АДАБИЁТНИНГ ҲАЁТИМИЗДА УЛКАН ВАЗИФАСИ БОР


   Мирза АЗИЗОВ, Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори.

“АДАБИЁТНИНГ ҲАЁТИМИЗДА УЛКАН ВАЗИФАСИ БОР”

– Мирза ака, келинг, суҳбатимизни сизнинг китобга таърифингиз билан бошласак...
– Китоб, менга қолса, биринчи мўъжиза, деб айтаман. Ки­тоб – ҳар бир инсон учун йўлбошчи, уни ўз вақтида огоҳлантириб турадиган, тўсиққа учраганда тўғри йўлга олиб чиқадиган, бирор муаммога дуч келганда ечим топишга кўмакдош бўладиган, энг асосийси, қандай яшаш кераклигини ўргатадиган беғараз, содиқ дўст. Қуръони Карим бўладими, муқаддас ҳадисларми, Навоий ҳазратларининг асарларими, Лутфий, Фузулий, Абдураҳмон Жомий, Рудакий, Бобур Мирзо, Машраб бобомиз, Нодираи давронми ёки бўлмаса Муқимий, Фурқат, Завқий, Чархий, Чустий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Усмон Азим, Ҳалима Худойбердиева сингари адабиёт вакилининг асарларими, бундан қатъий назар, китоб ҳамма вақт инсонга ўзлигини билдириб турадиган, комилликка етаклайдиган ҳамроҳ, маслакдошдир.
 Биз касбимиз тақозосидан театр жамоаси билан биргаликда бир йилда жаҳон драматургияси, мумтоз адабиётимиз ва замонавий жаҳон драматургиясига мансуб элликдан зиёд пьесалар ўқиймиз. Демак, театр ижодкорлари ҳам ҳамиша китоб билан дўст, ҳаётимиз китоб билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳеч иккиланмай айта оламанки, китоб жудаям теран, биз етиб боролмайдиган, қанча ўрганганимиз сари шунча сеҳрини очадиган, юрагимизни поклайдиган, онгимизни софлайдиган, тафаккуримизни чархлайдиган, Аллоҳ томонидан инсонга ато этилган энг улуғ неъматлардан бири деб биламан.
– Миллий ва жаҳон классик асарлари билан бир қаторда, бугунги ёш қаламкашларнинг ҳам ижодини кузатиб борасизми?
– Бугун ёш ижодкорларимиз ҳам ўз устозларининг анъаналарини давом эттираётганлари жуда қувонарли. Айни вақтда завқ-шавқ билан қалам тебратаётган ёш ижодкорларимиздан, хусусан, Мансур Жумаевнинг болалик тасвирлари акс шеърларини, Масиҳуллоҳ деган укамизнинг чиройли метафорали шеърларини, Фозил Фарҳод, Ҳасан Карвонли, Нурилла Чорининг охирги пайтда ёзган ҳикояларини, Зулҳумор Орифжонованинг дилтортар шеърларини мириқиб ўқидим.
– Хўш, шундай экан, айтинг-чи, жамиятимиздаги китобга бўлган бугунги муносабат сизни қанчалик қониқтиради?
– Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан китоб мутолаасига жуда катта эътибор қаратиляпти. Лекин, очиғи, кўп ҳолатда деб бемалол айтса бўлади, бу борадаги, айнан мутолаа қилмоқдаман, дея бонг ураётганлар хўжакўрсинга ўзини чинакам китобхон сифатида алқаётгандек туюлади менга.
  Илгари – биз ёшлигимизда битта китобни “Индингача ўқиб келаман, бугун менга бериб тур шу китобингни”, дея талашиб ўқирдик. У пайтлар китоб танқис эди, лекин китоб йўқлиги учун эмас, китобхон кўплиги учун шундай бўлган, назаримда. Китоб биз учун жуда азиз эди. Масалан, иккинчими, учинчими синфдалигимизда, эсимда, “Тоғда ўсган бола” деган китобни ҳали ўқимай туриб ҳайратланганим ёдимда. “Тоғдаям ўсганмикин бола? Қандай қилиб? Тоғда айиқ, бўри каби ёввойи ҳайвонлар, хавфли жойлар кўп бўлса, у ерда дўкон, ошхона, кўрпа-тўшак бўлмаса, тоғда қанақа ўсган экан?” деган ўй тинчлик бермай, китобни талашиб-тортишиб ўқиганмиз. Сир эмас, айрим асарларни кўзда ёш билан ўқирдик, йиғлаётганимизни эса уйдагилардан яширардик.
  Тўғри, бугун ҳам китоб ўқиётган, дунёқараши кенг, тафаккури теран ёшларимиз йўқ эмас, лекин нисбатан олганда, уларнинг сони кам. Аслида, китобхонликни ривожлантиришда нафақат бадиий адабиётнинг, балки ­театр ва кино санъатининг ҳам ўзига хос вазифаси бор. Хусусан, битта пьесани саҳналаштириш, битта асар асосида фильм суратга олиш – бу ҳам инсонни китобхонлик сари йўлловчи катта бир қадам. Спектакль ёки бадиий фильмни кўргач, оддий бир томошабин залдан қалбида ҳаяжон билан чиқса, маънавий озуқа олса, тафаккурида қандайдир, жуда кичик бўлса ҳам бир эврилиш юз берса, демак, санъат ҳам ўз вазифасини адо этган саналади. Тўғри, кимлардир спектакль ёки фильм сўз қудратини китоб­чалик кўрсатиб беролмайди, дейи­ши ҳам мумкин, бунга ­эътироз қилмоқчимас­ман, лекин ўша томошабинда мазкур асар борасида бир тасаввур уйғонади-ку. Адабиётдаги, санъат­даги гўзалликни ҳис қилишда бу жиҳатнинг аҳамияти шунда эмасми?!
– Нима деб ўйлайсиз, бугун ёш авлодни китобга, адабиётга қизиқишини янада ошириш учун қандай йўл тутиш лозим?
– Келинг, бу саволингизга ўзимнинг мисолимда жавоб берсам. Кун бўйи ҳориб-чарчаб кечга томон уйга қайтганимдан сўнг ҳам оилам даврасида яна артистлик қилишимга тўғри келади. Фарзандларим билан бир қаторда, қақажон набираларимга ўша куни саҳнада ижро этилган пьесанинг бирор ибратли парчасини, ариянинг сўзларини қайта ижро этиб, жужуқларимга ўзларининг тилида шарҳлаб беришга ҳаракат қиламан. Демакки, ҳар бир соҳа одами, хоҳ у она, хоҳ у ота бўлсин, кун давомида газета, журналда ўқиган ёхуд радиода эшитган ва ўзининг кўнглига ўтирган бирор материални кечлик дастурхони атрофида фарзандларига сўзлаб берса, менимча, жиндай бўлса-да, болаларимизда мутолаага бўлган қизиқиш уйғонади. Бугун тобора урчиб бораётган уяли алоқа воситаларидаги Интернет тармоғидан ҳам адабий дидни ўстириш йўлида фойдаланиш мумкин. Айтмоқчиманки, ёшларимиз ипидан-игнасигача биладиган ўша телеграмда ҳам кичик ҳикоялар, ихчам шеърлар каналлари бор. Ҳеч бўлмаганда, кунда бир ажойиб ҳикоя, бир дилбар шеър ўқиб-ўқитилса, бунинг, албатта, нафи бўлади. Ёки айнан мана шу масалага масъул бўлмиш адабиёт фани ўқитувчиларини олайлик. Улар, фаҳмимча, ҳар куни дарс бошланишиданоқ дарслик дас­турида берилгандан ташқари, ўзи ўқиган, хабари бўлган тўрт қатор шеър ёки бирор адабий персонаж нутқидан парча келтириб, ўқувчилар кайфияти, ёшига мослаб “артистлик” қилишса, менимча, ҳар бир мактаб ўқувчиси мустақил равишда ўша муаллифнинг асарларини излаб топиб ўқийди.
– Айрим санъаткорларнинг китоб мутолаасидан йироқлиги уларнинг айтаётган қўшиқларида, давраларда ўзини тутишида, саволларга жавоб қайтаришида яққол сезилиб қолади. Шундай инсонларга нима деган бўлардингиз?
– Бир устозимиз: “Санъат икки томондан берилади. Бири Аллоҳ томонидан, агар унга озгина ҳаром аралашса, Аллоҳ олиб қўяди. Биттаси шайтон томонидан берилади. Лекин унга ҳаром аралашсаям, жуда гуркираб юраверади, лекин у шайтоний санъат эканини ақлли одамлар билиб туради”, деб айтганди.
– Дунёни ижодкорлар, санъаткорлар бошқарганда, сизнингча, нима бўларди, шундай жамиятни қандай тасаввур қиласиз?
– Шу саволингизга менинг ўз қарашим бор. Мен кўп эътибор берардим, илгари Саудия подшосидан бизга табрик келарди. Табрик остига “Икки муқаддас масжид хизматкори”, деб ёзиб қўйиларди. Бир мамлакатнинг раҳбари ўзини Маккаю Мадинанинг хизматкори деб атарди. Ёки Кеннеди ўз даврида яхшиликка қадам қўйиш учун ҳаракат қилмаганмиди? Инсонпарвар давлат раҳбарлари ўзидан-­ўзи шу лавозимга келиб қолгани йўқ. Улар орасида ёшлигидан илм олиб, турли адабиётларни ўқиб, адолат, ҳақиқатни англашга интилган одамлар кўп.
   Адабиёт, санъат, маънавиятнинг жамиятда жуда улуғ ўрни бор. У давлат раҳбариниям, вазирниям, бошқа амалдорларниям тарбиялайди. Жамият покиза яшаши учун адабиёт вакилларининг ўз вазифаси, бурчи бор. Бунинг устига, тарихда адабиётга ошно бўлган шахслар давлатни бошқарганини ҳам биламиз. Ҳусайн Бойқаро, Амир Темур, Бобур, Муҳаммад Раҳимхон Феруз фикримга яққол мисол. Адабиёт, санъат, маънавиятнинг кундалик ҳаётимизда жуда улкан ва шарафли вазифаси бор. Менимча, адабиёт, санъат, маданият ўзининг эзгу хизматини қилавериши керак. Сиёсатчилар эса, ўз навбатида, ана шу мислсиз хазинадан доимий равишда баҳраманд бўлган ҳолда ўз вазифасини бажариши керак.

Маъруфжон ТОШПЎЛАТОВ суҳбатлашди.
Манба: "Китоб дунёси" газетаси.
2020 йил.