Бугун Сотти, Фармонбибилар борми?


   Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупованинг бироз бетоблигини эшитиб, унинг ҳолидан хабар олишни режалаштирар эканмиз, "Икки юлдуз суҳбати” номли лойиҳамизга аянинг шогирди Лола Элтоевани ҳам таклиф этдик. Суҳбатимиз Тўти опанинг хонадонида бўлиб, ая ва унинг турмуш ўртоғи Мирғиёс ака Соатов бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Бир пиёла чой узатар экан, Тўти опанинг юзида мезбон бекаларга хос тавозе уфуриб турарди. Шундай қилиб Лола Элтоева келгунга қадар суҳбатимизни бошлаб юбордик.  

57 йиллик муҳаббат тарихи

—Тўти опа, сўраганнинг айби йўқ, эшитишимизча, сизларнинг ўзига яраша муҳаббат тарихингиз ҳам бўлган экан. Ҳақиқатан шундайми?

Т. Ю.: — (Кулади) Севгимиз шу қадар мустаҳкам бўлганки, ўшанда Мирғиёс акам Педагогика инстутитутини ташлаб, ҳужжатларини мен ўқийдиган театр ва рассомчилик институтига топширган. Аввалига дўст эдик, кейинчалик кўнглини очган.

М. С.: — Тўти билан 1953 йилда танишганмиз. Мен Тошкентнинг Бешқайроғоч маҳалласиданман. Тўти эса Самарқанднинг Туркманқишлоқ деган жойидан келган. Тақдир экан, турмуш қурдик. 57 йилдирки, бирга аҳил яшаяпмиз. 

     Бироздан сўнг эшик тақиллаб, Лола Элтоева табассум билан кириб келди. Устоз ва шогирднинг қуюқ салом- алигидан сўнг суҳбатимиз янада қизғин паллага кирди. 

— Четдан қараганда нафақат устоз ва шогирд, гўё она-боладек таассурот уйғотаркансизлар... 

Т. Ю.: — Лола Элтоевани театрга қўлидан тутиб мен олиб келганман. Ўшанда Ёқуб Аҳмедовга бир қиз бор, ижросини кўринглар, дедим. Эртасигаёқ Турғун Азизов, Рихси Иброҳимова, Ғани Аъзамовлар ҳайъат аъзолигидаги бадиий кенгашда Лолани синаб кўришди. Лола ўқиб берган монологлар бир овоздан бадиий кенгашга манзур бўлди. Мана, шунга 22 йил бўлибди. (Лола Элтоевага қараб) Лекин ҳали-ҳануз кўз олдимда ёш боладексан. Ваҳоланки, эрта-индин ўғлингни уйлантираман, деб турибсан. Худога шукр, Лола юзимни ерга қаратгани йўқ. Қай бир рол бўлмасин, маромига етказиб ижро этадиган санъаткор. Насиб этса буюк санъакторлар қаторига киради, деган умиддаман.  

"Ҳозир пастроқ овозда гапиряпман...” 

— Лола опа, томошабинлар "Масхарабоз” фильмида қўшиқни ўзингиз куйлагансиз, деб ўйлашади. Аслида-чи? 

Л. Э.: — Тўғри, кўпчилик мухлислар шундай деб ўйлашаркан. Аслида, бу фильмдаги қўшиқни Зайнаб Мирзатиллаева ижро этган. Лекин устозимиз Шароф Бошбеков қўшиқни ўзингникидек ижро қилишинг керак, дея ўргатган. Фильмдаги партнёрим куйлайдиган қўшиқни эса Козим Қаюмов куйлаган. Фильм экранларга чиққанидан сўнг Зайнаб Мирзатиллаева менга: " Бу қўшиқни ижро этишга шунчалик киришиб кетибсизки, худди ўзингиз куйлаётганга ўхшайсиз-а”, дегани эсимда. 

Т. Ю.: — Ўзи кичик бўлса ҳам Лоланинг роли самимий чиққан. Фильмда "Ўзингиз шунақасиз”, деб туриши, ўғил болаларга хос чапани ва шўх қизларга хос шаддодлиги, айтишув охирида партнёри "Сен яхшисан”, деса, яна ҳижолат бўлиб, мимикалар билан "Ўзингиз”, дейиши каби майда элементларгача топа олган. 

Л. Э.: — Ўша пайтларда овозим баланд бўлган эканми, съёмка жараёнларида овозим сал баландроқ чиқса, режиссёрлар: "Лола, секинроқ гапир”, дея танбеҳ беришар, Тўти опам секин менга маъноли қараб қўярдилар. Устозимни бир қарашидаёқ нима демоқчилигини сезардим. Ҳозир сал пастроқ овозда гапиришга ҳаракат қиляпман (кулади).  

Т. Ю.: - Ўша пайтларда театрда ўзимиз билан бирга ишлайдиган Баҳридин исмли йигит Лолани ёқтириб қолганини эштиб қолдим. Лоланинг ўзи менга бу ҳақда чурқ этмаган. Театрда миш-миш бўларди-да! (кулиб) Бир кун қарасам, йигит ёлғиз ўзи ўтирибди. Лола ёнида йўқ. Ёнига ориб саломлашдим. Озгина қараб турдим-да, жиддий оҳангда “сен ўзи нима ишлар қилиб юрибсан”, - дедим. У бўлса ранги оқариб, “Мен ҳеч нарса қилганим йўқ”, дея ўзини жуда ноқулай ҳис қили. Ўзи озғиндан келгаан, ёш йигитча эди. “Бу шунчаки ўйин эмасми? Тағин бугун ваъда бериб, эртага уни гап-сўзга қўйиш ниятинг йўқми? Муносабатларинг қанақа?”, - деб сўрадим. У ерга қараб, “Йўқ, ҳаммаси жиддий”, деди. “Ундай бўлса яхши” деганман. Баҳриддин Қашқадарёлик бўлиб, ҳали пойтахтда ўзининг уй-жойи ҳам йўқ эди. Аввал уй сотиб олиб, кейин тўй қилди. Мана уч нафар фарзандли бўлиб, бахтли яшаб келишяпди.

Бугуннинг қаҳрамони йўқлигига сабаб нима?
- Бугун театрларда ўша пайтлардаги каби жонини бериб ролини ижо этадиган, Сотти, Фармонбиби ёки Гамлет дея роли билан эътироф этиш мумкин бўлган актёрлар йўқ. Бунга сабаб мукаммал асарларнинг йўқлигими ёки актёрлар маҳоратининг оқсоқлигими?
Т. Ю.: - Агар ёмон асар бўлса ҳам актёр маҳоратли бўлса, ўз ролини қойилмақом ижро этиши мумкин.
М. С.: Бунинг учун ўша актёрни ўйната оладиган тажрибали режиссиёрлар бўлиши керак. Тошхўжа Хўжаев мантиққа жидий аҳамият берар эди. “Ролингизни шундай ўйнангки, у занжир бўлсин. Шунда томошабин сизни қабул қилади, эшитади, ҳис этади. Ижроингиз эса мукаммал бўлади”, дер эдилар.
Т. Ю.: - Мени одамларга "Ўлимдан кучли" асаридаги ролим танитган. Бу спектакльда ёш она ролини ижро этганман. Саҳнада она каби фарёд чекканимда зум ўтмай “Тез ёрдам” келиб, залдан бир томошабинни шифохонага олиб кетган. Илгари актёрлар тўйга бормасди. Ўз устида ишлаб, ҳаёли театрда, ўйнаётган ролида бўларди. Ҳозир эса буларнинг ҳаёлида режалар кўп! Айниқса, ёш қизлар… Бир маротаба дубляжга борганимда устозим Тошхўжа Хўжаев: “Яна бир маротаба кўриб қолсам, ҳафа бўласан, - деганлар. Ўйлашимча агар йиллар ўтиб, Фармонбибини Муқаддас Холиқова ёки Саида ўйнамаса, ҳали бери Фармонбибини ўйнай оладиган актриса театрда йўқ. Зайнаб опа бу ролини ўзи билан олиб ктган. Соттини Лола ўйнаши мумкин. Бу суҳбатлардан ҳозирги ёш актёрлар баҳраманд бўлиши керак, аслида. Афсуски, ҳозир ёшларнинг устозни эштишга вақти йўқ. “Қачон театрдан кетаркан? Жимгина уйида ўтирмайдими?”, - дейдиганлари ҳам топилади…
   Кутилмаганда эшик тақиллаб, Тўти опанинг яна бир шогирди - Дилноза Кубаева кириб келди. У қўлидаги гулдастани устозига тутар экан, унинг гўзаллигини ана шу чиройли гулларга қиёслади.
Дилноза Кубаева: - Ана шу гуллар сизга ўхшайди. (Шундай дея актриса ўзини ҳудди ўз уйидагидек ҳис қилиб, стулга ўтирди).
Лола Элтоева Дилноз Кубаеванинг кўзини очдими?
-Тўти опа, мана, иккала шогирдингиз ҳам ёнингизда. Уларга қараб кўнглингиздан нималар кечади?
Т.Ю.: - Булар мақтовга муҳтож эмаслиги, инсонийлиги, десам тўғри бўлади. Бир ойдан бери бетоб ётган бўлсам, кунора келиб холимдан хабар олиб туради. Кекса санъаткорга бундан ортиқ нарса керак эмас.
Д.К.: - Тўғрисини айтсам, кейинг пайтда ҳадеб Тўти опамнинг уйига келаверадиган бўлиб қолдим. Бунга асосий сабабчи Лола опам бўлади.
Л.Э.: - Йўғ-е, менми? Бундан жуда ҳурсандман!
Д.К.: - Албатта! Лола опамнинг бир икки марта Тўти опамнинг уйига шошганини кўриб, ичимга ғулғула тушиб қолди-да (кулади). Мен нима қилиб юрибман? Ҳаёт ўзи қисқа, дийдор ғанимат бўлса… Шундан сўнг менинг қалб кўзим очилиб, кўришни бошладим. Эътибор берсам эшиклари доим очиқ, ҳеч қулфланмайди. Айтишади-ку, қалби очиқнинг эшиги ҳам очиқ, деб. Шартта эшикни очиб, ўз уйимдек кириб келавеаман. Аста-секин устозим Мунаввара Абдуллаевани йўқлай бошладим. Демоқчиманки, бунинг тагида меҳр ётибди.
Т.Ю.:  - Шулардан бирортаси келмай қолса, ғалати бўлиб қоламиз. Нимадир етишмаётгандек туюлаверади. Эшигимиз ҳар доим улар учун очиқ.
     Устоз ва шогирдлар сууҳбатига шерик бўларканмиз, улар ўртасиа ўзгача меҳр, она ва боланинг риштаари борлигини пайқаш қийин бўлмади. Ҳавас қилсангиз арзийди! Санъат соҳасида ижод қилиб келаётган ёшлар ўртасида санъаткорларнинг ўгитини тез-тез ёдга олса, кам бўлмайди деган фикр ҳаёлимиздан ўтди.
     Агар Дилноза Кубаева бироз эртароқ келганида, у билан астойдил суҳбатлашган бўлардик. Аммо актриса яқин орада биз билан албатта суҳбатлашишга ваъда берди.

 Моҳичеҳра Эшмирзаева суҳбатлашди.
Музафар Муҳааммадназар суратга олган.
2016 йил.