ХОСИЯТ РУСТАМОВА: “ИЖОД ЁЛҒИЗЛИКНИ ТАЛАБ ҚИЛАДИ”


 

ХОСИЯТ РУСТАМОВА: “ИЖОД ЁЛҒИЗЛИКНИ ТАЛАБ ҚИЛАДИ”

Таниқли шоира Хосият РУСТАМОВА билан суҳбат

 

— Ассалому алайкум, Хосиятхон. Аввало, «Олтин қалам» XIV миллий мукофотининг тақдирлаш маросимида Матбуот йўналиши бўйича Сиз бошчилик қилаётган «Китоб дунёси» газетасининг мукофотланганлиги билан табриклаймиз! Бу ютуқда Сизнинг юксак хизматингиз ва салмоқли улушингиз борлигини эътироф этишимиз керак.

— Биз мазкур халқаро танловда матбуот йўналиши бўйича қатнашдик ва ғолиб бўлдик. Биз адабиёт учун хизмат қиламиз. Адабиёт бу — мафкура, адабиёт бу — маърифат, адабиёт — маънавият демак. Яна айтадиган бўлсам, адабиёт —  тафаккур қилиш санъати. Фақат адабиётгина бутун дунёни бирлаштириши мумкин. Тасаввур қилинг, сиз қайсидир давлатнинг вазиридан бехабар бўлишингиз эҳтимолдан холи эмас, лекин ўша давлатнинг ёзувчи-шоирларини биласиз. Мен адабиётни улкан кемага ўхшатаман. Кеманинг сузувчиларидан тортиб, ҳайдовчиларигача ёзувчиларга ўхшайди. Бошқача тасаввур қилиб бўлмайди. Сабаби, мен қайсидир давлатга борадиган бўлсам, ўша давлатнинг ёзувчиларини ўрганаман. Қайси ёзувчи, шоир мана шу давлатдан чиққан экан, Нобель мукофотини кимлар олган? Қайсиларини танийман? Қайсидир давлатни кўз олдимга келтирганимда, ўша давлатни асарлари орқали тасаввур қиламан. Демакки, муайян халқ ҳақида тасаввур ва тушунчага эга бўлиш учун ҳам уларнинг ёзувчиларини ўрганиб чиқаман. Шу маънода, бу дунёга келиб, қанча одамлар ўтиб кетди, лекин шоир ва ёзувчиларнинг асарлари йиллар, асрлар мобайнида яшайди! Маънавияти ҳақида бошқа мамлакатларга асарлари орқали хабар бериб туради. Айтиш мумкинки, ҳақиқий ёзувчи билан шоир кичкина одамлар эмас! Улар Ватан, халқ ва миллатининг эртаси. Биласиз, бу дунё жуда ҳам чексиз, биз билмайдиган қанча халқ, миллат, тиллар бор! Биз иложи борича уларга мурожаат қиляпмиз, 50 дан ортиқ таржимонлар билан ишлаб, таржима асарларни ўзбек ўқувчилари эътиборига ҳавола этиш учун ҳаракатдамиз.

— Биламизки, «Китоб дунёси» газетаси барча мамлакат адиб ва шуаросини бирлаштирувчи адабий кўприк вазифасини бажармоқда. Юртимизда 50 дан ортиқ таржимонларингиз бор. Билишимизча, 32 та давлатда ҳам вакилларингиз бор экан.

— Худди шундай, 5 та қитъа бўйлаб 32 та давлатда 36 нафар вакилларимиз бор.

— Буларнинг барчасини ўзингиз топганмисиз? Ёки улар Сизга мурожаат қилишганми?

— Хориждаги адабиёт вакилларининг бизнинг вакилимиз бўлиш сабаблари турлича. Асосан, улар билан суҳбат қилганмиз. Натижада, улар бизнинг газетамизга қизиқиб қолишган.

— Суҳбат қаерда бўлган? Интернет орқалими ёхуд турли давлатларга ташрифингиз чоғидами?

— Баъзан интернет орқали, гоҳида бошқа мамлакатларга саёҳатга борганимда. Ёки бўлмаса таржимонларимиз чет эл сафарларига боришганида уларга дуч келишган. Мана шулар орқасидан вакиллар орттиришга муваффақ бўлганмиз. Айниқса, яқинда Въетнамда бўлганимда, уларнинг сафи янаям кенгайди. Ҳозир ишонсангиз, «Китоб дунёси» газетасини бизнинг тилимизда атай бошлашган. Яқинда менга мактуб ёзган Въетнамлик шоирнинг хатини кўздан кечириб, бунга амин бўлишингиз мумкин. Бундан ташқари, у «Сизнинг газетангизда чиқсам эди», деб ёзган. Биз, албатта, бундан фақат хурсанд бўламиз. Газетамизнинг ҳар сонида тирик шоирлар билан ўқувчиларимизни таништиришга ҳаракат қилиб турибмиз. Газетамизнинг 8-сонида “дунё шоирларининг шоири” деб аталадиган колумбиялик шоир Фернандо Рендон билан суҳбат қилиб, унинг шеърларидан таржималар бердик. Мен, Фернандонинг шу даражада хурсанд бўлишини кутмаган эдим! Интернетдаги саҳифаларини кўздан кечирганимизда, у жумладан: «Мен Ўзбекистоннинг «Китоб дунёси» газетасида чиқдим. Мана, мен ҳақимда нима деб ёзишгани ва уларнинг саволларига қай тарзда жавоб берганимни ўқиб кўринглар», — деган маънодаги сўзларни битган. Газетамизнинг яна бир сонида въетнамлик шоир билан суҳбат қилганимизда, “Шеърият ўлиши мумкинми?” деган саволимизга жавобан у: «Агар бу дунёда битта тирик одам қолган бўлса ҳам, албатта, шеърият ва адабиёт яшайди», — дея жавоб қайтарган.

  Биз бу каби суҳбатларни газетамиз саҳифаларида эълон қилиб турибмиз ва келгуси сонида ҳинд журналисти билан бўлиб ўтган мулоқотимизни беряпмиз. У ҳам адабиёт ҳақида чиройли гапирган. Эртага бугунги ёшларимиз «Биз «Китоб дунёси» газетасидан фалончи шиор ё ёзувчини ўқигандик ёки адабиёт, китоблар ҳақида маълумот олган эдик», дейишларини хоҳлаймиз.

— «Китоб дунёси» газетасини кўпчилик эътироф этишди. Мисол учун, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори — Абдусаид Кўчимов ҳам Сизларнинг газетадаги иш фаолиятингизда юксак чўққиларни забт этаётганликларингизни таъкидлаб ўтди. Кўплаб давлатлар билан алоқангиз ва у ерларда вакилларингиз борлигида Сизнинг ташаббусингиз бор, албатта. Лекин яна бир ҳақли савол туғилади. Бошқа халқларнинг тилидан ўзбек тилига адабиёт намуналари таржима қилинаётгани яхши, бироқ таржима анча мураккаб ва машаққат талаб этади! Шахсан ўзингиз, айтайлик въетнам ёки ҳинд тилини билмай, таржимонларнинг қай даражада таржима қилаётганини қандай аниқлайсиз?

— Буни аниқлашнинг имкони бор. Бизда фаолият юритаётганлар шунчаки таржимон эмас, улар тажриба мактабларини ўташмоқда. Сўзни биладиган, тушунадиган, сўзнинг моҳиятини англаб етадиган, ҳар икки тилни мукаммал биладиган таржимонлардир. Улар сўзма-сўз таржима қилишаётгани йўқ, улар ҳар бир сўзнинг салмоғини ич-ичидан ҳис қилган ҳолда ўзбек тилига ўгирмоқда. Шу маънода, айтайлик, таржимонларимиз въетнам тилида бир асарни кўриб қолишди. Аммо билишадики, биз Вьетнам тилини билмаймиз, лекин кўрамиз. Кўрган чоғимизда транслятор ёрдамида унинг мазмуни ва моҳияти ҳақида озгина бўлса-да тасаввур ҳосил қиламиз. Пировардида, ўша асарга қизиқиб қоладиган бўлсак, таржимонларни қидирамиз ва ўша асарни таржима қилишга берамиз. Асар ўзбекчалаштирилгач, мазкур тил мутахассисларига мурожаат қилиб, бу таржимоннинг муайян тилни қай даражада мукаммал билишини аниқлаймиз. Мутахассис тавсиясига кўра, ижобий топилсагина, биз ўша таржимоннинг фаолиятига нисбатан ишонч ҳосил қиламиз.

— Хоҳ санъатда, хоҳ адабиётда бўлсин, эр-хотин ижодкор бўлса, эрнинг ҳам, аёлининг ҳам бахти кулгани, деб биламиз. Чунки, ижод аҳли бир-бирини яхши тушунади. Ижодкорнинг қалбини, ички кечинмаларини фақатгина ижодкор англай олади. Бу борада Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова ва бошқа кўплаб адабиётимиз намояндалари бизга ўрнакдир. Шу ўринда, Сизларни ҳам шубҳасиз улар қаторига қўшиш мумкин. Турмуш ўртоғингиз Қўчқор Норқобил билан бир оилада йиллар давомида биргаликда ижод қилиб келяпсизлар. Умуман олганда, эр-хотин ижодкорнинг қандай ижобий ва оғир томонлари бор?

— Ижод, истайсизми-йўқми, барибир ёлғизликни талаб қилади! Албатта, ёзаётганда баъзан ўзингиз ўзингизга халақит берадиган пайтлар ҳам бўлиши табиий. Бундай кезларда ўзингиздан ҳам қочиб кетгингиз келади. Аммо иккита ижодкор битта оилада яшашининг яхши томони, бу ҳолатлар икковингизга ҳам бегона эмас. Ёмон томони ҳам унчалик ёмон эмас. Сабаби, ёмон ёзишга хаққингиз йўқлигини ҳис қилиб турасиз. Чунки, биринчи ўқувчингиз олдида худди биринчи синф ўқувчиси каби ҳис қиласиз ўзингизни.

— Кимнингдир шеърини таржима қилаётганингизда муаллиф руҳининг хомуш ёки хурсандлигини ҳис қилиб турасизми?

— Шубҳасиз. Аммо қийналиб турган пайтларинг ўзлари ёрдам беришади…

— Мана, исмингиз Хосият, бу — хосиятли дегани... 

— Шундай бўлсин. Менинг исмимни жуда катта домла қўйганлар. Бизнинг Олмосда Олимбек ота деган домла бўлганлар. Шу домла қулоғимга азон айтганлар. Онамнинг кўнгилларида менинг исмимни Муқаддас ёки Муқаддам қўйиш бўлган экан. “Ким биринчи келса, Хосиятли одам келади, дегандим. Чақалоқ кириб келди. Исмини Хосият қўйинглар!”, — деган экан домла. Онам ўшанда бувимга “Боламга эскича исм қўяманми?”,  — деб йиғлаган эканлар.

— Ўтган йилги Лондонда ўтказилган Евроосиё ижодий гильдия халқаро танловига қайтсак. У ерда ҳам шеърият йўналишида биринчи ўринни олиб қайтдингиз. Гильдиядаги ижодиётда қатнашганингиз ҳақида кўп ва хўб ёзишганини ўқидик. Гильдия ҳақида кимдан хабар топгандингиз? У танловда қайси асарларингиз билан қатнашдингиз?

— Қўчқор акам Россияда эдилар. Менга қўнғироқ қилиб: «Гильдияга ҳужжат топширдингизми?», — деб сўрадилар. Мен ҳали топширмаганимни айтдим. Кўнгиллари сезганми, билмадим, ҳужжат ва шеърларимни топширишимни қайта-қайта тайинладилар. Кейин ноябрь ойи бошида у ердан: «Ғолиб бўлганлар ичида борсиз, Таиландда бўладиган халқаро тадбирда иштирок этишингиз сўралади», — деган хат келди.

 — Мароқли ва мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат! Ҳамманинг оиласи тинч-тотув бўлсин!

 

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.

Суҳбат "Ёнаётган тирик ҳайкаллар" номли китобимга киритилган.

2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот