Илк дастхат ҳангомалари


   Мухлисларига яхши тилак билдириб дастхат бериш санъаткор учун одатий ҳол. Уларни халқ яхши танийди, севиб тинглайди, яратган образларини мириқиб томоша қилади. Бироқ илк бор кимга ва қандай дастхат ёзганликларини санъткорларимизнинг ўзлари ҳам унутишган бўлса ажаб эмас.. Биринчи марта дастхат улашган санъаткор ҳаяжонланиб мухлисига нималарни ёзиб туҳфа этгани қизиқ ҳолат. Бу галги ажабтовур ҳангомаларга бой лойиҳани ўқиб, ўзингиз бунга амин бўласиз.
ИЛК ДАСТХАТ: кимга, қачон ва қандай ҳолатда нима ёзгансиз?
«Онамни даволаб қўйинг!»
Дилшодбек КАТТАБЕКОВ, актёр:
– Бундан анча йиллар олдин чекка қишлоққа гастроль сафарига борганмиз. Ўшанда концерт дастурини тақдим этиб бўлганимиздан сўнг мухлислар дастхат олгани кела бошлашди. Олдимга ёшгина бир бола келиб, «Онамнинг мазаси йўқ, касал, у кишини даволаб қўйинг, илтимос сиздан...» дея мурожаат қилган! Мен эса унинг гапига яхши тушунмай, дастхат сўраётган бўлса керак, деб ўйлаганман. Чунки атроф шовқин-сурон, унинг овозини эшитиш жуда мушкул эди-да. Унга жавобан, «Дастхат учун дафтаринг борми, ёки қўлингга қўйиб берайми?» деб жавоб бердим. У бўлса бошини сарак-сарак этиб, яна ўша бояги гапини баланд овозда такрорлади. Ана энди унинг гапига тўлиқ тушундим-у, бир зум жим бўлиб қолдим. Нима деб жавоб қайтаришга ҳам лолман. Чунки у мени «Кичкина табиб» фильмида кўрган. Ўзим нимани тушунсам, шуни гапириб берганман, ҳар ҳолда, ёшим ҳам насиҳат қилиш даражасида бўлмаганди-да.
«Кино чиқмасидан машҳур бўлиб кетгандим»
Жамила ҒОФУРОВА, актриса:
– Илк дастхат... ҳақиқатдан ҳам ажойиб ва ҳаяжонли дамлар. Лекин биласизми, биринчи бор дастхат беришим антиқа кечган. Чунки у пайтлар мени ҳеч ким танимайди, илк бор 17 ёшимда «Дилхирож» фильмида суратга тушяпмиз. Ўшанда Севинч Мўминованинг дугонаси образини ижро этганман. Суратга олиш майдончасида турсак, бир гуруҳ ёшлар келиб, бирма-бир дастхат ола бошлашди. Ёнимда Севинч бор эди, ҳамма уни танийди ва қўшиқларини эшитган, унинг мухлиси кўп, бироқ йигит-қизлар келиб мендан ҳам дастхат ола бошлашди. Шунда мен ҳаяжонланганман, илк дастхатимни бир қизга берганман. Лекин энг қизиғи – ўшанда дастхат бераётган пайтда чиройли тилак ёзиб, қўл қўйиш керак бўлган экан. Мен бўлсам, исм-фамилиямни ёзиб, қўл қўйиб бераверганман! Кейин эса буни эшитганлар анчагача кулиб юришди. Энди ўша пайтда, ҳатто халққа танилган, уч-тўртта кинода ўйнаган актриса ҳам эмас эдим-да. Бироқ мени актриса сифатида танишмаса ҳам келиб, машҳурлар қаторида бирдек чиройли муомала қилишган (кулади). Кино чиқмасидан машҳур бўлиб кетдингиз-ку, деб узоқ вақт эслаб юришди. 
«Шу ручка билан дафтар сизга подарка»
Улуғбек РАҲМАТУЛЛАЕВ, хонанда:
– Илк бор дастхат сўраган инсон (исми аниқ эсимда йўқ, қиз бола эди) ҳалигача мени эслаб, берган дастхатимни ўқиб, кулиб юрган бўлса керак. Чунки ўшанда нима деб ёзишни билмаганман. Бирдан келиб дастхат сўрашганида, ҳаяжондан ва қувончдан тутқазган дафтар ва ручкани олиб, узоқ ўйланиб ижод қила бошлаганман, биргина дастхат бериш учун. Шунақанги узундан-узун тилаклар ва гапларни ёзганманки, ўша лаҳзада дилимдан нима кечган бўлса, шуларнинг барчасини оппоқ қоғозга тўкканман. Агар бошқа қиз бўлганида, сиқилиб кетганидан, «Шу дафтар билан ручка сизга «подарка», ўтириб, бемалол ёзаётган асарингизни тугатиб олинг!» деб кетиб қолиши аниқ эди (кулади). Лекин у кутди ва дастхатни олиб, ташаккур айтиб, ижодий парвозлар тилади. Ўшанда завқланиб кетгандим. Кейинчалик эса эслаб, биргина дастхат учун 15-20 дақиқа қизнинг вақтини олганим учун ўзим ҳам кулиб юрдим. Ҳа, дастхат эмас, достон ёзиб берганман. Энди эса оддийгина қилиб, бир зумда, «Омад тилаб, Улуғбек Раҳматуллаев», дея имзо чекиб беравераман (жилмаяди).
«Уйингиз буғдойга тўлсин!»
Шоҳида УЗОҚОВА, актриса:
– Биринчи марта дастхат берганим ҳеч эсимдан чиқмайди. Театрда ишлаб юрган пайтимизда ижодий гуруҳимиз билан бирга «Келинлар қўзғолони» спектаклини намойиш этиш учун Наманганнинг Поп туманига борганмиз. Ўша пайтда мен еттинчи келин – Нигорани ўйнашим керак эди. Аксига олиб, саҳнага спорт формасида чиқишим керак. Мен «киймайман», деб оёқ тираб ўжарлик қилганман. Чунки қўрққандим, мени тошбўрон қилишади-ку, деб. Негаки, залда йиғилганларнинг деярли барчаси ёши улуғ, катта ёшдаги онахон ва отахонлар эди-да. Хуллас, узоқ баҳслашувдан сўнг кийиб чиқишимга тўғри келган, бир пайт ҳаяжонланганимдан, титраб гапирганман-у, ўйинга тушиб кетаверганман. Қарабсизки, саҳнада барча томошабинлар қарсак чалишяпти. Шундай қилиб спектаклни муваффақиятли якунлаганмиз. Кейин томошабинлар секин келиб, севимли санъаткорларидан дастхат ола бошлашди. Менинг олдимга ҳам 45 ёшли аёл келиб, дастхат сўраб, ручка ва дафтар узатганида, қўрқиб кетганман. Чунки ҳеч кимга дастхат бермагандим, бу биринчиси эди-да. Шунда мени четда кузатиб турган устозим – Зайнаб опа келиб секин тушунтирганлар, «Бориб, яхши тилак билдириб, пастига исм ва фамилиянгни ёзиб, қўл қўй!» деганлар. Мен ҳам бориб, шу пайтда яхши тилак билдириш учун узоқ ўйлаб ўтирмаганман, хаёлимга келган бувимнинг битта тилаклари бўлар эди (ҳамиша шу дуони айтиб юрар эди-да), шуни катта қилиб: «Уйингиз буғдойга тўлсин!» дея ёзиб берганман (кулади).
   Кейинчалик бу воқеани ҳамкасбларимга айтиб берганимда, ҳаммаси мазза қилиб қолишган. Ўзим ҳам кейинчалик ўйлаганман, «У аёл ҳам уйига бориб, ҳадеб буғдой сотиб олиб, уйини тўлдирган бўлса керак», деб. Лекин барибир ўшанда ёмон тилак бўлмаган, бу ахир яхши тилак-ку, яъни бувим таъкидлаганларидек, «уйингизга ризқ-барака ҳамиша тўла бўлсин», дегани-да. Бироқ ўша пайтда менга қандай дастхат бериш кераклигини ўргатган устозим Зайнаб опадан жуда-жуда миннатдорман. У киши ҳамиша, ҳар қандай вазиятда эринмасдан, ўз маслаҳатларини бериб, билмаганларимизни ўргатиб келганлар.
«Ҳамиша севиб-севилиб яшанг!»
Равшан КОМИЛОВ, хонанда:
– Илк дастхатни 1992 йилларда берганман, унча аниқ эслай олмайман (ўйланиб). Чунки орадан 24 йилдан ошиқ вақт ўтиб кетган-да. Лекин дадил айта оламанки, ўша пайтларда 26-27 ёшли келишган йигит бўлсак, албатта, илк мухлисимиз шу талаба ёшлар, яъни қизлар бўлган-да (жилмаяди).. Илк маротаба дастхат берганимда, албатта, ҳаяжон бўлган. Лекин ўтириб олиб, узундан-узун тилак ёзмаганман, чунки у қадар ёзишга қизиқишим йўқ. Мана, ҳозирги кунда эса дастхат бериш одатий ҳолга айланиб қолган.
   Тилакка келсак, агар ёши катталар бўлса «Оилавий бахт-саодат тилайман!», йигит-қизлар бўлса, «Ота-онангизнинг иззатли фарзанди бўлиб қолинг!» дея ният билдириб, дастхатимни тушириб беравераман. Агар икки ёш, турмуш қурган оилалар бўлса, «Ҳамиша севиб-севилиб яшанг!» деб дастхат бераман. Чунки бунинг маъноси кенг. Севги бу – ота-онасига, ёрига, Ватанига, фарзандига... хуллас, унинг гап ичида ниҳоятда кўп туйғулар жамулжам. Ҳозирги пайтда эса дастхат ўрнига ҳамма расмга тушишга ўтган. Айни дамда халқимиз кўпроқ суннат тўйларига чақиришгани учун дастхат қўяётганда, «Никоҳ тўйингизга Фаррух Комилов келиб хизмат қилсин!» деб ҳам истак билдираман (кулади).
Эронлик йигитга ўзбекча тилак
Азиза НИЁЗМЕТОВА, хонанда:
– Илк маротаба дастхат беришим жудаям қизиқарли чиққан. Эсласам ҳозиргача куламан, чунки дастхатни саҳнада, кўча-кўйда эмас, балки чегарадан ўтаётган пайтим берганман. 1996 йиллар боши, ўша пайтларда кассеталарда илк маротаба қўшиғимни оригинал вариантда эмас, хонаки вариантда ёзиб тарқатганмиз. Хуллас, ўша йили Туркманистонга тўйга чақириб қолишди, хизмат бурчимизни адо этиш учун боряпмиз. Автомобилда эса қўшиқларимнинг хонаки варианти кўчирилган кассета тинмай айланяпти. Бир пайт эндигина чегарага яқинлашиб, Туркманистон томонга ўтаётганимизда асли эронлик бўлган болалар келиб, мендан дастхат сўрашса, денг! Ҳайрон қолганман: «Сиз қайси қўшиғимни эшитгансиз?» деб сўрасам, муҳаббат ҳақидаги бир қўшиғим бор эди, ўшанинг «Мани юрагимнинг нолиши, То маҳшаргача етарми...» деган сатрлари бор, ўша жойини ўзбекча қилиб айтиб беришди! Уларга шу қўшиқ жуда ҳам маъқул келган экан. Кейин уларга дастхат берганман, буни қарангки, илк дастхатимни эронлик йигитлар олишган. Энди воқеанинг энг қизиқ жойини эшитинг: дастхатда «омад тилайман» қабилида қисқа тилак эмас, ўзиям салкам достонга тенг ярим варақли ният билдириб қўйганман! Ўзингиз тасаввур қилаверинг, чегаранинг қоқ ўртасида дастхат бераётган хонандани (кулади). Аксига олиб, дастхатда ёзилган тилаклар ўзбек тилида. Таржима қилиб, тушуниб олгунларича ҳам анча вақт ўтиб кетган бўлса ажаб эмас...

Ҳидоят САДРИДДИНОВ тайёрлади.
Манба: "Сабо" газетаси. 2016 йил.