РОЛЛАРИМНИ ТАСАВВУРИМ БИЛАН ИЖРО ЭТАМАН


     Ўзбекистон Халқ артисти Саидкомил Умаров билан суҳбатлашишдан олдин бир қанча театршунослар билан унинг ўзига хос жиҳатлари хусусида фикр алмашдим. Бири у кишини “Саҳнада қичқирмай, ички бир туғён, тафаккури билан қаҳрамон руҳиятини очиб берадиган актёр”, деса, бошқаси “Психологик драма, маиший комедия ва сатирик асарларни моҳирлик билан ижро эта оладиган серқирра ижодкор”, дейди.
– Саидкомил ака, режиссёр Жаҳонгир Қосимовнинг “Исҳоқхон Ибрат” бадиий фильмида Исҳоқхон Ибрат ролини ижро этдингиз. Ижро давомида хаёлингиздан нималар кечди?
– Актёрнинг ички мени бўлиши шарт. Исҳоқхон Ибрат тимсолини фильмда талқин этиш жараёнида унинг шахсиятини тубдан ўргандим, унинг етук ва маърифатпарвар шахс эканига амин бўлдим. Исҳоқхон Ибрат мактаблар очган, дарс берган, шеърлар ёзган, Россияга бориб, Оренбургдан китоб босиш учун дастгоҳларни олиб келиб, Қўқонда босмахона очган. Фильм­да Ҳиндистон, Мисрга боргани кўрсатилган. Рост бўлса, етти тилни мукаммал билган. Бундан 100–120 йил олдин кўп тилни билиши Ибрат замонаси учун катта гап эди. Дастлаб ўтган йилнинг кузида “Исҳоқхон Ибрат” фильмида унинг тоғаси ролини ижро этишимни илтимос қилишди. Баҳорга келиб Исҳоқхон Ибратнинг кексалик даврини ўйнаётган Пўлатхон ака Саидқосимов оламдан ўтиб қолдилар. Менга бир ойдан сўнг мурожаат қилишди. Пўлат аканинг ижодимга мана шундай туртки беришлари – бу билан иккинчисидир.
Биринчи марта 1976 йилда Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романи асосида видеофильм олинадиган бўлганида режиссёр Мели Маҳкамов мулла Абдушукур ролига актёр қидирган. “Ҳамза” театрида Саидқомил деган ёш актёр бор”, деб мени тавсия этишган экан. Театрга келганимга 3-4 йилгина бўлган, орада ҳарбий хизматга бориб келганман. Ёнимга Пўлат ака Абдушукур ролини таклиф этиб келдилар. Бунгача уларнинг бирор актёрга роль таклиф этиб келганларини умуман эшитмаган эдим. Мен “Салимбойвачча ролини беришса ўйнайман”, дедим. Чунки “Қутлуғ қон” романи асосида мактабда ҳам, институтга киришда ҳам бир қатор иншолар ёзганман, Салимбойвачча образини жуда яхши билардик, Мулла Абдушукур образи эса романнинг бир-икки жойида келиб, уни ўқиган китобхон Абдушукур қиёфасига жиддий эътибор бермас эди-да. Салимбойвачча, Ҳакимбойвачча, Мирзакаримбой, Йўлчивойгина эсимда қолган эди. Орадан икки-уч кун ўтгач, Пўлат ака яна олдимга келиб, “Саидкомил, “проба”га боргин”, дедилар. Эътироз билдирдим. Лекин устознинг гапларини ерда қолдиргим келмай, “проба”га бордим, Абдушукур қиёфасини ўргана бошладим. Образнинг мен билмаган қирралари очила бориб, “Шошмай тур, бундан томошабинни ўзига тортадиган “ширинкома конфет” роль қилса бўлар экан-ку”, деган фикр хаёлимдан ўтди. Менда ўша замонда қандай шахс бўлгани, қандай кўринишга эга бўлгани хақида тасаввур уйғонди. “Проба”дан ўтгач, Абдушукур қиёфасини яратиш бўйича ишни бошлаб юбордим. Дастлаб режиссёрга “Қаҳрамоним қиёфасини очиб беришимда менга тўсиқ қўймайсиз, уни ўз тасаввуримча ижро қиламан”, деган шарт қўйдим. Абдушукурда ўша давр тошкентлик зиёлиларига хос қиёфа шакллантирдим: эгнига тик ёқали кўйлак, бошига духоба мош дўппи, нимча, пиджаксимон узун камзул кийдиртирдим, нимча чўнтагига осма соат, бўйнига капалакнусха бўйинбоғ тақдирдим. ХХ асрнинг таппа-тайёр маърифатпарвари, жадид қиёфаси намоён бўлди-қолди.
Иш фаолиятим бошланишининг учинчи йилида мукофот олишим мен учун эртакдек эди. Пўлат аканинг менга нисбатан қилган савоб ишлари улардан эсдалик бўлиб қолди.
– Шукур Бурҳонов, Олим Хўжаев, Раззоқ Ҳамроевлар ҳаётлик пайтидаёқ Сизнинг ёшингизда халқ томонидан “буюк актёрлар” деб эътироф этилган. Ҳозирги даврда Сизнинг авлод вакиллари ҳисоб­ланмиш актёрлар “машҳур актёр” дея эътироф этилади. Машҳурлик ила буюкликнинг орасида эса осмон билан ерча фарқ бор.
– Баъзан актёр тириклигида у қадар эътироф этилмайди. Эҳтимол, мақтаб юборилса, оёғи ердан узилиб қолади, деб ўйлашса керак-да. Бир акамиз билан бир масала хусусида тортишиб қолдик. Уларнинг таъкидлашича, “биз актёрлар шон-шуҳратга ўч” бўлармишмиз. Лекин актёрлик касбини эгаллаётганимда мен машҳур бўламан ёки шон-шуҳратга эга бўламан, деб асло ўйламаганман. Ушбу касбга муҳаббат 5-6 ёшимда уйғонган. Уйимиз деворининг нариги тарафида ҳарбий қисм жойлашган бўлиб, гоҳ-гоҳида ҳарбий аскарлар учун ҳар якшанба куни кинофильмлар қўйиларди. Бир бурда нонга аранг пул топиладиган оиламизда биз фарзандлар учун кинофильмга тушиш қаёқда дейсиз. Офицерлар бизни кўрса, кинохонадан чиқариб юборарди, аскарлар, ҳарбийлар биз ёш болаларни кўрганда узоқда қолган фарзанди ёдига келадими, кинофильм бошланганида биз болакайларни шинелининг этагига яшириб олишарди ва катта экранда ёруғлик орқали акс этаётган актёрлар ижросини кўрибгина акаларим билан ҳайратланиб ўтирардик. “Бу нима?” деб сўрасам, акаларим узоқдан келаётган нур орқали тасвир экранда акс этади, бу кино, дейишган; “Воқеа­лар ичидаги одамлар-чи?” десам, улар қаҳрамонларни ўйнайдиган артистлар деб тушунтиришган. 1950-52– йилларда шон-шуҳратни ўйлаш қаёқда дейсиз. Эгнимиз юпун, қорнимиз у даражада тўқ эмас. Отам оддий ишчи, онам уй бекаси бўлганлар. Оилада олти фарзанд эдик. Ҳавас мени санъаткорлик касбига етаклаган.
– Санъаткор кўнгил кишисидир. Инсон кўнглининг юмшоқ ёки қаттиқлиги оилада ҳам тарбияланса керак?
– “Ганга” дўконининг орқасидаги уйнинг ўрнида 10x10 метрлик тор хонадан иборат ҳовлимиз бўлган экан. Ота-онам кетма-кет тўрт фарзандини тупроққа қўйгач, одамлар дадамга “Ҳовлингизни ўзгартиринг ва ит боқинг”, деб маслаҳат беришган экан. Дадам Тахтапулдаги ҳовлини сотиб олиб, ит боқибдилар. Ҳовлига кўчиб келишганларида қўлларида бўлган бешинчи фарзандлари ҳам вафот этибди, бироқ кейин яна олти фарзанд кўришган ва ҳаммамиз яшаб қолганмиз. Янги ҳовлига кўчиб ўтганда боқилган Тарзан лақабли итимиз вафот этганида дадам ва биз барча болалар уни йиғлаб, ҳурмат билан кўмганимиз ғира-шира эсимда. Чунки итимиз ҳам оила аъзомиз сингари эди.
– Саидкомил Умаров Халқ хўжалиги институтида 3-босқичгача ўқигани ва санъатга бўлган ҳаваси туфайли алалоқибат барибир Тошкент театр ва рассомчилик институтига киргани тўғрисидаги маълумотга дуч келдим.
– Тошкент шаҳридаги 22-мактабда ўқиганман. Мактабимизда шоирлар Эркин Воҳидов, Сайёр, Тўлқинлар таҳсил олишган. Ҳавас ва қизиқишим йиллар давомида пайдо бўлган. Мактабимизга Лабзакда жойлашган пионерлар уйидан келишиб, турли тўгаракларга таклиф этишди. Дастлаб ганч-ўймакорлик тўгарагига борганман. У ерда драма тўгараги борлигини билмаганман. Мен ҳам тўгаракка аъзо бўлдим.
Мактабни битирадиган йилим – 1965 йили “Ўзбекфильм” қошида “Киноактёр” студияси очилиб, у ерда имтиҳон бўладиган бўлди. Театр ва рассомлик институтига ўша йили ҳужжат топширмоқчи бўлиб юрганимда студиямиз актёрларини “Наташахоним” фильмининг оммавий саҳнасига суратга тушишга олиб кетишди. Ҳужжатлар августда топширилиб, имтиҳон ўшанда бўлади, деб юраверибман. Съёмкадан қайтиб келиб билсам, имтиҳонлар 11 июлда ўтиб кетибди. Нима қилишни билмай ҳужжатларимни Халқ хўжалиги институтига топширдим ва институтнинг кечки бўлимига қабул қилиндим. Кундузи дўконда ишчи бўлиб ишлаб, кечки пайт ўқишга қатнаганман. Халқ хўжалиги институтида юрганимда санъат институти домлалари “Бу ерда нима қилиб юрибсиз, Саидкомил, “театральний” институтга кирмай”, дейишди. Турли баҳоналар қилиб етуклик шаҳодатномамни олиб Театр ва рассомлик институтига, Сора Эшонтўраева гуруҳига қабул қилиндим. Аввал юрак эпкини билан санъат институтига кираман, деган бўлсам, орадан икки йил ўтгач, бунга ақлан ҳам тайёр бўлган ҳолда санъат институтида ўқишимни бошладим. 1969 йил II курсдалигимда Ҳабибулла Файзиевнинг “Ой бориб, омон қайт” фильмида роль ўйнадим.
– Абдушукур, Мирёқуб, Исҳоқхон Ибрат... Ўзбек маърифатпарварларининг ўзига хосликлари такрорланиб қолмаслиги учун нималарга аҳамият бердингиз?
– Юқорида Абдушукур тимсоли талқинини айтиб ўтдим. Унда томошабинни ташқи кўринишдан қаҳрамоннинг ички оламига олиб киришга ҳаракат қилганман. Абдушукур жадидларнинг шаклланиб бўлган тимсоли. “Кеча ва кундуз” романидаги Мирёқуб бўлса жадидчилик остонасига қадам қўяётган, миллатни маърифатпарвар бўлиши учун нима қилиш лозимлигини ўрганаётган шахс. Исҳоқхон Ибрат эса юртининг келажаги учун таълим тизимининг илғор, ҳозирги тил билан айтганда, инновацион усулларини татбиқ этишга киришган маърифатпарвар. Актёр уларнинг шахсиятини очаётганида, албатта, ўша даврдаги сиёсий-ижтимоий жараёнларни ҳисобга олиши даркор.
– Айни пайтда кинода ижодий режаларингиз қандай?
– Яқин кунларда кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов “Ҳайрат” номли бадиий фильм­ суратга олишни режалаштиряпти. Менга Шароф Рашидов роли ишониб топширилди. Айни пайтда ушбу ролга тайёргарлик кўряпман.

Нигора УМАРОВА суҳбатлашди.
Манба: "Китоб дунёси" газетаси