Шеърият ёруғликка элтади


     Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Олий Мажлиси сенати аъзоси, Энахон Сиддиқова билан ижодий суҳбат.

 

"ШЕЪР ИНСОННИ ЗУЛМАТГА ЭМАС, ЁРУҒЛИККА ОЛИБ ЧИҚАДИ"

 

     Энахон Сиддиқова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ёзувчи,публицист, педагог ва шоира, 1954 йилда Олтиариқ туманининг Олтиариқ қишлоғида туғилган.Унинг“Қоракўз турналар”,”Суманбар насим”,”Кўнгил уфқлари”, “Ишқ ифори”, “Сўз устидаги дунё” каби назмий, “Тун фарёди” ҳикоялар тўплами, “Сеҳрли боғ”эртаклар китоби,“Халоскорлик”, “Эъзозли аёллар”, “Тиббиёт фидойилари”, “Фарғона аёллари”, “Қизойимларга келинлик сабоқлари” каби бадиий публицистик асарлари ҳамда ўнга яқин жамоа тўпламларда ижод намуналари нашр этилган. 1977 йили Ўзбекистон қаҳрамони.Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов “Ўзбекистон маданияти”(ҳозирги Ўзб.адабиёти ва санъати) газетасида шоира ижодига “Оқ йўл” берган.

 

БЕМОРГА ШИРИН СЎЗ КЕРАК, АҚЛСИЗГА – КЎЗ

 

–Энахон опа, шеър инсон қалбининг таржимаси, тилининг учида турган гапи, дард билан туғилган фарзанди ва ҳоказо шунга ўхшаш талқинларни кўп эшитганмиз. Сиз бу таърифларга яна нималарни қўшардингиз.

–Сўз илоҳий қудратга эга. Қадимий китобларда шоирларни набийлар қаторига қўйилиши бежиз эмас.Зеро,ҳақиқий шеърнинг туғилиши илоҳият билан боғлиқлиги исбот талаб этмайдиган ҳақиқат.Мутафаккирлардан бири адабиёт катта йўлга қўйилган улкан кўзгу унда ҳар бир миллат ўзлгини кўриб туради,деган экан. Шеър, сўз илоҳийлиги боис одамлар шоирни пирдай кўради, халқ унга эргашади.

–Кейинги пайтларда ёшларнинг ижодини кузатганда,уларнинг шеърларида жуда кўп қабр,тобут ва айниқса,ўлим сўзларини бемалол, қўрқмай ишлатётганларининг гувоҳи бўламан. Тўғриси дилинг оғрийди. Ажаб бу туйғу эътиқодсизликданми ёки талвасами?

–Айрим буюк шоирларга тушган сўзлар кейинчалик қисматига эгиз бўлиб қолганлиги, яъни воқеликка айланганидан ҳам хабардормиз.Сўзнинг қудрати билан инсон покланиши, ғафлатдан уйғониши, эзгу ишларга отланиши, хатто онги заҳарланиши ёки жарга қулаши мумкин.Шеър инсонни зулматга эмас, ёруғликка олиб чиқадиган, бахт-саодат йўлини кўрсатадиган қудратли восита.Қўлига қалам олган ҳар бир ижодкор сўзнинг масъулиятини унутмаслиги зарур.Шундагина ҳар бир сўзни етти ўйлаб, кейин ишлатади, адабиётнинг қудратини ўтин ёришга сарфламайди. Агар адабиётни,шеърни инсон руҳиятини даволовчи шифокор десак, айрим ёш қаламкашларнинг машқларини ўқиганлар руҳий хасталикка чалиниши турган гап.

“Ўз асарларида яшаган одам сираям ўлмайди”

                                                          Карл Боуви, француз ёзувчиси

–Гени ўзгартирилган маҳсулотларни савдога чиқаришни олдини олиш бўйича нима иш қилиняпти?

–Энг аввало, миллатнинг генофонини, руҳиятини тозартириш, янгилаш зарур. Албатта, бу узоқ муолажани талаб этадиган иш. Бу адабиёт зиммасига ҳам қатор вазифаларни юклайди. Чунки адабиёт руҳиятни сўз билан даволайди.

–Зарарли одатлар ҳақида нима дейсиз?

–Қайсики, зарарли одатлар бўлмасин, кўнгил арконимизнинг устунлари бўлган хулқимиз,иймонимиз-эътиқодимизга,қўпол қилиб айтганда “қурт” тушгани ифодаси. Бир ниҳолни экиб, парваришлаб, мевагакиргунча боғбонинг жони халак бўлади, кеча-кундузни билмайди. Фарзанд ҳам бир ниҳол мисоли. Ундаги айтайлик, ёлғончилик, ўғрилик, вафосизлик ёки бошқа иллатлар биз берган тарбиянинг меваси,ўзимизнинг ойнадаги аксимиз. Ота-онасидан оилада эзгу калом, эзгу амал кўрган фарзанд зарарли одатлари билан ҳеч қачон ҳаётда адашмайди,юзини ерга қаратмайди.

– Шифокорларга кўп иши тушган одам сифатида, айтинг-чи, сизнингча, яхши шифокор қандай бўлиши керак?

– Шифокорлик ғоят нозик касб, шифокор бўлиш, инсон ҳаёт-мамотини зиммасига олишнинг ўзи қаҳрамонлик билан тенг, дегим келади. Бу касб соҳибига нафақат билим, ақлу заковат, катта тажриба зарур, балки жонфидолик, матонат, сабру бардош, шу билан бирга илоҳий бир истеъдод керак. Чунки шифокорнинг хато қилишга ҳаққи йўқ. Қурувчи бинони эгри қурса, алал-оқибат бузиб бошқатдан қуришга имконияти бор,шифокор эса инсон саломатлигига,тақдирига жавобгар. Унинг биргина хатоси билан инсон ҳаёти завол топиши, қотилга айланиши мумкин. Шу билан бирга шифокор энг аввало, фаолиятини инсон руҳиятини даволашдан бошламоғи зарур. Бунинг учун у инсонларнинг дўсти, ҳабиби,сирдошига айланмоғи керак. 

––Ҳозирги кунда дори-дармонлар нархи баланд, шифокорлар ҳам даволаниш учун кўп дорилар ёзади. Сизнингча, ҳаммасини олиб истеъмол қилиш керакми?

–– Албатта, шифокорлар миллат, инсон саломатлиги учун чинакамига масъул. Лекин соғлиғи учун ҳеч ким ҳар бир кишининг ўзидан ортиқ қайғуролмаса керак. Ҳамма шифокор ҳам танангиздаги дардни ўзингизчалик билмайди-ку. Одатда, мен шифокор ёзиб берган дориларни олганимдан кейин, энг аввало, рецепти билан чуқур танишаман. Баъзан, соғлиғимга монелик қиладиган холатлар ҳам учрайди.Қолавеса,битта дори ҳар кимга ҳар хил таъсир қилиши мумкин. Қаранг, Ибн Сино бобомиз биргина гриппни уч турга ажратиб, уч хил даъво усулини тавсия қилган. Тўғрисини айтсам, дориларни аптекага қайтарган вақтларим ҳам бўлган. Таъсири бир хил бўлган арзон дорилар турганда, негадир қиммат дориларни ёзиб бераётган шифокорларни қасамиёдига содиқлиги шубҳали кўринади. Айтмоқчиманки, бугунги кунда ҳар ким ўзи учун шифокор бўлолмас экан, шифокорларнинг малакасизлиги ёки дориларнинг салбий таъсиридан соғлигини йўқотиши турган гап.

“Дори дармон дардга қараганда секинроқ таъсир кўрсатади”

                                                                 Тацит, юнон ҳакими

––Шифокорларга мурожаат қилганингизда кўнглингиз тўладими?

 ––Ҳамиша ҳам шундай деёлмайман. Баъзи шифокорлар сизни юракдан тингламайди, дардингизни ҳис этмайди,уларнинг бефарқлиги,айримларининг беморнинг қўлига қараши кўнглимни оғритади. Улардаги энг камёб хислат, беморларга энг яхши  руҳий даъво бўлган ширин сўзни қизғонишгандек туюлади.

–– Инсон соғлом турмуш учун нималарга риоя қилиш керак?

–Ҳар бир инсон,албатта,тиббиётдан хабардор бўлиши зарур,деб биламан. Чунки мижозингиз, табиатингиз, жисмингизни нозик жиҳатларини, такрор айтаман, ўзингиздек ҳеч ким билмайди.Мен халқ табобатига жуда қизиқаман.Ҳозирда сотилаётган дориларнинг таъсири, яроқлилиги тўлиқ кафолатмаётган холларда табиий усуллар билан даволанишнинг  маъқул йўлларини излайман.

–– Мухлисларингизга фойдали маслаҳатларингиз?

–– Халқимизда “Нимани эксанг,ўшани ўрасан” деган пурмаъно мақол бор. Қалбимизга,жамиятга экаётган уруғларимиз эзгулик,яхшилик бўлса,ўрганимиз раҳмат,кўрганимиз фароғат бўлади. Аксинча бўлса-чи, кимгадир тош отсак, ёмонликни соғинсак, бошимизга харсанг ёғилади. Қилган яхшиликларимизнинг мевалари, ажрини  ўзимиз кўрмасак,набира-чевараларимиз кўриши бу филҳақиқат.Халқимиз кўнглинг тинч бўлсин,дейди. Айтмоқчи бўлганим, кўнгил юртимиз тинч бўлса, яхшиликлар макон тутса, танимиз соғ, кўнглимизда доғ бўлмайди.

–– Аёл киши бўлишингизга қарамай,хизмат сафарлари билан кўп жойларда бўласиз. Бу сизга қандай масъулият юклайди?

–– Агар оилангиз тинч, мустаҳкам бўлса, қайси вазифада ишламанг, қайда хизмат сафарида бўлманг, ишингиз унумли, кўнглингиз тинч, ҳурматингиз, жамиятдаги ўрнингиз, обрўингиз ҳам юксак бўлади.Оила мустаҳкамлиги асоси эса ўзингизни қўлингизда. Энг аввало фарзанд сифатида ота-онангиз дуосини олиб, рафиқа сифатида турмуш ўртоғингизни, она сифатида фарзандларингизни, хатто қўни-қўшнингизни рози қилсангизгина жамият, эл-юрт ҳам сиздан рози бўлади.Мен  фарзандлик, фуқаролик, аёллик,оналик масъулиятини шундай тушунаман.

 

ШИФОКОРЛАРГА

 

           Бир донни минг дон қилмоқ агарчи мушкул асли,

           Бир чўпни кўкартирмоқ агарчи улуғ савоб.

Барчанинг ҳимматига бош эгиб туриб рости,

Мен сизнинг заҳматингиз қилмоққа келдим тавоб.

 

Оллоҳга элчиликдир шифокорлик таърифи,

Сиз сабаб гўзал ҳаёт,толе ўзи уйғоқлик.

Барчага мушаррафмас касбларнинг энг шарифи,

Ажални илми тибнинг нури билан енгмоқлик.

 

Тангрим иноят қилган бериб илохий фазл,

Қўлингизга тутган туғ дардларнинг даъвосига.

Ҳар гиёҳнинг асрори,ҳикмати сизга нозил,

Табибу малҳам бўлмоқ  кўнгиллар маъвосига.

 

Энг аввал сизни кўрар дунёга келиб инсон,

Улуснинг қайғусида билмайсиз ҳеч ҳаловат.

Ўзингизни унутиб шивирлайсиз субҳи шом:

Дард кўрмаса ҳар инсон,бўлса соғу саломат.

 

Эгнингизда оқ халат, кўнгиллар топар таскин,

Ювгайсиз меҳр билан хаста дилларнинг доғин.

Юракдан кетар ғубор, оласиз ғаму гардин,

Сиз умид остонаси, шафқатнинг қароргоҳи.

 

Дунёнинг ҳикмати бу аъмолига яраша,

Машшоқми, ё ўроқчи экканини ўради.

Агарки обод этса бир кўнгил каъбасини

Юз бора ҳаж қилганнинг саҳобини кўради.

 

Малҳам бўлса ширин сўзи, тиғи, игнаси,

Омон сақлаб қолса агар бирни ўлимдан.

Халқнинг ризолиги мудом уни қўлласин,

Мукофотлар ёғсин унга улуғ тангримдан.

Муқаддас, қутлуғ  касб этилмиш сизга тақдир,

Шарафингизга арзир энг  олий унвон, ёрлиқ.

Элнинг дуосин олмоқ энг қутлуғ муддаодир,

Тангридан буюрилмишдир Сизларга халоскорлик.

 

Нажоткор фариштасиз нурли, оппоқ эҳромда-

Ўлиму ҳаёт аро меҳр янглиғ пардасиз.

Фано йўлида турган инсонга сўнгги дамда

Бир қутлум шифо тутган илоҳий маъбудасиз.

 

Ҳазрат Ибн Синонинг руҳлари қўллар боқий,

Ҳар неки савобингиз дунёда кетмас бекор,

Бедор тунингиз ҳаққи, нури шифонгиз ҳаққи-

Жаннатларнинг аршида ўтиргайдир шифокор.

 

Қолмасин бу маъвода касал ёки хаста жон,

Поку соғлом деб ёзинг бемор варақасига.

Ўзбекнинг топганлари тўйларига буюрсин,

Бизнинг фахримиз бўлсин ёзмоқ сизга қасида.

 

Зангламасин ҳеч қачон шифоатли тиғингиз,

Бир дўсту ҳабиб каби кўнгилларга надимлар.

Ҳилпираб турсин баланд энг ҳаётбахш туғингиз,

Асло дарду ғам кўрманг эй, Луқмони ҳакимлар!

 

Мунира РАМАЗОНОВА,

         суҳбатлашди.