13 ЁШИДА ТАНҚИД ЁЗГАН ҚИЗАЛОҚ


ЁЗУВЧИ ВА ЖУРНАЛИСТ ХОНБИБИ ҲИММАТ ҚИЗИ: “ОНАМНИНГ СОВҒАСИ” АЯМНИ ҚУВОНТИРДИ”
ёхуд 13 ЁШИДА ТАНҚИД ЁЗГАН ҚИЗАЛОҚ...

   Таниқли журналист, публицист, “Мувозанат”, “Аёл қалби”, “Оила тилсими” газеталарининг бош муҳаррири бўлган Хонбиби ҲИММАТ қизининг сермазмун, долзарб публицистик, ҳуқуқий мақолалари, ҳикоялари газета ва журналларда мунтазам чоп этилиб, сайтларда эълон қилинади. Хонбиби курсдошлари орасида биринчилардан бўлиб “Оила шифокори” газетасида эълон қилинган “Лазер ХХI аср технологияси” номли мақоласи учун “SORBY FINE” компаниясининг сертификатига, “Бахтимиз қомуси”, “Менинг конституциям”, “Атиргул” кўрик-танловларида биринчи ўринларни олишга муваффақ бўлган. Хонбибининг ҳикоялари “Миллий истиқлол ғоялари” мактаб дарслигига ҳам киритилган. 
 Бу йил Германия халқ университетлари Ассоциацияси (DVV)нинг Ўзбекистондаги филиали томонидан “Аҳолининг ижтимоий заиф қатламига ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатишда ОАВнинг роли” мавзуидаги танловида ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилари жамияти томонидан ўтказилган “Энг яхши мақола” танловларида ҳам ғолиб бўлди.
 Хонбиби опа бугунги кунда “ADVOKAT” ижтимоий-ҳуқуқий, илмий-оммабоп журналининг мухбиридир.
— Болалигим — пошшолигим дейишади. Эсингизда қолган воқеалар бўлганми? 
— Мен болалигимда қаттиқ зарбага дуч келганман. “Пошшолигим”га нуқта қўйилган. Тўрт ёшимда отажонимдан айрилдим. Тобути ортидан югурдим. Мурғаккина қалбим бу айрилиққа дош беролмайди деб ўйладим. Кўчада дугоналарим билан ўйнаганимда улар отаси олиб берган кийимларини мақташганида мен бир чеккада мўнғайиб қолардим. Отасизлик мени ҳар қадамда таъқиб қилаётгандек бўларди. Ҳамманинг ҳам йиқилганда суяйдиган отаси бўлсин.
— Ноҳақликка қачон дуч келгансиз?
— Онам бизни мактабдаги ўқишларимизни ҳар ҳафта бориб, синф раҳбаримизга учрашиб қаттиқ назорат қиларди. Шунинг учун биз астойдил яхши ўқишга ҳаракат қилардик. Оилада кўпчилик бўлганимиз учун гоҳида онам бизга мактаб формаси олиб беролмасди. Мактабни тугатаётган йил ҳам шундай бўлди. Мен формасиз қолдим. Самарқандда ўқиётган опам ўзининг оқ кофта ва қора юбкасини менга бериб кетди. Ўшани мактабга кийдим. Ҳамма фанлардан аълога ўқидим. Имтиҳонларни ҳам топширдим. Бироқ физика ўқитувчимиз менга бошдан-оёқ разм солиб ҳамма саволларига жавоб берган бўлсам-да “Мен ўқувчининг фақат билимига эмас, формасига ҳам қарайман” дея “4” баҳо қўйди. Бу менинг биринчи маротаба ноҳақликка дуч келишим эди. Кўзларимда ёш айланиб синфни тарк этдим. Уйга келиб онамга йиғлаб айтдим. Онам ҳам ноҳақликка чидай олмасди. Мактабга бориб, директорга ўша устозимнинг устидан арз қилибди. Шундан сўнггина менинг баҳоимни “5” га ўзгартиришди.
— Илк маротаба ёзган танқидингизни эслай оласизми?
— 13 ёшимда қишлоғимизда очилган музқаймоқ ва ширин сув сотадиган сотувчининг юлғичлигини фельетон қилиб, туманимиз газетасига ёзгандим. Таҳририятдагилар келишиб, ўрганишибди. Ёзганларим тасдиқланибди. Бу гап қишлоқда шов-шув бўлиб кетди. Танқидим газетада чоп этилмаса-да ҳамма мени “Ана Анор аянинг ёзувчи қизи келяпти” деб айтадиган бўлишган. Сотувчи бўлса мендан қаттиқ ранжиган.
— Ёзувчи бўлишингизга ким сабабчи бўлган?
— Отам менга онасининг исмини қўйган экан. Аямга “Онашим ёзувчи” бўлади деб, менга шеърлар ўргатарди. Отамнинг вафотидан сўнг аям мени телевизорда бериладиган ёзувчиларнинг ижоди ҳақидаги кўрсатувларни кўришга ундарди. Қишлоғимиздаги кутубхонадан ҳар ҳафта китоблар олиб келиб ўқирдим. Аям худди ўқимишли аёллардек чиройли қора кастюмларини кийиб ҳокимиятга, ташкилотларга борар, муаммоларни ҳал қиларди. Кейин ҳаммасини менга айтиб берарди. “Ёзувчи бўлганингда оқни оқ, қорани қора деб ёзгин” дея таъкидларди. Тоғамнинг аёли, ҳозирги кунда “Иштихон овози” газетасининг бош муҳаррири Гулчеҳра Усмонованикига мени олиб бориб ёзувчи бўлиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида сўрарди. Гулчеҳра янгам ҳам эринмасдан тушунтирар, мени ёзганларимни доим газетада чиқарарди. Иккаласига ҳам бошим ерга теккунча таъзим қиламан. “Онамнинг совғаси” номли илк китобимни 86 ёшли аяжоним учун ёздим. Бу китоб аямни қувонтирди. 
— Талабаликка ҳам тўрт йил уриниб эришган экансиз. Шу ростми?
— Кундузи ишлаб, кечқурун тайёрлов курсларида ўқиб, тўрт йил деганда ҳозирги Миллий университетнинг журналистика факультетига ўқишга кирганман. Яхши ўқиганим учун гуруҳда курс сардори  бўлганман. 
— “Қиз туғилишига ким сабабчи?”, “Оиланинг бузилишига ким сабабчи?”, “Совчилик — овчилик эмас”, “Фарзандингиз турмуш қуришга тайёрми?”, “Оиласин сақлаб қолган овсин”, “Фарзандингизни оқ қилманг” каби мақолаларингиздаги шахслар ҳаётдан олинганми?
— Менинг ҳар бир ёзганларим реал ҳаётдан олинган. Шунинг учун бўлса керак, мухлисларнинг айримлари ўзимга қўнғироқ қилиб “Раҳмат, мени ҳаётимга ўхшаган воқеани ёзибсиз” дейишади.
— “Аёллар қамоқхонасидан мактублар” китобингиз реал ҳаётдан олиб ёзилганми?
— 30 йиллик меҳнатим самараси бўлган китобим “Аёллар қамоқхонасидан мактублар” бўлди. Бу китобимни чиқаришда устозим Набижон Ҳошимовнинг ҳиссаси бор. Улар бўлмаганида бу китобим ҳанузгача чиқмаган бўларди. Бу китобдан яқинларимга тарқатиш учун нашриётга борсам, омборхонасида ҳам қолмабди. Ҳаммаси сотувга чиқиб кетибди. Жудаям хурсанд бўлдим. Китоб реал воқеаларга асосланиб ёзилган.
— Танқидий материалларни қаердан топасиз?
— Кундалик ҳаётимизда ҳар қадамда турли муаммога дуч келасиз. Шуни тартиб билан қаламга олиб, исботласангиз мана шуни ўзи танқидий материал бўлади. Яқинда туман Сувсоз тақсимоти бўлими эшигимга бир қоғозча яъни талабнома қистириб кетишганига кўзим тушди. Унда мен сувдан қарздор эканлигим кўрсатилган экан. Эртаси куниёқ керакли ташкилотларга бориб, бу нореал қарздорлик қаердан келганини тушунтириб беришларини талаб қилдим. Бир кун шу муаммо бўйича сарсон бўлдим. Кейин ҳаммасини қоғозга тушириб “Нореал қарздорлик — бу туҳмат-ку” дея Фейсбук ижтимоий тармоғига жойлаштирдим. Баъзи одамлар ҳам дардларини қаерга ёзишни билмай ўтирган экан чоғи дарҳол ўз муносабатларини билдиришди. 104 кишининг муносабатини ўқидим. Ҳаттоки бу постни юқори ташкилотдагилар ҳам ўқиганини эшитиб хурсанд бўлдим. Чунки хонадонимга тегишли ташкилотнинг раҳбарлари келишиб, муаммоимни сўрашиб, нореал қарздорликни олиб ташлайдиган бўлишди.
— Сизга нима учун кўпчилик ўз муаммосини айтиб ёрдам сўрайди?
— Дўстларим кўп. Улар ҳуқуқий соҳада ўзларининг танишларини, қўни-қўшниларини ҳам муаммоларини айтиб маслаҳат сўрашади. Мен уларнинг ҳар бир саволига тўлиқ жавоб бераман, йўл-йўриқ кўрсатаман. Қашқадарёлик дўстим бир аёлга ёрдам беришимни сўраб телефон рақамини берди. У аёл билан боғланиб муаммосини ечишга ҳаракат қилдим. Нима қилиши лозимлигини тушунтирдим. Яна бир йигит  қурилишда ишлаб иш ҳақини ололмаганидан арз қилди. Ўша йигит билан бирга Қуйи Чирчиқ туманига бориб, бу муаммога ойдинлик киритдик. Керакли ташкилотларга хат ёздик.  
— Бир ногирон аёлга ҳам уй ажратилишида ёрдам берганингизни интернетда ўқигандим.
— Самарқанддан С. исмли биринчи гуруҳ ногирони бўлган аёл икки йилдан буён уйга навбатга туриб ололмаётганидан шикоят қилди. Мен Самарқандга хизмат сафарига борганимда Самарқанд шаҳар хотин-қизлар қўмитасига кирдим. Тошкентга келганимда ҳам телефон орқали боғланиб, ногирон аёлга қачон уй берилишини сўрадим. Шундан сўнггина уларга 3 хонали коттеж ажратилди. Яқинда ўша ногирон аёлни янги уй билан табриклаб, кўриб ҳам келдим.
— Асосан, фейсбук ижтимоий тармоғига қандай номдаги материалларингизни қўйгансиз?
 — Фейсбук ижтимоий тармоғида эълон қилинган “Уйлар нега қиммат?”, “Чироқчилик аёл нега норози?”, “Аёлини сарсон қилган отани ким деб аташ мумкин?”, “Автобус бекатда қанча туради?”, “Ишга қабул қиламиз фақат”, “Фарзандини унутганлар ёки масъулиятсиз оталар”, “Йиғ-йиғ касалидан қачон қутиламиз?”,  “Чорраҳадаги тиланчи кимнинг аёли?”, “Айтилмаган жойда нима бор?”, “Ҳоким ўринбосари кимнинг эркатойи?”, “Қиз боққан айбдорми?”, “Ҳайдовчилар нега сўконғич?”, “Судьяни вазифаси фақат жазолашми?”, “Журналист 405 минг сўм маошини қандай етказади?”, “Оқсоқол пора эвазига рухсат берадими?”, “Адвокатда инсоф борми?”, “Янгийўллик таксистлар айёрми?”, “Журналистларга қачон “прописка” берилади?”, “Банкомат нега ишламади?” каби долзарб мавзуларда ёзганларимга мухлислар ўз муносабатини билдиришди.
- Қизиқарли суҳбат учун ташаккур! 
Радха ХИДИРОВА суҳбатлашди.
Манба: "Zo'r Тасвир" журнали.
2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот