ҚИЗИҚЧИ ВА ШИФОКОР АКТРИСА


 

-Ассалому алайкум, азиз мухлислар! Бугунги меҳмонимиз - Ўзбекистон давлат сатира театрининг актрисаси, шунингдек, "Шўрданак", "Қалпоқ", "Ҳандалак" ва бошқа кўплаб ҳажвий кўрсатувлар қаҳрамони, сўз устаси, ўзининг юморга бой роллари билан барчамизнинг дилимиздан жой олиб келган - Ҳувайдо Жумаева.  

- Ҳувайдо, Сизни ҳар бир ҳажвий кўрсатувлар орқали қизиқарли ролларингизни кўриб турибмиз. Ўзбек давлат сатира театрида қандай спектакллар саҳналаштирилаяпди ва Сиз қандай роллар ижро этаяпсиз?

- "Аршин мололон" спектаклида хизматкор қиз образини ижро этдим. Қанчалик яхши даражада ўйнай олдим, буни билмадим. Лекин Баҳодир Йўлдошев билан ишлаганимизда, у кишининг кўнглидан жуда чуқур жой олдим. Бу ютуғим мақтаниб айтишимга арзийди, деб ўйлайман. Шундай инсоннинг назарига, эътиборига тушиш ҳар қандай актёр ва актрисанинг орзуси, менимча. Демак, менинг иқтидорим яхши экан. Шундай улуғ ва маҳоратли режиссёр мени ўз эътиборига арзитганидан фахрланаман!

- Тўғри. Баҳодир Йўлдошевни жуда талабчан режиссёр сифатида биламиз. Унча-мунча актёр ва актрисаларни тан  олиши жуда мушкул. Агар чиндан ҳам у кишининг эътиборига тушган бўлсангиз ва Баҳодир ака Сизни мақтаган бўлса, демак, чиндан ҳам эътиборга лойиқ ишлаганингизга ишонамиз.  "Аршин мололон" спектаклининг фильмдагисидан фарқи нимада?

- Фарқи, аввало, жонли ижрода эканлиги. Спектакльни саҳнага чиқаришдан аввал роса қўрққан эдик. Саҳна асарининг ариялари бор, қўшиқ айтиш керак, биздаги овоз хонандаларникидек эмас, ҳарҳолда. Энди, ўзимизга яраша овозимиз бор, албатта. Хиргойи қилиб юрамизку-я, лекин ария айтадиган  даражада эмас-да, ҳарҳолда овозимиз. Роса ўз устимизда ишлашимизга тўғри келди.  Муқимий театридан вокалчилар келишиб, бизнинг овозимизни очишга уринишди. Ҳақиқий театр актрисаси сифатида жуда кўп меҳнат қилиб, астойдил  тер тўкдик. Лекин мазза қилдик.

- Энди Сизнинг оилангиз ҳақида тўхталиб ўтсак. Кўпчилик санъаткорларга шахсий ҳаёти ҳақидаги саволларни беришга истиҳола қиламан. Чунки, кўпинча, санъаткорлар ё оилани ёки санъатни танлашига тўғри келиб қолади. Бироқ шунга ҳурсанд бўламанки, эри ҳам, хотини ҳам санъаткор бўлса ёки санъаткор бўлмаса ҳам, санъат соҳасини тушунса, бу ҳам аёл кишининг бахти. Сизнинг бахтингизга кўз тегмасин, тўла-тўкис бахтга эга бўлган аёллардан бирисиз. Турмуш ўртоғингиз, ширин фарзандларингиз бор. Умр йўлдошингиз Сизни тўла-тўкис тушуниб, қўллаб-қувватлайди.

- Худога шукрлар бўлсин, бахтимиз бутун! Хўжайиним мени  жуда қаттиқ яхши кўради! Санъатимини мендан ҳам кўра қаттиқроқ яхши кўради. Оилада иккита фарзандим бор: ўғлим билан қизим бор. Ўғлим 3-синф, қизим ҳали боғчада. Фарзандларим ҳам санъатга қизиқишади, айниқса ўғлим "Ойи, мени ҳам театрларга, тасвирга олиш майдончаларига олиб боринг", - дейди. Мен эса "Йўқ!", - дейман.

- Нега? Истамайсизми ўғлингизнинг ҳам санъаткор бўлишини?

- Йўқ, истамайман!

-Сабаб?

- Мабодо, санъат соҳасига жуда меҳр қўйса, бошқа соҳада ўқиб ҳам, санъатни эпласа бўлар экан. Агар шуни ўзим ҳам вақтлироқ билганимда эди. Ўзи ойим айтар эди: "Ҳой қизим, шифокор бўл", - деб. Санъаткор бўлганимдан афсусланмайману, аммо яна бошқа касбим ёки хунарим бўлишини ҳам ҳоҳлардим. Ҳозирда фақатгина санъат соҳаси билангина чек-чегараланиб қолганмиз. Бошқа нарсага вақт топа олмаяпмиз. Аёл кишига шифокорлик касби жудаям керак экан. Оилада фарзандлар ёки  қон-қариндошлар бетоб бўлиб қолади. Бир нарсага севинаманки, онам ҳаммамизга эмлашни, қайси касалликларга қанақа дори ичириш керакларини, биринчи тиббий ёрдам кўрсатишни, даволашни ўргатган. Кўп ҳолларда, табиий гиёҳлар воситасида муолажа қилишни маъқул деб тушунтирган онам.

- Кимёвий дорилардан кўра табиий усулда даволаганга нима етсин!

- Ҳа, лимон, ванна қилиш, исириқ тутатиш, қўй ёғи суртиш ва ҳоказо, дегандай.

- У ҳолда, эрингиз, фарзандларингиз шифокорга мурожаат қилмаса ҳам бўлар экан.

- Худога шукр дейман! Илоҳим кўз тегмасин-у, шу пайтгача шифокорларга ишимиз тушгани йўқ, тушмасин ҳам!

- Оилангиз чиндан ҳам ҳавас қилса арзигулик экан. Оила аъзоларингиздан кимдир мабодо бетоб бўлиб қолса, уларга  ғамхўр рафиқа,  меҳрибон она бўлишдан ташқари, ҳам ҳамшира, ҳам шифокорсиз. Четдан шифокор чақишга ҳожат йўқ.

-Тўғри.

- Ўзбекистонда, аёлларнинг орасида, барибир, қизиқчилик, аския соҳасини маромига етқазадиган аёллар саноқли. Шундай аёлларнинг бири - Сиз деб баралла айта оламиз. Чунки Сиз барча ҳажвий кўрсатувларда доимий равишда иштирок этасиз ролларингизни меъёрига етказиб ўйнайсиз. Концертларда ҳам кулги устаси сифатида Сизни чорлашади. Сизнинг чеҳрангизни кўрган одамнинг беихтиёр кайфияти кўтарилиб, юзига табассум югуради. Сиз нега айнан комик жанрни танладингиз? Кўринишингиз чиройли! Нима учун лирик, романтик роллар эмас, айнан қизиқчиликни лозим топдингиз? Қизиқчилик соҳасига қачондан буён қизиқа бошлагансиз?

- Меъёрига етказиб ўйнайсиз деяпсиз, аммо мен ҳали меъёрига етказадиган даражада ҳали меҳнат қилмадим, деб ҳисоблайман ўзимни. Албатта, мақтов ҳамма инсоннинг қулоғига ёқади. Бироқ, менга жуда катта баҳо бериб юбордингиз!

- Қизиқчилик қилаётган аёлларнинг ичида маромига етказаяпсиз, барибир. 

-Бу мақтовларга лойиқ  меҳнат қилолганим йўқ ҳозирча. Лекин бу гапингиз менга ёқди. Битта сиз эмас, менга кўпчилик айтишади бу гапни. Қизиқчилик маҳоратини ўзингизда қачон сезгансиз, деган саволингизга келсак, мактабда ўқиб юрган даврларимда-ёқ қизиқчиликка қизиққанман. Оилавий даврада ўтирганимизда ҳам, уйдагиларни кулдириб, ҳазил-ҳузил қилардим. Жуда шўх ва ҳазилкаш қиз эдим. Кимнидир хатти-ҳаракати, қилиғи ва овозига тақлид қилиб, ўхшатишга уринардим.  Қариндошларимизни  ҳам кулдириб ўтирардим. Шунда қариндошлар, синфдошларим: "Артист бўл", -  деб маслаҳат беришарди.

- Тақлидчилик санъатини ҳам эгаллаган экансиз-да?

-Жуда кучли даражада эмас-ку, лекин узоқ кузатганимдан кейингина ўхшата оламан. Кимнидир ўхшатишим учун ўша инсонни диққат билан кузатишим керак. Ўзимга тақлид санъати унча ёқмайди! Бирортасига ўхшатсам, масалан, кампирми, урушқоқ аёлми, образга шу қадар киришиб кетаманки, ўзимнинг кимлигимни, Ҳувайдолигимни унутиб юбораман! Ўша лаҳзаларда чиндан ҳам ўша кампир ёки жанжалкаш аёлга айланиб қоламан. Лекин мазза қиламан. Бироқ  ёмон хислатим ҳам борки, роль ижро этаётган пайтимда ўзимни чегаралай олмайман, яъни тўхтата олмай қоламан. Хаёлимга бирор гап келиб қолдими, гапириб кетавераман. У гаплар сценарийда борми, йўқми, вазият шуни оқлайдими, оқламайдими, қатъий назар, ўша гапимни айтавераман.

- Бу ёғи импровизацияга айланиб кетаркан-да?

- Ҳа, имправизация. Аммо партнёрларимнинг кўзи чиқиб кетади!

- Чегарадан четга чиқиб кетсангиз керак-да!

- Ўша пайтда мен ўзимни билмай қоламан. Аслида, атайлаб қилмайман. Партнёрларимни чалғитиш ё кайфиятини тушириш учун эмас, шунчаки шундай сўзлар тилимга келиб қолади-ки, беихтиёр тилимни тия олмай қоламан.

     Устозларимдан бири - "Қалпоқ" ҳажвий кўрсатувида татар Алфия кампир ролини жуда ҳам ҳаётий ижро қиладиган Барно опам. Ҳаётда ҳам устозлик қилганлар. Барно опам билан хизмат сафарига чиққан пайтларимиз, олдин ўша кириб келган залимиздаги томошабинларга қарардик, Бир-биримизни таништиришимиз зарур бўлса-да, Барно опа ўзини таништиришимни истамас эди. Одамларнинг юзига қараб, сизни эшитадими-эшитмайдими, қанақа кайфиятда ўтирибди, шуларни  Барно опам бирпасда илғаб оларди. Тингловчиларнинг кайфиятига қараб нимани гапириш ё гапирмасликни айтарди. Бир куни Барно опа менга тайинлаган гапларини эшитиб, ҳўп деганча саҳнага чиқдим-да, барибир ўзимни тўхтата олмасдан: "Қалпоқ" театрининг энг комедик актрисаси, Алфия татар кампир - Барнохоним Тешабоевани кутиб олинг, -  деб даврага таклиф қилган эдим, Барно опа қулоқсизлигимдан хафа бўлиб қолганди. Ҳозиргина мени таништирма деб айтдимку, барибир ўз билганингдан қолмайсан, деган ранжиб. Ўшанда ўзимдан хафа бўлганман. Нимага кераксиз гапларни айтиб юбораман-а, деб. Тилимни тийиб ўтира олмайман-да, гапириб юборавераман. Шунақа касалим бор мени.

- Барнони таъкидлаб ўтдингиз. Шаҳло,  Маҳфуза деган қизиқчи қизларимиз ҳам бор. Аския  санъатини ҳамда қизиқчиликни маромига етказиб ижро этадиган қизиқчи ва комик актрисалардан кимларни эътироф қила оласиз? Бугунги кунда томошабинларни чинакамига кулдира олади дея кимларни санаб ўта оласиз?

- Бизда комик актрисалар жуда кўп, Кулдиришни эплай оладиган актрисаларимиз талайгина.

- Жумладан?

- Масалан, Раъно Ярашева, Муқаддас Холиқова, Саида Раметова, Зухра Ашурова, Саида Раметовада ҳам шунақа иқтидор бор.  Уларни битта ўзларини катта даврага олиб кириб қўйсангиз бир соат, бир ярим соат бемалол томошабинларни бемалол кулдира олишади. Чунки бизга нисбатан уларнинг ҳаётий тажрибаси жуда катта! Фақат улар театр ва фильмларда роллар йнаш билан банд бўлишгани боис, қизиқчилик қилишга вақтлари бўлмайди, наздимда. Аммо давраларда бемалол барчани кулдира олишганига шоҳид бўлганман. Мадина Мухторовадек устозимизда ҳам кулдиришга мойиллик бор. Аниқ ишонаманки, шу устозлар битта даврада, керак бўлса 5000, 7000 та одамни  бир ярим соат бемалол ушлаб ўтиришга қурби етади.

- Шахсан ўзингиз даврада бошловчилик қилиб, кулдириш зиммангизга юклатилса, неча соатгача шу аудиоторияни ушлаб ўтираман деб ўйлайсиз?

- Катта гапириш бўлмасин-ку, дўстларимиз билан ҳаракат қилиб кўрганман давраларни бошқаришни. Бемалол эплай оламан.

- Эплашингизга ишонишингизга биз ҳам ишонамиз, бироқ бир ўзингиз неча соатгача томошабинларни зериктирмай ушлаб тура оласиз?

- Буниси ўша одамларнинг юмор ҳиссини қай даражада тушунишига ва қандай давра эканлигига ҳам боғлиқ-да. Санаторияларга борганимизда  бир ярим соат, икки соатгача бемалол кулдира олганман. Лекин шаҳарларда, ўта маданиятли одамларнинг олдида, айниқса, катта лавозимларда ишлайдиган жиддий кишилар даврасида, билмадим. Ҳозирги инсонлар жуда ақлли, зийрак, зукко, ҳамма гапингизга ҳам кулаверишмайди. Одамни  кулдириш қийин. Аввало, ўша соҳа вакилларига мос мавзуни топиш керак.

Боя нимага лирик, драматик ролларда ўйнамайсиз деб айтдингиз. Негаки, комедия жанрининг ичида шуларнинг ҳаммаси бор деб ўйлайман. Лирикаси ҳам, драмаси ҳам. Хожибой Тожибоев устозимизнинг ҳам ҳар бир айтган латифаларининг тагида катта-катта драма ётибди, катта-катта фожеа яширин. Шуларнинг ҳаммасини одамларга кулгу орқали маҳорат билан етказиб бера олган.

- Айтайлик, қайсидир бир режиссиёр сизга комик роль эмас, ҳаётда қийинчилик кўрган, аянчли ҳолатни бошдан кечираётган аёл ролини берди. Сиз шундай ролда ўйнай олармидингиз, яъни томошабинларни йиғлата олишга қодирмисиз?

- Ҳа. Кўп ўйлаганман бу ҳақда. Кўпинча, қайсидир фильм, ҳажвий кўрсатув ёки спектакльнинг сценарийсини қўлимга олсам, биринчи ўқиётган пайтимда хаёлан мен ўша рольни ўйнайман. 3-4-ўқиганимда кўзимнинг олдида ўша сиймо гавдаланади. Ўшанда мен кўзларимни юмганча биринчи бўлиб ўзимни-ўзим кўраман. Мен ўзим хаёлимда ўйнаганларимда йиғладимми, демак мана шу ҳолатда образга кирсам, томошабинларни ҳам йиғлата олишимга  ишонаман. 

- Йиғлаганингизни кўрмаганман-ку, бироқ шундай фикрга келишимга сабаб: кўзлари катта-катта аёллар ҳиссиётга берилувчан, ўта таъсирчан, кўнгли нозик, сал нарсага йиғлаб юборади дейишади ва мен ҳам СИЗни шундай  тасаввур қиламан. Кўз ёшларингизни бошқаларга кўрсатмаганингиз билан  барибир қайсидир китобдан, фильмдан ё кимнидир қайғусидан таъсирланиб йиғлашингиз қанчалик осон?

- Йиғлайман, жуда тез йиғлайман. Боя айтганингиздек, бировга кўрсатиб эмас, ўзим ёлғиз қолганимда, бирорта ҳикоя, қисса ё роман ўқиганимда,  телевизорда таъсирли сериал ёки фильм кўрсам, йиғлайман. Яқинларимнинг бошига мушкулот тушса, кимдир мусибатга тушса, қайғусига шерик бўлиб йиғлайман. Қаҳри қаттиқ аёл эмасман. Жуда кўнгилчанман. Болаларим кўпинча йиғлаётганимни кўриб қолишса, дарҳол мени юпатишга тушишади.

Кўзларимнинг катталигини айтиб ўтдингиз ва буни ҳиссиётчанликка боғладингиз. Ҳақ гап. Ўта таъсирчанлигим учун кўзларим баробарида қалб кўзларим билан ҳам кўраман. Одамлар гапирмасидан туриб, ичидаги гапларни уқиб олиб, ҳис-туйғуларини ҳис қиламан. Мени ёки гап-сўзларимни ёқтиряпдими, йўқми, нима демоқчилигини олдиндан биламан.

- Руҳиятшунос бўлиб кетганман денг!

- Ҳа. Энг катта муаллим, бу - ҳаёт!

- Ҳувайдохон, Барно Тешабоевани устозим деб айтиб ўтдингиз. Яна кимларни устозларингиз деб биласиз? 

- Санъат мактабини ўргатган биринчи устозим - Акмал  Шодиев. Умрлари узоқ бўлсин! Жуда миннатдорман ўша кишидан. Коллежда дарс берганлар. Санъат олийгоҳига йўлланма берган ҳам шу киши бўлади. Мунаввар Абдуллаева, Хайрулла Саъдиев, Моҳигул Хамроқулова, Ортиқ Султонов, Обид Асомов, Зокир Очилдиев, Толиб Хожиевни ҳам устозларим деб биламан. Жуда кўп устозларим бор. Мендан аввал ким саҳнага чиққан бўлса, ўша инсонларнинг ҳаммаси мен учун устоз. Ўзлари менга бевосита таълим бермаган бўлишса ҳам, саҳнада ижроларини кўриб, нимасидир ёқиб, феъл-атворидаги қайсидир жиҳатлари, ишлаш жараёнлари манзур бўлган. Ўшаларнинг ҳаммаси, бутун дунёдаги санъаткорлар - менинг устозим.  

- Тушунарли. Сизда юмор ҳисси кучли. Сиз билан суҳбатлашган кишининг кайфияти чоғ бўлиб, ҳазил-ҳузилларингиздан кўнгли кўтарилади. Уйда, оилада эрингиз ва болаларингиз билан ҳам ҳазиллашасизми ёки уйда жиддиймисиз?

-Йўқ. Уйда ҳам ҳазил қиламан. Ҳаётдаги қийинчиликларни кулиб, кулги билан енгиб яшаш керак, Муаммолардан қутилиб чиқишнинг ягона иложи ҳам шу. Бошингизга қандай кунлар тушишидан қатъий назар, ҳаётда некбин ва ҳазил ҳиссини йўқотмаган ҳолда яшамоқ керак.

- Оила аъзоларингизни ҳам кулиб юришга чорлар экансиз-да?

- Бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи! Фақат сизнинг, умр йўлдошингиз ва фарзандларингизнинг соғлиғи, оилангизнинг тинчлиги энг зарур ва муҳим омил. Қолгани нисбий тушунчалар.

- Фарзандларингизнинг тарбиясига, китоб мутолаасига қай даражада талабчансиз?

- Жуда талабчанман. Ҳозир ўғлимга ҳам шарт қўйганман. Ёш болани қанақа қилиб ўқишга қизиқтириш керак деб ўйлардим. Кейин бунинг йўлини топдим. Бу албатта,менинг шахсий фикрим. Бошқалар буни қандай қабул қилишади, билмадим. Хуллас, ўғлимга: "Катта бўлсанг "Прадо" русумли машина минишни истайсанми?" - дейман. У "ҳа" дейди. "Чиройли уйларда яшагинг келадими?", - дейман. У яна ҳа дегач, "Пулинг кўп бўлишини ҳоҳлайсанми?", - дейман. Ўғлим тасдиқ жавобини бергач, "Болам, унда мана бу китобларни ўқи!", - дейман. - Мактабдан беш баҳолар олиб кел, кундалигинг тўла беш бўлиши керак, ўқитувчинг сени яхши кўриши керак, мактабда аъло баҳоларга ўқисанг, ўқитувчилар ҳам сенга бошқача ҳурмат билан қарашади, одам ўз билими ортган сари ютуқларидан илҳомланиб, янада билимдон, маънавий бой ва кучли бўлиб бораверади, - деб  тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бола барибир ўйинқароқ бўлади-ку, баъзида ўйинга берилиб кетса, майли ўйнасин дейман. Китоб ўқи деб ҳадеб зериктирмайман. Ўйин ҳам, мутолаа ҳам баробар бўлиши лозим. Қизимни тарбияси билан ҳам ҳозирдан қаттиқ шуғулланаман.

- Ўзингизда китоб ўқишга вақт бўладими?

- Ўзим ҳам уйда бекор қолган пайтларимда китоб ўқийман. Уйда вақт кам бўлади-ку, лекин барибир вақт топаман. Болаларим ҳам мени китоб ўқиётганимни  кўриб, ибрат олиб, ўқишсин дейман.

- Уйингизда кутубхонангиз борми?

- Жуда катта эмас-у, аммо бор.

- Тахминан, нечта китобларингиз бор?

- Адашмасам, икки юзта атрофида. Бир сандиқ ва иккита жавончамда сақлайман.

- Қайси ёзувчиларнинг асарларини севиб мутолаа қиласиз?

- Менинг яна битта касаллигим бор: ёзувчиларнинг исмларини ҳеч эслаб қола олмайман, бироқ ҳикоя, романларини ўқиб роҳатланаман. Юрагимдан чуқур ўрин олган ёзувчи ва шоирлар - Саид Аҳмад, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Ғафур Ғуломнинг асарларини севиб ўқийман. Хорижий адабиёт вакилларидан Антон Чехов ва Фридрих Шиллернинг асарларини яхши кўраман.

- Мухлисларингизга тилакларингиз.

- Мухлисларимнинг тани жони соғ, умри узоқ бўлсин. Мени яхши кўришда давом этаверинглар. Иложи борича, қўлимдан келганича, янада яхши, янада кучлироқ, сизлар ёқтирган даражада меҳнат қилишга, "Қалпоқ", "Шўрданак" ва бошқа ҳажвий кўрсатувлар, театр, фильмларда сизларга ёқадиган даражада ролларимни кўпайтираман. Фақат ёмон, уришқоқ ролларда кўрсангизлар, тағин мени ёмон кўриб қолманглар. Биз актрисалар режиссёр топширган ролларни ижро этамиз, холос. Энди пешонада, тақдирда борини кўрамиз. Насиб қилса, менинг битта-ю битта орзуим: раҳматли отамга ҳам айтганман - Ўзбекистонда энг яхши қизиқчи аёл бўламан деб ният қилганман.

     Орзуларим, ният ва мақсадларим юксак! Илоҳим ниятимга етай. Қизиқчиликни танлаган ҳамма аёлларимизга муваффаққият ва омад тилайман! Қизиқчи қизларимизнинг ҳеч қайсисига салбий муносабатда эмасман. Ҳаммага бахт тилайман. Қизиқчи йигитларимиз кўп. Аёллардан қизиқчи бўламан деганлар саноқли, шу сабабли, бирортасига ёрдамим зарур бўлса, бажонудил ёрдамимни аямайман. Агар ёрдамим керак бўлса, албатта. Мен яна нима демоқчиман? Мухлисларимга, томошабинларга ҳам менинг битта тилагим бор: фақат ўзингизни ва соғлигингизни ўйланг! Кимдир сизни ҳақорат қилаяптими, сизни тушунмаяптими, сизни камситишга уринаяптими? Сиз, авваламбор, яхшилаб ўйлаб кўринг. Ўша кимса баҳслашишимга арзийдими, вақтимни сарфлашимга арзийдими? Барини Оллоҳ ҳукмига қўйиб беринг. Беҳудага асаб бузилгани қолади. Индамасангиз, ҳамиша ғолиб бўласиз. Индамасдан мақсадингизга сари қараб олға юраверсангиз, ўша гапирган одамлар секин-секин сизнинг меҳнатингизни  ҳосилини кўрибгина, оғизларини юмиши мумкин. Ўзимиз, оиламиз ҳақида ҳам ҳар хил гапларни эшитганмиз. Қариндошларимиз ҳам, ёру биродарларимиз ҳам бизни тушунмай қолган вақтлари бўлади. Ота-онамнинг берган тарбиясига амал қилганим учун, олдимдаги барча тўсиқлардан тинчлик, камтарлик йўли билан босиб ўтганман. Ҳамма нарсани тақдир измига ҳавола қилинг. Шунда тақдир ҳамма нарсани сизнинг фойдангизга ҳал қилиб беради.

     Санъаткорнинг битта-ю битта орзуси  элнинг эътиборига тушиш. Шунча меҳнат қилдик, шунча ўқидик. Оғиз кўпиртириб гапиргудек меҳнат қилмаган бўлсак-да, аста-секин меҳнатимизнинг мевасини кўряпмиз. 5-6 та одам сизни таниса, олқишласа, яхши кўрса, меҳр билан боққанини сезсангиз, ана ўшанинг ўзи катта бахт! Авваламбор, "Бекажон" газетаси ва сизнинг сайтингиз эътиборига тушганимдан ҳурсандман. Демак, мен бекорга шу санъат йўлида қаттиқ нон тишлаб юрмаган эканман.

     "Бекажон" газетасининг азиз мухлислари! Сизларга битта-ю битта тилагим: мана шу газетадан узоқлашманг. Чунки бу газета саҳифаларида сизнинг оилавий ҳаётингизда, оилавий шароитингизда, келажагингизда, фарзандларингизга ҳам таълим-тарбия берадиган жуда катта  тарбия ётибди. Овқат пиширишни ҳоҳлайсизми, яхши келин, яхши қайнона бўлишни истайсизми, ким шу нарсаларни ҳоҳласа, албатта "Бекажон" газетасини олиб ўқисин.

     Muzaffar.uz сайтининг азиз муҳлислари, кузатиб борувчилари. Сиз ана шу сайтда қолинг ва ҳеч қачон шу сайтни тарк этманг! Чунки санъатимизнинг дарғалари ва санъатимизнинг келажаги бўлиб келаётган азиз ёшларимизнинг  ҳаётини, шахсий ҳаётидан тортиб, оилавий шароитларини ёритиб берадиган энг зўр сайтлардан бири, бу - Muzaffar.uz. сайти. Шу сайтда қолинг! Биз яна кўришамиз! 

-Катта раҳмат, Ҳувайдо! Сизга ҳам энг эзгу тилакларимизни тилаб қоламиз. Ижодингизга юксак муваффаққият, оилангизга бахт, соғлик тилаймиз. Доим мухлисларингизнинг юзига табассум улашиб юринг ва ўзингиз орзу қилгандек энг яхши қизиқчи аёл деган номга мушарраф бўлинг. Сизга келгусида юксак  унвон ва мукофотлар насиб қилсин!

 

Суҳбатдош - Музаффар Муҳаммадназар.

Манба: "Бекажон" газетасининг 04.07.2019 йилги № 53-сони.