«Адабиётни севмай туриб, санъатни севиб бўлмайди»


Шодия АбДУҚОДИРОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
Яхши кино, яхши спектаклларнинг мухлисиман. Ўзимнинг севимли актёр-актрисаларим бор. Улар орасида, албатта, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шодия Абдуқодированинг ўрни бўлакча. Негаки, бир-бирига ўхшамаган роллари, мулоҳазали образлари билан ҳар бир томошабиннинг кўнглидан жой олганига шубҳа йўқ. Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси, “Тубанлик”, “Виждон” сингари фильмлари, “Меҳмонхона”, “Фидойилар” каби сериаллардаги роллари билан барчага бирдек манзур бўлган актриса бугун газетамизнинг суҳбатдоши.

 

– Илк асар – илк ҳаяжон дейишади...

– Илк ўқиган асарим – Саид Аҳмаднинг «Жимжитлик» романи бутун умр хотирамда муҳрланиб қолган. Шу туфайли болалигимни Саид Аҳмад асарлари билан тасаввур қиламан. Инс­титутнинг биринчи босқичида таҳсил олаётганимда Жек Лондоннинг “Мартин Иден” романини ўқиганман. Айниқса, Чингиз Айтматовнинг “Кассандра тамғаси”. Зиёли, олим инсоннинг ер билан яксон бўлиши, шунчалик қадрсизланиши... Биласизми, институтда пайтим талабаларим ўқитувчилар кунига Сомерсет Моэмнинг “Театр” асарини совға қилишган. Ниҳоятда содда тилда ёзилган, ҳаммамиз биладиган оддий ҳақиқатлар, лекин ёзувчи фикрини қизиқ тарзда ифодалаган. Одамни ўйлантириб қўяди. Асарга, қаҳрамонга чиппа-чин ишонасиз. Бу китобхон учун катта гап. Ёлғон-яшиқ, тўқима образлар билан китобхонни алдаб бўлмайди. Бунга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

– Шодия опа, инсоният яралибдики, санъатга, хусусан, адабиётга интилиб яшайди. Бунга сабаб нима?

– Инсон қалби санъат, адабиётга доимо ошуфта бўлади. Китоблар инсон ҳаётини бойитади, фикрлашга ундайди, хушкайфият улашади. Адабиёт, санъатнинг инсон ҳаётидаги ўрни беқиёс, ҳар бир одам ҳаётида – у қайси соҳа вакили бўлишидан қатъий назар, адабиёт, театр, кино, мусиқа, рассомчилик, ҳамма-ҳаммасининг ўзига яраша ўрни бор. Ана шу ўрин – эҳтиёж деб аталади. Эҳтиёж эса, албатта, гўдакликдан бош­ланади. Бари биринчи галда ота-онанинг берадиган тарбиясига боғлиқ. Фарзандни санъат соҳасига йўналтиришса ёки уйингизда адабий китоблар бўлса, бола уларни ўқишга интилади. Ҳеч бўлмаганда расмини кўриш учун варақлайди. Шу орқали китобга меҳр уйғонади.

Болалигим завқли эди. Уйимизда кўп китоб­лар бўларди. Романлар, қолаверса, ҳар хил пластинкалар, чет эл, ўзбек мусиқалари менда доим қизиқиш уйғотарди. Айтмоқчиманки, уй-­оиладаги муҳит ҳаётингизга таъсир қилади. Ана шу куч одамнинг улғайиш палласини ҳал этади. Интилишингизга туртки беради.

Аммо ҳозирги кунда 30-40 ёшдан ошиб ҳам ўзи хоҳламаган касбда ишлаётган инсонлар кўп­лаб учрайди. Бу – фожиа! Нафақат, бир инсон тақдири, балки, ўша касбнинг фожиаси деб ўйлайман. Инсон ҳамиша ўзи танлаган касбини севиши керак, ёқтирмаган ишлари билан эса, шуғулланмаган маъқул. Инсон ўз касбини севмас экан, ҳеч қачон жонини бериб ишламайди. Афсуски, бугун ўз касбини севмайдиган, фақатгина маош, тирикчилик учун кунини ўтказаётганларни кўраман ва уларга ачинаман. Адабиёт ва санъат эса, одамни севишга ўргатади.

– Сизнинг наздингизда адабиётдан узоқ инсон...

– Адабиётдан узоқ инсон, билмасам, қанақа инсон бўларкин? Шунақа одамлар борки, битта қўлнинг бармоқлари етади ўқиган китобларини санашса. Адабиётни севмай туриб, санъатни севиб бўлмайди. Лекин санъат соҳасида бўла туриб, адабиётга меҳр бермаган инсонлар жуда кўп. Ўйлайманки, бу ҳақиқий трагедия.

Адабиётга ошно бўлмаган инсон, ичи бўш инсон. Фақат бугунги кун билан яшайдиган инсон. Ҳеч бўлмаса, газета ўқимайдиган одамни тасаввур қилишим қийин. Бундай одамлардан қўрқиш керак!

– Сиз актриса сифатида адабиёт ва санъат ўртасидаги боғлиқликни яхши англайсиз. Уйғониш даври келмадимикан?

– Бу саволдан баданимга чумоли югурди. Бир пайтлари қўрқиб кетаман, 15 йил олдинги вақтни эсласак, ўша пайтда театримиз қачон гуллаб яшнайди, ўзгаришлар бўлади, ҳозир биз ишламаяпмиз, деган илинжда эдик. Вақт ўтиб қарасак, аслида, ўша пайтда ишлаган эканмиз. Ҳозир ривожланиш йўқ демоқчимасман, бинолар чиройли, кўрганлар ҳавас билан қарашади. Ҳар томонимиз гўзал, лекин қалбимиз-чи, интилишимиз-чи, кунимиз ўтса бўлдига чиқиб қолмадикмикан? Мундоқ қарасангиз бари муҳайёдек, бироқ ўз касбини севадиганлар кам, чор-атрофимизда манфаат учун яшайдиганлар урчиб ётибди.

Менимча, уйғонишни ҳамма кутяпти. Театр соҳасида ўзгаришлар бўлишини жудаям хоҳлардим. У деймиз, бу деймиз. Шунча кино ва театр студиялари очиляпти. Аммо ўзимиздан мисол, чет эл драматургиясини хоҳлаймиз, классика ўйнашни хоҳлаймиз, деб актёрлар бонг уришади, хўп, шуни саҳналаштирдик ҳам, бироқ томошабин келмаяпти-ку. Томошабинларни ҳали ҳам қайнона-келин масаласи қизиқтиради. Актёрлар ўсаман деб катта бир ишга 6 ойлаб тайёрланса-ю, томошабин келмаса... Биласизми қачон ўйғонамиз?! Қачонки, бутун миллат китобхонга айланса... Ҳозир мамлакатимиз шу ишнинг бошида.

– “Том тоғанинг кулбаси” асарини ўқиганимда мустабидликнинг адабиётга таъсирини кўргандай бўлгандим... Мустабидлик сўзи билан адабиёт ва санъат ўртасида қандай мутаносиблик бор?

– «Том тоғанинг кулбаси»ни эшитиб, юзимга табассум югурди. Энг яхши кўрган асарларимдан биттаси. Адашмасам, коллеж даврида ўқиганман. Чироқ ўчиб қолса, шам ёқиб, бурчакка тиқилиб китоб ўқирдим. Орадан йигирма икки йил вақт ўтди. Кун келиб интервью жараёнида ўша асарни шам ёруғида бўлса ҳам ўқиганман, дейишни кўнглимга тугиб қўйгандим. Ҳозир сиз шу асарни эслатяпсиз, сиз эслатмаганингизда, ким билади, ёдимга тушармиди, йўқми... Ишониш керак, ҳар бир нарсанинг замирида ишонч ётади, ўзингга, Аллоҳга ишонч. Энди мустабидлик пайтини айтадиган бўлсак адабиёт, санъат мустабидлик олдида нима? Адабиёт, санъат ҳеч қачон ўрнини йўқотмайдиган ноёб соҳалар. Инсоният бор экан, санъат мангу яшайди. Адабиёт ҳеч қачон ўлмайди. Чунки, онгли мавжудот, тирик жоннинг ҳамиша адабиёт ва санъатга эҳтиёжи бўлади.

Мустабидлик бу икки соҳага ҳам ўз таъсирини ўтқазди, адабиётда ҳам қанча-қанча шоирларимиз, атоқли арбобларимиз, бизга ҳали катта мерос қолдириши мумкин бўлганлар қатл этилди. Балки биз кўп нарсани йўқотгандирмиз ўша пайтларда, орқага қараса, албатта, бу қўрқинчли, лекин ўз маданиятини олиб келади-да ўша мустабидлик даври. Мана мустабидликнинг таъсири – русча фикрлаш, ҳаёт тарзи... Ҳатто мутолаада ҳам тезроқ рус классикасини битирсам, кейин европа классикасига ўтаман, деган нарса турарди-да одамнинг миясида. Эътибор беринг, ҳозир яна бир нарса авж олди, кузатсангиз мактабларда қабул пайти 8 та синф рус, 2 таси ўзбек синфи. Бундан хулоса шуки, биз айтаётган уйғониш, менимча, таълим соҳасида бўляпти, сиз уйғонишни санъат соҳасидан қидиряпсиз. Биласизми, мен боламни ўзбек синфга бермоқчиман десам, ҳамма менга қолоқ одамга қарагандай қараяпти. Ахир бола ўз тилида фикр қилишни ўрганмаса, биринчи бўлиб ўзбек адибларининг асарларини ўқимаса, бошқа тилда тафаккур қилишни бошласа, ўз она тилини қачон ўрганади?

– Бугун шоу-бизнесдаги воқеликлар, “ҳодисалар” телевидение, газета ёки интернетда берилаётган муҳим хабару маълумотларнинг қадрини йўқотиб юбормаяптими сизнингча?

– Балки, шу томошабинни ўзимиз шакллантиргандирмиз, бундан 15-20 йил олдин, хусусий фильмлар чиқаётганда, бачканалик деб дод солинди, ваҳоланки, ўша хусусий фильмлар ҳозир экраннинг адашмасам 70 фоизини эгаллаб турибди. Хусусий кинолар давлат киноларини чангида қолдириб кетди. Давлат буюртмасига кўра олинаётган киноларимиз бор, жудаям кўп маблағ ажратиляпти, эътибор қаратиляпти. Тарихий киноларга-да қўл уриляпти. Бироқ томошабин енгилроқ, тезкор дубляжда ишланаётган сериалларни кўряпти. Хусусий каналларнинг ошиғи олчи бу борада.

Ғалати одатларимиз бор. Дидимизга путур етди. Айни ўша дидсизлик одамни омиликка бошлайди. Фарзандларга кўраётган сериалдаги исмни қўйишади. Бундан катта фожеа, дидсизлик, омилик бўлмаса керак. Шунчалик ачинарлики, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан одам.

– Дидсизлик, омилик деяпсиз... Буларнинг бари саёз тафаккур ва савиясизлик маҳсули. Айтингчи, бундан қутилиш йўллари адабиёт ва санъатдан ташқари яна нималарда кўринади?

– Саёз тафаккур ва омиликдан қутулишнинг йўллари кўп. Талайгина ёзувчи ва файласуфларнинг хоҳ ғарб, хоҳ шарқ бўлсин китобларини қидириб, ўқиб юрардим. Кейинчалик, уйда ўтириб диний китобларимизни ҳам варақладим. Ниҳоят, излаганимни топдим. Бугун юртимизда дин эркинлиги бор. Минг шукурлар бўлсинки, буни мустақиллик берди. Ахир нимаики яхшилик истасанг бари исломда бор экан-ку. Ахир бугун бутун дунё бизнинг динимизни энг тўғри дин дея эътироф этмоқда. Раҳм-шафқат, яхшилик, меҳр-оқибат, муҳаббат... Айтоқчиманки, зиёли одам, тафаккурини ўстирмоқчи бўлган шахс, аввало, ўз дини ва тарихини яхши билмоғи лозим. Бусиз ҳеч қачон ҳеч нарсадан нажот тополмайди.

 

Шавкат ОДИЛЖОН суҳбатлашди.

Манба: "Китоб дунёси" газетаси.