Шоирларнинг ҳайратидан ҳайратдаман!


1. Хосият опа, аввало, Банкокда ўтказилган «Open Evrasia-2018» халқаро танловида поэзия йўналишида 1-ўринни қўлга киритганингиз билан самимий қутлаймиз. Сизнинг инжа ва нозик шеъриятингиз ўзига хос йўли ва овози билан ўзбек шеърияти қанчалар баланд ва халқаро эътирофларга лойиқ эканлигини кўрсатиб берганлиги учун ҳам жуда фахрландим... Ушбу танловда иштирок этган ижодкорларнинг қайси жиҳатлари сизни ҳайратлантирди? Жаҳон адабиётининг бугунги шеърияти иқлимида қайси йўналишлар устунлик қилмоқда деб ўйлайсиз?
Ж: Мухтасар, раҳмат эътиборингиз учун! Газетангизни ҳурмат қиламан. Мен ҳамиша шоирларнинг ҳайратларидан ҳайратланаман. Уларни қаерда кўрмай, (қаердалигини фарқи йўқ) ўзим билмаган ҳолда кузатаман. Қизиғи, улар бир ўзлари юрган бўлсалар ҳам, ёлғиз эмасликлари билиниб туради! Ёнларида уларни эшитадиган кимдир бордай туюлади. Ва ҳамиша кимдир борлигиям рост! Шоирлар мамлакати ва миллатидан қатъий назар бир хил. Уларни узоқдан кузатиб турсангиз, ҳайратларингизни яширолмайсиз! Бу Дунёдаги алохида Дунё! Баъзан ниманидир пичирлаб юбориши, қўлларининг ажабтовур ҳаракатлари, кўзларидаги овозлар... уларнинг бу дунёда эмасликларининг яққол далили! Аммо, улар бу дунёнинг одамлари бўлишмасада, бу дунёнинг дарахтларидан тортиб қушларигача, чўл-у биёбонидан тоғларигача, ариқчаларидан денгизигача қариндошдирлар. У дунёдан биз яшаб турган дунёга бўйлаётган, хаёллари билан муроса қилаётган, ҳаяжону ҳайратларини яшираётган, аммо, исёнларини идора этолмаган Инсонлар ер юзининг хамма томонларига сочилиб, буюк бир миллатга айланганки, энди Уларнинг бир ҳовуч юракка жойланганларини кўриб, нафасларини ҳис килиб туриш, бу алоҳида мавзу... Адабиётда устувор йўналишнинг ўзи йўқ. Адабиётда ҳаётни яширмай ёзиш бор. Бу фақат Худо берган истеъдодга боғлиқ.. 
2. “Китоб дунёси” газетасига таржима кўтариб келаётган ижодкорларнинг асарларига бош муҳаррир сифатида қандай талаблар қўясиз? Шоир бўлмаса-да, жаҳон адабиётидаги энг сара шеърларни таржима қилишга уринаётган ёш ижодкорлар сафи кўпайиб кетмаяптими? Устоз таржимонлар билан ҳамкорлик бобида қандай янги режаларингиз бор?
Ж: Тил билган таржимон, дегани эмас! Таржимонлик хам юқоридан юқтирилмаса, фақат гаплашув воситаси бўлиб қолади холос. Таҳририятга келаётган таржималар менинг фикрларимга гувоҳ! Икки жумлада аён бўлади истъедод. Тишларинг орасида ғичирлаб кетадиган сўзлар, куни бўйи беҳузур қиладиган арзон жумлалар шу қадар кўпки, уларга бир сўз билан, ўзингизни овора қилманг, дегинг келади. Таржимон фақат тил билса, тажрибали таржимонларнинг ҳам ўгитлари бефойда! Ўзи шоир бўлмасада, шеърни шоирдан яхши идрок этадиган таржимонларни биламан. Ўзи шоир бўлатуриб, шоир Дунёсига яқинлашолмаган таржимонлар ҳам йўк эмас! Булар ҳақидаям худди ўша гап, Худо юқтирмаса қийин...
3.Биз жуда ғаройиб даврда яшаяпмиз. Китобсиз эмас, телефонсиз ўзимизни ғариб ҳис қиламиз. Ижтимоий тармоққа кириб ўқиган биринчи хабаримиз қотиллик ҳақида бўлса-да, бу ахборот манбаидан бутунлай ўзимизни халос қилишни истамаймиз. Ромиз Равшан айтганидек, бугун нафақат табиий, балки маънавий экологияси ҳам ҳаддан зиёд кирланган дунёмизда гўзал китобларни мутолаа қилмоғимиз тоза ва соф ҳаводан нафас олмоқ кабидир. Сизни ҳамиша ўзига тортиб турган, руҳиятингиз тозармоқ истаган пайтида талпинадиган маънавий “соф булоқлар” вазифасини ўтайдиган асарлар ҳақида айтиб ўтсангиз...
- Худди ўшандай, телефондан узоқлашиб кетолмаётганларнинг биттаси ўзимман! Бир кун интернетни ўчиқ колдирсам, Дунёнинг кайсидир бурчакларидаги шоир дўстларимдан хавотир аралаш хатлар келади... Айниқса, бугунги тил ўрганаётган, дўстларим билан ўзим мустақил гаплашишга ҳаракат қилаётган кунларимда интернетдан кетиш хақида ўйлаётганим йўқ. Лекин шунга қарамай, бу ҳаётимнинг бир чеккасидаги кичкина бир восита холос. Мен ўқийдиган китобларимга нисбатан кичкина сўзини ишлатолмайман! Улар менинг ҳаётимни ўзини ташкил этади. Булгаковни яхши кўраман! Достоевский, Тургенев жону дилим! Лев Толстой, Кортасар, Камью, Кафка, Флобер, Ремарк, Борхес, Набоковни ҳеч кимга алмаштирмайман! Абдулла Кодирий, Чўлпон, Абдулла Каҳҳор, Одил Ёқубов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Мурод Муҳаммад Дўст, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Назар Эшонқул, Собир Ўнар, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон, Шойим Бутаев, Қўчқор Норқобил билан фахрланаман.
4.Адабий танқид мавзуси ҳануз биз учун оғриқли мавзу бўлиб қолмоқда. Бир пайтлар адабий нашрларда чоп этилган адабий-танқидий мақолалар ойлаб, ҳатто йиллаб адабий давраларни “қиздирган”, ёш ижодкорларга маёқ вазифасини ўтаган. Айни пайтда бу давралардаги бир қадар сокинлик ва сўзбозликни қандай баҳолайсиз?
- Абитуриентлигимда Белинскийни ўқиб, хеч нарса ёзмаслик хақида ўйлаганман, ёзилганларидан ҳавотир олганман. Бугун бизни қўрқитадиган виждонимиздан бошка ҳеч нарса йўқ... Шунинг учун ҳар хил китоблар кўпайиб кетди... Танқидчилар йўқ! Тақризчилар пайдо бўлган. Биласиз, «Китоб дунёси» тақриз бермайди. Аввал жуда хафа бўлишди бу такриз ёзувчилар. Ва ҳозирга келиб тақризнинг қадами газетадан анча узилди. Нима учун такриз бермаймиз? Аксарият холларда тақриз ёзган одам тақриз ёзилувчининг ё ҳамюрти ёки яқин таниши бўлади. Ё бўлмаса, қайсидир китоб муаллифига (ёзувчи, шоир, дегим келмади) қайсидир ёш муносабати билан шу тақризни совға килиш пайида бўладилар. Бу одамга оғир ботади. Менинг газетам бундай вазифани бажарадиган арзон газетамас, деб юборгинг келади... Сурхондарёлик ёзувчи-шоир ҳақида сурхондарёлик, фарғоналиклар ҳақида фарғоналиклар, тошкентлик ҳақида тошкентликлар ёзиб келса, бунинг нимаси адабиётга хизмат қилади? Вақтим бўлмасаям ўқирдим аввал, ҳозир вақтим бўлсаям ўкимайман. Жуда кулгули ҳолат бу. Давралардаям шундай ҳолатларга кўзинг тушганда ижирғаниб кетасан...

5.Қўчқор Норқобилнинг сизнинг ижодий кайфиятингизга таъсир кўрсатадиган қандай яхши талаблари бор?
- Қўчқор Норқобилдай инсон билан яшашнинг ўзи олдимга жуда катта талаблар қўяди. Албатта, буни менга биров айтмаган, ўз олдимга муҳаббатим қўйган мажбурият деб қабул қилганман. Босаётган ҳар бир қадамимдан тортиб, олаётган нафасимгача Ўзига илтижодаман! Ақлим етганича ибодатдаман! Нима иш қилсам, (кимгадир жуда оддий бўлиб туюладиган кир ювишдан, овкат пиширишгача ) жону дилим билан қиламан. Ичимдан нимадир тошиб келади, гуёки, кимдир ёрдам бераётгандай... Қўчқор Норқобилнинг менга қўядиган талаблари эмас, муҳаббатларининг ўзи етиб ортади! Ёзганларимнинг биринчи Ўқувчиси олдида биринчи синф ўқувчиси каби тураман. Нафас олишларидан, киприк қоқишларигача нафасимни ичимга ютиб кузатаман. Мен ўша дақиқалар учун туғилган ва шу дақиқалар учун яшаётганга ўхшайман баъзан.

6.Сизни кўпчилик танқидчилар ва шоирлар модерн услубида ёзади, деб баҳо беришади. Менга қолса, анаъанавий услуб ҳам, модерн услуб ҳам йўқ нарса.
Хосият Рустамова ўзининг ҳассос руҳининг изтиробларини баён қилади холос. Ижодкорнинг ўзлиги унинг услубидир. Фақат шакл излаган ижодкор кўпга бормайди...
- Модерн нима, услуб... тузуккина таъриф беришниям билмайман. Хатто ёзиш жараёнимниям эслаб қололмайман. Жуда оз дақиқаларда ўтиб кетадиган ҳолат бўлгани учун ҳам балки эслаб колишнинг иложи йўқдир... Факат эсда коладигани – яшаётганинг, тириклигинг ва каердандир учиб келиб, ерга илк маротаба қадам қўяётганинг...

7. Халқаро адабий танловларда ва давраларда ҳозирги ўзбек шеъриятига қандай баҳо беришади? Бугунги адабий алоқалардан кўнглингиз тўладими?
- Танловларда бизда шеърият баландлигини ич-ичимдан ҳис қиламан! Ва атрофимдагиларнинг ҳам ҳаяжону ҳайратларини кўп кўрдим. Жуда кўп, баъзи ўринларда ортиғи билан олқишлашди. Бугунги адабий алоқалар аввалги йилларга қараганда анчагина яхши! Менимча, бу жараёнлар ҳали мукаммал тус олади ва Адабиётнинг ривожи учун хизмат килади...

8.Шоира дугоналарим билан устозимиз Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиевани йўқлаб борганимизда сизнинг шеърларингиз ҳақида сўз бошлаб, “Хосият Рустамованинг изланувчанлигига ҳавасим келади”, деганларини эслайман. Давраларда ҳадеб шеър ўқишга интилмасангиз-да, ўқишдан, руҳан ўзингизни тоблашдан чарчамаслигингизни алоҳида таъкидлаб ўтганлар. Келинг, шу ўринда устоз билан боғлиқ хотираларингиздан сўзлаб беринг...
- Ҳалима Худойбердиева деган Денгиз билан замондош бўлдик! Бирга яшадик. Бир ҳаводан нафас олдик. Бу Дунёда анчадан бери яшайман, аммо вақт масаласида жудаям қашшоқман! Қанча яхши кўрмай, қанча талпинмай ҳар доим хам Ҳалима опага етиб боравермадим. Лекин Ҳалима опа мени ҳамиша тушунишга ҳаракат қилгандай тутардилар ўзларини, хафа бўлганларини ҳечам сездирмадилар. Унда-бунда телефон қилсам, шу қадар хурсанд бўлардиларки, энди ҳамиша телефонлашиб туриш ҳақида ўйлардим... ва яна ортимда турган ўшандай ҳаёт ичига шўнғиб кетиб унутардим... Ҳалима опамнинг вафотларидан кейин бир куни жуда яқиндан кўрдим. Китоблари қўлимда эди... Жилмайиб турибдилар... мен ҳам илкис қўлимни кўтардим ва кўзларимдан ёш чиқиб кетди...

9. “Менга не ишқу, не ошиқ ҳавасдур,
Агар мен одам ўлсам, ушбу басдур”, дейди ҳазрат Навоий. Жаҳон адабиётининг энг сара намуналари замирида ҳам айни ҳақиқат яширинган. Айни талотўп замонда бир зум тўхтаб, қалбимизга қулоқ солсак, барча жимжималар, шовқинлар, орзу-ҳаваслар тиниб, асл куй садолари янграй бошлайди. Бу куй жуда оддий, сирли ва айни пайтда номаълум маъвога яшириндир. Шундай эмасми?
 - Бора-бора бу дунёда миллат йўқ нарса эканлигига ишониб боряпман. Фақат инсон бор. Фақат Инсоният мавжуддай. Модомики шу мавзуда гаплашар эканмиз, ичимдаги бир гапни айтай, биз фақат Аллоҳникимиз! Бу гап янги гап эмас, бу гапни кўпчилик айтгани ҳам чин, аммо менинг ўн йиллар арафасидаги иқрорим ва ўзимнинг дунёмдаги қайта туғилишларим буни менга исботлаб берди ва мен бугун қўрқмай, бу ҳақида айта оламан! Биз кўриб турган ва тобора бизникига ўхшаб қолган бу Дунё бизники эмас. Бизники бўлганда, ташлаб кетармидик бир кунда! Нарсаларимиз тугул фикрларимизниям йиғолмай қоламиз-ку... Энг яхши кўрган фарзандларинг, набираларинг, ҳаммадан қизғонган турмуш ўртоғинг билан хайрлашиб олиш ё насиб қилади ёки йўқ! Бизни ўз домига оҳанрабодай тортаётган бу ясамаликлар бир кун кўзимизни катта очиб қўядики, ўшанда кеч бўлмаган бўлса яхши. Демак, бизнинг Аллоҳга ёққан жойларимиз бор...

10.Бугун дунё адабиётини бир лаҳза ҳайратга солаётган қайси асарларни ўзбек китобхони тан олмаслиги мумкин? Айтмоқчиманки, бадиий дид борасида курашлар ва қарашлар майдонида қанчалар фаолмиз?
- Олдинги саволнинг давоми сифатида жавоб бераман. Бутун инсониятни ҳайратга соладиган Адабиёт бизнинг юрагимизни сув қилиб юбориши табиий... Чунки биз азалдан муҳаббатдан яралганмиз.
Одам Ато ва Момо Хавво зурриёдларимиз! Қайсидир мамлакатдан қайсидир асар бизга етиб келган бўлса, бунга ҳайратланмаслик керакки, бу ҳам юқоридан! Етиб келмаган бўлса, демак, у асарни ўқишга биз ҳали тайёр эмасмиз! Чет элда бўладиган тадбирларда баъзан асарлар устида тортишувлар бўлиб қолади. У асар тугул ёзувчининг исмиям қулоғимга чалинмаган бўлади кўп ҳолларда. Лекин мен буни жуда табиий қабул қиламан, чунки, мен ўқиган асарларнинг кўпидан улар ҳам бехабар. Мана шу сиз айтаётган кураш ва қарашлар тўқнашган жойда чинакам Адабиёт яралади... Адабиёт эса бутун бир инсониятнинг шакл-шамойилидир!

 

Суҳбатдош: Мухтасар Тожимаматова,

Манба: "Оила ва жамият" газетаси.

2018 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот