БИР КУНЛИК БАХТ


- Фарҳод ака, Сизни жуда истеъдодли, кўп йиллик тажриба ва маҳоратга эга режиссёр ҳамда актёр сифатида таниймиз. "Бир кунлик бахт" деб номланган премьерадан олдинги премиумда қайси ролни ижро этишингиз, муаллифи, қайси мавзуни ва масалаларни ўз ичига қамраб олгани хусусида гапириб берсангиз. 

- Америкалик драматург, ёзувчи, жуда машҳур Теннеси Уильямс пьесаси асосида русчага таржима қилинган " Стеклянный зверинец" асарини ўзбек тилига ўгирдик ва уни "Бир кунлик бахт" дея номладик. Ушбу спектакльни саҳналаштирган режиссёримиз - Сайфиддин Мелиев ва беш-олти актёрлар жамоаси биргаликда йиғилишиб, "Ўзбеккино" миллий агентлиги қошида бизга пушти зал ажратиб берилди, бунинг учун раҳбариятга раҳмат!

     Ўзимиз шу спектаклни саҳналаштириб, ролларни ҳамжиҳатликда ижро этдик. Асар инсон тақдири ҳақида. Унда бир оиланинг ҳаёти ёритилган. Саҳна асари трагик комедия жанрида ёзилган бўлиб, аввало, миллат ёки вақт танламайди. Ҳар бир хонадонда худди шу мавзуга яқин бўлган ўша оғриқлар, дардлар, инсоннинг ҳиссиётлари бор. Мен ўша ерда Теннеси Уильямснинг ўзини ўйнаяпман. Спектакльда эса, айнан шоирнинг сиймосини гавдалантираяпман ва ўша шоир ролида ўғил ролини ҳам ижро этаман. Ролларни қойилмақом ўйнаши билан ажралиб турадиган актрисамиз - Доно Бобохонова асосий рольда - Она ролида, Ильмира Раҳимжонова - опа ролида бўлади. Шу билан биргаликда ёш, истеъдодли, ҳозирда кино санъатига ҳам дадил қадамлар билан кириб бораётган укамиз - Эркин Бозоров меҳмон ролини ижро этади ҳамда бу спектакльда режиссёрнинг ўз қарашларига биноан озгина бошқачароқ услуб қўлланилди, яъни спектакльнинг ичида иштирок этадиган иштирокчиларнинг ўзлари қўшиқ айтишади. Гитара асбобида, жонли ижрода Абдулла Орипов қаламига мансуб ва бошқа шоирларнинг шеърларидан фойдаланган ҳолда ўзимиз мусиқа басталаб, ўзимиз куйлаяпмиз. Нодир исмли ёш актёр дўстимиз ҳамда актриса Изроҳат Муродова шу спектакльнинг ичида олтита қўшиқни ижро этишади.

     Спектакль кўпчиликка манзур бўлишига ишонаман. Бунга ўзингиз ҳам бевосита гувоҳ бўласиз. Актёр ва актрисаларимиз роль ўйнаш баробарида томошабинлар олдидаги муҳитни, шу саҳнани ўзлариники қилиб олиш учун кўникма ҳосил қиладилар. Премиум очиқ эшик тарзида ўтказилмоқда. Спектакльга ўзимиз яхши таниган ва таклиф қилган ижодкорлар ҳамда меҳмонлар ташриф буюришган.

     Асар шахсан менга жуда ёқди! Қани энди бугун Республика театрларида шунақа асарлар кўпроқ қўйилса... Теннеси Уильямснинг ўзи америкалик бўла туриб, бу асар воқеаси Америка хонадонларидан бирида бўлиб ўтади, лекин эътибор қилсангиз, уни ўзгартирмадик, ўзбекона ёндошув қилмадик ёки менталитетимизга қулай ўзгариш қилганимиз йўқ. Шунинг ўзини қандоқлигича бор бўлса, ўшандайлигича саҳналаштирдик. Кўрган томошабин учун, юқорида таъкидлаб ўтганимдек, ҳеч қандай миллатга алоҳида ўрин бериш ёки бўлмаса, муҳит ё вақт чегараси деган нарса йўқ. Томошабин шу спектакльнинг ичида ўзи ҳам иштирок этган ҳолда бу воқеа айнан ёнида, ўзининг қўшниси ёки ҳамқишлоғи, ҳамшаҳари, бирор бир туман ё шаҳарда бўлиб ўтгандек таассурот қолдиради. Менимча, асарнинг ютуғи ҳам айнан шунда, деб ҳисоблайман! Иложи борича, актёрларнинг эҳтирослари, ички ҳиссиётлари, бир сўз билан ифодалаганда, уларнинг руҳий ҳолатлари томошабинларнинг кўз ўнгида рўй беради ва уларни бефарқ қолдирмайди. Яна бир ютуғимиз - шу жиҳатида ҳамдир. 

- Сиз охирги маротаба режиссёрлик қилган фильмингиз "Баракасини берсин" комедиясидан сўнг яна қайсидир фильм устида ишлаяпсизми ёки қайсидир фильмда роль ижро этаяпсизми? Айни вақтда ё келгусида қайси асарга қўл уриш ниятингиз бор? Ҳозирда айнан нима ишлар билан машғулсиз? Шулар хусусида мухлисларингизни хабардор қилсангиз... 

- Ўзингиз таъкидлаганингиздек, мен ҳам режиссёр, ҳам актёрман. Актёрлик фаолиятимдан ўзимни чархлаш учун фойдаланаман, чунки кинода доимий равишда роль ижро этиш имконияти ҳар доим ҳам бўлавермайди. Агар футболчи заҳирада узоқ муддат ўтириб қолса, доимий майдондаги футболда иштирок этмаса, ўзининг спорт ҳолатини, жисмоний машқлар давомида орттирган кўникма ва эпчиллигини йўқотади. Аксинча, майдонда ёки саҳнада доим иштирок этиб юрган хоҳ у спортчи, хоҳ у актёр бўлсин, маҳорати ва тажрибаси янада сайқаллашиб, такомиллашиб бораверади.

     Мен ҳам ўзимда шуларни синаш ва қўллаш мақсадида мана шу спектакльда иштирок этаяпман. Бундан илгари "Тўмарис" спектаклида роль ўйнагандим. Менга кўпинча салбий ролларни топширишади. Бу сафар эса, мен ўзимга бошқа йўналишни танладим. Ижро маҳоратимизга эса, албатта, томошабинлар баҳо беришади.

     Кинога келсак, тўғриси, ҳозир мен учун жуда катта танаффус бўлиб турибди. Сабаби, менга таклиф қилинган рольни ўйнашим учун, дастлаб асар, яъни сценарий билан яхшилаб танишиб чиқишим зарур. Ҳозирча, менга манзур бўладиган сценарийни топширишмади. Шу боис, ижодимда бироз чекиниш ва танаффус бўлди. Бундан ташқари, ҳозирда ва келгусида доим ҳамда кетма-кет кино олиш ниятим йўқ, чунки, маълум вақт актёр ё ижодкор ўзига керакли маълумотларни тўплаб олиши керак. Қолаверса, бу борада маблағ масаласи ҳам асосий ўринни эгаллайди.

     Яқинда мени бир асар қизиқтириб қолди ва менга жуда ёқиб қолди. Адиб Абдуқаюм Йўлдошевнинг "Қотил" номли ҳикоясида мавзу жудаям зўр танланган! Ўқиб чиққанимда, ўзим ҳайратга тушдим. Бу асар, албатта, драматик жанрда бўлади. Фожеа деб ҳам аташ мумкин. Асосий мавзу - китоб мутолаасига бағишланган. Бугунги кундаги маиший мавзулардан қочган ҳолда, турли урф-одатлардан тортиб, ҳар-хил маросимлар, пул топиш йўлларини излаш эмас, ўзини илмга бағишламоқчи бўлган инсон ҳақида таъсирли ва ибратомуз ёзилган ҳикоядир. Абдуқаюм Йўлдошев билан биргаликда сценарийни "Даҳшат" деб номладик ва тайёрладик. Фурсатдан фойдаланиб, имкониятимиз бўлса, шу асарни саҳналаштириш ёки фильм сифатида суратга олиш ниятимиз бор. 

- Омад тилайман! Ниятингизларга етинглар. Мухлисларингизга тилакларингиз? 

- Мухлисларсиз биз актёрлар ҳеч ким эмасмиз, десам тўғри бўлади. Мухлисларимиз яхши асарларни, яхши ролларни кўришни исташади. Шу ўринда, мухлисларга битта илтимосим бор: имкон қадар дангасалик қилмасдан, шунақа спектаклларга кўпроқ келишса, театр ва киноларга тез-тез бориб туришса, маънавий озуқа берадиган саҳна томошалари ҳамда фильмларимиз бор, ўшаларни мириқиб томоша қилишса. Мухлисларимиз спектакль ёки фильмдаги долзарб мавзулар устида бош қотиришса, шунинг баробарида, уларга бироз бўлса-да ижобий таъсир кўрсата олсак, улар фаолиятимизни холисона баҳолаб, бизни олқишлаб туришса, бу ҳолат актёр ва режиссёрлар учун жуда катта куч бўларди! Мен мухлисларга улкан омадлар тилайман!       

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.

2017 йил.

 

     Маълумот учун: Фарҳод Худойбердиев "Қудуқ", "Паризод", "Онагинам орзуси", "Сеҳрли қалпоқча", "Афғон", "Учар отлар", "Кечиккан ҳаёт", "Чол ва набира", "Осмон яқин", "Шариф ва Мариф", "Баракасини берсин" ва бошқа фильмларда қатор ролларни ижро этган.