ТОШКЕНТ ҚИШЛОҚДАГИЛАР УЧУН КАСАЛЛАР ШАҲРИГА АЙЛАНИБ ҚОЛГАН


  "Олтин қалам" Миллий мукофоти соҳибаси, шоира Адиба УМИРОВА: “ТОШКЕНТ ҚИШЛОҚДАГИЛАР УЧУН КАСАЛЛАР ШАҲРИГА АЙЛАНИБ ҚОЛГАН”

  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Адиба Умирова билан суҳбатлашиш ниҳоятда мароқли. У ҳақ сўзни айтишдан қўрқмайдиган, адолат учун интиладиган ижодкорлар сирасидан. Айни кунда “Халқ сўзи” газетасида фаолият юритаётган Адиба Умирова жамиятимизда рўй бераётган ўзгаришларни, долзарб мавзуларни қаламга олишга интилади, юрагидан тўкилганлардан эса шеър дунёга келади. Юртимизнинг машҳур кишилари, ёзувчию маданият арбоблари билан суҳбатлашиб, уларнинг дилидаги гапларни билиб олишга ва муштарийга етказишга интилади.
Самимий ва дилкаш кечган ушбу суҳбатимизда унинг “дил дафтари”ни варақладик. 

“ЗЎР ЖУРНАЛИСТ БЎЛИШНИНГ АСЛО ИЛОЖИ ЙЎҚ”

— Адибахон, яқинда Оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз байрамларини нишонлашди. Лекин, очиғини айтсам, кейинги пайтларда  газета ва журналларда ишлаётган ҳамкасбларимга ҳавасим келмаяпти. Боиси, уларнинг меҳнати керакли даражада қадрланмаётгандек туюлади. Сизчи, бу борада қандай фикрдасиз?
—  Немисларда "ҳар бир ўхшатишда нуқсон бор"  деган мақол бор. Матбуот мурвати эркин ижод қўлида бўлиши керак, дейишимда ҳам нуқсон бор. Бу шак-шубҳа йўқки,  тилида мискинлик ҳукм сурган хушомадгўй, тажанг интеллигентларга ёқмайди. Ҳар йили Оммавий ахборот воситалари байрамида йўлланган табрикда ҳам цензура  "юрагини олиб қўйган" матбуот мутлоқ эркин  (фақат орган тергашидан қутулган маънода эмас)  -- нимаки жонли, нимаки ҳаётий бўлса,  ҳаммасини бўғиб расвосини чиқармаслик, сўз эркинлигига тўраларча босим ўтказмаслик,  журналистлар меҳнати муносиб қадрланиши ҳақида гап боради. Албатта, биз ҳам худди шундай эркин фикр ва танқидга кенг майдон очиб берадиган таҳририятларда ишлашни истаймиз. Бугун ҳар ким хоҳлаган нарсани ёзиш ва сўзлаш ихтиёри ўзида, бунга заррача монелик йўқ. Аммо эскидан қолиб келаётган бир хил андоза,  "қолип"ларга сиғмаган,  шахсий ташаббуси,  шахсий қобилияти, фикри ва ақлига суяниб иш кўрадиган ходимни таҳририятдан қувлаб юбориш ихтиёри ҳам ўз қўлида. Очиғини айтаман,  ҳозир таҳририятларга ўртамиёна журналист керак, ўртамиёна журналист бўлсанг, тинчгина ишлайсан. Зўр журналист бўлишнинг асло иложи йўқ.  Цензура балосидан қутулган билан ички қўрқув,  мужмаллик  --" шуни ёзсам қандай бўларкан", деган иштибоҳларга бориш ҳар қандай қалами ўткир ижодкорни саёз даражага тушириб қўяди. Истеъдодли, билимли, хорижий тилларни билган ҳамкасбларимизни таҳририятларда ўртамиёна бўлиб юриши ёки юзи бақувват, иродаси тош-метин ахборотчи  -- югурдакка айланиб қолгани одамга алам қилади, албатта.  Ўртамиёналик,  қўрқоқлик,  қарамлик,  ярим обломовчи, ярим савдогарларча принцип, сўзфурушлик неча йиллардан бери қадрли саналган матбуотни пастга урди, жонсизлантирди, расмиятчиликка айлантиб қўйди. Аммо ҳақиқий журналист шу жамиятда яшаб, оғриқларидан ўзини четга олиши мумкин эмас. Ўз мактабини яратган журналистлардан Аҳмаджон Отабоев,  эл таниган қанча журналистларга сабоқ берган Акбар Нурматов, Ҳалим Саидов, аёл журналистлардан Гулчеҳра Умарова,  Қутлибека Раҳимбоевалар ҳеч қандай таъмасиз ўзбек матбуотини кўтариш учун меҳнат қилиб келаётгани бизга куч беради. Журналистика соҳасидаги нуфузли мукофотларни асосан,  илмий-ижодий изланишлари таҳсинга сазовор ўқитувчи-мураббийлар, босма нашр ходимларига берилса, десам ўзини электрон нашрлар тарафдори деб билган бирон ҳовлиқма интеллигент:  “Бу нимаси! Бу қандай гап!  Ҳукумат кучи етмаган муаммоларга ҳам ижтимоий тармоқлар ечим топаётган бўлса!   Босма нашрлар кимга керак!”  -- деб қичқирса керак. Мен чироқ ўчса,  ҳаммаси ҳавога совурилиб кетадиган электрон воситалардан босма нашрларни устун қўяман. Газета ҳали ўлгани йўқ,  ўлишига ҳали анча вақт бор.  Фақат матбуот эркин матбуот бўлиши, минглаб,  ўн минглаб одамлар қўлига етиб бориши керак. Ҳозир эшикма-эшик юриб обуна қилиш даври ўтди, хорижий матбуот шуни ҳисобга олиб электрон обунани яхши йўлга қўйган. Бирон газетанинг электрон нусхасини олмоқчи бўлсангиз, дарров обуна  (пуллик) бўлишини эслатади. Бу ҳам журналист меҳнатига катта  рағбат ва эътибордир.

“...ҚИРҚ БЕШ ДАҚИҚА МЕНГА КАМЛИК ҚИЛАРДИ” 

— Интервьюларингиздан бирида “Матбуотда ҳеч қайси олий ўқув юрти бера олмайдиган Инсоншунослик илмини ўргандим” дегансиз.  Инсоншунослик илмининг ўзи нима? Одамларни яхши ёки ёмонга ажратишларига қандай қарайсиз?
— Болалигимда онам китоб ўқи, миянгни даволайди, дердилар. Мени "Лисон-ут Тайр"  -- илоҳий қушларга ошно этгани учун Навоий бобомдан миннатдорман. Шууримга исломий нур олиб кирган Алихонтўра Соғунийга "Тарихий Муҳаммадий"  асари учун таъзим қиламан. Ботинимга қарашни ўргатган имом Ғаззоллийга раҳмат. А.Чеховнинг  "Чиновникнинг ўлими", А. Дюманинг  "Граф Монте Кристо"  -- Иф қаъласининг маҳбуси, Толстой,  Тургенев, Достоевский,  Маркес, Сидни Шелдон,  Пушкин,  Блок, Ахматова,  Гиппус, Эдна, Эмилидан тортиб Ч. Айтматов,  Ойбек, Қаҳҳор, Қодирий, Шукур Холмирзаев,  Шароф Бошбековгача...  Эҳҳ-е, қадрли муаллифларим саноғига етолмайман,  аммо кимдан қандай китоб эшитсам ёзиб олиб ичидаги илмни олганим учун уларга ҳам ташаккур! Ҳалигача мен учун  билимлар Маккаси бу   -- китоб!..  Кутубхона! Очиғи, мактабда ўқиб юрганимда  ўқитувчилар берган таълим  "мазаси"дан қониқмасдим. Айниқса,  физика, кимё, биология, анатомия, адабиёт, тарих учун ажратилган қирқ беш дақиқа менга камлик қиларди. Ҳозир ҳам олимлик даражасига етиш учун тиришиб-тирмашиб юрган уч-тўрт тенгқурим менга тимсол бўлолмайди. Чунки  келажагимни ҳисоб-китоб билан катта обрў ва маблағ келтирадиган соҳаларга тикмаганман. Ақл шундай балоки, у тириклай ўлдиради. Китоб кўрган одам ҳаётда яшашга қийналади. Аммо ҳар қандай жаҳолатдан билими ушлаб туради, тубанликдан тўхтатади. Маърифатли инсон юзидаги уятни сидириб,  уятсиз ишларни қилмайди.  Китоб  -- ўз-ўзимиздан уялиш, тоза меҳнат, тўғриликни танлаш, тоза одамлар билан бирга бўлишга имкон беради. Бир том китоб ўқиган билан қалбда заррача андиша, тозалик, тўғрилик бўлмаса,  Машраб бобо айтгандек,  "Иброҳимдан қолған у эски дўконни на қиламиз?!".  Инсондан яхшилик ва ёмонлик кўриш янгилик эмас, мен уятдан хавотирдаман. Уят, андиша, ҳаё, инсонийликдан биз анча илгарилаб кетдик,  уят тўхтаб турибди,  уятни келажак авлодга мерос қолдиришга биз жавобгармиз.
— Янглишмасам, кўп қиррали ижодкорсиз, шеър ёзасиз, мақолалар тайёрлайсиз, машҳурлар билан суҳбатлашасиз. Шоир, ёзувчи, журналист сўз билан ёниб яшаса ҳам, ҳар хил олам вакилларидир. Шоир ҳис-туйғулар асири бўлса, ёзувчи ўз кўнглини назорат қилади. Журналист вазифаси ҳам уларникидан кам эмас. Шундай эмасми?
— Шоирлик йўргакдан теккан. Дастлаб газетада ишлаб юрганимда, оддий ахборотни ҳам шеърдек ёзардим. Ҳамкасбларим писанд қилмасди. Ҳали ҳам улар учун гўдакман, аммо руҳим ўзимдан анча илгарилаб кетган. Энди мақола қоралашни бошлаганимда, йўлдан ўтиб кетаётган бирор кампирга кўзим тушса қишлоққа кетиб қолгим келарди; ҳозир онам юпун кийимда, ойна олдида йўл қараб ўтиргандир,  балки кўз ёш тўкаётгандир ё бу баҳор ҳам бормаганимдан ўтган-қайтганларга нолиётганмикан?.. Акаларим янги йилда қорбобо бўлиб бориб хурсанд қилганмикан, иссиқ уйга кирганда қувончи эриб кетмадими?.. Кўчада бир нотаниш кампирни етаклаб кетаётган қизча ичимда сўз билан ифодалаб бўлмас соғинч, чидаб бўлмас даражада кутиш азобини берарди.
  "Қўрқув" номли илк ҳикоямни ардоқли ёзувчи Пиримқул Қодировга кўрсатганимда, бир жойига қаттиқ таъсирланганди: “Бу тонг қушча уйғонмади, дон, сувимга қарамади. Уни яхши кўрардим. Ўлими олдидан ҳаммасини кўриб эшитиб жон берди. Қандай даҳшат!  Ўлигини пашшалар талади. Отам мени қўрқмасин деб боғимиз этагига кўмиб келди. Барибир мен қаттиқ қўрқдим. Кеч тушди. Бўшаб ётган темир қафасга қараш ундан ҳам қўрқинчли эди. Митти кафтларимни ёзиб,  Аллоҳим,  қушчам жаннатга кирсин, деб дуо қилдим. Қуш ўлигидан узр сўрадим. Одатда ўликлар беозор бўлишаркан. Сизга балки чин, балки ёлғондир, аммо қушчани қафасга солган гўрсўхта ўтлоқда юмалаб ётарди...”
  Журналистика мен учун шунақа туйғуларга бадиий бўёқ беришда  катта кўприк бўлди. Баъзан мажлисларда шеър ёзиб ўтирсам ҳам кутилмаган мавзуларни берди.

“БИР ОЙДА БИР МАРТА БЎЛСА ҲАМ ТЕАТРГА ТУШГИСИ КЕЛМАЙДИМИ?..”  

— Омма назарига тушадиган мақолалар тайёрлаш учун қамоқхонага, мардикор бозоригаю ва яна кўплаб ҳамкасбларимиз ўйлаб ҳам кўрмаган жойларга бордингиз. Тан олиб айтаман, бу борада сизга жуда ҳавасим келди. Мавзу танлашда ғоялар муаллифи ҳам ўзингиз эдингизми ёки?.. Матбуотда чоп этилган қайси ижодий ишингиз қийинчилик билан “дунёга келган”? 
— Ҳеч бир мақолам осонлик билан ёзилмаган,  осонгина юзага чиқмаган. Мардикор аёллар ҳақидаги  "Қовурғангиз синса оғримайдими?"  очерким неча марта газета саҳифаларидан қайтган.  Офтоб тиғида ҳаллослаб турган бу аёллар шунча йўл босиб ўз-ўзидан пойтахтга келиб қолаётгани йўқ,  аввал туман, вилоят ҳокимларидан иш сўраб боряпти, оёғи ердан узилган раҳбарларнинг маъсулиятсизлиги туфайли мардикор бозорларида юрибди. Бу опа-сингилларимизнинг бошқалардан нима кам жойи бор,  бир ойда бир марта бўлса ҳам театрга тушгиси келмайдими?..  Чопиғи, пахтасини тердиртириб хотин-қизларга иш ҳақини бермаган фермерларга савол:”Хўш,  ер фақат тадбиркорлар бойиш учун берилганми?..” Бу гапларни беш-олти йил илгари газетада чиқариш азоб эди. "Аёллар қамоқхонасида"ги мақоламда маҳкумалар орасида ноҳақ қамалганлар бор,  мен оддий журналист бўлсам, қўлимдан нима келади, ҳар бир жиноий ишни ҳуқуқ-тарғибот идоралари, суд,  адвокатлар қайта кўриб чиқиши керак, деган гапим учун қанча дакки эшитганман. " Тунги капалаклар",  "Чилимкашлар даврасида"  ва яна бир қанча таҳлилий-танқидий мақолаларни тайёрлаш мақсадида тунги клублар, кафе-барлар, одам савдоси билан шуғулланадиган пинҳон кўчалар, қора дорифурушлар маҳалласига кириб борганимда, кутилмаган тайзиқлар ҳам бўлган. Бари кўнгилсизликдан турмуш ўртоғим олиб чиқиб кетарди. Масалан, мардикор аёллар билан икки кун бирга юрганимда, уларга қўшиб милиция ходимлари мени ҳам вақтинча шахсини аниқлаш бюросига тиқиб қўйган. Аёллар қамоқхонасида маҳкумалар билан суҳбатлашиб  қолиб кетганимда, оилам бузилиб кетишига бир баҳя қолган. Бу мавзуларни менга Ўткир Раҳмат, Ўктам Мирзаёр, Қулмон Очил, Абдурасул Жумақул сингари маҳоратли журналистларимиз беришган. “Сизни эҳтиёт қилишимиз керак”, деб кўп қалтис мақолаларимга ўзлари тахаллус топиб беришарди.  Барчаларидан миннатдорман. 
— Сизнинг тарбиянгизда, ижод оламини танлашингизда кимнинг ҳиссаси кўпроқ бўлган: ота-онангиз ёки устозларингиз?
— Оиламизда зиёлилар кўп. Опаларим Зулфия,  Юлдуз ўқитувчи, Зебуннисо шифокор. Э. Воҳидов, А. Орипов, Х. Даврон, С. Саййид, Й. Эшбек шеъларини ака-опаларим ёддан айтиб берарди. Тақдирни қарангки, шу улуғ устозлар билан юзма-юз учрашиш менга насиб қилди. Ижодкорликни қисматим танлади, аммо адабиётга меҳр қўйишимда ҳар бирларининг ўрни беқиёс.

“МУСОФИРЧИЛИКДАГИ ЭНГ КАТТА МУАММО БОШПАНАСИЗЛИК”

— Айтайлик, ҳамқишлоқларингиз, ён атрофингиздагилар назарида сиз жуда бахтли одамсиз. Сизни қийнайдиган, юрагингизни ўртайдиган биронта муаммо йўқ деб ўйлашади. Аслида ҳам шундайми? Ёки... тилингиз учида турган гаплар... 
— Пойтахтга келиб йигирма йил ижарада яшадим. Бундай қарасам, Тошкентнинг ҳамма жойида яшаб чиқибмиз. Қишлоқдан меҳмон келса, уйни бўшатиб ўзимиз балконда ётардик. Ҳар янги уйга кўчганда, вақтинча рўйхатда туриш учун қанча овора бўлардик. Яқинда Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан шоир ва ёзувчиларга имтиёзли кредит асосида уй беришди. Дадам уйли бўлганимдан қувониб йиғлаб юборди. Мусофирчиликдаги энг катта муаммо бошпанасизлик. Бошимизда битта ватан бўлса, қолган қийинчиликлар ҳеч нарса эмас.

“ЭНДИ КАСАЛЛИКЛАРНИНГ СЕНДА ҲАҚҚИ ҚОЛМАДИ”

— Неча ёшингизда шифокорга кўпроқ “ишингиз” тушди? Улардан рози ёки норози бўлган чоғларингизда ўзим шифокор бўлганимда эди деган фикр дилингиздан ҳеч ўтганми?
— Деярли, ёшлигим болалар шифохонасида кечган. Ота-онам елкасига опичлаб,  у операция хонасидан бунисига кўтариб чопарди. Ҳозир ҳам шифохона ёнидан ўтсам,  ота-онам эшигида сарғайиб ўтиргандек юрагим орқага тортиб кетади. Мени даволаган маҳоратли шифокор Рисолат Рисқиева, жарроҳ Неъмат Умбаров: "Сен қизнинг ҳали қўшиғинг кўп",  дерди. Шифохонадан тузалиб чиққач, "Энди касалликларнинг сенда ҳаққи қолмади", деб кузатишган. Худога шукур, шундан бери жиддий касал билан шифохонага тушмадим. Тиббиётдаги ўзгаришларни газетада ёритиш мақсадида энг мураккаб юрак операцияларига журналист сифатида кузатувчи бўлиб кирдим. Оқ халатлиларни яхши кўраман, уларга ҳурматим чексиз.
— Келинг, тасаввур қилинг, тиббиёт соҳасида ишлагудек бўлсангиз... 
— Аввало аҳоли ўртасида соғлом турмуш маданиятини кўтарардим. Тошкент қишлоқдагилар учун касаллар шаҳрига айланиб қолган. Доим касаллик билан келишади. Мен эса шунча дори, укол, шифокор хизмати-ю, тиббий текширувларга кетадиган маблағни соғлом турмуш тарзига  сарфлашга ундардим. Очиғи, юртимизнинг олис қишлоқ, шаҳарларида шифокор етишмайди. Ҳатто бирорта шифокори йўқ овуллар ҳам бор. Ҳеч бўлмаса,  пойтахтдаги тажрибали шифокорларнинг ҳар йили бир марта вилоятларда сайёр қабуллари ташкил этилса, аҳоли ўртасида эрта ўлим ҳолати, ногиронлик ва ички инфекцион касалликлар камаярди.

“САЛОМАТЛИК КАЛИТИ СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИДА”

— Сизнингча, саломатлик калити нимада? Саломатлик сирларингиз... Қандай хасталиклар билан курашгансиз?
— Саломатлик калити соғлом турмуш тарзида. Қишлоқда ўсганман,  онам ҳар тонг ширчой қилиб берарди. Момом ҳар куни ўн дона майиз, иккита ёнғоқ, бир қошиқ тоза асал ейишга ўргатган. Зебуннисо опа каратэ, Юлдуз дутор, мен рақс тўгарагига борардим. Болаликдаги хасталикни айтмаганда, ўсмирликда ҳеч қандай касаллик билан оғримадим.

“...ТУРМУШ ЎРТОҒИМ ОВҚАТЛАНИШ РЕЖИМИГА ҚАТТИҚ ТУРАДИ”

— Соғлом овқатланиш деганда нимани тушунасиз? Дастурхонга шакар ва асални қўйишса, қайси бирига қўл чўзасиз? Нима учун айнан шу нарсани танлайсиз?
— Соғлом овқатланиш  -- узоқ умр кўриш гарови. Дастурхонга қўйилган барча ноз-неъматларни тановул қилиб кетавермайман. Пахта даласига чиққанда, шакардан бошқа нарса йўқлиги учун ичардим. Асални ҳам унча хушламайман. Олма, сабзи, олча шарбати бўлса, жон-жон, деб ичаман. Ижодий сафарларга чиққанда,  эрталабдан қовурилган, ёғли таомлар тортилади. Овқатланишга жуда қийналаман, бир стакан қатиқ, сут ёки ширгуручни сўраб олишдан уялмайман.  Уйимизда ҳам шу  -- турмуш ўртоғим овқатланиш режимига қаттиқ туради. Мевалардан тўйиб келинглар, деб болаларни қишлоққа жўнатади. Инсон организми витаминга бой неъматлардан ўз вақтида тўйинмаса,  дори, укол билан саломатликни тиклашга мажбур бўламиз. Ҳар бир инсоннинг саломатлиги ўз қўлида.

МУШТАРИЙЛАРГА ТАВСИЯ ВА МАСЛАҲАТЛАР

•    Юртдошларимиз руҳий ва ақлий қобилиятни ўстириш учун доим китоб ўқишлари,  жисмоний ҳаракатлар билан танани чиниқтиришдан  тўхтамасликларини истардим. 
•  Кони витаминга бой мевалар, сабзавотлар истеъмол қилиб, доим ёш ва соғлом бўлиб юришларини тилайман.
• Донишмандларнинг айтишларича, “Ҳаёт ва вақт икки ўқитувчидир. Ҳаёт бизни вақтни тўғри бошқаришга ўргатади, вақт бизни ҳаётни қадрлашга ўргатади”. Ана шу сўзларни доим ёдингизда тутинг.
Маълумот
•    1980 йили Қарши туманида таваллуд топган.
•    2003 йилда Ёш ижодкорларнинг Зомин семинарида бош совринни қўга киритган.
•    2005 йилда Олий Адабиёт курсини тамомлаган.
•  "Йилнинг энг фаол журналисти  -- 2007",  "Олтин қалам" Миллий мукофоти совриндори, Мустақилликнинг йигирма етти йиллик кўкрак нишони соҳибаси.
•  "Руҳимнинг овози","Яшил тушлар  " Қуёшга йўл", "Ёруғ сирлар" шеърий тўплами муаллифи. 

Маъпура НАБИЕВА суҳбатлашди.
Манба: "Шифо-инфо" газетаси.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот