Тожикистонлик ўзбекнинг ғурури


 

  БОИР  ХОЛМИРЗАЕВ:  “УЧТА ЯХШИ КАСБДАН БИРИНИ ЭГАЛЛАГАНИМДАН ЖУДАЯМ БАХТИЁРМАН”

 “Ролимни яхши ижро этолмасам, ўзбекнинг ғурури поймол бўлаётгандек туюлаверади...” “Роҳатда лаззат йўқ. Зўр ишлар оғир жараёндан келиб чиқади...” «Илк бора исм-шарифим экрандан ўқилганида роса йиғлаганман.” “Ҳеч қачон олдиндан тайёрланиб, дубляжга ўтирмайман, биринчи ҳиссиёт томошабинга етиб бориши керак...”  “Ғалабанинг пойдевори китоб, билим. Билимдан зўр нарса тажриба. Яъни босиб ўтилган йўл... “  Бу Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Боир Холмирзаевнинг фикрлари, ҳақиқатлари. Актёр  1961йил 5-мартда Тожикистоннинг Фармонқўрғон қишлоғида дунёга келган. Уч ўғил, бир қизнинг отаси. Улар билан суҳбатимиз шунақанги самимий кечди-ки, бир соат вақт қандай ўтганини билмай қолибмиз.

ОНАМНИНГ АЛЛАЛАРИНИ ҲАЛИ ҲЕЧ БИР ХОНАНДАДАН ЭШИТГАНИМ ЙЎҚ

     Серфарзанд оилада дунёга келганман, 10 фарзанднинг иккинчисиман. Дадамларни Мирзаали ҳожи ота дейишади, онамларни эса Сайдинисо ҳожи она. Болалик деганда энг аввало онамнинг аллалари қулоғим остида жаранглайверади. Онамнинг аллаларини ҳали ҳеч бир хонандадан  эшитганим йўқ. Шу қадар армонли, кўзларида ёш бўлмаса-да, эшитган кишини юракдан йиғлатадиган даражада хониш қилардилар. Балки ҳеч кимга айтолмаган юрак дардларини, орзу-армонларини шу алла орқали ифода этгандурлар, шунингчун ҳам бизнинг қулоғимизга, хотирамизга такрорланмас оҳанг бўлиб муҳрланиб қолгандур. Билмадим, эҳтимол ҳар бир фарзандга шунақа туюлар, лекин онам алла айтганларида шунақанги таъсирли чиқардики, биз чидаб туролмасдик...  Яна халқимизнинг эсидан чиққан ёр-ёрларни маромига етқазиб айтиб берардилар. Шунданми, ўша кичкина болакайнинг юрагида санъатга нисбатан бошқача меҳр уйғониб қолган.

    Бизнинг ким бўлишимиз, ҳозирги даражамиз  – бу ота-оналаримизнинг орзуси бўлган. Шунингчун ҳар қандай иш қилсам, биринчи галда ота-онам учун қиламан. Шулар, ўхшамабдику болам, яхши қилолмадинг-ку дейишмасин, қолаверса жигарларимнинг, қишлоғимдагиларнинг юзи, ўзбек халқининг ғурури турибди, дея қарайман. Ролимни яхши ижро қилолмасам ўзбекнинг ғурури  поймол бўлаётгандек туюлаверади. Балки санъаткор бўлишимга  ичкаридаги орзулар, армонлар сабаб бўлгандур, балки саҳнадан ё  экрандан туриб ўз фикримни айта олиш имконинини Оллоҳ шунга бергандур. Нима бўлганда ҳам ўз ишимга жуда катта масъулият билан қарайман.

 УСТОЗЛАРИМ

     Санъаткор бўлиб бир ишларни жудаям қойиллатиб қўйдим, деб айтолмайман, ҳали кўп ва хўп ишлар қилишим керак. Чунки бизгача жуда зўр санъаткорлар ўтишган. Лутфихоним Саримсоқовани мен ўзгача яхши кўраман ва дуоларини олиш  бахтига муяссар бўлганман. Раззоқ Ҳамраев, Сойиб Хўжаев, Ҳамза Умаровнинг шогирдлари бўлганман. 10-15 йил бирга ишлаганмиз, уларнинг ҳам дуосини олганмиз. Шуларнинг ҳаммаси ота-оналаримизнинг орзу-армони, улардан ўтган эналаримиз, боболаримизнинг армони. Айниқса қишлоқда туғилиб катта бўлаётган гўдак учун бу жуда катта чўққи бўлган. Отам айтардилар, учта энг яхши касб бор дунёда, бири новвойлик, бири ошпазлик ва яна бири санъаткорлик деб. Уларнинг нияти доим яхши бўлади, пул беришмасаям, дуо қилиб раҳмат, шукур, деб кетишади. Ўзидан ортиб пуллари кўп бўлсину, яхши кунларида хизмат қилайлик, дея дуо қилишади, дердилар. Бугун шу учта яхши касбдан  бирини  эгаллаганимдан жудаям бахтиёрман. Адабиётни, шеърлар ўқишни ниҳоятда яхши кўраман. Навоий, Бобурнинг ғазалларини қайта-қайта севиб ўқийман.

ИЛК ДУБЛЯЖ, ИЛК ҲАЯЖОН

     Илк дубляжингиз, биринчи таклиф эсингиздами, деб кўп сўрашади. Аслини олганда ҳеч қанақа таклиф бўлмаган, балки бизнинг қирраларимизни кўришмагандир, бу уларнинг хатолари эмас. Ҳеч кимни танимасамда, мен ўзим дубляжга бориб юраверганман. Олдин жонли эфирлар бўларди, ҳафтасига 8-10 талаб шеърлар ёдлаб бориб жонли эфирга чиқардим. Киностудияда ҳам ўзим Ҳамза Умаровнинг орқасидан бориб, пана-пана жойларда туриб, саҳна жараёнларига гувоҳ бўлганман. Наби Раҳимов, Ҳамза Умаров, Ҳожиакбар Нурматов, Ёқуб Аҳмедов, Римма Аҳмедова, Рауф Болтаев, улар жуда кўп, улардан дубляж сирларини кузатганман, ўрганганман. Чунки ўзим жуда қизиқардим. Радиода Қодир Махсумов билан салом алик қилиш бахтига муяссар бўлганман. Негадир теарт институтида ўқиган вақтимда саҳна нутқи ўқитувчим Муҳаммаджон Усмонов мени радиога олиб борганлар. Овозимда балки ниманидир сезганмиканлар, 1-курс талабаси яъни менга қарата, мана шу радиони эслаб қолинг, шу ердан овозингиз таралиб туриши керак, деганлар. Шунингчун, санъатнинг ичидан энг яхши кўрганим - радио. Актёр микрофон олдида муаллиф ва режиссёрнинг дунёсини тушунгач, танҳо қолади-да, хоҳлаган эмоция билан тингловчини ўзи хоҳлаган тарафга олиб боради. Ўша биринчи дубляжгача жараён 5-6 йиллар давомида бўлган. Илк дубляждаги ишим икки оғиз сўз – ҳа, жаноб, деган гапни катта актёрларни ичида 5-6 марта қайтариш керак бўлган. Ҳаяжонланиб, устозларнинг ўртасига тушиб қолганман. Шуни ҳеч қачон унутмайман. Биринчи дубляжим шу бўлган. Овозимизни фақат ўзимиз танирдик холос. Кейин яна бир неча йиллардан сўнг иккинчи қаҳрамонга овоз берганман. Охирида фильмда актёрлардан асосий қаҳрамонга Римма Аҳмедова, иккинчи қаҳрамонга Ҳожиакбар Нурматов ва учинчи қаҳрамонга Боир Холмирзаев деб ўқишганда роса йиғлаганман. Кейин хурсандчилигимдан у-бу нарсалар олиб келиб ҳаммани меҳмон қилганман. Бу катта бир тарих.  Биринчи қадамлар шу тарзда бошланган, у пайтда ҳар олти ойда актёрларни ишлаш жараёнига қараб маош ошарди. Уч сўмдан бошланиб, 175сўмгача чиққанман. Жуда катта пул ҳисобланарди бу, ўшанда. Лекин ҳеч эринмасдим,  ишлардим. Ҳамза Умаровнинг  этакларидан қаттиқ ушлагандим, устозим дуо берганлар, энг кенжа шогирдлариданман. Пультда туриш, микрофонда ишлаш, ва актёрнинг ҳолатига тушиш каби асосий ишларни қунт билан ўрганганман. Энг аввало овозмас, юрак, дердилар. Дубляжда ўтирган актёр ўша ҳолатга тушса нима қиларди, овоз ҳам ўз йўлига, лекин томошабин аввало юракни эшитади, овозларга жило бериш керак эмас, деган ўгитларини уққанман. Устоз жудаям талабчан эдилар, ўзлари пьесаларни таржимаям килардилар, таржима нотўғри бўлибди, дердилар ва дарҳол синонимини излаб одамлар орасида ишлатиладиган, халққа етиб борадиган сўзларни топа олардилар. Шунингчун мен биринчи галда дубляждами, радиодами аввало ҳолатини кўраман, ва ҳеч қачон олдиндан тайёргарлик кўра олмайман, негадир. Устозимдаям шунақа бўлган. Текстни олдиндан тайёрлаб микрофонни олдига чиқмайман. Биринчи марта олиб ўқийман, ҳар доим. Биринчи галдаги тўғри ҳиссиёт томошабинга етиб боради, кейингиларида артистлик бошланади, овозига,  ҳиссиётига жило бера бошлайди, ундан - хато бўлсаям  биринчи муносабат таъсирлироқ,  дейишганига доим шунга амал килганман. Баъзи бир режиссёрлар хафа бўлишади. Буни нотўғри тушуниб ўзини катта олади, дейишади, лекин мени принципим шунақа. Биринчи марта китобдан олиб ўқисам туғрироқ чиқади, йиғлайдиган жойларида йиғлайман, куладиган жойларида куламан ва менга таъсир қилгани  томошабингаям ўтса керак. Ўзим ҳам дубляжларга қойил қолиб катта бўлганман.

ЎЗИДА БЎЛМАСА МАЖБУРЛАБ САНЪАТКОР ҚИЛИШ ҚИЙИН

     Мен институтда 25 йил дарс бердим, дотцентман. Бадиий раҳбар сифатида бешта курс чиқардим. Мен фақат шогирдларимни кинога, дубляжга, радиога тиққанман, юз фоиз. Лекегин ўзида бўлмаса, уни мажбурлаб, қулоғидан тортиб артист қилиш, санъаткор қилиш, адабиётга қизиқтириш жуда мушкул иш  ва нотўғри,  деган хулосага келдим.  Шогирдлар кўп, уларни халқаро кинолардаям ўйнатдим, лекин кўпчилиги хоҳламади, кўпчилиги бошқа соҳадан кетди, истеъдодли болалар афсуски, бошқа йўналишдан кетворишади. Бизда аввал сабр тоқатга ўргатишган, куп йиллар сабр қилдик, бепул ишлаган вақтларимиз ҳам бўлган, ҳозирам вақти келса пулига қизиқмаймиз.

     Менинг ютуғимми бу ё камчиликми, билмадим-у, ҳар холда актёр бўлишни хоҳласа-да, уддасидан чиқолмаган ёшларни бу йўлдан қайтаришга уринганман. Яхши актёрларни йиғиб, мана ҳақиқий актёр қанақа бўлади, сен болам яхшиси муаллимлик қил, имкон қадар бошқа бирор касбни этагидан тут, деган маслаҳатларим кўп бўлган.  Чунки  бизгаям устозларимиз шунақа ўргатишган. Ҳаттоки катта ўғлим олти йил ҳаракат қилганига қарамай, мен қўймадим, ректордан илтимос қилдим. Ўғлим ҳали бундан бехабар. Чунки яхши актёр бўладиган бўлса албатта сезардим. Мажбур қилиб туриб буюк қилолмайсиз-да, буюкдан буюклар туғилиши қийин. Зўр нарсалар зўр  шароитданмас, оғир жараёндан чиқади. Энди бу ҳаёт қонуни. Яхши ғалабани пойдевори китоб, билим. Билимдан зўр нарса тажриба. Яъни босиб ўтилган йўл.

ҲАЁТ – ИНСОННИ ЎЗЛИГИНИ ҚИДИРИШДАН ИБОРАТ

     Ҳаёт - бу бир умр ўзлигини қидиришдан иборат. Энди ўзимни топдим, деганда умр тугайди. Ҳаёт - бу изланиш экан. Яна шундай хулосаларга келяпманки,  ўқиб ўрганганинг сари,  қанчалик  адабиётни, санъатни ичига кириб борганинг сари шунчалик ўқимишсизлигингни билиш  бу - даҳшат! Ўқиганман, ўрганганман шуничун қойил қилдим, деганларни эшитиб ажабланаман. Чунки ўкиб ўрганганинг сари билмаслигингни билиб боравераркансан. Қандай мақтаниш мумкин, қойил қилдим деб? Катта гапириш ўқиб-ўқимаган кишиларга хос. Шундай катта буюк дарғаларимиз Шукур Бурҳон, Раззоқ Ҳамраев, Ҳамза Умаров, Фароғат Раҳматовалар ўтишган бўлса, қандай зўрман дейишим мумкин? Кумирим булган Шукур Бурҳоновни олдиларида ўғиллари, невараларидек бўлиб 8 ой ёнма ён юрганман. Яна кумирларимдан Россия актёри Николай Караченцов ва Вячеслав Тихонов бўлган. Тихонов билан аурамиз, ишлаш жараёнимиз, ҳаёт тарзимиз ўхшашиб кетади. Жуда камтар инсон бўлганлар, 80 ёшингизни нишонламайсизми, дейишганида: ким учун, мени билган, қадрлаган хамма инсонлар ўтиб кетишган бўлса, сиз менга бегона, мен сизга,- дея жавоб берган эканлар. Ана камтарлик, ана ўқимишлилик.

     Ҳаётнинг лаззати қийинчиликларда. Мен роҳатда лаззат тополмадим. Хамма соҳада юрдим, энг бойлар юрадиган жойлардаям, энг камбағаллар юрадиган жойлардаям. Кейин билсам, ўзи қизиқувчан одам эканман. Шу ҳаётдан бўлса керак, санъат ва адабиётни озгинагина тушунганимиздан ва у оламнинг ичида тентираб, калламиз урилиб, йиқилиб-туриб, яна очиқ  ҳавога чиқиб давом этаверишимиз, аслида ана шунинг ўзи роҳатмикан, дейман. Тўғри, қийинчиликни ҳеч ким хоҳламайди, ёшлар, қарилар, лекин барибир қийинчиликдан лаззатни ушлаб, топиб олиш керак.

Ота-оналаримиз орзулари секин-секин амалга ошиб, биз ўқидик, танилдик, ҳурматга эришдик. Буларнинг ҳаммаси уларга фахр. Шунинг учун мен санъатнинг ичидаман. Радио, тв га, қаерга чиқсам ҳам аввало ота-онам учун чиқаман, халким учун чиқаман дейишга ҳали бор. Биринчи онам  учун чиқаман, улар кўрсалар, эшитсалар ниҳоятда хурсанд бўладилар, куладилар, йиғлайдилар, фахрланадилар, танқид киладилар, мақтайдилар ва ҳоказо. Мана шунинг ўзи уларнинг ҳаёт тарзи, мазмуни. Бизнинг ютуқларимизнинг ҳаммаси уларники.  Аллоҳ уларнинг қалбига солган, тилига, дилига кўчган ва биз шу даражага етишдик. Яна сабр ва шукурда гап катта.

     Адабиёт ва санъат зўр боғ. Унда сайр қилиш мароқли. Баъзан шу боғдан меваларни узиб еёласиз, баъзида бир умр еёлмасдан ҳам ўтиш мумкин.  Қанақа актёр, санъаткорлар бўлишган, театрларга, кинога тушмасдан, юзага чиқмай, ҳеч қаерда танилмасдан ўтиб кетишган. Озгина бўлса-да назарга, эътиборга тушганимизнинг ўзи БАХТ.

МУҲАББАТ  БУ - МЕҲР

     Муҳаббат нима деган саволга шунақа жавоб берган бўлардим. Муҳаббат  – инсонлигимиздан далолат. Баъзида отамга қараб, онамга уларнинг соддалиги ва бахтлилигига қараб қувонаман. Иккита қора буғдой нон, туршак ва бир олам меҳр. Сизларга ўхшаган беш-ўнта одамлар борлиги учун ҳам дунё турибди, дейман. Улар не-не кунларни кўришмаган, ҳатто уйларига тушган ўғриларни ҳам меҳмон қилиб юборишган, Худо юборган, дея. Қийинчиликлар бўлмаса, зўр кунлар келмайди. Келмади деганлар билмасдан ўтказиб юборишган бўлади. Бизга ўхшаганлар бошимизга синовли кун келса, қайси хатоимиздан экан деймиз ва аксинча яхши кунларга эса сабр бардошимиздан деб биламиз. Инсонлар орасида меҳр-муҳаббат бўлса ҳар қандай синовлардан осонгина ўтади, яшаш осонроқ бўлади.  Ҳаётга, ота-онага, ватанга, санъатга бўлган меҳр-муҳаббат ҳар бир инсонга ҳамроҳ бўлсин.

                                                                                           Холида  ҚАМБАРОВА

Манба: "Zo'r Тасвир" журнали.