларни олишга эришдим. Ўғлим билан маслаҳатлашиб, келгусида яна янги фильмларни тасвирга олишни режалаштираяпмиз.

- Сиздан янги фильмлар кутарканмиз-да!  Фильмларингиз ҳам комедия, ҳам жангари, ҳам тарбиявий аҳамиятга эга эканлиги билан ажралиб туради. Энди Сиз яқинда сафар қилмоқчи бўлаётган Америка давлатига қайтсак. Айнан, спорт соҳасига бироз тўхталсак. Спорт устаси ва актёр Чак Норрис билан учрашгансиз. У билан кўп маротаба мулоқотда бўлгансиз. Жеки Чан билан ҳам учрашиш ниятингиз бўлганми? Жеки билан кўришишга ҳеч уринганмисиз?

- Жеки Чан билан кўришиш ёки унинг иштирокидаги фильмда суратга тушиш ҳар бир актёр ва спортчининг орзуси бўлса керак, менимча. Албатта, бу каби ниятим бўлган. Худойим Жеки Чанга дучор қилмаса-да, Чак Норрис билан учраштирди. Қолаверса, мен ҳам қора белбоғ соҳибиман.

     Ричард Нортон деган актёр билан ҳам учрашганман. Унга менинг жанг олиб боришим, чаққонлигим ёқиб қолиб, муҳлисимга айланиб қолган.  Шоядки, Жеки Чан билан ҳам учрашиб қолсам, ажаб эмас.

- Мирза театридан кейин ўзингизнинг концерт дастурларингизни намойиш қилдингиз. Томошаларингиз, кейинги йилларда, асосан, оила аъзоларингиз, яъни фарзандларингиз иштирокида ўтаяпти. Сизга шогирд тушишни истайдиганлар кўп. Шундай мухлисларингизнинг: "Валижон ака шогирд ҳам оладими ёки фақат фарзандларига ўргатиш билан кифояланиб, бегона шогирд олмайдими?", -  деган саволларини эшитдик. Шу масалага аниқлик киритиб ўтсангиз.

-Ҳозирги пайтда, майли, шогирд муносиб бўлса, оламизку-я, лекин устоз деган сўзнинг маъносидан юқорига кўтарилиш учун ўзига зинапоя сифатида ҳам фойдаланишаяпди. Фалончининг шогирди бўлсам, хизматини қилсам, дейдиган иқтидорли шогирдлар ҳам бўлади. Устозимнинг дуосини олай, майли, мени шогирд дейдими, демайдими, дуо қилса, санъатдан баҳраманд бўлсам, деб ният қиладиганлар бошқа!

     Шунинг ёнига борсам, тез таниламан, деб ўйлаб, элга танилиш учунгина шогирд бўлишга ҳаракат қиладиган, яъни машҳурларнинг нуфузидан фойдаланадиган сохта шогирдлар кўпайиб кетди. Ҳозир бир нарсага ҳайрон қоласиз-да!  Устоз, устоз деб ялтоқланиб юрганлар кўп! Орадан сал вақт ўтиб, таниқли бўлгач, яна ҳам машҳурроғини "устозим" деб эски устозидан тонадиганлар жуда ҳам кўп. Ҳозирги пайтда бунақа шогирдлардан жуда кўнглим айниган. Шунинг учун ҳам, раҳматли Ҳожибой Тожибоев шогирд қолдирмаган экан-да, назаримда. Фалончи менинг шогирдим деганда, ўша шогирд оёққа туриб олиб, юқори пиллапояларга чиқиб, чўққиларни забт этгач, менсимай кетишини билган бўлсалар керак.

     Мирза ака ташкил қилган "Мирзо театри"да мен ва Шукур ака содиқ қолдик. Гарчи, Шукур ака "Бўғирсоқ" театри ва ўзим ҳам театримни очган бўлсам-да, устознинг ёнидамиз. Мирза акага ҳам жияни Маъмур, фарзандлари қанот бўлди.  Бироқ, боя айтганимдек оқибат, вафо масаласида садоқат билан хизматда бўлдик. Шунга ҳам 30  йилдан ошибди.  Дарахтдан дарахтга сакрамадик. Мисол учун, шафтоли дарахтидан сакраб олма дарахти остига тушгани билан ҳеч қачон олма бўлиб қолмайди.  Шахсан, мен Мирзабек акамни устоз деб тан олдимми, битта гапда тураман!  Ҳозир ҳам ҳурматларини жойига қўяман. Нега бу хусусда кўп гапираяпман? Негаки, ўшанақалар кўп. Очиғини айтаман, шулардан бири - Аваз Охун.  Ҳозирги кунда балки мен билан қўл учида кўришар, лекин, раҳматли Ҳожибой Тожибоев вафотидан кейин ғойибона шогирдлариман деб даъво қилди. Бир пайтлар Мирзабек акамни ва мени устоз, устоз дерди.

     Ҳожибой аканинг олтинга тенг асарлари бор. Бунинг ичида ўзигагина хос бўлган мавзулар бор. Биз санъаткорлар булар у кишининг репертуари ва у кишигагина тегишли эканини биламиз. Худога шукур, Ҳожибой аканинг мавзуларига текканим йўқ. Ўзбекнинг ўзи қизиқ, ўзидан сўзи қизиқ, деган чиқиши орқали ўзбек миллати ва тожик миллатининг дўстлигини, халқимиз орасидаги қизиқарли гапларни намоён қилишни бошлади.  Биз қўлимиздан келмаганидан эмас, Ҳожибой акага тегишли муаллифлик асари бўлгани учун ҳам бу мавзуни ўзлаштирмаганмиз. Аваз Охун  дастлаб  менинг концертларимда ҳам 2-3 маротаба, сўнгра "Мирзо театри"да чиққан. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, бугунги кунда бирорта шогирдни ўзимга яқинлаштирмасликка қарор қилдим.

     Ғойибона шогирд ҳисобга ўтадиган бўлса, мени ҳам каратэдан республика бўйича  мингдан ортиқ шогирдим бор. Афсуски, садоқатли шогирдлар кам. Шунинг учун, болаларим билан чиқа қоламан, деган қарорга келдим.

    "Zo'r TV" телеканалидаги "Актёр" деган кўрсатувда менга тақлид қилишди.  Демак, мен бировга ўхшамас эканман, ўзимга хос хусусиятларим бор экан, деб қувондим. Тўғри, мен ҳам тақлидни қойиллатиб юбораман! 20 дан ортиқ санъаткорнинг овози-ю қилиқларига ўхшата оламан. Ўттиздан ортиқ ҳайвон, қушларнинг овозини такрорлай оламан. Валижон Шамсиев деганда, халқимизнинг кўз олдига муайян шахс гавдаланади.  Қизим "Дада, мен ҳам шу кўрсатувда чиқсаммикан?", деб қолди. Қизимга айтдимки: "Йўқ, қизим, бошқа танилиш йўллари бор. Кимгадир тақлид қилишга ўрганиб қолсангиз, халқ сизни фалончини ўхшатган артист деса, кейинчалик сизни қабул қилишлари қийин бўлади. Тақлид қилиш пировардида, ўзлигингизни топа олмайсиз", - дедим.

     Ҳар бир ижодкорнинг асари ўзигагина тегишли бўлади, аммо вафот этса, марҳумнинг асари 60 йилгача фарзандига тегишли бўлади.  60 йилдан сўнг у давлатнинг мулкига айланади. Ижодкорнинг ҳурматини қилиш керакда.  Муҳриддин Холиқов, Оҳунжон Мадалиевнинг қўшиқларидан таъсирланганмиз. Бугунги кунда уларнинг қўшиқларини олиб туриб, бошқатдан аранжировка қилиб, халқнинг миясидан ўчириб ташлаб ва ўзиникини сингдириш бу ўтакетган аблаҳлик, плагиаторлик! Ундан кўра Муҳриддин Холиқовнинг ижросида эшитайлик. Ёшларимиз Муҳриддин  Холиқов деган санъаткор бўлганини билишсин! Кўпчилик ёш авлод, таассуфки, буни билмайди.  "Паризод" қўшиғини Шоҳруҳхон айтган экан, деб ўйлашаяпти бугунги ёшлар.  Бир куни сиҳатгоҳдаги концертим бошланишидан олдин Шоҳруҳхон ижросида Муҳриддин Холиқовнинг  "Паризодим, гўзал малагим", деган қўшиғи диск орқали янгради. Ёш болалар бирпасда ўйинга тушиб кетишди. Парданинг ортида эшитиб турган эдим. Саҳнага чиқишим билан салом-аликдан сўнг, биринчи ҳалиги болалардан "Бу кимнинг қўшиғи?", - деб сўрасам, "Бу Шоҳруҳхоннинг қўшиғи ", - дейишса бўладими!

- Бекорларнинг бештасини айтибсизлар, бу Муҳриддин Холиқовнинг ашуласи, - дедим.

-Қани айтинглар-чи, бу кимнинг ашуласи экан? - деб сўрасам, болалар бир овоздан: "Муҳриддин Холиқовнинг ашуласи", - деб қичқиришди! Шунда йиғилган халқ тўлқинланиб, қарсак чала бошлади.

     Муҳриддин Холиқовнинг ўзи дунёдан ўтиб кетган бўлса ҳам, унинг муҳлислари ҳали тирик. Четдаги мусиқаларни Ўзбекистонга олиб кириб, ўзбек халқига сингдираётганларни айтаётганим йўқ. Тўғри, улар ҳам кўчирмачилик қилишаяпти, аммо бу ерда ўгириш деган нарса бор, яъни таржима. Адабиётда ҳам таржима деган нарса қораланмаган. Ҳиндистоннинг қўшиғини ўзбекка таржима қилиб етказиш бошқа. Низомий Ганжавий, Саъдий Шерозий ёки Пушкинларни ўқидик. Ҳолбуки, улар ҳам бошқа тилда ёзишган. Барибир, кўчирмачиликдан эҳтиёт бўлиш керак.

     Тунлари билан машаққат чекиб, уйқудан қолиб ижод қилган ижодкорнинг ижод маҳсулини ўзлаштириб, муаллифлик ҳуқуқини ўзиникидек қилиб олгандан кўра, бировнинг ҳақига хиёнат қилмасдан, мева-чева сотиб, болаларимга едирганим яхши. 

- Концертларингизда кулдириш баробарида лирик чекиниш қилиб, таъсирли монолог,шеър ва қўшиқлар айтиб йиғлатганингизни ҳам кўрамиз. Томошабинларнинг кўзларида ёш қалқийди.

- Дарҳақиқат, концертларимда, кўпинча, лирик чекиниш қиламан.

- Каратэ бўйича шогирдларингиз ҳақида гапириб берсангиз. Боя каратэ соҳасида шогирдларингиз борлигини айтиб ўтдингиз. Бу борада алоҳида ё махсус мактаб очганмисиз?

- Ҳозирча бирорта мактаб очганим йўқ. Бизнинг умумий мактабларимиз бор. Устозимиз Хўжамқул Хўжақулов очган мактаб мавжуд. Азамат Карим каратэ клубимиз бор.  Ҳаммамиз шу жойга жамулжам бўламиз.  Мен ҳам бориб машқ қиламан. Улар устоз сифатида ҳурмат қилади. Мен уларга ўтириб дарс бермасам ҳам, уларнинг устозлариман. Лекин йиғилганимизда Син Сей, яъни устоз деб мурожаат қилишади.

 "Тақдир зарбаси" деган фильмда Хўжамқул устозимиз билан биргаликда каратэ бўйича битта фильм қилганмиз. Ҳозирги кунгача каратэ ҳақида айтарли фильмлар қилинмади, чамаси.  Кунг-фу, каратэ ҳақида хорижда кўплаб фильмлар суратга олинган, лекин Ўзбекистоннинг каратэси ҳақида фильм олмоқчиман. Хўжамқул ака ўзбек кураши билан шуғулланган инсон. Ўзимизнинг курашни каратэ билан аралаштириб, каратэда ҳам йиқитадиган усулни яратган.  Ўзбекистон каратэчиларининг оқибати ҳақида фильм олмоқчиман.

-Ниятингизга етинг. Шу фильмларингиз орқали Ўзбек қизиқчилигини, миллий курашини, меҳр-оқибатини, шарқона каратэ усулларини дунёга танитишингизга  тилакдошмиз. Сизга катта раҳмат!

 - Muzaffar.uz сайтига омад тилайман!  Музаффар деган сўзнинг замирида ғалаба турибди, муваффақият турибди. Сайтингизларга кирган ҳар битта муҳлис ўз ҳаётида муваффақиятга эришсин. Ҳамма мухлисларимизга омад ёр бўлсин. Ҳамиша дийдорлашиб туриш бахтига муяссар бўлайлик. Бугун сиз билан суҳбатлашиб, ўзимни ўзим яна бир қобилиятимни синаб кўрдим. Журналист билан суҳбатлашишга жуда катта калла, мия, фикрлаш керак бўлади. Яна  битта қобилиятимни синаб кўрдим деганимни сабаби - узумни хомток қилиш учун ҳам катта ақл, сабр-тоқат керак бўлади.  Мен иккаласини бирга олиб борганимдан ҳозир ўзим ҳам ҳурсанд бўлиб турибман.  Бир қўлимда сиз билан телефонда суҳбатлашяпман, бир қўлимда хомток қилаяпман,  нариги ёқда ер чопаётган ишчимиз ҳайрон.

     Мухлисларимга битта нарсани айтмоқчиманки, инсон "Қўлимдан келмайди, бу ишни қилмаганман, эплолмайман", -  демаслиги керак. Бу қатъиятсизликдан, иродасизликдан далолат беради.  Инсоннинг қўлидан кўп иш келади.  Фақат дангаса бўлмасдан, ҳаракат, меҳнат қилса Оллоҳ унинг барча истакларини мустажоб қилади.

     Муҳтарам Президентимиз "халқимизнинг яшаш тарзи юқориларга кўтарилсин, ўзимизни ўзимиз ўзгартирайлик", -  деган яхши фикрлар айтдилар. Инсон умрининг ярми уйқуда ўтиб кетар экан,  Кўп ухлаш (уйқучанлик)дан воз кечиб, масъулиятни елкасига олиб ҳаракат қилсин. Юртимизга озгина бўлса ҳам ҳиссамизни қўшиш бахти ҳаммамизга насиб қилсин. Бугунги кунда иқтисодий, сиёсий жиҳатдан жуда ҳам катта ўзгаришлар кетяпди. Юртимиз жаҳон майдонларига ҳозиргидек ёруғ юз билан чиқсин.

- АҚШга Шукрулла ака билан бирга кечадиган ижодий сафарингизлар бехатар бўлсин! Ой бориб омон қайтинглар!

Музаффар Муҳаммадназар суҳбатлашди.