ЕТИМНИНГ БОШИНИ СИЛАГАН АЁЛ


ЕТИМНИНГ БОШИНИ СИЛАГАН АЁЛ ЁХУД КОЛОНИЯДА ТАРБИЯЛАНГАН ҚИЗНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ОСОНМИ?

  Бу ҳаётдаги барча амалларини эзгу ишлар қилишга бағишлайдиган инсонларни кўрганимизда уларга ҳавас билан боқамиз. “Қанийди мен ҳам шундай ишлар қилолсам”, деган ўй ҳам ўтади хаёлимиздан. Чуқурроқ ўйлаб кўрадиган бўлсак, ҳамма инсоннинг ҳам табиатида савоб ишлар қилишга мойиллик бор, аслида. Аммо кўпчилик бундай ишларнинг ўзига маъқул ва қулай бўлган томонларини қилишга ҳаракат қилади. Албатта,  бунда имкониятлар доираси ҳам ҳисобга олинади. Лекин баъзан ҳаётда шундай воқеалар ҳам бўладики, фақат қалб амри ва кўнгил даъвати туфайлигина эзгу ишларга қўл урилади. Кимнингдир ҳаётини яхши томонга буриб юбориш учун қилинган бундай ҳаракатлар замирида ҳеч қандай манфаат ёки ўзни кўз-кўз қилиш истаги бўлмайди. Бугун биз қаламга олаётган воқеа ҳам ана шу эзгулик ва яхшилик йўлидаги саъй-ҳаракатлардан бири, десак муболаға бўлмайди. Яқинда танишларимдан бири Жиззах вилоятидаги болалар калониясида тарбияланган 14 ёшли қизни асраб олган аёл ҳақида айтганида шу инсон билан суҳбатлашиш истаги туғилди ва йўлга отландик. Танишим айтган манзил бўйича вилоятнинг Шароф Рашидов туманидаги 1-сонли касб-ҳунар мактабига  бордик. Чунки ўсмир қизни асраб олган аёл шу касб-ҳунар мактабининг директори Гулноза Мамараҳимова экан. Гулноза опа билан яқиндан танишгач асосий мақсадга ўтдик.
-  Ҳа, шундай воқеа бўлди, деди Гулноза опа камтарлик билан, - Мактабимиз касб-ҳунарга ихтисослашгани учун  ҳар йил туманимизнинг турли мактабларидан 9-синфни битирган ўқувчилар бу ерга келишади. Мактабимиз бу йил 236 нафар ўқувчиларни қабул қилдик. Узоқдан қатнайдиган ўқувчилар учун ётоқхоналаримиз ҳам бор. Мактабимизда ўқиётган ўқувчилар бу ерда ҳам ўқиб, ҳам ишлаш имкониятига эга. Дарс жараёнлари амалиёт билан бирга олиб борилади яъни бизда дуал таълим йўлга қўйилган. Бу дегани мактабимизда ўқиш тизими 70 фоиз амалиётга асосланган. Қабул жараёнини бошлашдан олдин йирик корхона ва ташкилотлар билан шартномалар тузамиз. Болаларимиз ана шу ташкилотларга амалиёт ўташ учун боришади. Ҳозирда ўқувчилар ана шу ташкилотларда дарсдан сўнг 0,25 ставкада ишлаб келишяпти. Ойлик маоши ва бир маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Ўқувчилар ишлаб топган маошларини ўзларидан орттириб, ҳатто ота-оналарига ҳам жўнатишади. Ҳар йили янги-янги ўқувчиларни қабул қилишга ўрганиб қолганмиз. Шу йил ўқув йили бошида бир гуруҳ ана шундай ўқувчилар мактабимизга келишди. Улар орасида туманимиздаги “Меҳрибонлик уйи” дан келган бир қиз ва бир ўғил бола ҳам бор эди. Уларни ётоқхона билан таъминлаш учун бироз суҳбатлашдим. Шунда қизнинг маъюслиги ва тушкун ҳолати эътиборимни тортди. Жудаям ғамгин эди у. У ёқ, бу ёқдан суҳбатлашиб, қизни гапга солишга ҳаракат қилдим. Лекин ҳадеганда қалбини очгиси келмасди. Қизнинг ҳолатидан унинг ҳаёти оғир кечганлигини сезиш қийинмасди. 

ОЗОДА У ЕРГА ТАСОДИФ ТУФАЙЛИ  ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН

  Қиз ҳақида у тарбияланган “Меҳрибон уйи”дан суриштирдим. Маълум бўлишича, бу қиз яъни Озода Урдушованинг болалар уйига колониядан юборилганига икки ой бўлган экан. Жуда ҳайратга тушдим. Наҳотки, калонияларда тарбияланган безори қизлардан бўлса, деган ўй келди хаёлимга. Лекин кўринишидан ҳечам  ундай қизларга ўхшамасди. Бир-икки кун Озодани кузатдим. Ўзи билан ўзи овора, бировга қўшилмайди. Бутун дунёнинг ғами бошига тушгандек ҳар доим маъюс юради. Нимадандир завқланганлигини ёки тенгдошларига қўшилиб кулганлигини кўриш қийин. Уни ҳар кўрганимда юрагим эзила бошлади. Ётоқхонада яшашига кўнглим бўлмади. Бир куни Озода билан алоҳида гаплашиб, агар рози бўлса уни уйимга олиб кетмоқчилигимни айтдим. Бироз икилангач рози бўлди. Уни уйимизга олиб борганимда оила аъзоларимиз жуда яхши қабул қилишди. Турмуш ўртоғим ҳам ўз фарзандидек кўрдилар. Озода ҳам олдинига бироз тортиниб, уялиб, ҳадиксираб турган бўлса кейинчалик оиламизга сингишиб кетди. Катта қизим турмушга чиққан, ҳозирда бир нафар фарзанди бор. Иккинчи қизим билан опа-сингилдек бўлиб яшашяпти.  Мени “аяжон” дейди. Жудаям меҳрибон. Сал тобим бўлмаса атрофимда гиртикапалак бўлиб, парвона бўла бошлайди. “Сиз касал бўлманг”, дейди кўзлари жовдираб. Яқинлари меҳридан бебаҳра ўсгани учунми, менга қаттиқ боғланиб қолган. Жудаям зеҳнли қиз. Ҳозир уй-рўзғор ишларини ўргатяпман. Анча қўли келишиб қолди. Ширин таомлар пиширади. Хамир ёйишни ҳам ўрганиб олди. Уй-рўзғор ишларини қилаётганимда диққат билан кузатиб туради, билмаганларини сўрайди. Фарзандларим илм олишга қаттиқ берилишган, мактабда аъло баҳоларга ўқиб, иккала қизим ҳам институтга грант асосида ўқишга киришган. Болаларимнинг илм олишга бўлган чанқоқлиги Озода қизимга ҳам таъсир қиляпти. Унда ҳам ўқишга интилиш пайдо бўлди. Касб-ҳунар мактабини битиргач, институтга ўқишга кираман, деяпти. Нияти она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси  бўлиш. Шунинг учун ҳозир қўшимча дарслар олишга йўналтирганман. Ўз устида тинимсиз ишлаб, тиришқоқлик билан ўқияпти. Унга доим опаларинг қандай бўлса сен ҳам шундай бўлишга ҳаракат қил, улардек аъло баҳоларга ўқигин,  деб таъкидлайман. Шукрки,  ўзида илм олишга интилиш бор.
  Озоданинг болалар колониясига тушиб қолиши бир тасодиф, деб ўйлайман. У ҳеч қандай безорилик ёки ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилмаган. Аксинча, жуда беозор ва оғир-босиқ қиз бўлган. Аммо яқинлари уни “Меҳрибонлик уйи” га топширишдаги ҳужжат ишларидан қочиб, шу ерга ташлаб кетишган экан. Чунки болаларнинг  “Меҳрибонлик уйи” га қабул қилинишининг ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Айниқса, яқинлари ва ота-онаси тирик бўлган болаларнинг бу ерга қабул қилиниши бироз қийинроқ...

Озода УРДУШОВА:
“КОЛОНИЯДА ЭКАНЛИГИМНИ БИЛМАГАНМАН”

- Бу касб-таълим коллежига 29- “Меҳрибонлик уйи”дан келганман. Биринчи келган пайтларим кўниколмадим. Ҳеч кимга қўшилмасдим, дарсларга ҳам қизиқмасдим. Гулноза аям мени қиз қилиб олишларини айтганларида унчалик ишонмаганман. “Кўнглимни кўтариш учун шундай деяптилар” деб ўйлаганман. Ниятлари жиддий эканлигини, уйларига олиб кетмоқчи эканликларини айтганларида бегона оилада қандай яшайман, деб бироз  хавотирландим. Гулноза аямнинг оила аъзолари мени қандай қабул қилишаркин, деган ўйлаганман.  Лекин мени ҳаммалари ўз оила аъзоси каби қабул қилишди. Айниқса, қизлари  билан тезда чиқишиб кетдим. Ҳозир худди ўз опаларимдек бўлиб кетишган. Турмуш ўртоқларини дада, дейман. Олдин ота-онам, яқинларим йўқ, деб ўкинардим. Ҳозир ота-онам, опаларим, битта акам ва ҳамма ҳавас қиладиган оилам бор. Бундан жудаям хурсандман. Олдин ўқишга унчалик қизиқмасдим. Ҳозир жудаям қизиқаяпман. Чорак баҳоларимни аълога топширишга ҳаракат қиляпман.
  Ўтган кунларимни эслагим келмайди. Оилада учта қиз эдик. Битта опам ва синглим бор. Ҳозир улар қаерда яшашади билмайман. Онам бизни ташлаб, бошқа бировга турмушга чиқиб кетди. Синглимни ўзи билан олиб кетганди. Опам билан менга дадам қаради, учаламиз бирга яшаганмиз. Аммо дадам оғир хасталикка чалиниб, вафот этди. Опам иккимиз қолиб кетдик. Кўп ўтмай амаким уйимизни  ўзининг номига ўтказиб олди ва биз кўчада қолдик. Қариндошларимиз опамни Самарқандга турмушга бериб юборишди. Мени аммам уйига олиб кетди. Аммо у ерда яшаш жуда қийин эди. Аммамнинг ўғли мени чиқиштирмасди, турткиларди. Аммамга мени болалар уйига олиб бориб қўйинг, ўша ерда яшайман, деб кўп айтардим. Бир куни аммам рози бўлди ва “мана шу ер болалар уйи”, деб мени болалар колониясига ташлаб кетди. Мен анча пайтгача бу ернинг болалар колонияси эканлигини билмаганман. Болалар уйида яшаяпман, деб ўйлардим. Лекин у ерда тарбияланаётган қизларнинг характери жуда оғир эди. Бир-бирлари билан кўп жанжаллашишарди. Кейин мени “Меҳрибонлик уйи” га ўтказишди. У ерда бироз вақт тинч-хотиржам яшадим. Чунки бу ердаги болалар жуда тарбияли ва бир-бирига меҳрибон эди. Тарбиячилар ҳам бизни худди ўз фарзандидек кўриб, меҳрибончилик қилишарди. Тўққизинчи синфни битиргач, касб-ҳунар мактабига жўнатишди ва мен бу ерда ўз оиламни ва аяжонимни топдим. Ҳозир жуда бахтлиман...

“ОНАМ, ОПАМ ВА СИНГЛИМНИНГ ҚАЕРДАЛИГИНИ БИЛМАЙМАН”

- Ҳақиқий онангиз, Самарқандга турмушга чиққан опангиз ва синглингиз билан ҳеч хабарлашдингизми? - дея савол берамиз Озодага.
- Йўқ, опам билан синглимни қайси манзилда яшашини ва онамнинг ҳам қаердалигини билмайман. Уларни кўрмаганимга анча йиллар бўлди. 
- Шу вақт ичида бирорта қариндошингиз сизни йўқламадими?
-  Амаким бир марта йўқлаб келди. Ҳозир ҳеч ким йўқламайди...
  Озода билан анча суҳбатлашгач, у билан опа-сингил бўлган Гулноза опанинг қизларидан бири бири Азиза Муродовани суҳбатга тортамиз.

- Азиза, аянгиз сизларга Озодани қиз қилиб олмоқчи эканликларини айтганида қандай қабул қилдингизлар?
- Аям Озодани қиз қилиб олмоқчи эканликлари ҳақида айтганда рости синглим иккимиз роса қувондик. Чунки ёшлигимиздан опа-сингилларимиз кўп бўлишини орзу қилардик. Шунинг учун Озодани худди ўз сингилимиздек қабул қилдик. Озода ҳам биздан бегонасирамади, тезда чиқишиб кетди. Жуда самимий, содда ва беғубор қиз. Орзулари кўп. Ўқимишли қиз бўлиб, аям каби коллеж ёки мактабда директор бўлсам, дейди. Ҳозир ўзи қизиққан соҳа бўйича олий ўқув юртига киришга тайёргарлик кўряпти. Бу борада синглим иккимиз қўлимиздан келганча унга ёрдам беряпмиз. Ўзи ҳам жуда тиришқоқ. Билмаганларини сўрашдан эринмайди. Аям бизга шундай берганларки, биринчи навбатда илмли бўлишимизга имконият яратганлар ва мақсад сари олға интилишни ўргатганлар. Шунинг учун бўлса керак, синглим иккимиз ҳам болаликдан яхши ўқишга ҳаракат қилдик. Мен лицейга имтиёз билан қабул қилинганимдан кейин Жиззаҳ полетехника институтига грант асосида ўқишга кирдим. Ҳозирда магистиратурада ҳам грант асосида ўқияпман. Бундан аям жудаям хурсанд бўладилар ва Озода синглинг ҳам шундай бўлиши керак, дейдилар. Мен Озоданинг ҳам ўзи орзу қилган соҳа бўйича ўқишга киришига ва келажакда бахтли оиланинг бахтли бекаси бўлишига ишонаман...
  Дарҳақиқат, меҳрибон инсонлар ҳимоясида бўлган Озоданинг келажакда бахтли бека ва жамиятимиз учун керакли инсон бўлишига биз ҳам ишонамиз. Сафардан қайтар эканмиз, яхши одамлар туфайли тақдири яхшилик томон бурилган бир қизнинг бахтидан биз ҳам қувондик. Илоҳим, бу бахтга кўз тегмасин ва орамизда Гулноза опа сингари савобталаб инсонлар кўпайсин, дея ният қилдик.

Гулруҳ ЁРМАТОВА - журналист.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот