ФЕРУЗА ЖУМАНИЁЗОВАГА ЯШИРИН ЦЕНЗУРА ҚЎЙИЛГАНМИ?


 

Анча йиллар олдин санъат оламида ёрқин юлдуз каби порлаб сўнг ижодида катта танаффус ясаган истеъдодли хонанда Феруза Жуманиёзова бугун жўшқин ижод қўйнида эканлигидан барчамиз хабардормиз. Лекин у негадир олдингидек саҳналарни забт этмаётгандек назаримизда. Бунга сабаб Ферузага яширин цензура қўйилган, деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Биз шу ҳақда маълумотга эга бўлиш ва хонанданинг ижодидаги янгиликлардан газетхонларни хабардор этиш учун Феруза Жуманиёзовани суҳбатга тортдик 

 

  • Феруза, ижодингиздаги охирги янгиликлардан мухлисларингизни баҳраманд этсангиз.
  • Ижодимизда янгиликлар талайгина, десам муболаға бўлмайди. Янги қўшиқлар ёзяпмиз. Шулардан бири хоразм йўналишида куйланган “Шам” номли қўшиғимиз бўлди. Унга клип ҳам олишга улгурдик.
  • Феруза Жуманиёзовага яширин цензура қўйилган, деган гапларни эшитяпмиз. Бу нечоғли тўғри?
  • Ҳеч қанақа цензура йўқ, яширини ҳам ошкораси ҳам. Яйраб ижод қиляпман, мухлисларим учун яна ва яна янги қўшиқлар яратиш иштиёқи билан елиб-югуриб юрибмиз. Худога шукр, эркин ижод қилишим учун ҳамма шароит бор. Фақат ишлаш ва куйлаш керак.
  • Санъатга қайтган илк интервьюларингиздан бирида "Бир ёрилиб чиққим келяпти, ғояларим шунақа кўпки..." дегандингиз. Ҳозир шу ғояларни амалга ошириш қандай бўляпти? “Ёрилиб” чиқа олдингизми?
  • Худо хоҳласа, фақат шу мақсад йўлида тинмай ҳаракатдамиз. Ҳозир яна янги бир қўшиқ устида ишлаяпмиз. Бунга хоразмлик кўзи ожиз бир инсон куй басталаяпти. Ўйлайманки, ана шу қўшиқ ижодимдаги катта ёрилиш бўлади.
  • Бизга маълумки, сиз ҳозирги кунда қўшни давлатлардаги тўй ва тадбирларда ҳам иштирок этяпсиз. Айтингчи, у ёқдаги мухлисларингиз қайси қўшиқларингизни кўпроқ сўрашади?
  • Анча йиллар олдин хит бўлган “Ялла ҳабиби”, “Игнадан ип ўтмаса”, “занг-занги” номли қўшиқларимни қайта-қайта айтишимни сўрашади. Мен эса бундан қувонаман. Орадан шунча вақт ўтган бўлсада мухлисларим ҳамон шу қўшиқларимни эшитишаркан.
  • "Ялла ҳабиби" қўшиғи чет эллик жуда кўп хонанандалар томонидан ўғирланган экан.
  • Албатта, ўз қўшиқларининг дунё бўйича оммалашиши ҳар қандай санъаткорни қувонтиради. “Ялла ҳабиби” ни бир қанча давлатларда микс тури ва қайта куйланган вариантлари бор. Ҳатто бир араб қизи бу қўшиқни соф ўзбек тилида куйлаб, мени ҳайратга солди. Шунчалик ёққан эканки, куйлабди, қаршилигим йўқ. Ахир қўшиқларим қанча кўп оммалашса шунча яхшимасми? Аммо бир эътирозм бор, ким бўлса ҳам қўшиқларимни куйлашдан олдин бир оғиз ўзимдан сўраса ёмон бўлмасди. Қайсидир санъаткорнинг қўшиғини қайта куйлаш бу маҳорат, сўраб ижро этиш эса ўша санъаткорга нисбатан ҳурмат, деб биламан .
  • Дуэт куйлашга таклифлар бўляптими ва бунга сизнинг муносабатингиз қандай?
  • Дуэт куйлашга жуда кўп таклифлар бўляпти. Яқинда ҳам бўлди. Лекин мен ҳеч ким билан дуэт қилмоқчи эмасман. Репертуаримда фақат Асилбек Негматов (Амонуллоҳ) билан қилган дуэтим бор, холос.
  • Нега рад этяпсиз?
  • Дуэтга арзийдиган яхши қўшиқ йўқ. Сабаби шу.
  • Киноларга ҳам таклифлар бўляптими?
  • Бўляпти. Йўқ, мени кинода ўйнаш ниятим йўқ. Ҳар ким ўзининг ишини қилгани маъқул деб ўйлайман. Мен актёр эмасман, шундай экан фурсатдан фойдаланиб киноларда ўйнаб қолай, деган фикрдан йироқман. Чунки ҳамма касбнинг ҳам ўз устаси бўлади.
  • Олдинлари онангиз сизга доим тўйларда ҳамроҳлик қилган эканлар. Ҳозир ҳам шундайми?
  • Йўқ, ҳозир онам менга ҳамроҳлик қилмайдилар. Тўй ва тадбирларда менга продюссерим Искандар ҳамроҳлик қилади.
  • Яна суҳбатда онангиз “Феруза жуда бўш, ўзим ёнида юрмасам бўлмайди”, дегандилар. Ҳозир анча қатъийлашгандирсиз?
  • Албатта. Энди ўзим мустақил аёлман ва вақти келса ўзимни ўзим ҳимоя қилишга ва ҳақ-ҳуқуқимни талаб қилишга ҳам қурбим етади. Олдинлари онам менга ҳамроҳлик қилган бўлсалар у пайтлари жуда ёш эдим. Ахир санъат оламига 16 ёшимда кириб келганман. Ҳали бола пайтим бўлган бу даврлар. Онам ҳимоя қилмасалар ҳам бўлмасдида. Тўғри, баъзан тўй ва тадбирларда мухлислар ҳоли-жонингизга қўймайди. Бундай кезларда продюссерим Искандарга суянаман. У мени тала-тўпдан осонгина олиб чиқиб кета олади.
  • Доим таъқиб қилиб юрадиган, фанат даражасидаги мухлисларингиз кўп бўлса керак:
  • Ростини айтсам, жуда кўп. Баъзан безор қилиб юборишади. Шунинг учун тез-тез телефон рақамимни ўзгаритиришмга тўғри келяпти. Баъзан уйдан ҳам чиқолмай қоламан.
  • Ҳозир машҳур санъаткорларга ўзини ночор кўрсатиб моддий ёрдам сўрайдиганлар кўпайиб кетган. Сизда ҳам шундай ҳолат юз берганми?
  • Ҳа, ёрдам сўрайдиганлар жуда кўп. Ростини айтсам, ҳақиқатдан ҳам моддий кўмакка муҳтож бўлиб ёрдам сўрайдиганлар кўп. Қўлимдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Агар ўзимда йўқ бўлса бировлардан топиб бўлса ҳам қийналган одамга ёрдам берган пайтларим кўп бўлган. Таниш-билишларми, қўни-қўшниларми ёрдам сўраса қараб турмайман.
  • Қоматингизни тез ўз ҳолатига қайтара олдингиз. Спорт билан доимий шуғулланиб турасизми?
  • Албатта. Ахир спорт фақат қоматни сақлаш учун эмас, балки соғликка ҳам фойдали.Имкон бўлди дегунча ўз устимда ишлайман. Арабча рақс ва классик фитнес билан шуғулланаман. Яқинда уйимга югуриш гиламчаси олиб келдим. Энди шунда шуғулланяпман. Энг яхши кўрган спорт турим бу сузиш. Бу жону-дилим десам ҳам бўлади.
  • Оилавий дам олишларга масалан, тоғ саёҳатларига чиқиб турасизми ёки бунга вақтингиз етмайдими?
  • Албатта, тез-тез оилавий дам олиш масканларига бориб турамиз.Чорвоққа, Сўқоққа бориб турамиз. Айниқса зиёратгоҳ жойларга бориш жону дилим. Чунки бундай жойларда киши қандайдир энергияга ва кучга тўлгандек ҳис этади ўзини. Шунинг учун онам, турмуш ўртоғим ва ўғлим билан зиёратгоҳларга тез-тез бориб турамиз.
  • Концерт қўйишни қачонга режалаштираяпсиз?
  • Худо хоҳласа шу йил янги қўшиқлардан тузилган концертимизни мухлисларга тақдим этиш ниятимиз бор. Ҳозир шунинг ҳаракатида елиб-югуриб юрибмиз.
  • Суҳбатингиз учун катта раҳмат!

 

Суҳбатдош -

Гулруҳ ЁРМАТОВА

Манба: "Бекажон" газетаси.