КЎНГИЛ ДАРДИГА ТОПМАЙ БОРАМАН ҲАРГИЗ ДАВО ИСТАБ...


ёхуд дунё аҳлини ҳушёрликка чорлаган синов
   Алишер Навоий ҳикматларининг бирида: “Эй дўстлар, ҳамма нарсадан умидингни уз, воз кеч, дейишингиз мумкин, аммо зинҳор Яратгувчидан умидингни уз, демангиз” мазмунида бундай дейилган :
Аҳбоб, денгизки, хону мондан тамаъ уз, 
Не хону мон, кавну макондан таъма уз.
Не кавну макон, жону жаҳондан таъма уз, 
Лекин демангиз, меники, Ондин таъма уз. 
 Ушбу мисраларни ёдга олиб, Ўзбекистон халқ артисти Муножат ЙЎЛЧИЕВА билан суҳбатимизни бошладик. Нафақат мумтоз адабиётимиз, санъатимизнинг инсон руҳиятига бўлган таъсири хусусида, балки айни кунларда бутун дунёни ташвишга солган пандемия ҳолати билан боғлиқ руҳий кечинмаларимиз, хулосаларимиз ва умидларимиз сизни ҳам бефарқ қолдирмаса, ажаб эмас. 
– Муножат опа, назаримда, айни кунларда турмуш ташвишлари ва ҳою ҳаваслар кўйида елиб-югуриб юрган одамларни Яратган эгам бир зум тин олишга, кеча ва бугунига чуқурроқ назар солишга, қилаётган гуноҳу савобларини яхшилаб ўйлаб кўришга ҳукм этгандек гўё... 
– Суҳбатимиз аввалида Алишер Навоий ҳикматларини эслатганингизда улуғ шоиримизнинг замондоши, муаррих Хондамир “Макоримул ахлоқ” асарида келтирган бир воқеа эсимга тушди. Алишер Навоий бандалик вазифасини адо этгач, жамоат билан суҳбатлашар, ҳол-аҳвол сўрар, бемор ва эҳтиёжмандларнинг кўнглини кўтарар экан. Нимагадир бир куни тарки одат қилиб қаергадир шошилиб кетиб қолибдилар. Бу ҳолга одатланмаган жамоа қизиқиб сўраганида, ҳазрат Навоий бундай жавоб берган эканлар: “Икки елкамга салом берганимда кўрдимки, устимда бир чумоли турибди. Бу чумоли таҳорат олганим жойдан чиққанини билдим ва бир жонзотни ошиёнидан жудо қилмоқнинг гуноҳини, юкини ўйлаб уни ўз жойига қўйиб келдим”. Қаранг, нафақат инсонга, бир чумолига озор етказишга журъат қилолмаган аждодларнинг авлодларимиз. Бироқ кейинги пайтларда аксариятимиз гуноҳу савоб ишларимиз ҳақида фикрламай қўйдик. Маҳалламизда бир бурда нонга зор инсон борлигини билатуриб маблағимизни савоб ишларга эмас, ҳою ҳавасларга, ҳашаматга сарфлашни маъқул билдик. Дабдабали тўйлар қилдик, қўшнимизнинг томидан баланд уй қуришни ўйлаб тинчимиз йўқолди. 
 Яхшими-ёмонми, эл соғлиғи йўлида хизмат қилаётган шифокорларга қўл кўтардик. Фарзандларимизга билим бераётган ўқитувчини ҳурмат қилмай қўйдик. Мана ҳозир кўпчилигимиз уйдамиз. Тарбиячи ва ўқитувчиларнинг қадрини янада яхшироқ англаяпмиз. Фарзандимизга ўқитувчиси ўрнида бир соат дарс бериш қўлимиздан келмаяпти-ку... Бир соат бўлса ҳам ўқитувчиси онлайн дарс ўтсин, дея ҳаракат қиляпмиз. Куни кеча ижтимоий тармоқлардан бирига 12 ёшли бола ўз видеосини қўйиб: “Илтимос, тезроқ мактабимизга қайтайлик, ўқитувчиларимни жуда соғиндим. Онам менга дарсимни тушунтира олмаяптилар, энди ўқитувчиларимни сира хафа қилмайман”, деб мурожаат қилибди. Боланинг бу гапларидан жуда таъсирландим. Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтишим лозимки, бугунги ташвишли ҳолатнинг бир яхши имкони ўз яқинларимиз оила аъзоларимиз даврасида кўпроқ вақт ўтказиш имконини берди. Мана шу жараёнда биз ўз ҳаётимизни таҳлил қилишимиз, турмуш ўртоғимиз, фарзандларимиз бизга айтолмай юрган гапларидан бохабар бўлишимиз жуда муҳим, деб биламан. Айниқса, аёл киши уйдаги муҳитни тўғри ташкил этишда жуда ҳушёр ва ташаббускор бўлиши керак. Боболар ва бувиларимиз ҳам бу борада фарзандларига кўмак бераётганликларига ишонаман. Ўзим ҳам аввалги югур-югурлардан холи бўлгач, бир-биридан ширин набираларимни кўпроқ эркаладим, улар билан бирга ўйнаб, узоқ суҳбатлашдим. Набирам Муборакхон билан бирга шахмат ва шашка ўйнаймиз, ҳарфларни чиройли қилиб ёзишда, саноқ сонларни ўрганишда ёрдам беряпман. Кичик набирам Маликахонга эртаклар айтиб бераман. Бу машғулотлар менга шундай ҳузур ва ҳаловат бағишладики, сўз билан таърифлаб беролмайман. Келиним Моҳларойимнинг хурсанд бўлганини айтмайсизми... “Ойижон, набираларингиз сиз уйда қолганингиздан бери анча хотиржам ва кўп йиғламайдиган бўлиб қолишди”, дейди. 
– Ўз камолоти ҳақида қайғурадиган инсон 2-3 кун мутолаа қилмай қолса, ўзини қуриб қолаётган дарахт каби ҳис қилади. Яхши китоблар тафти руҳиятимизга тенгсиз озуқа бера олади, хайрли ва савоб ишлар қилишга ундайди. Айни кунларда қўлингиздан қўймай ўқиётган асарларингиз ҳақида айтиб ўтсангиз...
- Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Машраб, Нодирабегим, Увайсий, Ҳазиний ва Фузулий ғазалларини қўлимдан қўймай ўқийман. Мумтоз адабиётимизни ҳикмат маржонлари тўла уммонга қиёслаш мумкин. Шунингдек, Абдулла Қодирий асарларидаги миллий образларимизнинг ҳар бир фазилатидан кўнглим яшнайди. Шу кунларда тарихий асарларга жуда қизиқиб қолганман. Айни пайтда озарбайжонлик ёзувчи Юнус Ўғузнинг “Амир Темур” романини зўр иштиёқ билан ўқияпман. Китоб ўқиш борасида яна бир ўзига хос қоидам бор, ҳар қандай вазиятга қарамай, ҳар куни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг асарларидан камида 10 саҳифа ўқишни одат қилганман. Айниқса, “Тафсири ҳилол” асарини қайта-қайта мутолаа қилиб тўймайман. Юртдошларимизга айни кунларда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларини ўқиш билан бирга телеграмм канал орқали бу улуғ олимимизнинг маърузаларини ҳам тинглаб боришни маслаҳат бераман. Маърузаларидан бирида: “Набий салоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтибдиларки, касал юқиши йўқ, шумланиш ҳам йўқ. Менга хуш келадиган, ёқадиган нарса шуки, бу солиҳ сўздир, дедилар. Биз мўмин-мусулмонлар касал юқади, деган гапга ишонмаслигимиз керак, баъзи бир одамлар ҳозир илмда собит бўлди-ку, юқар экан-ку касал, деган гапларни айтиши, турли далилларни ҳам келтиришлари мумкин. Лекин бу ердаги касал юқиши йўқ деганлари ақидавий гап, яъни касал ўзича юқмайди. Аллоҳ таоллонинг иродаси кетганида юқади. Аллоҳ хоҳласа-хоҳламаса касал юқади, деган гапга эътиқод қилиш Аллоҳнинг қудратига шак келтириш бўлади. Ана шу маънода Пайғамбаримиз алайҳиссалоту васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларини тушунишимиз керак, демак, касаллик ўзидаги қудрат билан Аллоҳ иродасидан ташқари одамга бориб юқолмайди. Мана шу фикримнинг тўғрилигини исботлаш учун бошқа ҳадисларга назар соладиган бўлсак. Бир ҳадисда айтадиларки, қаерда ўлат тарқаганини эшитсангиз, у ерга борманглар, у ердагилар ҳам ташқарига чиқмасин. Яъни бундай эҳтиёт чоралари ҳаммаси исломда айтилган. Лекин бу ерда юқиш йўқ деганда илоҳий масала, жуда нозик бир масала борки, ўша касал ўз салоҳияти билан Аллоҳ иродасидан ташқари ҳам юқади, деган эътиқодга бормаслик керак. Ҳозир шу тарбияни кўрмаганларнинг гапига, тасаввуфига зеҳн солсангиз, касал ўзи юқиб қолади, деган хавотир ва ваҳимада улар. Улар Аллоҳдан мадад сўраб ўз руҳиятини ҳимоя қилишни билмайди. Биз мусулмонлар эса бундай фикр қилишга дохил эмасмиз. Бундай фикрдан устун одамлармиз. Аллоҳ касалликни юқтирмаслик учун қандай чора кўришни бизга буюриб қўйибди, шуни қилаверамиз ва яна Аллоҳдан паноҳ сўраймиз. Ҳар нарсадан шумланиш, ундоғ бўпти, бундоқ бўпти, палончиникига бойқуш келиб қўнган экан мундоқ бўпти, яна кимдир ёнидан мушук ўтиб кетган экан машинасини уриб олибди, деган гаплар ҳаммаси нотўғри. Агар келажакдан башорат оладиган бўлсангиз ва бу сизни умидвор қилса, ажаб эмаски, фаришталар омин деб қолса десангиз, бу яхши одат”, дея таъкидлайдилар шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
  Ана шундай кишини умидлантирадиган, тўғри ва асосли фикрлашга ўргатадиган асарларни ўқиб, маърузаларни тингласак, руҳиятимиз девори мустаҳкамланиб бораверади. Сабр-қаноатнинг, эътиқоднинг қанчалар қудратли куч эканлигини англаб бораверамиз. 
 – “Кўнгил дардига топмай бораман ҳаргиз даво истаб...”. Ижроингиздаги ”Мустаҳзод” ашуласини тинглаётиб, инсон руҳиятини хотиржам қиладиган, дардларига малҳам бўладиган қувватни ҳис қилади киши. Мумтоз қўшиқларимиз ва мусиқаларимизнинг руҳиятимизни юксак маъволарга олиб чиқадиган тенгсиз илоҳий қудрати бор.. 
– Айниқса, ҳозирги кунларда мен юртдошларимизга Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, Фаттоҳхон Мамадалиев, Муҳаммаджон Каримов, Ориф Алимахсумов, Очилхон Отахонов Берда Давидова, Ҳадя Юсупова  каби устоз санъаткорларимиз ижро этган ашулаларни тинглашни тавсия қилган бўлардим. Чунки улар куйлаган қўшиқларнинг сўзларига эътибор берсангиз, Аллоҳга бўлган муҳаббат тараннум этилганига амин бўласиз. Мен умрим давомида ана шундай улуғ санъаткорларимизга муносиб шогирд бўлишга ҳаракат қилдим. Шукрки, уларнинг изидан бориб асло кам бўлмадим.
   Мустақилликка эришганимиздан сўнг биз санъаткорлар учун чет элга чиқиб концерт беришимиз, хорижлик мухлисларга ўзбек мумтоз санъатини намоён қилишимиз учун кенг йўллар очилди. Концертларимиз доимо олқишлар билан кутиб олинди. “Муножат”ни куйлаганимда мухлислар ҳамиша йиғлаб тинглашган. Биз ҳақимизда кўплаб хорижий мамлакатларда ҳужжатли фильмлар олишди. Эсимда, нуфузли фестивалдан сўнг ўтказилган  мулоқотда журналистлардан бири ёнимга келиб, Муножатхон, сиз тасаввуфни куйлайдиган сўфий қўшиқчимисиз, деб сўраган. Шунда устозим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ҳам созанда, ҳам бастакор Шавкат Мирзаев журналистга мумтоз ашулаларимизнинг ҳар бири илоҳий ишқни мадҳ этган буюк шоирларимизнинг ғазаллари асосида айтилганлигини, уларнинг ҳар бир байтида олам-олам фалсафий маъно борлигини астойдил сўзлаб берганлар. Устозим мумтоз адабиётни яхши билганликлари, тасаввуф таълимотидан бохабар эканликлари туфайли у кишининг ҳар бир сабоғи мен учун ниҳоятда қадрли. Бу йил устозим 78 ёшга кирдилар. Барча эришган муваффақиятларим учун улардан миннатдорман.   
   Шуни айтиб ўтиш лозимки, вақт ўтгани сайин бу ғазалларда тараннум этилган илоҳий мўъжизаларни, ҳақиқатларни чуқурроқ англаб бораётгандекман. Мумтоз ашулаларимизни ижро этаётган чоғимда ҳар сафар руҳим юксакликка кўтарилиб бораётганини ҳис қиламан. Бу шундай сирли ҳолатки, таърифлашга сўз тополмайман. Шу боис ҳамиша саҳнага алоҳида тайёргарлик кўриб, дуоларимни ўқиб қадам босаман. Саҳна мен учун ниҳоятда муқаддас жой. Ҳозирги ёш санъаткорларимиз саҳнани шунчаки ўзини кўрсатадиган майдон деб билмаслиги керак. Санъаткор халққа маънавий қувват бериш учун, аввало ўзи ўша маънавий қувватни ҳис қилиши, англаши муҳимдир. Бунинг учун жуда кўп ўқиши, изланиши ва меҳнат қилиши керак. 
   Биласиз, ҳар йили баҳор ва куз ойларида катта концерт бериш биз учун анъанага айланди. Бир йили ана шундай тараддуд жараёнида устозим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шавкат Мирзаев “Гиря” ашуласини Бобораҳим Машраб ғазали асосида айтишни таклиф қилди. Бу қўшиқни куйлаганимда концертдан сўнг кўплаб мухлисларимиз ушбу қўшиғим учун алоҳида минатдорчилик билдиришди. Ҳатто телекўрсатувлардан бирида Дилдора исмли таниқли ишбилармон аёл, ”Эсимни таниганимдан буён русча таълим олиб, русча қўшиқларни тинглаб  катта бўлганман, шу боис ўзбекча сўзлар ва мусиқаларни кўп тингламас, мумтоз ашулаларимизни умуман тушунмас эдим. ”Гиря”ни эшитиб шундай таъсирландимки, хонанданинг овози, ижроси ва ашула сўзларидан тамоман ҳайратга тушдим. Концертдан сўнг роса тўлиб-тўлиб йиғладим, асл шууримда, қонимда ўзбек мумтоз санъатига бўлган эҳтиёж ниҳоятда кучли эканлигини англаб етдим”, деган.
   Халқлар дўстлиги санъат саройида бўлиб ўтган концертларимизнинг бирида Хазинийнинг ”Шому саҳарларда” радифли ғазалига басталанган ашулани ижро этганман. Айниқса, “Худонинг ёди бирлан йиғлағил, шому саҳарларда, Алам ўтида бағринг доғлағил, шому саҳарларда”, деган мисраларини куйлаганимда руҳиятим борган сари енгил тортиётганини ҳис қилганман. Концертдан сўнг  бир юртдошимиз: “Шому саҳарларда” деган ашулангизни кўзда ёш билан тингладим, айниқса, ғазалдаги “Сиротал мустақим отлиғ йўлингда бир хатар бордир, Ўтарми сен, биродар, ўйлағил шому саҳарларда”, деган мисраларини тинглаганимда ўзгача туғён жўш урганини сездим”, деган.  
   Чиндан ҳам бу каби мисралар инсонни мушоҳада қилишга ундайди. Зиёвуддин Каттахўжа ўғли Хазиний ушбу ғазалида бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи эканлигини, инсон ҳамиша Аллоҳ ёди билан яшаши лозимлигини жуда гўзал мисраларда баён этган. Муқаддас китобларимизда ёзилишича,    ожиз банда охиратда сиротол мустақим отлиғ қилдан ҳам ингичка йўлдан ўта олгандагина жаннатга кирар экан. Демак, охират синовларини мардона қарши олмоқчи бўлган одам ҳамиша эзгу ва савоб ишларни амалга ошириши, тинимсиз Аллоҳни зикр қилиши керак. Мени хурсанд қилган нарса шуки,  вақт ўтгани сайин юртимизда мулоҳазали, мумтоз адабиётимизни, санъатимизни қадрлайдиган, ҳадисларни англайдиган асл илмга ташна инсонлар кўпайиб бормоқда. Ҳукуматимиз томонидан ҳам ислом маърифатига, тасаввуфни ўрганишга жуда катта имкониятлар яратилмоқда.  Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази қурила бошлаганини эшитганимда севинганимдан йиғлаб юборганман. Қуръон ўқиш борасида ўтказилаётган мусобақаларни айтмайсизми... Халқаро мақом фестивали, Халқаро бахшичилик фестивали ўтказилгани, эндиликда Лазги фестивали ўтказилиши ҳам анъанага айланиши – буларнинг барчаси устоз санъаткорларимизнинг орзуси эмасмиди... Биз бу имконларнинг, асл илмга, санъатга очилган катта майдонларнинг қадрига етишимиз керак. 
– Ҳар қандай даврда ҳам маърифатли инсонлар билан ғалабага, асосий мақсадга эришиш осон бўлади. Афсуски, орамизда ўз лоқайдлиги, билимсизлиги билан ортиқча ваҳимага бериладиган, нафақат ўзига, балки атрофидагиларга ҳам зарар келтирадиган одамлар ҳам бор...
– Минг афсуски, бундай билимсиз ва ғаламис одамлар ҳамиша эл-юрт хотиржамлигини бузишга, атрофидагиларни тўғри йўлдан чалғитишга ҳаракат қилиб келишган. Уларнинг баъзи бирлари, эсизгина кечаги кунимиздан бекор норози бўлган эканмиз, қандай яхши ҳаёт кечираётганимизни сезмабмиз, деб ижтимоий тармоқларда ёзиб қолдирганига ҳам гувоҳ бўлдим. Лекин баъзилари ҳалиям асосий мақсадимизни, бугунги вазиятни англаб етаётгани йўқ. Карантин пайтида америкалик ёзувчи Дейл Карнегининг ”Қалб ҳаловат топмаса” деб номланган китобини ўқиб қолдим. Ушбу китобда ёзувчи руҳан тушкунликка тушиб атрофидаги инсонларни ваҳимага соладиган, маънан заҳарлайдиган одамлар вируслардан ҳам энг ёмон вирусдир, деган экан. Бундай инсонларни тўғри йўлга солишга ҳаракат қилайлик. Президентимиз Шавкат Мирзиёев айни пайтда юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни асраб-авайлаш борасида туну кун тинмай барча имконларни яратиб бермоқда. Ўз ўрнида биз ҳам халқпарвар ва ғамхўр давлатимиз раҳбарини қўллаб-қувватлаш учун уйда ўтиришимиз, карантин қоидаларига қаттиқ амал қилишимиз жуда муҳимдир.     
   Мана, ҳозирги кунда ҳар биримиз компьютер ва интернетсиз яшай олмаймиз. Лекин инсон мияси, руҳияти, иродаси ҳар қандай компьютердан кучли эканлигини англамаймиз. Бизнинг аллома боболаримиз ана шу ҳақиқатни англаганлари учун ҳам бутун дунёга довруқ солганлигини унутмайлик. Халқимиз соғлиғини қайғуриб, барча зарур чораларни кўраётган Президентимизни, фидойи шифокорларимизни, карантин жараёнида туну кун хизмат қилаётган Миллий гвардия ходимларини, жонкуяр юртдошларимизни дуо қилайлик, уларни қўллаб-қувватлайлик. Ана шунда, албатта, ғалаба биз томонда бўлади! 

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.
2020 йил.