ФАРЗАНДЛАРИМДАН БЕҒУБОРЛИКНИ ЎРГАНЯПМАН


 

ШОДИЯ   ТЎХТАЕВА: “ФАРЗАНДЛАРИМДАН БЕҒУБОРЛИКНИ ЎРГАНЯПМАН”

Истеъдодли актирисалардан бири Шодия Абдуқодировани нафақат бизда, балки қўшни давлатларда ҳам яхши танишади. Унинг мураккаб характерга эга бўлган образларда намоён бўлиши айниқса, томошабинларнинг юрагидан чуқур жой олган. Шу боис бўлса керак мухлислари Шодиянинг кейинги пайтда экранларда кўринмай қолганлигидан  хавотирда. Шунинг учун бўлса керак “Шодия Абдуқодирова санъатни тарк этдими”, деган савол билан таҳририятимизга мурожаат этувчилар ҳам бўляпти. Биз мухлисларнинг ана шундай сўровлари ва талаб-истакларидан келиб чиққан ҳолда Шодияни суҳбатга тортдик.

  • Биламизки ҳозир сиз фарзандлар тарбияси билан магшғулсиз. Бу машғулотлар сиз учун қийинчилик туғдирмаяптими? Актириса сифатида фарзандларингизддан нималапрни ўрганяпсиз ва уларга нималарни ўргатяпсиз?
  • Қайси соҳа вакили бўлишидан қатъий назар оналик ҳар бир инсон учун энг катта бахт бўлса керак менимча. Чунки фарзанд ҳар бир аёл учун энг буюк неъматдир. Мен учун ҳозир энг бахтли лаҳзалар, десам хато бўлмайди. Айни пайтда санъатдан, умуман ҳамма нарсадан бироз йироқлашиб, оила қўрғонининг бекасига айландим,  десам тўғрироқ бўлади. Фарзанд тарбияси билан машғул бўлиш менга ҳеч қачон оғирлик қилмайди, албатта. Менимча, бу ҳеч қайси аёлга ҳам оғирлик қилмаса керак. Шундай бахтни бергани учун Оллоҳга беадад шукрлар бўлсин. Ҳозир мен бахтдан фақат сармаст бўлиб, фарзандларимнинг ҳар битта хатти-ҳаракатини, босган қадамларини, гапирган гапларию, жарангдор кулгуларини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиляпман. Уларнинг ҳар бир янги қилиқларидан олам-олам завқ оламан. Бундай лаҳзалардан янада кўпроқ  баҳра олишга ҳаракат қиляпман. Туғруқ таътили бу аёл кишининг энг бахтли онларидан бўлса ажаб эмас. Фарзандларимга ўргатаётганларимга келсак, уларга кўпроқ мустақил бўлишни ўргатишга ҳаракат қиляпман. Ўзининг фикрига эга бўлишни шакллантиряпман. Ўзимнинг фикримни уларга сингдиришга эмас, аксинча кўпроқ уларнинг фикрини билишга ҳаракат қиляпман. Чунки фарзандларимнинг  ўзининг шахсий фикрига эга бўлган инсонлар бўлиб вояга етишини хоҳлайман. Масалан, кичкина фарзандим ҳали икки ёшга тўлмаган бўлсада, овқатини ўзи ейди. Унга бир ёшдан энди ўтгандаёқ қошиқ ушлашни ўргатганман. Ҳамма нарсага ўзи ҳаракат қилишини хоҳлайман. Бу мен уларга умуман бефарқман, дегани эмас албатта. Шунчаки ҳамма нарсани фарзандларимнинг ўзлари тезроқ ўрганишини, дарсини ўзи қилишини хоҳлайман. Албатта, она сифатида уларга ёрдам бераман. Лекин ҳеч қачон фапрзандим учун мен дарс қилиб бермайман. Масалан, ниманидир чизиш ёки ёзиш бўладими ҳаммасини ўзи бажаришига ундайман. Улардан ўрганаётганларим эса беғуборлик. Болалардаги беғуборликни гапариб адо қилиб бўлмайди. Улар шунчалик беғуборларки беихтиёр бола бўлиб қолгиси келади кишининг. Ана шу беғуборликни янада кўпроқ ўрганишга ҳаракат қиляпман. Актриса сифатида айтадиган бўлсам бу касб эгалари жудаям беғубор бўлишлари керак. Чунки актёрларнинг қанчалик кўнгли оқ ва беғубор бўлса ундан турли образ яратиш осон бўлади. Беғубор актёлар хилма-хил феъл-атворларни осонгина ярата олади. Агар қалб қанчалик  ғам-алам, қайғу-ҳасад ва ёмонликларга тўла бўлса бундай актёрдан режиссёр  қайсидир образ ёки қаҳрамонни ярата олмайди. Шунинг биз актёрлар болалардан беғуборликни қанча кўп ўргансак ҳам камлик қилади.
  • Сизнинг йога машғулотлари билан шуғулланишингизни яхши биламиз. Айни пайтда бунга қанчалик вақт ажаратяпсиз?
  • Йўқ, бунга айни пайтда ҳечам вақт ажрата олмаяпман. Жудаям хоҳлаяпман шундай машғулотлар билан машғул бўлишни. Лекин ҳозирча вақт ажартиш анча мушкул. Ростдан ҳам ўзбек аёлининг уйда бажарадиган ишлари  жуда кўп. Қозон-тавоқ ва пишир-куйдирлардан ортиб, спорт машғулотларига  вақт ажратишга қийналяпман. Шунинг учун вақти келиб, албатта, яқин кунларда  яна қайтадан спорт машғулотлари билан шуғулланишга ҳаракат қиламан.
  • Инсон учун айнан сизнинг ёшингизда ҳам ота-онасига ҳам фарзандларига ғамхўрлик қиладиган давр ҳисобланади. Мана шундай пайтларда ота-онангизга нечоғли ғамхўр ва эътиборлисиз? Бунга имкониятингиз етяптими?
  • Ростини айтсам, имкониятим етмаяпти. Айниқса, онамга нисбатан. Ҳамма болам дейди, деганлари бежизга эмас экан. Киши ўрта ёшга етганда фақат уй-рўзғор ва бола-чақа билан андармон бўлиб қоларкан. Ота-онамиз бизни турмушга бериб ёки уйлантириб ҳам бизга кўмаклашишга ҳаракат қиларкан. Ота-онаси бўлса киши барибир эрка бўлиб қолавераркан. Шунинг учун мен болаларимдан ортиб, ота-онамга уларга ёрдам беролмаяпман. Аксинча онам менга кўпроқ ёрдам беряптилар. Ҳали болаларим кичкина бўлганлиги учунми ўзим кўмакка жуда муҳтожман. Яъни болаларимга кўмак керак. Вақти келиб, Худо хоҳласа болаларим катта бўлса ота-онамнинг кўнглини олишга, оғирларини енгил қилишга қўлимдан келганча ҳаракат қиламан. Ҳозир ота-онамга бероладиганим фақат ширин сўз ва меҳрдир. Албатта, ёрдам қўлини чўзишга ҳаракт қиламан. Аммо улар менга кўпроқ ёрдам беришади. Болаларимни сайру саёҳатларга, театр томошаларига,  турли кўнгилочар  дастурларга олиб бориш онамнинг зиммасида. Чунки онам узоқ йиллик ўқитувчилик тажрибасига эгалар. Шунинг учун бу томондан болаларни бутунлай онамга топширганман, десам хато бўлмайди. Шу ўринда қайнонамнинг ҳам меҳнатларини айтиб ўтмасам бўлмайди. Ойижоним ҳам ўқитувчи бўлганлар ва фарзандларимни тарбиялашда менга жуда катта ёрдам беряптилар. Бунинг учун икковларидан ҳам ниҳоятда миннатдорман. Илоҳим, бахтимга ҳамиша соғ-омон бўлишсин.
  • Киноэкранларда жуда кам кўриняпсиз? Бунинг сабаби нимада? Кўнглингиздагидек сценарий йўқми?
  • Бу саволни менга жудаям кўп беришяпти. Аввало туғруқ таътилидаман. Менимча актираснинг олти йил туғруқ таътилида ўтириши жуда кам учрайдиган ҳолатлардан бири бўлса керак. Шундай бўлсада, мен бундан хафа эмасман. Бунинг ҳам ўзига яраша гашти бор. Аммо пичоқ ишлатилмаса занглаб қолади, деган гап бор. Шунинг учун кўнглимдагидек роллар бўлса йўқ демайман, албатта. Экранларга кўринмаётганимнинг сабаби ҳам шу, кўнглимга ёқидиган сценарий йўқ. Биз актёр халқи таклифларни кутиб яшаймиз. Менинг имкониятларимни ёки қайсидир бир янги қиррамни очиб бера оладиган, ўз фикри, ўз қарашларига эга ҳамда нималарнидир ўзгартиришга ҳаракат қиладиган шахс образини яратишни хоҳлайман. Лекин ҳозирча таклифлар орасида бундайларини кўрмаяпман. Албатта, Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, таклифлар жудаям кўп. Булар орасида яхшилари ва ёмонлари ҳам бор. Лекин мен болаларимни уйда қолдириб ва йиғлаб қолмадимикин,  эмизишим керак эди, деган хавотирдан юрагимни ҳовучлаб, безовта бўлишимга арзийдиган рол бўлса албатта, жон-жон, деб ўйнаган бўлардим. Афсус таклифлар орасида мана шундай қурбонликка арзийдигани  ҳозирча йўқ.
  • Реклама роликларида кўринмайсиз. Бунга уйдагиларингиз рухсат бермайдими ёки ўзингиз хоҳламайсизми?
  • Бу борада ўзимнинг принципларим бор. Тўғрисини айтсам, принциплари жудаям кўп инсонман, десам хато бўлмайди. Баъзилар нега шунақа принцип қиласан, дея савол берса бунга яхлит битта сўз билан жавоб беролмайман. Реклама роликларига ва клипларга тушмаслигим ана шундай принциплардимдан келиб чиққан ҳолатдир. Албатта, талабалик пайтларим клиплапга тушганман. Бундан ўн йиллар олдин реклама ролигига ҳам тушганман. Лекин буюртма берганларга “Мен актириса сифатида сизнинг маҳсулотингизни реклама қилишим керак. Айтадиган сўзим эса мен актирисаман, деб бошланиши керак”, дея шарт қўйганман ва реклама тексти менинг шартимдаги сўзлар билан кетган. Сўнгги ўн йилликда бу борада жудаям кўп таклифлар тушяпти. Айниқса, клиплар борасидаги таклифлар анчагина. Лекин мен рад этяпман. “Нега тушмайсиз, ахир бу пул-ку”дейишади.  Аммо гап пулда эмасда. Тўғри,  пул ҳаммага керак. Лекин пул ҳамма нарсани ҳал қилмаслиги керак.  Мен бу билан умрбод клип ёки рекламаларга тушмайман, дегани эмас. Қачондир тушарман балки. Лекин шу пайтгача бу ишни қилмадим ва бундан кейин ҳам қилмасликни хоҳлардим. Лекин бу ҳаёт. Балки инсон мажбур бўлиб қолиши мумкиндир. Шунинг учун узул-кесил ҳеч қачон қилмайман, деб гапириб бўлмайди. Бироқ шуни таъкидлаб ўтишим керакки, битта фильмга тушаётган пайтим паралел равишда бошқа фильмларга тушмасликка ҳаракат қиламан. Чунки битта актёр ёки актрисанинг ҳадеб фильмларда кўринавериши, телевизорни қайси каналга олманг унинг чеҳраси намоён бўлавериши  томошабиннинг меъдасига тегади. Шунинг учун мухлисларни соғинтириб ва албатта, энг сара фильмларга тушган маъқул.
  • Театр ва кино. Агар иккисидан бирини танлашга тўғри келса қайси бирини танлаган бўлардингиз?
  • Албатта театрни. Чунки мен театрда шаклланган актирисаман. Кўз очиб кўрган масканим театр. Чунки биринчи курсда ўқиб юрган кезларимданоқ театрда фаолият юритишни бошлаганман. Театрни оила деб бекорга айтишмайди. Театр бу катта жамоа, катта бир оила. Кино ҳеч қачон оила бўлолмайди. Чунки кинода бугун бошқа гуруҳ билан ишласанг, эртага яна бошқаси билан ҳамкорлик қилишингга тўғри келади.Театрда эса ўша-ўша команда билан ишлайсан. Фақат режиссёр алмашиши мумкин, лекин жамоа ўзгармайди. Театрдаги ҳамкасбларинг бугун саҳнада акангни ўйнаса эртаси куни отангни ўйнаши мумкин. Шунинг учун театр бу катта бир оила. Яхши ва ёмон кунларингизда бири-бирига ёрдам беришга шай турадиган, ҳурматга лойиқ маскан, деб биламан.
  • Қандай ролларни ўйнаш сизга мураккаблик туғдиради?
  • Ўртача ролларни ўйнаш. Чунки ҳаётда куршмайдиган қаҳрамонларни ёмон кўраман. Ҳамма нарса кураш орқали бўлишини хоҳлайман. Ўзим табиатан оғзини очиб ўтирадиган, бўш-баёв аёл бўлмаганим учунми ҳар доим курашиб яшашга ҳаракат қиламан. Аслида ҳаёт курашдан иборат эмасми?!. Бахт учун ҳам курашиш ва меҳнат қилиш керак. Ҳеч нарса осонлик билан амалга ошмайди. Меҳнат ва кураш ҳаётнинг асоси. Ҳар доим инсондан ҳаракат талаб қилинади. Шунинг учун бахт кутиб яшайдиган аёллар ролини ўйнашни ёмон кўраман. Бахт ўз-ўзидан келиб қолмайди-ку, дея дртамтург ва сценарийнавистлар билан доим баҳслашаман. Қаҳрамонларимнинг қатъий фикрли, меҳнаткаш ва курашувчан бўлишини хоҳлайман. Ахир актёр ҳар бир ролни ўзидан келиб чиқиб ўйнайдида.
  • Образга кириш учун сизга қанча вақт керак бўлади?
  • Бу шароитга боғлиқ. Ҳамма нарса мужассам бўлса ролга киришингиз шартмас, ролнинг ўзи сизга киради. Агар шароит ва партнёрларингиз билан боғлиқ ҳолат бўлса образга киришим қийинроқ кечади.
  • Бирор-бир қаҳрамонни гавдалантириш учун одамларни кузатасизми?
  • Албатта, бусиз иложи йўқ. Инсонда эмоционал хотира бор. Мен ана шу эмоционал хотирамга ўқиган китобимдаги қаҳрамонларимними ёки қўшнимни, қариндошларимними кузатиб, уларнинг ҳар биридан бирор бир жиҳатларни олишга ҳаракат қиламан.
  • Қандай пайтда ўзингизни кучсиз ҳис қиласиз?
  • Яқин инсоним касал бўлганда ўзимнинг кусчизлигимни, барча нарса Яратганнинг ҳукмига боғлиқ эканлигини ва қўлимдан дуо қилишдан бошқа нарса келмаслигини ҳис қиламан. Лекин шунда ҳам тушкунликка тушмасликка ҳаракат қиламан. Чунки энг ёмон кўрганим бу тушкунлик.
  • Агар сизга дунёни ўзгартиришга имкон берилса энг биринчи бўлиб нимани ўзгартирган бўлардингиз?
  • Бегуноҳ болаларнинг касал бўлмаслигини, айниқса тузалмас дардга чалинган гўдакларнинг бу оламдан эрта кетмаслигини....
  • Китоб ўқишга вақт ажрата оляпсизми ва айни пайтда қандай китоболар ўқяпсиз?
  • Ростини айтсам, китоб ўқишга вақт топишим жуда қийин бўляпти. Мен ҳамиша кайфиятимга қараб китоб ўқирдим. Лекин ҳозир бунинг иложи йўқ. Шунинг учун кўпроқ аудио китобларни тинглаяпман.
  • Сизни энг таъсирлантирган китоб қайси?
  • Бундай китоблар кўп. Биринчи курслигимда домламиз бир ҳафтада ўқиб келинглар дея Жек Лондоннинг “Мартен Иден асарини” вазифа қилиб берганди. Ана шу китобдан қаттиқ таъсирланганман. Бундан ташқари, Достоевскийнинг “Телба” асари ҳам хотирамда қолган. Аслида инсоннинг хотирасида узоқ вақт мухрланиб қоладиган асарлар бўлади. Ана шундай асарлардан бири Чингиз Айтматовнинг “Касандра тамғаси” дир. Айниқса, бош қаҳарамоннинг эпизодлари миямда қаттиқ мухрланиб қолган. Баъзи китоблар бир-икки ойда хотирамдан ўчиб кетади аммо баъзи асарлардаги қаҳрамонларнинг сўзлари, ҳолати ва ҳайқириғи узоқ йиллар хотирамдан ўчмайди.
  • Болаларингизга ҳам китоб ўқиб берасизми?
  • Албата, уларнинг ёшидан келиб чиққан ҳолда эртак ва шеър китоблар ўқиб бераман.
  • Бахт сиз учун нима?
  • Шукроналик. Ҳамма нарса учун шукр келтириш бу улкан бахт. Ўз оёғим билан юрганим ва кўзларим билан дунёни кўраётганим учун Яратгангга шукрлар бўлсин!
  • Самимий суҳбатингиз учун ташаккур.

Гулруҳ ЁРМАТОВА

Манба: "Бекажон" газетаси