Аёл бахт учун санъатдан кетиши даркор


  Зарина НИЗОМИДДИНОВА: “Аёл бахт учун санъатдан кетиши даркор” 

     Таниқли Зарина Низомиддинова билан кечган суҳбатда оила, фарзанд тарбияси ва баъзи бир турмушга чиқмай юрган машҳур юлдузлар ҳақида очиқ мулоқот қилинди. Актриса ҳатто турмуши бузилган санъаткорларнинг хатосини ҳам айтиб ўтди. Марҳамат, баҳс-мунозарали ўтган суҳбатдан сиз ҳам баҳраманд бўлинг.     

– Сир эмаски, кино оламидаги баъзи актрисалар кўпроқ ташқи кўриниши билан тезда машҳурлик пиллапояларига кўтарилган. Актёр учун ташқи кўриниш муҳимми ёки иқтидор? 

– Актрисанинг биргина ташқи кўриниши гўзал бўлиши керак эмас. Одамда истара ҳам бўлиши керак. Ўйнаётган образига унинг ташқи кўриниши ҳам, ички дунёси ҳам мос тушиши даркор. Албатта, чирой ҳам зарур, лекин ролга қараб-да. Дейлик, ниҳоятда гўзал, лекин фильмдаги қаҳрамон учун унинг чеҳраси мос келмайди. Санъаткор бўлиш учун туғма иқтидор бўлиши ҳам муҳим. Истеъдоди бўлмаса, қандай қилиб ўз қаҳрамонини кўнгилдагидек гавдалантира олади? Профессионал даражада маҳоратга эга бўлишда режиссёрлар ёрдамига таянилади. Турли хил образларни яратиш давомида актрисанинг маҳорати ошиб бораверади. Шунинг учун актриса ҳам иқтидорли, ҳам истараси иссиқ, ҳам яратаётган образ учун ҳар томонлама муносиб бўлмоғи даркор, деб ўйлайман.

–  Тасвирга олиш жараёнларида нимадандир қийналган пайтларингиз бўлганми?

– Аслида ҳар бир фильмни суратга олиш жараёни ниҳоятда қийин кечади. Лекин мен тасвирга олиш жараёнидан кўра кўпроқ киносинов вақтида кўпроқ қийналаман. Нега десангиз, бу пайтда янги қаҳрамонни ҳеч қанақа партнёрсиз, тўрт девор орасида кўрсатиб беришингиз зарур. Шу синовдан сўнггина ролга тасдиқланасиз. Ҳатто неча йиллик тажрибага эга устозлар ҳам бундай вазиятда қийналишганини кўрганман.

– Болалигингизда кўпроқ нимага қизиққансиз?

– Кўп нарсаларга қизиққанман. Биласизми, ўшанда ҳамма касбга ҳавас қилардим. Ёшим улғайиб боргани сари ФҲДЁ бўлим бошлиғи бўлиб ишлашни хоҳлаганман. Ўйлаб кўринг, икки ёш бахт пиллапоялари сари илк қадамни ташлаш арафасида, сиз эса уларнинг муҳаббати ва висол кунида шериксиз. Уларга энг муҳим ҳужжатни тантанали равишда тақдим этиб, чиройли тилакларни айтасиз. Бу мен учун жуда ҳам қизиқарли ва завқли иш бўлиб кўринган. Шунинг учун тўйларда ўша ходимларга ўхшаб ният билдириб, келин-куёв олдида гапиришни орзулаганман. Кейинчалик, ҳатто стюардесса бўлишни ҳам истаганман. Уларнинг бежирим либосига ишқим тушган. Аммо самолётда учишдан қўрққаним учун бу фикримдан қайтганман (кулади).  

– Қийин вазиятлардан қандай қилиб чиқиб кетасиз?

– “Ҳаммаси яхшиликка” дейман. Ёмон нарсаларни ўйламасликка ҳаракат қиламан. Чунки ёмон нарсалар ҳақида қанча кўп ўйласангиз, шунча кўп ёмонликларни чақириб келади.

Бундан ташқари, ҳар бир ишда ҳикмат мужассам бўлишини жуда яхши биламан. Ҳеч бир иш хоҳ ёмон томонга бўлсин, хоҳ яхшиликка, бесабаб эмас. Буни миямга яхшилаб қуйиб олганим учун мана шундай вазиятда тушкунликдан осонгина чиқиб кетишга интиламан. Ўтириб оҳ-воҳ қилишдан наф йўқ.

– Аёл кишини бахтли қилувчи омиллар?

– А-а-аҳ, жудаям кўп (жилмаяди). Биринчи ўринда бу оиласининг бутунлиги. Мустақил фаровон ҳаёт. Аёл киши учун бундан катта бахт бўлмаса керак. Тўғри ҳаёт давомида учрайдиган майда-майда бахтлар ҳам унинг дилини қувончга, шодликка тўлдириб боради. Аммо оиланинг тинч-тотувлиги, унда осойишта ва ширин ҳаётнинг устуворлигига ҳеч нарсани тенглаштириб бўлмайди. Қолаверса, фарзандларнинг комил инсон бўлиб вояга етиши. Ўғил-қизларингиз ортидан яхши гаплар эшитиш, раҳматлар ёғдирилиши бу аёлни қувонтиради. Ҳар қайси она фарзандларим роҳатини кўрай, деб ният қилади, албатта. Турмуш ўртоғи билан бир-бирини тушуниб яшаши энг улкан бахт.

– Тадбиркорлик ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Ҳозирги кунда кўплаб юлдузлар дўкон очган, қаҳвахона, гўзаллик салони очишган... Балки ўз бизнесингиз бордир?

– Тўғрисини айтаман, мен ҳам бир пайтлар ҳавас қилиб дўкон очгандим. Бироқ қисқа фурсат ичида уни ёпиб юбордим. Чунки бу ишни эплолмадим. Тадбиркорликни эркаклар қилгани маъқул, деб ўйлайман. Аёл кишига хос эмас. Бу ишда кўпроқ эркаклар эпчилроқ. Аёл оиласи, рўзғорини осойишта тутиб, ўз соҳасини маҳкам ушлагани яхши. Тўғри, тадбиркор ва ташаббускор аёллар ҳам орамизда бисёр. Уларнинг омадини берсин.

– Она сифатида фарзандингиз тарбияси учун нималарни тақиқлаб қўйгансиз. Ёки болангизнинг барча истакларини сўзсиз бажо келтирасизми? Умуман олганда, бола тарбиясида тақиқлар қўйилишига қандай қарайсиз?

– Болага, албатта, ёшига қараб тақиқлар жорий этиш керак. Фарзандларингизни ҳаддан зиёд кўп эркалатиб юборсангиз ҳам бўлмайди. Ҳар қандай тарбиянинг энг мақбули бу назорат. Кўнглини ўкситманг, лекин бошингизга чиқариб ҳам қўйманг. Улғайгани сари рағбатлантиришни кўпайтириб, тақиқларни камайтириб бориш энг тўғри йўл, деб биламан. Боламга келсак, ёшига номуносиб бўлган барча нарсаларни тақиқлаб қўйганман.

– Сиз учун санъатдан муҳимроқ...?

– Оила, албатта. Санъат мен учун хобби. Ҳар қандай вазиятда биринчи ўринда оилам туради.

– Суратга тушган фильмларингизнинг деярли барчаси севги ва муҳаббат ҳақида. Хўш, Зарина Низомиддинованинг ўзи бир кўришдаёқ севиб қолишга ишонадими?

– Йўқ (қатъий жавоб берди). Бир кўришдаёқ севиб қолишга умуман ишонмайман. Кино - бу кино, ҳаёт эса бу ҳаёт. У ёзилмаган қонунлари, изтироблари, қувончлари билан гўзал. Шу боис ўтаётган ҳар бир кунимга шукр қиламан.

– Кўплаб юлдузлар омма диққат марказида юришни истайди. Сиз-чи?

– ...(узоқ ўйланиб) Билмайман. Ҳолатга қараб... Баъзан одамлар билан роса гаплашгим, баъзан узоқ-узоқларга қочиб кетгим келади.

– Баъзи санъаткорларимиз жуда кеч оила қурмоқда. Айниқса, ҳанузгача келин бўлмаган машҳурлар ҳам талайгина. Сизнингча, улар оила деб аталмиш муқаддас даргоҳда жавлон уриш учун кеч қолмаяптими? Умуман олганда, аёл кишининг каръера қилиши муҳимми?

– Улар каръера қилмаяпти (истеҳзоли кулади). Назаримда уларга ўзлари истагандек муносиб номзод йўқ. Агар-чи, кўнгилларидагидек номзод топилса бор-ми, қиз бола 17 ёшида ҳам турмушга чиқиб кетаверади. Истаса, каръерани турмушга чиққандан сўнг ҳам қилаверади, агар шунчалик истаётган бўлса. Ўзи қизлар табиатида жуда ақлга сиғмас тушунча бор. Ўзларича реал ҳаётда топиш мушкул бўлган одамларни кути-и-иб юришади. Кутади, кутаверади... Мана шунақа қилиб вақтни ўтказиб юборади. Аёл учун биринчи ўринда, алабатта, оила муҳим. Эришган юқори мартабаси унга тиллодан тахт ясаб берадими ёки ўзлари орзу қилган идеал бахтни тортиқ қилармиди?! Ҳеч қачон... Ҳеч ким эришолмаган ютуққа эришсангиз-у, ҳавас қилгулик, майли кичик ва оддий оиланг бўлмаса, барча ютуқларингизнинг кимга кераги бор?  

– Спортга қизиқасизми?

– Ўзим доимий равишда спорт билан шуғулланаман. Спорт - соғлик гарови, дейишади-ку. Мен кикбоксингга қизиқаман.

– Айрилиқ... бу сўз сизни шу кунгача неча маротаба эзилишингизга сабабчи бўлган?

– Бир маротаба, дадамдан айрилганимда. Ўшанда жуда ҳам қийналганман. Умримдаги энг катта жудолик бўлди. Ҳар бир фарзанд учун отасидан айрилиш бу жуда оғир (маҳзун бўлди). Яратганга шукр, онажоним ҳаётлар. Илоҳим бахтимизга узоқ умр кўриб, доим қўллари дуода бўлиб турсин! Қолган айриқларга эса у қадар куйинганим йўқ. Ҳаммаси тақдирдан, дея бунга оддий қараганман. Аёл киши кўп нарсаларга кўникиб борар экан. Ҳар қандай айрилиққа ҳам. Фақат жудолик жуда оғир...   

– Бугун соҳаси бир бўла туриб оила қурган кўплаб машҳурларнинг ҳаёти кўнгилдагидек эмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Икки санъаткорнинг бирга оила қуриши сизнингча бахтли турмушга неча фоиз кафолат бера олади?

– Қандай турмуш қуриш бу одамнинг ўзига боғлиқ. Балки юз фоиздир, балки умуман... Оиланинг мустаҳкамлиги аёл кишига кўпроқ боғлиқ-да. Аёл деган зот эрдан пастроқ туриши лозим. Эркак сал баланд овозда бақирганида, шарттакилик қилмаса, бетгачопар бўлмаса, гулдай бахти хазон бўлмайди. Кўпгина аёллар тенг ҳуқуқлиликка даъво қилиб, хатога йўл қўяди. Бир поғона паст бўлганингиз билан ҳуқуқингиз камайиб қолмайди. Берган саволингизга тўлиқроқ ва тушунарли қилиб жавоб берсам. Мана икки санъаткор оила қуришди. Дейлик, оила бошлиғи қўшиқчи, хонадон бекаси эса актриса. Аёл “Актрисалик фаолиятимни давом эттирсам: нуқул бошқалар билан роль ижро этишим, хизмат сафарларига боришим зарур. Тунлари кеч қолиб, тонг маҳали уйга кириб келсам, турмуш ўртоғимга ким ғамхўрлик қилади?” дея ўйлаши керак. Ижод, санъат оилавий муаммолар билан ҳисоблашмайди. Иккиси икки жойда. Икки санъаткор оила қурдими, демак, аёл киши бахтининг бутунлиги, оиласининг тинчлиги учун ҳам санъатдан кетиши даркор. Ҳар ҳолда эркак киши оила устуни, боқувчи сифатида ишини ташламаса керак. Мана шунда ҳаммаси силлиқ давом этаверади.  

- Шу кунга қадар адолатсизликларга дуч келганмисиз?

– Бўлган, лекин эслолмайман. Чунки ёмон нарсаларни тез унутишга ҳаракат қиламан. Уларни эслаб, дилингизни чўктириб юрсангиз, унда ҳаётингиз бутунлай дилхираликлардан иборат бўлиб қолади. Қолаверса, нуқул ўша кўнгилсизликларни эслайвериш оқибатида кейинги кунларингиз ҳам омадсизликлардан иборат бўлиб қолади.  

Суҳбатдош - Ҳидоят САДРИДДИНОВ.
2017 йил.  










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот