Йигитали МАМАЖОНОВ: “Ҳар қандай ишни юрагимни бериб бажараман”


 
 
Актёр ўзини ўйнаши керак эмас, бошқа одамларни гавдалантириши лозим.
Йигитали МАМАЖОНОВ: “Ҳар қандай ишни юрагимни бериб бажараман”

     Ўзбек киносининг юқори пиллапоялари сари интилаётган ёш санъаткорлардан бири Йигитали Мамажоновдир. Айни дамда томошабинлар уни “Пойга”, “Ёзсиз йил”, “Севги, балки бу жаннат” фильмлари орқали, шунингдек, кўпгина клиплардаги ўзига хос роллари орқали яхши эслаб қолишган. Шу кунларда Йигитали иштирок этган “Ойқиз эртаги” тақдимоти бўлишини эшитиб уни суҳбатга чорладим.
- Актёр ва режиссёр Акбар Бектурдиев суратга олган “Ойқиз эртаги” фильми анча шов-шувга сабаб бўлди. Шу картинада сиз ижро этган образни яна ким гавдалантира олиши мумкин эди? 
- Яна ким ижро этиши мумкин (ўйланиб қолди), очиғи билмайман. Чунки ҳеч қачон роль талашмаганман. Албатта ҳар бир сценарий қайсидир санъаткор учун ёзилади. Сценарийни ўқиган пайтимдаёқ негадир кўнглимда айнан мен учун ёзилган деган ўй туғилган. Бу роль менинг тақдиримда бор деган тўхтамга келганман. Болалик чоғларимдан бошқа фильмларни томоша қилиб шунга ўхшаш тарихий ролни ўйнашни орзулаганман. Фильм мени актёр сифатидаги кўпгина қирраларимни очиб беришимда катта ёрдам берди. Дастлаб мени бу образга олишга иккиланишди. Бундан ташқари, молиявий жиҳатдан озгина тортишиб ҳам қолдик. Тўғрисини айтсам, сценарий бақувватлиги учун ҳеч нарсага қарамасдан ролни чин дилдан ўйнашга ҳаракат қилдим.
- Бу сўзларингиздан сиз берилган гонорардан қониқмадингиз деган маънони уқяпман...
- Худди шундай. Лекин мен учун айни дамда муҳими ролимни яхши ижро этиш. Биласиз, ҳар бир эркак кишининг энг катта бурчи бу ватанига хизмат қилиши, унинг қаҳрамонига айланиш эса орзу-ҳаваси. Образимни кўнглимга ёққан томонларидан бири қаҳрамоним ватан, эл-юрт олдидаги бурчини шараф билан бажаради. Гарчанд бу ҳақиқий ҳаётда рўй бермади, лекин буни фильм орқали бўлса-да, амалга оширганимдан қувоняпман. Қаҳрамоним Жонбоз адолатпарвар, ватани учун жонини бериб бўлса-да, халқини ёвуз кучлардан ҳимоя қилади. Фақат ўз қаҳрамонимга овоз бермаганимдан озгина хафаман. Кўпгина ролларимда менга ўз ишининг устаси Санжар Саъдуллаев овоз берадилар. Бундан мақсад овоз орқали образимни янада яхши очиш. Дублёр масаласига келсак, образимга керакли бўлган барча трюкларни ўз фантазиямга таянган ҳолда бажардим, қиличбозликни саҳнада кўрсатишни партнёрим Юлдуз Ражабова билан жуда яхши ўргандик. Жаҳон киносини кўриб, махсус эффектлар устида ишладик. Аввалги фильмлардаги каби саҳна кўринишлари бугунги кунда эскирган. Эътибор берган бўлсангиз, ҳозир 2 ёшли бола ҳам қўл телефонини тушуняпти, ундаги ўйинларни ўйнай олаяпти. Айни дамда одамларнинг талабига жавоб берадиган фильм ишлаш осон эмас. Аввалги “Мушкетёрлар...” каби фильмлар ҳозирги давр талабига тўла жавоб бермайди.Замонавий ёшларбоп жанг саҳналари бўлмаса, ёшларнинг эътиборига тушиш жуда қийин. Гарчанд бу фильм эртак деб номланган бўлса-да, у эртак эмас. Назаримда бу трагик драма бўлса керак. Ҳар бир эртакнинг эса ўз ҳақиқати яъни мақсади бор.Хуллас, ролим учун анча катта тайёргарлик кўришимга тўғри келди. Қаҳрамоним тарихий образ бўлгани учун ҳам бошқа ролларимдан анча фарқланади. Айтайлик, либослари, ижрода ...
- Либос танлашда қийналмадингизми?
- - Аввало борига шукр қиладиган инсонман. Қилични реквизитлар орасидан ўзим топиб чиқдим. Этигим сал ноқулайлиги учун сакраган пайтларимда оёғимни қайрилтириб олдим. Оёғим синса ҳам шу ишни охирига етказаман деб аҳд қилдим. Тўғри бирон киши менга бундай қил деб йўл кўрсатмади. Лекин буни ролим талаб этгани учун ўз хоҳишим билан бажардим. Чунки бу нафақат мени, балки жуда кўпчилик орзу қилган тарихий образ бўлгани учун ҳам ўзимни ҳеч аямадим. Умуман олганда эса, ҳар қандай ишга юзаки ёндашишни ёқтирмайман. Бирон ишга қўл урсам албатта бор имкониятим, иқтидорим ва куч-қувватимни ишга солиб юракдан бажаришга ҳаракат қиламан. Биласизми, ичимдаги 2 одам бир-бири билан доим курашади. Бири қандай бўлсанг шундайлигингча қол, деса. Иккинчиси эса, соғинтириб яшашинг керак, дейди. Ҳамма фильмларда суратга тушаверма. Юзингнинг сийқаси чиқиб кетмасин, дейди. Инсон хатолардан холи эмас. Эътибор берган бўлсангиз, ижро этган қаҳрамонларим бир-бирига ўхшамайди. Актёр ўзини ўйнаши керак эмас, бошқа одамларни гавдалантириши лозим. Ҳар бир фильм тарихда қолади. Шунинг учун ҳаммасига жуда жиддий тайёргарлик кўраман. Шу пайтгача ижро этган ролларимдан ҳеч қачон қониқмаганман. Жуда кўп хато қилганман. Фақат ўз-ўзимни ҳали ёшман, аста-секин тажрибам ошгани сари хатоларим ҳам камайиб боради дея оқлайману, лекин ичимда барибир сиқиламан. Шунинг учун ҳар бир ролимни ички характерини топишга, психологик ечим излашга уринаман. “Бу бола ёшлигида қанақа инсон бўлган? Отаси ёки онаси вафот этмаганми? Нимага қизиқади: спортгами ёки?..” деган саволларга жавоб излайман.

САНЪАТКОР ЭМАС, САНОАТКОР КЎПАЙИБ КЕТДИ

- Масалан, “Пойга” фильмидаги дудуқ йигит образини ҳаётда прототипи борми? Ёки ўз фантазиянгизга кўпроқ таянганмисиз?
- Албатта кўрган фильмларим орқали ўрганганман. Кейин фантазиямни ишга соламан.
- Сиз санъатдаги илк қадамларингизни клипларда суратга тушишдан бошлагансиз. Сизни клиплар машҳур қилдими, фильмлар ёки оилавий ҳаёт, яъни Райҳон Ғаниева билан турмуш қуришингиз?...
- “Уммон” гуруҳининг “Йўқ” деган қўшиғига ишланган клип билан санъатдаги йўлим бошланган десам муболаға эмас. Бу менга омад эшикларини очди, озми-кўпми одамларга танитди. Лоланинг “Соғиниб” деган клипи ҳам анча машҳур қилди. Ана шундан кейин мен билан кўпчилик қизиқа бошлади.Шундан кейин собиқ рафиқамнинг клипида суратга тушдим, оила қурдим.
- Кейинги пайтларда клипларда суратга тушмай қўйдингиз-а?
- Яқинда Лола яна “Соғиндим” деб номланган янги қўшиқ ёзди. Бу клип ижтимоий тармоқларда жуда кўп гап-сўзларга сабаб бўлди. Лекин биз Лола билан ўз вазифаларимизни бажардик холос. Қўшиққа Санжар Маткаримов клип суратга олди, Рустам Муродов операторлик қилди. Жуда ажойиб ижодий гуруҳ йиғилди. Ярим сўздан ҳамма бир-бирини тушунди, ижодий жараён шу боис жуда қизғин кечди. 
- Дебют ишини бошлаган режиссёрларга ҳам розилик билдираверасизми?
- Сюжети таъсирчан бўлса ва Санъат институтида таҳсил олган бўлса рад этмайман. Талабалар суратга олган қисқа метражли фильм ёки клипларда суратга тушиб берганман. Чунки менга уларнинг бошидан ўтказганлар нарсалар таниш. Лекин кўчадан келган, санъат соҳасида таълим олмаган қизиқувчи, хобби деб билувчиларга рози бўлмаганман. Чунки бундайлар аввало санъатни яхши тушунмайди, ижод учун булар минус. Ҳозирги кунда саноаткор кўпайиб кетди. Мен ўзимни ижодкор, санъаткор деб биламан.
- Сиз ўз ишининг устаси сифатида дунё киносанъатини ҳам кузатиб борасиз. Жаҳон киносанъатидан кимни эътироф этасиз?
- Бунақалар жуда кўп. Улардан бири Майк Скорсезе, Френсис форд Коппола,Стивен Спилберг, Жеймс Кемерон, Квентин Тарантино, Мэл Гибсон, ака –ука Бочовскийлар.
- Шу тилга олган режиссёрларингиздан қайси бири билан битта суратга олиш майдончасида бўлиб қолишни истардингиз?
- Албатта Майк Скорсезе билан. У энг яхши кўрган ижодкорларимдан бири. У детектив жанрида кўпроқ фильмлар суратга олади. Унинг фильмларида кўпроқ Леонардио Каприо суратга тушади. Шу ўринда актёр бўлганим учун яхши кўрган ҳамкасбларимни ҳам тилга олиб ўтишим керак. Аль Пачино, Роберт де Ниро, Том Хэнкс, Рассел Кроу, Уилл Смитт, Леонардио Каприо. Уларга дунё аҳли тан берган, уларнинг истеъдоди кучли, инсоннинг қалбига кириш маҳорати кучли.
- Неча ёшингизда сизда санъаткор бўламан деган туйғу пайдо бўлган?
- Назаримда 5 ёшларимда бўлса керак. Ақлимни таниганиман кейин Президентни қўриқлаш хизматида ишлашни орзулаганман. Ўша кезларда Кевин Костнернинг “Телохранитель” номли фильмини томоша қилганман. Бу картина менга жуда ёққан ва ўз олдимга қўйган мақсадимни янада қатъийлаштирган. Ага ўшанда ҳаётда бўлмаса-да, мультфильмлар орқали қаҳрамонлар образларини яратиш мумкинлигини тушуниб етганман. Устоз санъаткор Сойиб Хўжаев туғилиб ўсган Хонобод шаҳарчасидаги маҳаллада, Андижонда вояга етганман. Ҳар йили уларнинг таваллуд айёмлари 5 май жуда катта байрам қилинарди. Спорт мусобақалари ўтказиларди, кураш тушиларди, пойтахтдан, қўшни республика ва вилоятлардан меҳмонлар келарди, боғ тўла одам бўларди. Ана шу тадбирлардан кейин юрагимда янада инсонлар юрагидан жой олган импровизация устаси Сойиб Хўжаевга ўхшаш, санъатга бўлган меҳр кучайган. Болалик чоғларида инсоннинг кўрган нарсаси миясида чуқур ўрнашиб олади. Ўша кўрганларим ҳа балки мени санъат сари етаклагандир. Мен Сойиб Хўжаевнинг фильмларини кўриб катта бўлганман. Яна 75 ёшли Қаҳрамон додам ўзларича қўшиқлар хиргойи қилиб биз набираларини эркалатардилар. Дастур бошида Сойиб Хўжаев ҳангомаларидан гапириб, фильмлардаги “Овқатингни емайсанми?”, “Замбаракнинг ўқи керакмасми?” каби қисқа ибораларни айтиб, ҳазил-мутойиба билан кулдирардилар. 

ОИЛА – ҚИЗ БОЛА ОНАСИГА ЎХШАСИН...

- Узр, Райҳон энди сизнинг ўтмишингизда қолди, бўлғуси турмуш ўртоғингизни қандай тасаввур қиласиз?
- Энг аввало оила аъзоларим ва яқинларимни ҳурмат қилиши муҳим. Қалби, ташқи қиёфаси, кўзлари чиройли бўлишини истайман. Келажакда қиз фарзанд кўрсам онасига, ўғил бўлса менга ўхшашини хоҳлайман. Райҳонга уйланиб балки ёшлик қилгандирман.Лекин назаримда бу менинг тақдиримга ёзилган бўлса керак. Ҳаёт йўлларимда нимаки бўлмасин барчаси яхшиликка деб ўйлайман. Эгизакларим Ислом ва Имрон ҳозирча ҳафтада бир марта кўришамиз. Иккаласи ҳам жуда ақлли бўлиб боришяпти. 
- Улар учун ўз қўлингиз билан таомлар пиширганмисиз?
- Каша яъни бўтқа пишириб берганман. Бирга яшаганимизда керак бўлганда таглигини ҳам алиштирганман. Ҳар қандай ота фарзандлари учун нима зарур бўлса барчасини муҳайё қилишга интилади менимча.
- Бугунги кун оналари болаларини сал эсган шабададан ҳам олиб қочишади. Сиз чиниқтириш учун нималардир қилганмисиз? 
- Очиғини айтганда, ҳозирги болаларнинг иммунитети анча паст, шу боис уларни чиниқтиришни қанча эрта бошланса шунча яхши. Лекин менда Ислом ва Имронни чиниқтириш учун имконият йўқ. Ҳозир Райҳон уларни жуда яхши парваришлаяпти, бор меҳр-муҳаббатини беряпти.
- Ташқи қиёфангиз тортинчоқ инсон деган фикр уйғотади. Аслида ҳаётда қандай инсонсиз?
- Анча тортинчоқман, оммага кўринишга тортинаман. Шунинг учун тўйларга бошловчи сифатида чиқмаганман. 3-4 марта таклиф этилган жойга бордим, лекин ўзимни тутишимдан кўнглим тўлмади. Ҳозир радиодаги тўйлар ҳақидаги эшиттиришда бошловчилик қиляпман. Дастлаб озгина қийналдим. Радиони ўзига тортадиган сеҳрли кучи бор экан. Айни дамда анча киришиб кетдим. Меҳмон ижодкорлар билан анча эркин суҳбат қуряпман.
- Интервьюларингизнинг бирида “Оскар” олмагунимча ҳаракатдан тўхтамайман” дегансиз. Айтайлик, бу мукофот кино санъатининг юқори пиллапояси бўлса, айни дамда сиз нечанчи поғонадасиз?
- (кулимсираб) Билмасам... Юқорида ҳам айтдим, ҳаммаси ниятга боғлиқ. Албатта мақсадим ва ниятларимни амалга ошириш учун астойдил интиламан.

Суҳбатдош - Маъпура НАБИЕВА.
2017 йил.