СЕВИЛГАН АЁЛ ЭНГ БАХТЛИ АЁЛДИР


 

НАРГИЗА АБДУЛЛАЕВА: “СЕВИЛГАН АЁЛ ЭНГ БАХТЛИ АЁЛДИР” 

   Бугунги суҳбатдошимиз узоқ йиллардан буён мухлислар эътибори ва ҳурматини қозониб келаётган  иқтидорли ва гўзал актириса Наргиза Абдуллаева бўлди.

- Наргизахон, айни пайтда қандай юмушлар билан машғулсиз, ижодингизда нима янгиликлар бор? 
- Ҳозирги пайтда сериалларда суратга тушиш билан машғулман. Шу кунларда “Севимли” телеканалида  намойиш этилаётган “Сабоқ” сериалида  суратга тушдим. “Менинг юртим” телеканалидаги “Заҳарли томчилар” телесериалида эса ўзига хос образни талқин  этдим. Телесериаллардаги ушбу ролларимни нечоғли ижро этдим бунга халқ баҳо беради албатта. Агар ижромиз маъқул келаётган бўлса мен бундан фақат хурсанд бўламан. Аслини олганда ҳар бир кунимиз, ҳар бир тонгни гўзал қаршилаётганимиз, кимгадир қилган яхшилигимиз ва яқинларимизга  улашаётган табассумимиз янгилик ва яхшиликдир. 
- Эшитишимизча, сиз таклиф этилган жуда кўп ролларни рад этар экансиз. Бунинг сабаби нимада? 
- Тўғри, кўп ролларни рад этаман. Бунинг сабаби манманлик ёки моддий манфаатлар туфайли эмас. Аксинча, бу аввало сценарийнинг, ундан сўнг ролнинг қандайлиги билан боғлиқ. Чунки кинода ўйнашим керак экан, дея дуч келган ролни ижро этиб кетавериш, менимча, тўғри эмас. Бундай танлов билан  мисқоллаб йиққан обрўимни ер билан яксон қилишни истамайман. Чунки,  менинг оилам, ота-онам ва фарзандларим бор. Эртага бўлар-бўлмас ролларим туфайли уларнинг эл олдида мулзам бўлиб қолишларини истамайман. Шунингдек, мен ўзбек қизиман ва миллатимнинг юзини ерга қаратишдан ор қиламан. Ўйнаган ролларимни кўриб, кимдир “шунақаям рол ижро этасанми”, дея ҳафсаласи пир бўлишини ва мухлисларим мендан нафратланиб қолишларини истамайман. Агар таклиф этилаётган  ролларнинг юки ва салмоғи бўлса, албатта рад этмайман.
- Ҳеч театрда роль ижро этиш ҳақида ҳам ўйлаб кўрганмисиз? Агар театр актрисаси бўлганингизда бу соҳага қандай ўзгариш киритган бўлардингиз?
- Театрда роль ўйнаш менинг бир умрлик орзуим, десам бўлади. Анча йиллар олдин мени театрга таклиф этишганда дадам  “аввало ҳунар ўрганишинг ва турмушга чиқишинг керак” дея рухсат бермаган эдилар. Мен буни тўғри тушунганман. Чунки ўзбекмиз, ўзбекона урф-одатларимизни қадрлашимиз керак, албатта. Агар яна бир бор  имкон бўлганда мен буни асло рад этмаган бўлардим. Чунки актёр театрда чархланади, касбий фаолият нуқтаи-назаридан очилади ва барча қирраларини намоён эта олади. Театрда тарихий роллар ижро  этиш орзуим.
- Кўпчилик актёр ва актрисалар ҳаётда ҳам роль ижро этишади, дейишади. Бу нечоғли тўғри деб ўйлайсиз?
- Баъзи актёр ва актрисалар бир-бирларига саҳнада ва  ҳаётда ҳам актрисасана, деб айтишади. Лекин менга бу гапни ҳеч ким айтмаган. Чунки мен саҳнада бор маҳоратим билан актрисалик қилишим мумкин, лекин ҳаётда ундай эмас. Оддийлигим ва ҳалоллигим туфайли ҳаётда кўп панд едим. Шундай бўлсада ўзимнинг манфаатим ёки қайсидир ишимни ҳал этиш учун рол ижро этишдан ор қиламан. Лекин ижобий томондан олганда ҳаётда ҳам рол ўйнаб туриш керак экан аслида. Чунки ҳар бир инсоннинг салбий ва ижобий томонлари бўлади. Агар у салбий характерини қанчалик кўп намоён қилса ривожланиб кетаверади. Ижобий томонини юксалтирса у сайқалланади. Мана шу ўринда нафақат актёр ёки актрасалар, балки оддий одамлар ҳам ҳаётда баъзан рол бажариб туришлари керак, менимча. Баъзан шундай вазиятлар ҳам бўладики, бундай ҳолларда инсон фақат сеники тўғри, дея жилмайиб туриши энг мақбул йўл. Ҳаддан ташқари тўғри одамлар ҳаётда кўп қийналар экан. Мен ана шу характеримдан ҳанузгача азият чекаман. Чунки тўғрини тўғри эгрини эгри дейиш бу менинг табиатимга хос. Тўғри, санъат йўли жудаям оғир. Биз иложи борича қийинчиликларимизни оддий одамларга билдирмасликка ҳаракат қиламиз. Чунки санъаткор бу одамлар учун намуна бўладиган шахс. Кўпчилик улардан андоза олади. Кулиб турган чеҳрангизга қараб, санъаткорлар энг бахтли инсонлар, деб ўйлайдиганлар кўп. Лекин ҳаётда ундай эмас. Санъаткорлар кўпинча оилавий масалаларда қийинчиликка дуч келишади. Аввалом бор актёрми, хонандами, эркакми ёки аёлми, турмуш қургач бир-биринини тушуниб яшаши керак. Акс ҳолда ҳаловат топмайди.  Кўпинча санъаткорларнинг турмуш ўртоқлари қаттиқ рашк қилишади. Албатта, рашк иймондандир. Лекин у гўзал кўринишда бўлса меъёр ҳисобланади. Актёр ёки актрисалар ўз жуфтига хиёнат қилади, деган фикр мутлақо нотўғри.  Чунки ахлоқсизлик касб танламайди. Бундай одамлар бошқа соҳада фаолият юритадиганлар орасида ҳам учраши мумкин.Уйда ўтириб ҳам хиёнат кўчасига кирган аёлларни кўрганмиз, эшитганмиз ва биламиз. Шундай экан, актрасаларнинг ҳаммасини ёмонотлиқ қилиш, уларнинг шаънига  лой чаплаш тўғри эмас. Эр-хотин ҳамиша бир-бирини қўллаб- қувватлаб яшасагина бундай оила мустаҳкам бўлади. Тўғри, кўпчилик эркаклар аёлининг уйда ўтиришини хоҳлашади. Лекин шунга яраша унинг ўзида оилани тебратишга рағбат бормикин, уйда ўтирган аёлини ва болаларини таъминлашга қурби етармикин, деган савол туғилади. Менимча эркак киши мана шу нарсаларга тайёр бўлсагина аёлининг ишлашига монелик қилса арзийди. Қўлидан ҳеч иш келмасаю ҳалол меҳнат билан оила тебратаётган аёлини бўлар-бўлмасга рашк қилиб, уни уйда ўтиришга ундаса менимча бу худбинликдан ўзга нарса эмас. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳамма касбнинг ҳам ўзига яраша яхши ва ёмон томонлари бор. Бунга чидаган одамгина ўз соҳасида катта ютуқларга эришади.
- Қандай аёл сизнингча энг бахтли аёл?
- Севилган ва ўзининг аёл эканлигини ҳис қилиб яшайдиган аёл дунёдаги энг бахтли аёл, деб ўйлайман. Кейин оилада ўзининг ўрнини топган ва шириндан-шакар фарзандларни дунёга келтирган аёлдан бахтиёрроқ инсон бўлмаса керак. Мол-дунё, кийим-кечак ва тилла тақинчоқларга қизиқадиган, эрини “уни олиб бер буни олиб бер” дея қийнайдиган аёлларни мен ҳурмат қилмайман. Бундай аёлларни бир сўз билан молпараст, дейиш мумкин. Аёл киши турмуш ўртоғининг йўғини бор қилиши керак.
- Фарзандларингизда ҳам санъатга қизиқиш ва иқтидор борми? Агар улар ҳам шу йўлни танлашса сиз бунга қандай муносабат билдирасиз?
- Агар фарзандларим санъат йўлини танласа ва ҳақиқатдан ҳам унга кучли меҳр қўйса мен асло қаршилик қилмайман. Қизимнинг санъаткор бўлишга ҳаваси баланд. Лекин ҳали катта бўлгунча  фикри яна ўзгариши мумкин. Агар қарори қатъий бўлса санъат йўлининг қийинлигини тушунтиришга ҳаракат қиламан.  Ўзимнинг орзуларимдан бири ФХДЁ ходимаси ёки стюардесса бўлиш эди. Лекин бу орзуларим амалга ошмади. Агар қизимга маъқул келса шу касблардан бирини танлашни тавсия этган бўлардим. Ўғлим эса катта бўлгач дипломатия институтига киришни орзу қилади. Унинг орзулари амалга ошиб, юртимизга фойдаси тегадиган инсон бўлиб вояга етса хурсанд бўламана албатта.
-  Турмуш ўртоғингиз сизни нечоғли тушунади, деб ўйлайсиз?
- Турмуш ўртоғим мени юз фоиз тушунади, деб айтолмайман. Тўғри, оила қурган дастлабки пайтларимиз мени тушунгандир балки. Аммо кейинчалик ён-атрофдаги баъзи бир фикри тор одамларнинг бўлар-бўлмас гаплари туфайли баъзан фикри ўзгариб қолиши мени ранжитади. Бу дегани мени санъат йўлида эканлигимдан хўжайиним норози дегани эмас. Бизнинг орамизда  бўлиб турадиган келишмовчиликларга санъатнинг алоқаси йўқ. Агар турмуш ўртоғим санъатимни нотўғри тушунганда менга қаршилик қилиб, уйда ўтиргизиб қўйган бўларди. Худошога шукр, хўжайиним яхши инсон ва топиш-тутишлари ҳам ёмон эмас. Меники ҳам кам эмас, албатта.  Яратган ризқимга яраша беряпти, ортиқчаси менга керак ҳам эмас. Чунки ортиқча ҳашамни ёмон кўраман. Соғлом фикрлайдиган эркак аёли санъаткор бўладими ёки бошқа касб эгасими уни тушунади ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, деб ўйлайман. Оилавий бахт бу бир-бирини тушуниш ва ҳурмат қилишда. Агар шу нарсалар бўлмас экан, эр-хотин ўртасида  севги  ҳам бўлмайди.
- Ҳаёт машаққатларидан бироз ҳориган пайтингизда кўпроқ нималардан таскин оласиз?
- Бундай пайтлада кўпроқ ҳадис китоблар ўқийман, мусиқа тинглайман ва Оллоҳдан мушкулимни осон қилишини сўрайман. Тўғрисини айтсам, кўп йиғлайман. Ичимдаги дардларимни ҳар доим ва ҳаммага ҳам  айтолмайман. Ҳаётда соддалигим ва ишонувчанлигим учун кўп ноҳақликларга дуч келдим. Баъзи бир разил одамларнинг иккиюзламачилигидан ларзага тушаман. 
- Қайси таомни маҳорат билан тайёрлайсиз? Турмуш ўртоғингиз сиз пиширган таомлардан қайси бирини севиб истеъмол қиласиз?
- Барча таомларни қўлдан келганча тайёрлайман. Турмуш ўртоғим мен пиширган барча таомларни яхши кўриб истеъмол қилади, деб ўйлайман. Худога шукр, ҳали бирор марта  пиширган таомларимдан  нолиган эмаслар. Яхшиси, бу ҳақда у кишининг ўзидан сўраб кўриш керак.
- Оилада қандай бекаман, деб ўйлайсиз?
- Билмадим, ўз-ўзига баҳо бериш нотўғри бўлса керак. Лекин шуни айтишим мумкинки, оилада биринчи ўринда тозаликка катта эътибор қаратаман. Ҳар қандай шошилинч ишим бўлсада, уйимни топ-тоза қилиб, ҳамма жойни чиройли қилиб  кейин кўчага отланаман. Агар ҳар замонда шундай ҳол рўй берса ҳам ўзимни ғалати ҳис қиламан. Тозалик мен учун биринчи ўринда туради.
- Байрамда қандай совға олишни хоҳлардингиз?
- Мен тўғриси, совға беришни яхши кўраман. Совға олиш эса ким қандай совға беришни ўзига эп кўрса барчаси мен учун қадрли.Совғанинг катта кичиги йўқ. Табриклайман деган сўзнинг ўзи менга қувон бағишлайди. Эътибор берганига ва  эслаганига хурсанд бўламан.
- Либосларингизда миллийликка урғу беришга ҳаракат қиласиз. Стилистларингиз ва дизайнерингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
- Албатта,  шу ўринда мухлисларимга гўзал ҳолда  намоён бўлишимда ўз ҳиссаларини қўшаётган “Мубина веллис” салонидаги Мамлакат ва Наргизахонларни тилга олиб ўтишни истардим. Уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Эгнимдаги либосларимни  тикиб келаётган “Феридун” ателисидаги Фарҳод ака Баҳриддинов ва Шаҳноза Баҳриддонваларга, “Дилдора али” ательесидаги Дилдорахонга  ўз миннатдорчилигимни билдираман.
- Мухлисларга байрам тилакларингиз?
- Ҳамиша соғ-омон бўлишсин. Чунки соғлик бўлса инсонга барча неъматлар татийди. Бир донишманд айтган экан “Ҳамма инсон Яратгандан фарзанд, соғлик, тинчлик ва бойлик  сўрайдию, аммо ақл сўрамайди, деб. Мен шу ўринда  Оллоҳ барчамизга энг аввало мустакам ақд-идрок, теран тафаккур ато этишини сўрайман. Ҳар қадамимизни ўйлаб босайлик ва одамларга беминнат ёрдам берайлик. Сизлар билан жуда кўп баҳорларни қарши олиш насиб этсин.
- Суҳбатингиз учун ташаккур! 

Суҳбатдош - Гулруҳ ЁРМАТОВА.

2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот