Хориж маданиятининг ноғорасига ўйнамайлик


- Илҳом ака, "Сурхон" гуруҳи фақатгина фольклор этнографик йўналишда ижод қилади, деб ҳисоблашади айримлар. Шу фикр тўғрими? Фольклор қўшиқларнинг мумтоз қўшиқлардан қандай фарқи бор? 

- "Сурхон" гуруҳи фақат фольклор этнографик йўналишда ижод қилади деган тушунча нотўғри! Гуруҳимиз ижодида барча йўналишлар қаторида, яъни эстраданинг к-рор, баллада, бассоново ва ҳоказо йўналишлари билан биргаликда ўзимизнинг мамлакатимиз ичидаги турли вилоятларнинг ўзига хос бўлган этно-фольк йўналишлари ичида Сурхондарёга хос ижод намуналари етакчи ўринда туради. Бу дегани барча йўналишларда бизда ижодий маҳсулот етарли! Фольклор дегани халқ оғзаки ижодидан дегани, яъни айни бир ижодкорнинг аниқ бир, тан олинган ва тасдиқланган асари эмас, балки халқ ичига кириб кетган, эгаси кимлиги унутилиб халқникига айланган асарлардир.

- Бу йўналишда ижод қилишнинг ўзига хос машаққатлари бўлса керак?

- Қайси касб эгаси бўлишдан қатъий назар ёки қайси касбнинг қанақа йўналишини танлашингиздан қатъий назар, ўз ишингиз устаси бўлмасангиз, ишингизга меҳрингиз, муҳаббатингиз ва ҳурматингиз бўлмаса қийин ёки осон деган тушунча туғилади. Аксинча, севган ва қадрлаган ишингиз сиз учун мароқлиси ва энг енгили ҳисобланади. Танлаган касбингизни ва йўналишингизга ҳаётим деб қараш керак. Шунда тўрт кунлик бу ҳаётни ҳавога бекор сарфлашдан узоқ бўласиз, кексайганда афсус ва надомат эмас, балки ифтихор ила эслайсиз...

 - Фольклор йўналишнинг аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

- Фольклорнинг аҳамияти - бу ўзлигимиз, тарихимиз ва аждодларимизга бўлган эҳтиромдир. Кечаги кунни, бобо-момоларимиз ижодини унутиш, уларни давом эттирмаслик, бугунги кун учунгина долзарб ҳисоблаб, эртанги келажак авлодга етказмаслик - халқимиз, миллатимиз маданияти ва мафкурасини таназзулга олиб келиши мумкин. Тарихини, аждодларимиз маданиятини билмаган келажак авлоднинг бошқа миллат ва элат ноғорасига ўйнашдан бошқа иложи қолмайди...

- Гуруҳ  фаолияти давомида Республика миқёсида ўтказиладиган тадбирлар,  ижодий кечалар, юбилейларда ҳам фаол иштирок этиб келади. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатларида ҳам, хорижий мамлакатларда ҳам бир неча марта яккахон концертлар ўтказган. Таассуротлар билан ўртоқлашсангиз?

- Санъаткорнинг ҳар бир куни, ҳар бир қатнашган тадбири ўзига хос эсда қоларли ва қизиқарли. Шу сабабли, айни бир тадбирни ёки тўй-ҳашамдаги воқеани ажратиб қарамаймиз.

-Эшитишимча,  гуруҳга янги аъзолар қўшилибди. Менимча, санъат оламидаги янгиликларингиз кўпайиб боряпти.

- Гуруҳни ёшартириш устида ишлар олиб бораяпмиз. Шогирдларни ўзимиз танлаб, дарс бериб, тайёрлаб, сафимизга қўшаяпмиз. Охирги икки-уч йил давомида бир неча ёшларни танлаб, имтиҳон чиғириқларидан ўтказиб, гуруҳнинг умумий захирасига киритган бўлсак, йил бошига келиб икки нафари ўзининг истеъдоди ва маҳоратини ишга солиб, ишончимизни қозониб, сафимизда катта саҳналарга чиқишга муваффақ бўлишди. Улардан бири - қиз бола - Ирода Бегим ва бу "Сурхон" гуруҳи жамоаси таркибидаги энг қизиқарли янгилик!

- Рақобат ҳар соҳада мавжуд. Санъат соҳасида ҳам рақобат етарли деб ўйлайман. Рақобатга муносабатингиз?

- Рақобат ривожланиш омилидир. Санъат соҳасида рақобат деганда ҳар бир йўналиш ўзининг мухлисларини қанчалик кўп бўлиши билан белгиланади, дейдиган бўлсак, мухлисларга манзур ва мароқли бўладиган асарлар, ижод намуналари яратиш устида тер тўкиш керак.

- Шу кунларда "Сурхон" гуруҳи нималар билан банд? Келгусидаги режаларингиз қандай?

- Шу кунларда янги қўшиқлар устида иш олиб бораяпмиз. Бундан ташқари, давлатимиз тез суръатларда ривожланиб бораётганлиги муносабати билан хорижий давлатлардан катта катта инвесторлар, компанияларнинг вакиллари меҳмонга келиб туришганлиги боис, уларнинг ҳурматига вазирликларимиз томонидан уюштирилаётган қабул маросимларида ўзимизнинг миллий фольклор эстрада қўшиқларимиз билан қатнашиш бахтига мушарраф бўлаяпмиз.

     Барча касб эгаларига ўзингизнинг касбингизни севинг, ардоқланг, ҳурмат қилинг, қадрига етинг ва роҳатини кўринг дея ният билдириб қоламиз.   

-Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Суҳбатдош - Маъруфа СОЛИЕВА.