Сабр ва шукур саодат калитидир…


  Таниқли санъаткор,Ўзбекистон Халқ артисти, ”Эл-юрт ҳурмати” ордени  соҳиби,режиссёр ва актёр  Убайдулла Омон (Бақоев) билан суҳбат

    

  Убайдулла Омон...Ўзбек киноси ва театри ривожига катта ҳисса қўшиб келаётган бу инсонни ҳаммамиз яхши таниймиз.Кўзларида табиий бир маъюслик   порлаб турадиган, ўзига хос ижроси  билан қалбларимизни забт этган бу санъаткорни халқимиз  жуда  эъзозлайди, яхши кўради.Томошабинларнинг меҳрига,эътиборига сазовор бўлиш эса ўз-ўзидан юз бермайди.Бунинг замирида катта  ижодий меҳнат ётади. Бугун Убайдулла ака нималар билан банд?Бугунги санъатимиз ва маданиятимиз ҳақида бу санъат дарғасининг фикрлари қандай экан? Биз шу каби саволларимизга жавоб топиш мақсадида бу муҳтарам санъаткор билан суҳбат уюштирдик.

 - Убайдулла ака, қирқ йилдан ортиқ Бухоро вилоят мусиқали драма театрида бош режиссёр сифатида фаолият кўрсатдингиз. Ҳозир ҳам  шу театрдасиз. Турли даврларда турли раҳбарлар, турли артистлар билан ишладингиз. Айтмоқчиманки, умрингизнинг қарийб эллик йили санъат-кино ва театр ичида кечди. Республикамизда бугунги кунда маданият ва санъат соҳасига қаратилаётган эътибор сабаб театрга қандай баҳо берасиз? Кишиларимизнинг, ёшларнинг театрга муносабати ҳақида нима дея оласиз?

 - Ҳаётим  олтмиш  йилдан бери Бухоро театри билан боғлиқ. Машҳур ўзбек композитори, биринчи  ўзбек операси муаллифи М.Ашрафий  1958 йилда Бухорога келиб ўша даврда машҳур бўлган “Дилором” операсини мусиқали драмага айлантирди. Ўша пайтда рассом Монийнинг шогирдини  саҳнада гавдалантириш учун ёш ижрочи  керак бўлган. Бухоро шаҳри мактабларидан  бу ролга муносиб  ўғил болани излашган  ва мени мактабдан олиб келиб ўйнатишган. Ўшанда 10 ёшда бўлганман.

   Шу воқеадан кейин ҳаётим театр билан боғланди. Театр мени эртак каби сирли ва сеҳрли  жозибаси билан ўзига  тортарди. Мактабни тугатгунимча, яъни 1966 йилгача шу театрга келиб, кичик роллар билан турли спектаклларда иштирок этиб юрдим.  

   Рости, ўша пайтдаги содда ишонувчан, миннатдор томошабинни, театр санъатига бўлган меҳрни соғинаман.

  Ўшанда томошабинлар “Тоҳир ва Зуҳра” спектакли арияларини артистларга қўшилиб  ижро этишарди. Ҳар бир артистнинг ўзининг мухлислари, яъни ўз томошабини бўларди. 1956 йилда Тошкентда телевидение пайдо бўлди. Дастлабки телевизорлар Бухорога 1963  йилларда кириб келди  ва томошабинни тезда жалб қилди. Кўп йиллик тажрибамга таяниб айта оламанки, биз ўша пайтдаёқ томошабинни қўлдан бой бердик... Пойтахт театрларига талабалар, меҳмонлар спектакль кўриш учун келади. Вилоят театрларида эса бундай эмас.

    Хўш, вилоят театрлари томошабинлари кимлар? Улар  асосан  коллеж ўқувчилари ва олийгоҳ талабаларидан иборат. Бугунги кунда уларни  мажбуран театрга олиб келишади. Бу мажбурий томошабинлар эса спектакль давомида  саҳнадаги воқеаларни кузатиш ўрнига телефонини ўйнаб ёки писта чақиб  ўтиради. Шу сабаб  жуда ташвишланаман. Чунки, томошабинни театрга қайтариш масаласи барибир оғир муаммо сифатида қолмоқда. Санъатга қизиққан томошабин учун ўзининг эҳтиёжини қондириш учун бугун имкониятлар кўп. Интернет, телевизор орқали хоҳлаган нарсасини томоша қилиши мумкин. Бу эса томошабинни театрдан янада узоқлаштиради. Томошабинни театрга қайтариш учун  классикага мурожаат қилиш керакмикан, деб ҳам ўйлаб қоламан. Бу масалани ҳаммамиз  жиддий  ўйлаб кўришимиз керак.

 - Ўтган йил сўнггида табаррук 70 ёшни қарши олдингиз. Санъатдаги кўп йиллик хизматларингиз, чеккан заҳматларингиз, ижодий изланишларингиз эътиборга олиниб, Президентимиз сизга олий мукофот – “Эл-юрт ҳурмати” орденини топширдилар. Ўша пайтда  кўнглингиздан  қандай  ўйлар кечди?

- 2018 йилда ҳақиқатан ҳам  ҳаётимда ўзим кутмаган ва хаёлимга ҳам келмаган қувончли воқеа рўй берди. Президентимиз Ш. М. Мирзиёев томонларидан менга “Эл-юрт ҳурмати” ордени топширилди. Рости, биринчи марта бу хабарни эшитганимда қотиб қолдим. "Ахир мен халқим учун, санъат учун қандай  арзирли хизмат қилдимки, бундай юксак унвонга сазовор бўлсам?” - деган савол юрагимни титратди. Бу титроқ давлатимиз раҳбари мукофотни менга топшираётган пайтда ҳам мени тарк этмади...Жуда ҳаяжонландим ва  бундай  катта эътибор учун миннатдор бўлдим. Мен бундай  улкан эътибор ва муносабат учун давлатимиз, халқимиз ва санъатимиз олдида қарздорман, ҳали кўп ишлар қилишим керак, деган хулосага келдим.   

- Сиз Бухоро вилоят мусиқали драма театрида юздан ортиқ асарларни саҳналаштирдингиз. Бу спектакллар собиқ иттифоқ ва мустақиллик йилларида  Ўзбекистон Маданият Вазирлиги томонидан республика миқёсида ўтказилган  турли танловларда бир неча бор ғолибликни қўлга киритган.  Айни кунларда қайси асар устида ишлаяпсиз?

 - Ҳозир Маданият Вазирлиги кўрсатмасига кўра, рус ёзувчиси А. П. Чеховнинг “Айиқ” пъесасини саҳналаштирдим. Бу асар томошабинга ёқади, деб умид қиляпман. Негаки, бу асарда халқимизда улуғланадиган оила ва муҳаббат мавзуси  етакчилик қилади. Яъни, тақдирнинг турли синовларига дучор бўлган эркак ва аёл ўзлари билмаган ҳолда бир-бирларига меҳр қўйишади. “Айиқ”да Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ҳошимова, "Дўстлик" ордени соҳиби, истеъдодли артист Раҳимжон Эргашев бош ролларда чиқишади. Содиқ Муродов, Шоди Субҳонов, Фирангиз Аджалова, Толмас Нарзуллаев  каби ёшларимиз ҳам роллар ижро этишади.  

 - Ҳамманинг ўз ҳақиқати бўлади. Ҳаёт йўлингизда сиз англаган энг олий ҳақиқат нима?  

- Ёшлигимдан бир нарсанинг фаҳмига етганман, яъни яхши англаганман. Инсон байрам учун, кайфу сафо учун туғилмайди. Ҳар  қандай инсон ўзининг қилган яхши ишлари, амаллари билан ёдда қолади. Мен ҳаётни  қайнаб турган  катта қозонга ўхшатаман. Тасаввур қилинг-а, бир қозон шўрва қайнаб турибди. Бу шўрва биз яшаб турган ҳаётнинг синовлари, имтиҳонлари, азоб-уқубатлари. Биз уни истеъмол қилишдан аввал  икки чимдим туз, зираворлар  қўшиб, таъмини, мазасини ҳосил қиламиз. Энди шу ва лаззатнинг ҳажмини  ўзингиз  англанг. Мана шу лаззатга эса биз сабр ва чидам билан эришамиз. Мен тақдирнинг илоҳийлигига ишонаман. Пешанада ёзилгани бўлади. Менинг  ҳаётдан топган энг катта ҳақиқатим - борига шукур қилиб, сабр билан яшаш лозим.

 - Китобга, мутоаалага муносабатингизни яхши биламан. Ҳозиргача ҳам китобга бегона эмассиз. Китоб сизга нима берди? Унинг ҳаётингиздаги ўрни қандай? Ўзингиз севган китоблар, муаллифлар ҳақида ҳам гапириб беринг.

 - Мактабда ўқиб юрган пайтларимизда Надежда Михайловна деган ўқитувчимиз бўларди. Шу аёл бирор жойга меҳмонга кетса, мени икки ўғли билан қолдириб, қўлимизга китоблар ҳам бериб кетарди. Ўшанда биринчи марта китоб ўқиганман. Бу Николай Носовнинг “Билмасвойнинг саргузаштлари” китоби эди. Болалигимдаёқ китоб дунёсини ўзим учун кашф қилдим ва  шундан бери  китоб доимий ҳамроҳимга айланди. Ҳозиргача ҳам ухлашдан олдин эллик-олтмиш варақ китоб ўқийман, чарчаганимдан сўнггина ухлайман. Рус мактабини тугатганим, кейинчалик институтда ҳам, режиссёрлик олий мактабларида ҳам рус гуруҳларида ўқиганим  учун рус тилида ўқийман. Жаҳон адабиётини яъни, Англия, Франция, Германия, Россия ёзувчилари асарларини ўқиганман. Майн Рид, Фенимор Купер, Артур Конан Дойл, Чарлз Диккенс, Жек Лондон каби ёзувчиларнинг барча асарларини ўқиганман.

  Шу ўринда яна айтишим кераккикитобга меҳр Аллоҳнинг бандасига берган бир неъмати. Китоб ўқий олишнинг ўзи аслида инсонга берилган катта бир бахт. Бу  бахтдан ажралган  инсонларни, яъни китоб ўқимайдиган кишиларни бахтсизлар деб биламан. Улар китоб ўқимай, ҳаётнинг ширин бир лаззатидан ўзларини мосуво қилишади.

   Китоб билан ёлғиз ўтириб суҳбат қуриш - катта лаззат. У сиздан ҳеч нарса сўрамайди. Хоҳлаган вақтингизда қўл чўзсангиз, у сизни тинглашга, ёнингизда бўлишга тайёр  туради. Китоб билан суҳбатга ҳеч нарса етмайди. Бу руҳий эҳтиёжни Худо бандасига ё беради, ё бермайди. Мажбур қилиб китоб ўқитишга ўргатиб бўлмайди.

 - Ўзбек ёзувчиларидан кимларнинг асарларини ўқийсиз?

 - Ўзбек ёзувчиларидан Ўлмас Умарбеков асарларини яхши кўриб  ўқиганман. Биз раҳматли Ўлмас ака билан яхши дўст бўлганмиз. Тошкентда яшаб, ишлаган пайтларимда “Ёш томошабинлар театри”да дастлабки ёзган асарларидан “Оқар сувлар”ни саҳналаштирганман. Ўлмас ака “Одам бўлиш қийин”  қиссасини кино қилишни орзу қилардилар. Ҳаётни, инсонларни яхши кўрардилар. Жуда одамохун, яхшилик қилишни севадиган инсон эдилар. Яна Ўткир Ҳошимовнинг асарларини яхши кўраман. "Тўйлар муборак"ни илк бора Рустам Бобохонов деган режиссёр саҳналаштирганда, мен бадиий раҳбар сифатида ишлаганман. Шунингдек, Тоҳир Маликнинг асарларини ўқиганман.

   Тўғриси, ўзбек адабиётида Қодирийнинг  “Ўтган кунлар” китобидан ўтадиган  асар йўқ, деб ҳисоблайман. Ўзбекистонда зўр шоирлар кўп. Лекин зўр ёзувчилар кам. Ўттиз уч миллионли халққа  бу ёзувчилар камлик қилади. Шу сабаб ёзувчиларимиз кўпайишини, эсда қоладиган асарлар ёзишини истайман.   

- Ўзингиз улғайган оила ҳақида гапириб беринг.

 - Отамнинг оталари Шариф ака аслида хоразмлик бўлганлар, тақдир бўлиб, Бухорога келиб қолганлар ва бувимга уйланганлар. Кейин бола-чақа қилиб шу ерда қолиб кетганлар. Дадам Омон ака зиёли инсон эдилар. У киши катта лавозимларда ишлаганига қарамай, бизни ҳеч қачон талтайтирмаганлар. Ҳаммамизга меҳнат қилишни  ўргатганлар. Ойим  эса  уй бекаси бўлсалар-да, жуда ақлли, қўллари ширин, уйим-жойим дейдиган аёл эдилар. Дадам санъатни жуда яхши кўрардилар.Ўзлари билан мени  доим кинога, театрга  олиб борардилар.

   Ҳинд фильми “Дайди” ни 1966 йилда  кўрганман. Дадам раҳматли  менга кинонинг мазмунини тушунтириб берганлари худди кечагидай ёдимда. Ўша пайтда оғир йиллар бўлган. Арзимаган чойчақа учун ҳам одамлар қамалиб кетши мумкин бўлган. Ойим  мана шундай ҳодисалардан чўчиб, дадамни тўғри йўлга солиб, ҳалол ишлашга чорлаб  ўтирардилар. Рафиқам Матлубахон шифокор эди. Унга кўнгил қўйиб уйланган эдим. Эллик йил бахтли  яшадик. Ўтган йили вафот этди. Икки қизим бор. Каттаси банк ходими, иккинчиси шифокор. Улардан икки неварам ва бир абирам бир.

 Ҳар доим эзилган, ҳаётда кўп қийинчилик кўрган оталар ролини яратиш жонингизга тегмайдими? Охирги ўйнаган фильмларингиз “Кулба” ва “Васият” фильмларини назарда тутяпман.

 -  Биринчи марта эзилган, дардли ота ролини Ў.Умарбековнинг “ Фотима ва Зуҳра” асари асосида яратилган “Фотима ва Зуҳра” фильмида ўйнадим.  Қаҳрамонимнинг исми Абдулла бўлиб, касби муаллим бўлган, бир умр ҳалол яшаган  инсон. У фарзандлари омон қолиши учун ҳатто ўлимга ҳам тик боради, уларга азият етказмоқчи бўлган золимлар қаршисида эзилиб йиғлайди. Шундан кейин режиссёр Саид Мухторов “Фарёд” фильмини суратга олди. ”Фарёд”да соқов отанинг изтиробларини акс эттириш лозим эди. Мен ишонарли ижро эта олдим шекилли, бу ролим ҳам юртдошларимизга маъқул бўлди. Кейин “Фарзандим”, "Фарёд-2" фильмларида суратга тушдим.

   Дард ва изтиробини йиғи билан кўрсатиб берадиган ота роли томошабинга ҳам режиссёрларга маъқул бўлди. Бу мени кинодан кинога ўтишимга олиб келди. 2016 йилда режиссёр С. Мухторов томонидан яратилган қариялар уйида яшайдиган кексалар ҳаётидан ҳикоя қилгувчи “Кулба” фильмида ҳам ўғли ва келинидан жабр кўрган отани акс эттирдим. Яқинда эса “Васият”да фарзандидан эрта жудо бўлган ногирон ота ролини ўйнадим. Чет элда  машҳур артистлар махсус сценарий ёзилади. Бизда эса бу ҳали унча шаклланмаган. Сценарий ёқса, йиғлаш саҳнаси бўлса-да, йўқ демай ижро этиб бераман. Тўғри, йиғлаётган пайтимда маълум бир даражада азобланаман, юрагим оғрийди. Лекин рости ўзим енгил тортаман. Қалбимнинг ғуборлари шу йиғи билан чиқиб кетгандай туюлади.   

- ”Сотқин” фильмида сизни ўзгача бир қиёфада кўрдик. Андижондаги бетартибликларга бош бўлган  Ҳамидулло Омон ролини маромига етказиб ўйнадингиз. Бу фильмнинг сценарий муаллифи Рихсивой Муҳаммаджонов бу ролни атайин сиз учун ёзган эканлар. Шу фильм ҳақида нима дейсиз? Бундай салбий ролни ижро этишдан, мухлисларингизнинг сизга муносабати ўзгаришидан чўчимадингизми?

 - Раҳматли Рихсивой Муҳаммаджонов - ўзбек киносида ўз  услубига эга бўлган, кучли киносценарист эди. “Сотқин”нинг сценарийсини  ёзаётган пайтида у салбий қаҳрамон –Ҳафизулло Омон ролини айнан мен учун ёзган. Фильм режиссёри Рустам Саъдиев менга бу ролни ўйнаш таклифини берганида, бошида рози бўлмадим. Сиз айтгандай мухлисларим мени бу  салбий ролда қабул қилолмаслигидан чўчидим... Аммо Рустам ҳам ўз сўзида туриб олиб, охири мени бу ролни ижро этишга кўндирди. Балки ишонмассиз, премъерада тик туриб томошабиннинг бу ролга муносабатини кузатдим. Томошабинлар яхши қабул қилганини кўриб енгил тортдим. Биров ҳалигача ижодий учрашувларда, тадбирларда кўпчилик бундай салбий ролда чиқмаслигимни сўрашади. Бухородаги мактаблардан бирида бўлиб ўтган учрашувда эса 8-10 ёшлардаги қизалоқ менга “Бундай ролда ўйнаманг, бу сизга ярашмайди”,-деб айтди. Жажжи мухлисамнинг эътиборидан хурсанд бўлдим.

 - “Сотқин” фильмида яхши актёрлар жамланган эди. Истеъдодли актёр Жавоҳир Зокировнинг ижроси кўпчиликка маъқул бўлганидан хабаримиз бор.

- Жавоҳир бугунги ўзбек санъатида жуда ноёб актёр. У камера олдида мана ман деган  жаҳон артистлари билан баравар тура олади. Ўз ролини қалбан сезиб, ижро этади. Унга бир сўз билан таъриф бериш лозим бўлса, дурдона актёр деган бўлардим. Жавоҳир ижодий тарафдан пишиб етилди, бугун ҳар қандай ролга  унинг кучи етади. Ўз ролини салбийми, ижобийми маромига етказиб ижро этади. Унинг чеҳрасида салбий  бўлса-да, ёқимли қувват бор. У билан икки-учта фильмда бирга ишладик.

- Саид Мухторовнинг кўпгина фильмларида роль ўйнагансиз. Бу ижодий ҳамкорлик ҳозиргача давом этяпти. Нега кўпинча шу режиссёрнинг фильмларида ўйнайсиз? Бунинг сабаби нима?

- Аввало, шуни айтишим керакки, шу пайтгача Саид Мухторовнинг бирортаям фильми инқирозга учрамади. Бу режиссёрнинг фильмлари томошабинга жуда маъқул бўлади. У томошабин руҳиятини англаб, ўзи томошабин бўлиб кино олади. Фильмларида ўйнайдиган актёрларни чегаралаб қўймай, эркинлик беради. Теша тегмаган мавзуларни кино қилади. Яна очиқ майдонда ижод қилади. Бир сўз билан айтганда, у сценарийга ёпишиб қолмайдиган дарвешсимон режиссёр. Саиднинг фильмлари тезда ўз томошабинини топади. Шу сабаб у билан ижод қилиш менга ҳам завқ бағишлайди ва таклифларини рад қилмайман.

- Ҳар бир инсоннинг ишонган дўсти бўлади. Сизнинг ҳам дўстларингиз борми?

- Менинг бу борадаги фикрларим кимларгадир эриш туюлиши ёки ёқмаслиги мумкин. Аммо ўз шахсий ҳаётимдан келиб чиқиб айтаманки, инсоннинг инсонга дўст бўлиши - қийин масала. Биз дўст деганда кимни тушунамиз? Дўстнинг номи жуда кўп. У ҳамқишлоқ, ҳамшаҳар, синфдош, курсдош, таниш, ҳамкасб, ҳамфикр бўлиши мумкин. Аслида дўст бошингга иш ёки кулфат тушганида сен билан баравар куйинадиган, муаммонгни бартараф қилишга ёрдам берадиган бўлиши лозим. Яхшилаб ўйлаб кўрайлик-чи, шундай дўстимиз бормикан? Шу сабаб ўйлайманки, дўст - фақат Аллоҳ. Айрим ҳолатларда ота-она. Бу менинг шахсий фикрим.

- Бугунги кунда ижодингизда қандай янгиликлар бор

- Куз ойларида Бухоро вилоят мусиқали драма театрида озарбайжон драматурги Узияр Гажибековнинг “Аршин мол-олон” мусиқали драмасини саҳналаштирмоқчиман. Сўнгра, режиссёр Саид Мухторовнинг “Дорбозлар” номли фильмида бош ролни ижро этаман. Ҳозир фильмни суратга олиш ишлари бошланган. Худо хоҳласа, бу фильм ҳам  томошабинларга манзур бўлади, деб ўйлайман. 

 - Мухлисларингиз ва Muzaffar.uz сайти  ўқувчиларига тилакларингиз.

- Агар ҳаётда яшашингиз осон бўлишини истасангиз, сабр-тоқат билан ҳаётни борича қабул қилишга ўрганинг. Тақдирнинг ишларига исён кўтариш - ношукурликдир. Бу  исён йўлингизни  ёпиб қўйиши мумкин. Агар қаноат, сабр ва шукроналик билан яшасангиз, қолган синовларингиз осонроқ кечади.

 - Мазмунли суҳбатингиз учун миннатдорман.

- Омон бўлинг.

 

Журналист - Моҳигул Назарова суҳбатлашди.

2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот