ОҚҚАН ДАРЁ ОҚАВЕРАДИ


ОҚҚАН ДАРЁ ОҚАВЕРАДИ

 

     Азал-азалдан юртимизнинг сўлим гўшаларидан бири Фарғонанинг ўзига хос кулгу мактабининг томири, чуқур илдизи чинорларга қиёс қилинади. Устоз Юсуфжон қизиқ Шакаржоновдан, Муҳиддин Дарвешгача ҳақиқатан жуда катта мактаб яратилди. Кимлар яралмади бу даргоҳда. Бизнинг қаҳрамонимиз Шерқўзи Ғозиев ҳам ўша илдизнинг бир бўлаги. Бир қарасанг, комедияни қойиллатаётган сатирик актёр, бир қарасанг, саҳнани ларзага солиб-ичак узди ҳангомалари, қўшиқлари билан қалблардан ўрин олган бу ижодкорни, инсонни фақатгина кулиб турган чеҳрасини биламиз-у, аслида ҳаёт чархпалаги гардишида айланолмай, қанчадан-қанча ижод намуналари саҳна юзини кўрмай, кўра олмай армонларга айланган “ўша қора” нуқталарни бугун ошкор қилдилар.

ДУРАДГОРЛАР СУЛОЛАСИНИНГ САНЪАТКОРИ

 

     Мен 1950-йили 8-май куни кеч соат йигирмалар чамаси, марҳум онам Ҳадича Ғозиева ҳамда отам Тошқўзи Ғозиевнинг айтишларича йиғлаб эмас, кулиб дунёга келган эканман. Отам дурадгор уста, онам уй бекаси эдилар. 1957-йил биринчи синфда ўқиб юрган пайтларим, отам қўлимга ранда бериб, 4та тахтани кўрсатиб: "дарсларингни тайёрлаб бўлгач, шу тахталарни рандалаб қўясан. Мен ишдан келгач, иккимиз эшик, дераза ясаймиз”, - дедилар. Мен хурсанд бўлиб кетдим. Зукко, чайир бола эканманми, бурнимни тортиб юриб, тахталарни рандалаганман. Шундан сўнг, отам қаерда ишласалар ўқишдан сўнг етиб бориб, шогирдлари қатори ёрдам берардим. 17 ёшгача ота касбини тўлиқ ўргандим. Отам шогирдлари Рахматилло ака билан илк бор ҳамқишлоғимиз Омон акага икки хонали уй, айвони билан мустақил қуриб берганимизни кўрган отам иккимизга ҳам фотиҳа бергандилар. “Йигит кишига қирқ хунар кам” деган гапни кўп бор эшитганим боис, ҳар бир сохани, у нонвойми, монтёрми, шофёрликми, пайвандловчилик, тракторчилик йўл-йўлакай ўрганиб гувоҳномалар ҳам олганман. Боғдод тумани маркази Серево қишлоғида Ҳошим ака деган жуда кучли дорбоз бўларди. Уларга ҳам шогирд тушиб, дор устига чиқиш, тош кўтариш, масхарабозлик сирларини ўрганиб, уйимга дор тикиб, дўстларим Юнусали Солиев, Муқим ва Маъруф Тешабоевлар билан биргаликда томошалар қўя бошладик. Ўша пайтлар қишлоғимизга сайёр кино келиб, ҳинд кино фильмларини қўйишарди. Раж Капурнинг “Дайди”, “Жаноб 420” фильмларини кўрганимда ўн ёш эдим. Шундан актёрлик ва қўшиқ айтишга бутун борлиғим билан қизиқиб қолдим. “Фарғона тонг отгунча” қўшиғини биринчи ижро этган Абдуллатиф Холдаров мактабимизда ашула дарси ўқитувчимиз эди. Улар билан алоҳида шуғуллана бошладим. Кейинчалик эса халқ хофизи ва сўз устаси Расулқори Мамадалиев қўлларида сабоқ олдим. Мактаб, колхоз-совхоз байрамлари, қурултой ва бошқа неки байрам, тантана бўлса, иштирок этардим. Ўн етти ёшимга қадар саҳна сирларини ўрганиб, қўшиқчи-қизиқчи сифатида бирмунча танилиб қолдим. “Дурадгорнинг ўғли дурадгор бўлсин-да, саҳнада бало борми, шарманда бўлиб,” деб икки оёғини бир этикка тиқиб, тиш-тирноғи билан қарши бўлиб юрган отам, бир куни қўшни қишлоққа тўйга борганлар. Ўша жойда биз хизмат қилаётган эдик. Қарасам, отам нариги сўрида ўтирибдилар. Ичимда “вақтинг келди, Шер”дедим-да, таваккал: “Мен ўзимни таништирсам, исмим Шерқўзи, фамилиям Ғозиев, отамнинг исми Тошқўзи. Энди русчасига таржима қилсангиз Шерқўзи - Лев барашка. Ғозиев - Гусев. Тошқўзи - Камен барашка бўлади. Агар тилингиз келмаса зоопарк деб қўйсангиз ҳам бўлади", - дедим. Бўлди кулгу, қарсаклар анчагача тинмади. Отам раҳматли ҳам мириқиб кулганлар ва шундан кейин оқ фотиҳа берганлар.


Ота, устозлар дуоси билан


     1967-йили ота-онам, устозларим дуоси билан Тошкентга, санъат институтига йўл олдим. Афсуски, имтиҳонларига кеч қолганим боис, Тошкент Маданий-оқартирув техникумининг Режиссёрлик факулътетига ўқишга кирдим. Аълога ўқиганим учун мени “Республика ёш томошабинлар театри”га актёр сифатида ишга таклиф қилишди. Театрда қатор роллар ижро этиш билан бирга институтни сиртқи бўлимини ҳам тугатдим. Шундан буён “Телеминиатюралар театри”, "телевизион театрлар”, кино, “Наштар” кино журнали, “Табассум” радиожурналида актёр, режиссёр, сценарист сифатида фаолият юритиб келяпман.

 

Чақмоқ бўлган "Ханда”...

 

     1979-йили Ўзбек Давлат филармонияси қошида “Ханда” сатира ва юмор студияси ташкил қилдик. Қисқа фурсат ичида нафақат Ўзбекистонда, балки дунё бўйлаб ўз гастрол сафарларини уюштиришга мушарраф бўлдик. Замонанинг салбий кўринишлари ҳажв остига олиниб, сатиранинг аччиқ қочирими орқали қилган чиқишларимиз, муқаллидбозлик, элимизнинг ардоқли, камтарин санъаткорларини гап сўзлари, овоз ва юриш туришларини кўрсатиб беришимиз жуда катта шуҳрат олиб келди. Машҳур Аркадий Райкин, Геннадий Хазановлардан ўрганиб, унга миллий руҳ сингдирган холда дўстим Абдулпаттох Саидов билан “Алиш-Валиш” бўлиб чиқишимиз саҳнани “ёндириб” юборар эди. Лекин минг афсуски, “Ханда”миз чақмоқ каби ёнди-ю, ўчди, аниқроғи ўчиришди...

 

Туҳматнинг оғир тошлари...

 

     1985-йили туғишган опамни ўғилларини суннат тўйи бўлаётган куни. Тушдан сўнг, филармония раҳбари телефон қилиб: ”СОВМИН раиси Раъно Хабибовна Абдуллаева ўғлини уйлантираётганлигини соат 18га етиб келишимни” айтганда, ”менинг уйимда ҳам тўй бўлаётганини, қолаверса, хоҳласам ҳам айтилган соатга етиб боролмаслигимни ( у пайтлар ҳозирги шароитлар қаёқда дейсиз) айтиб, узр сўрадим. Шу сабаб, Абдуллаева менга очиқдан-очиқ қаршилик қила бошлади. ”Бизга ҳазил керак эмас” деб ансанбльни ёптирди.Унвонлардан ўчириб, экранлардаги алоҳида чиқишларимни ҳам тақиқлатиб ташлади... Ёшлигимдан Ҳинд санъатига қизиқишим боис, ҳинд тилини мукаммал ўргандим. Инсон чин дилдан ният қилса, Аллоҳ берар экан. Ҳаётимдаги орзуларим рўёбига айланишига сабаб бир тадбир бир умр ёдимга муҳрланган. 1986-йили Ўзбекистонда Осиё ва Лотин Америкасининг навбатдаги кинофестивали бўлиб, 30-май куни поёнига етди. Тадбир якунида қатнашчилар учун концерт уюштирилди. Шунда мен "Сангам" филмидаги "Бол Радҳа, бол сангам" қўшиғини ижро этдим. Давомли қарсаклар бир бўлди-ю, Раж Капур ўрнидан туриб, мени қучоқлаб, бағриларига босганлари бир бўлди. Ана ўшандан буён бу оила менинг яқин дўстимга айланиб кетди. Бу дўстлигимиз икки халқ ўртасидаги дўстлик бўлиб, санъатимизга ҳам ўзининг ижобий натижасини кўрсатди. Ҳиндистонда ҳамкорликда анчагина концертлар ўтказдик. Ўзбекистонга ҳам Ҳиндистондан бир неча эстрада гуруҳларини олиб келдим. Мустақиллигимиздан кейин қора кунларимиз ўтди”, - дея хурсанд бўлиб, ”Шерхан” студияси ташкил қилиб, кўтаринки руҳ билан ижод бошладик. Аммо...хурсандчилигимиз узоққа бормади. Ўзбекистонга ташриф буюришган Ранҳир, Риши, Ражив Капурлар ва хонанда Мукешнинг ўғли Нитин Мукешнинг гуруҳи бизнинг таклифимиз билан ташриф буюришгани Гулнора Каримовага ёқмаган. Лойиҳадан воз кечишимни сўрашганида, мен рози бўлмадим. Бир куни тўсатдан уйимга милиция ходимлари бостириб киришиб, ҳаммаёқни тинтув қила бошлашди. Бир милиционер томга чиқиб, қўлида латтага ўралган битта нарса билан қайтиб тушди. Не кўз билан кўрайлик, умримда кўрмаган автомат эди...Мени Тоштурмада 8 ой сўроқ қилишиб, суд залидан оқлаб чиқаришди...
     1998-йили Г. Каримова Ҳинд эстрада юлдузи Алиша Чинайни Ўзбекистонда учта шоу программа ўтказиш учун таклиф қилишган ва нархини келишиша олмаган. Бундан мен мутлақо бехабар эдим. Хонанданинг турмуш ўртоғи Ражеш Жавери билан дўстлигимиз боис, уларни Ўзбекистонда концерт беришга келишдик. Келишилган пулни яримини бериб, юртга қайтгач, хурсанд холда рекламалар тайёрлаб, телевидениега бердик. Бундан хабар топган Г. хоним дарғазаб бўлиб, менга қарши ҳужум бошлади...Филармонияда анча йиллар бирга ишлаган бир аёл уйимга меҳмон бўлиб келди. Ошимни еди. Кетарда, ҳайрлашиб туриб, чўнтагимга латтага ўралган бир нарса солиб қўйибди. У ҳали кетиб улгурмай, уйимни орган ходимлари босди. 200 грамм тилло билан қўлга олишди гўё...Ичкарида емаган сомсага 1 йил-у, 3 ойлик умрим билан тўлов тўлаган бўлсам, бир умрга одамлар орасида чин ҳақиқатни билишмай “қурол, тилло савдоси билан шуғулланган” деган доғ ҳали ҳануз номим билан боғлиқ бўлиб келмоқда...

 

Оғир кунимдаги суянчиқларим

 

     Инсонни бошига иш тушганида атрофидагиларнинг ҳақиқий юзи кўринар экан. Мени яхши кунимда, боримда қўлини кўксига қўйиб турганларни бирортаси қолмади. Яхшики, бахтимга укам, қондошим Аъзамжон бор экан. Мени ёлғизлатиб қўймади. Марҳум турмуш ўртоғим Зебохонни эса пойига, руҳи олдида бош эгаман. Бундай матонатли, сабрли аёл ҳақида ҳар қанча таърифласанг оз. Яна бир эътироф, укамни айтишича таниқли актёрларимиз Лутфулла ҳамда Хайрулла Саъдиевлар ҳам катта матонат билан мени ёнимни олиб, раҳбарларгача чиқишган. Бу ишда кимни қўли борлигини билишиб, шўрликларни тарвузи қўлидан тушиб, оиламга далда бўлиб туришган экан. Уларни бир умр дуо қиламан.

 

Шарти бажарилмаган шартнома

 

     Аллоҳимга шукурлар бўлсинки, “Ўзбекистонимиз осмонида қуёш чарақлаб чиқди” десам муболаға қилмаган бўламан. Бу оддий сўз эмас, ўтмишнинг “аччиқ заҳри”ни тотиган алам ва умидларда умрини йўқотиб, кексайган бир ижодкорнинг чин юрагидаги гапи! Мана Ватанимиз эшиклари дунёга очилаётган, юртимизда кундан-кунга бўлаётган ўзгаришлар, янгиликларга сўз ожиз. Бу шароитда жим ўтириш менимча жиноят. Мен ҳам шу кунларда ўша пайтлар Раж Капур оиласи ва Алиша Чинай билан шартнома тузиб, аммо охирига етказа олмаган ишимни бажариб, халқимиз олдидаги қарзимни тўласам мендан бахтли инсон бўлмаса керак.
     Гоҳ кулдириб, гоҳ кўзда ёш билан тўлқинланиб сўзлаётган бу инсонни навқирон ёшида, қанча ижод хазинаси нобуд бўлгани ачинарли, албатта. У хотираларга саҳифалар етмайди, Устоз билан хайрлашар эканман, “санъат аҳли дарёга ўхшайди, уни ҳар қанча тўхтатишга уринманг, бари бир ўз ўзанига қўшилиб оқаверади”, деган гап нақадар ҳақлигига ишондим. Кексаларимиз айтганларидек, "оққан дарё оқаверар” экан.

 

Севдора Латипова суҳбатлашди.

Манба: "Zo'r Тасвир" журнали.