КЕРАКСИЗ ЧИҚИТДЕК УЛОҚТИРИШДИ


- Фарҳод ака, яқинда Сизнинг режиссёрлигингизда "Етмиш ёшли бола" фильмини тасвирга олганингиз борасида суҳбатлашгандик. Бироқ эшитишимизча, Сизни кино соҳасидаги фаолиятингизда кўнгилсизликлар юзага келган экан. Хусусан, "Ўзбекфильм"да ишдан бўшатилибсиз. Агар эътирозингиз бўлмаса, бўлиб ўтган воқеалар тафсилоти хусусида гаплашсак.

-  Узоқ йиллар давомида "Ўзбекфильм"да режиссёр бўлиб ишладим. Штатга ўтдим. Фотиҳ Жалолов раҳбар бўлиб келгач, ходимлар сонини қисқартиришга туширамиз, деб мени ҳам ишдан бўшатди.  

- Кейин-чи?

- Бу фильмни ишлашдан аввал катта бир асар бўйича устозимиз Собир Назармуҳамедов билан биргаликда 5-6 ой ишладик. Баҳодир Умрзоқовнинг “Ойжамол” деб номланган ҳужжатли романи асосида, Самарқанд вилоятида бир оиладаги уч ака-ука тақдири ҳақида ҳикоя қилинадиган бу сценарийда иккинчи жаҳон уруши давридан шу бугунги кунгача бўлган давр акс эттирилади. "Ўзбеккино" раҳбари шу сценарийни устида ишланглар, муваффақиятли чиқса, ўзимиз молиялаштирамиз, деб менга айтди. Асар менга ёқди.

 Сценарий ишлашга жон-жаҳдимиз билан киришдик. Кейинчалик эса, афсуски,  мутлақо тушунарсиз ишлар бўлиб кетди. Эшитишим бўйича, сценарий бошқа режиссёрга топширилган. У режиссёрлар мазкур сценарий ва фильмни нима қилишганидан хабарим йўқ. Аммо интернет сайтларидан бирида Фотиҳ Жалолов "Беларуссияга бориб келдик, “Ойжамол” романи асосида фильм оламиз", - деган маълумотни берганини кўрдим.

  "Ойжамол" асари юзасидан анча меҳнат қилгандик. Устоз С. Назармуҳамедов билан ҳам кўп нарсаларни режалаштиргандик. Меҳнатларимиз бесамар, уринишларимиз зоъе кетганидан афсусландик.  Ўзлари асарни таклиф қилгани ҳолда яна ўзлари қайтариб олишганлигини ҳанузгача тушунмаяпман. Боиси нимадалигини билмаймиз! Бундай ноҳақлик одамга қаттиқ таъсир қиларкан! Айтмоқчиманки,  ҳурматли ижодкорлар, режиссёрлар, бир-бирларини ҳурмат қилишса, меҳнатларини қадрлашни ўрганишса, яхши бўларди.

  Бир пайтлар "Ўзбекфильм"га ассистент бўлиб ишга келганмиз. Шу ерда бир фильм олинаётганда оператор билан бош режиссёр бир-бирлари билан ўзаро келиша олмай қолишди. Режиссёр "бошқа оператор оламиз", - деганида, таклиф қилинган бошқа оператор келиб, аввалги операторга юзланиб: "Сиз рухсат берсангизгина, ишингизни давом эттираман, агар ижозат бермасангиз, ишингизни хоҳишингизга қарши давом эттиролмайман", - деб ҳурмат билан гапирди. Тасаввур қилаяпсизми? Янги оператор олдинги операторнинг ҳурматини жойига қўйди, хизматларини эътироф этган ҳолда, унинг олдидан ўтди.

  Ҳозирги пайтда эса  бировнинг ишини бошқа бировга осонгина топширишларини, тайёр ошга баковул бўлаётганлар, таассуфки, одатий ҳолга айланиб бораётганлиги, бағоятда ачинарли ҳолат! Аввало, режиссёрлар, ижодкорларнинг маънавияти юксак, маънавий жиҳатдан бой, кўзи тўқ бўлиши керак.  Улар одоб-ахлоқ, этикага қатъий риоя қилишлари шарт! Бироқ бугунги кунда буларнинг тамомила акси бўлаяпти! Ижод аҳли борки, ҳар биримизнинг ижодий фаолият билан шуғуллангимиз келади.  Анча йилдан бери шу соҳада ишлаймиз. Кўп устозларни кўрганмиз. Нафақат кўрганмиз, уларнинг амалий ва тажриба мактабида сабоқ олганмиз. Ўзбек киносининг дарғаларидан бири - Шуҳрат Аббосов билан 5 йил биргаликда ишладим. У кишидан кўп нарсаларни ўргандим. Устозим - Собир Назармуҳамедов билан жуда кўп фильмларда биргаликда ишладик. Қолаверса, бошқа талайгина режиссёрлар билан ҳам ёнма-ён ва ҳамкорликда ишладим. Уларнинг ҳар биридан ниманидир ўргандим, билим олдим, тажриба орттирдим. Ўзимдан ёши улуғ ва тажрибали режиссёрларнинг барини устоз деб биламан. Чунончи, Исамат Эргашевдан актёрлик ва режиссёрлик маҳоратининг техникасини, нозик томонларини ҳам ўрганиб, ўзлаштирдим.  Давлат буюртмасига биноан 10 дан ошиқ фильмларда режиссёр сифатида фаолият олиб бордим.  Билмайман, нима учун кўп йиллик тажрибага эга режиссёр ва актёрларни ҳам бунақа қисқартиришга тушириш қаёқдан пайдо бўлди? Мен шу ҳолатдан, ноҳақ бўшатилганимдан жуда ҳайронман.

Раҳбариятга "Қайси буйруққа асосан, нима учун айнан мени бўшатяпсиз?", - деган саволни бермадингизми? Сиз билан яна неча киши ишдан бўшатилди?

- Мендан ташқари яна нечта ходим ишдан бўшатилганини, аниқроғи, уларнинг сонини аниқ билмайман.  Лекин нега айнан  мен ҳам қисқартириш рўйхатига тушганим сабабини айтишмади. Раҳбарнинг ўзидан ҳам сўрадим, албатта. Сизларга эндиликда мутахассислар керак эмасми? Профессионал касбий тажрибага эга бўлган, 25 йиллик фаолиятга эга бўла туриб, қанақасига керак бўлмай қоламиз? Айни вақтларда кино соҳасини мутлақо тушунмайдиган,  кино ортидаги жараённи, ишлаб чиқариш фаолияти хусусида тасаввурга ҳам эга бўлмаганлар ишлашаяпти-ю, бизга ўхшаган 25 йил шу соҳага умрини бахшида этган ходимлар энди керак бўлмай қолдими? Бўшатиш ҳақида айтилган бўлса, тажрибасиз, нўноқ ё ишига масъулиятсизлик билан ёндошадиганларни қисқартир дейилгандир.  Нимага бунақа қилишганини ҳалигача  тушунмаяпман.

- Одам ўз соҳасига бағишлаган меҳнати қадрланмаганига, ўз қадрига етишмаганидан ачинади-да, барибир

- Албатта! Санъат қурбонлик, фидойиликни талаб қиларкан, деб турли даврлар ичида қийинчиликлар ва машаққатли кунларни ҳам босиб ўтдик. Касбимизга хиёнат қилмадик. Бошқа иш билан шуғулланмадик ёки касбимизни ўзгартирмадик.   

 Айнан қачон ишдан бўшатилдингиз?

- Ўтган йилнинг Декабрь ойида.  Йиллаб у ерда фаолият юритиб, бирдан бошқа ишга ўтиб кетишнинг ўзи осон бўлмайди. Менга алам қилган жиҳати шуки, шунча йил умрингизни севган касбингизга бағишласангиз, давлат буюртмаларида ҳамиша "лаббай" деб жавоб бериб ишласагу, пировардида кераксиз чиқитдек улоқтирилсак! Айрим пайтларда иш (кинофильм) бўлмай қолган кезлар бўлиб турарди. Шундай дамларда ҳам тишимизни тишимизга қўйиб, кутганмиз. Янги раҳбар келиши билан-оқ:  "Сен керак эмассан" дейишининг ўзи мутлақо нотўғридир!    

  Отабек Мусаев "Ўзбеккино"нинг раҳбари бўлган пайтида "Қорақалпоқфильм"дан ёзувчи ва драматург - Мурод Низонов телефон қилди. У киши ёзувчи Баҳодир Ҳудойберганов яхши комедия ёзганини, "Баракасини берсин" деб номланган фильмимни кўрганини айтиб, "Бизга ҳам комедия жанрида фильм олиб берасанми? Фақат яхши чиқиши керак", - деди. Дастлаб, уларнинг таклифидан хурсанд бўлиб, миннатдорчилигимни билдирдим. Аввал сценарийни ўқиб чиқиб, қаерда суратга олишимизни маслаҳатлашишимиз зарурлигини айтдим. Асарни ўқиб чиқсам, бошида Қорақалпоқ тилида ёзилиб, кейин ўзбек тилига Ғофур Шермуҳаммад ўгирган экан. Қисқача айтганда, замонавий шум бола ҳақида экан. Юморга бой, бугунги кундаги ўқувчиларни орасидаги 5-6-синф болалари орасидаги қизиқарли воқеалар ёритилган экан. Менга асар маъқул келди. Рози бўлдик, фақат сценарий устида ишлашимиз керак эди. Янада бойитиб, кенгроқ қилиш таклифини киритдим. Улар олдин "Ўзбеккино"га топширайлик, рухсат беришса,  ундан кейин бемалол, сценарий устида биргаликда ишлаймиз, дейишди ва ўзаро келишдик. Менга асарни ва "Қорақалпоқфильм" киностудиясининг қўшма баённомасини беришди. Қўшма баённомада "Қорақалпоқфильм" вакиллари, нокамтарлик бўлмасину айнан мени исм-шарифимни тилга олишиб "Фарҳод Худойбердиев шу асарнинг бош режиссёри бўлсин" деган қарори бор экан. Мазкур сценарий ва қўшма баённомани "Ўзбеккино"даги муҳаррир Ферузахонга олиб бориб топширдим. Режаларимни тушунтириб, барча тафсилотларни таъкидлаб ўтдим. "Ўзбеккино" маъқуллаганидан кейингина сценарий устида яна ишлашимиз мумкин, дея уларнинг фикрларини ҳам етказдим. Шу тарзда топширганларимни қабул қилиб олишди.

   Орадан бир ой ўтди... икки ой ўтди ҳамки, жавоб бўлмади. Учинчи ой деганда, охири ўзим бордим. У ерда менга сценарийни бошқа шахсга топширишгани, фильмга Миршод деган йигитни режиссёр қилиб тайинлашгани, Умид Ҳамдамовни сценарийга ҳаммуаллиф сифатида киритилганини маълум қилишди.  Ие, бу қанақаси бўлди, дея ажабландим! Ахир асарни мен олиб бориб топширган бўлсам, фильм буюртмачилари билан мен келишиб, шу ишларнинг бошида мен турган бўлсаму, менинг ишимни ўзимдан бир оғиз сўрамай ё огоҳлантирмасдан бошқаларга топшириб юборишса, дедим ҳайратим яна ошиб! Улар саволларимга жавоб бера олишмасликларини, ўзим раҳбардан сўрашим кераклигини тушунтиришди. Отабек Мусаевнинг қабулига кириш қийин бўлди. Аммо, йўлини топиб, бир амаллаб олдига кирдим. Муродбой Низомов билан Баҳодир Худойберганов сценарий муаллифлари, пастида Фарҳод Худойбердиев режиссёр деб ёзилган жойлари бор, шуни мен олиб келганимни тушунтирдим. У эса пинагини ҳам бузмасдан: "Биз уни ўзгартирдик! Ҳеч қандай юморсиз, биз истагандек жиддий фильм бўлади!", - деган қисқа жавобни олдим.  Бу асарни дастлаб мен олиб келган бўлсам, менга индамасдан қандай қилиб бошқага беришингиз мумкин? - деб жуда қаттиқ ранжидим.  Улар мени алдашди. 2-3 кун ўйлаб кўрайлик, жавобини айтамиз, - дейишди. Бироқ орадан 3-4 кун эмас, 1 ой ўтди. Отабек Мусаев билан тўқнашдим. Лекин у бу тўғрисида лом-мим демади. Орадан яна бирмунча вақт ўтди. Бу орада фильм олиб бўлинди. Бадиий ҳайъатда тегишли кишилар ўз фикрларини айтишди. Шунақанги ноҳақликларни чидаб юрдим. 

Ғофир Шермуҳаммад асарни Қорақалпоқ тилидан Ўзбекчага таржима қилган бўлса,  бу гаплардан ўзи ҳам хабардор бўлдими?

- Эшитишга эшитди. Лекин у нима ҳам десин? Жуда ёмон иш бўлибди, дейишдан нарига ўтолмади. Раҳбарга ким "Сен нотўғри иш қилаяпсан!", - дейди? Отабек Мусаев нимага бундай қилганлигини ҳалигача тушунмайман. Фотиҳ Жалоловнинг "думини" босмаганман, бирга ишламаганман, бирор маротаба сен-менга бормаганман. Олийгоҳда 1-курс талабаси бўлганимизда, Фотиҳ Жалоловнинг ўзи бизни ўқитган. Узоқ йиллар давомида "Ўзбекфильм"да  ишлаганимни яхши биларди. Ўтган воқеаларни эслаш асносида, уларни танқид қилиш фикридан йироқман. Бугунги кундаги "Ўзбеккино"ни ҳам танқид қилаётганим йўқ.  Фақат мени бир савол қийнайди: нима учун "Ўзбеккино" раҳбарлари менга шу асар ("Ойжамол" романи)ни беришди-ю кейинчалик бу сценарийни бошқа бировга бериб юборишди?

    "Турон" давлат ҳарбий драма театрига ишга киришингиз қийин бўлмадими? Ҳарҳолда, театр бадиий раҳбари - Сайфиддин Мелиев ўта талабчан режиссёр!  

- Сайфиддин яхши ижодкор! "Ўзбеккино" миллий агентлиги қошида ташкил қилинган "Киноактёр" театр студиясида илгари биргаликда ишлаганмиз. Сайфиддин Мелиев дастлаб собиқ "Киночилар уйи"да театр студиясини ташкил қилганда мени таклиф қилган ва мен бажонудил у ерда роль ижро этганман. Ўзлари мени қабул қилишди. У ерда Грузин адиби Нодар Думбадзе ҳикоялари асосида “Яшаш учун кечикма” номли спектакльни саҳналаштирдик. Мазкур спектакльда бош ролни ижро этяпман. Бундан ташқари, янги спектаклларни саҳналаштириш ҳаракатидамиз. Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан театримиз билан биргаликда Сурхандарё, Навоий ва бошқа вилоятлардаги ҳарбий қисмларда хизмат бурчларини ўташаётган аскар ва  зобитлар билан учрашувлар ўтказиб, спектакллар намойиш этдик. “Муҳаббат мавсуми” деб номланувчи жуда чиройли драма жанрдаги эҳтиросларга бой бўлган яхши спектакльни намойиш этдик. Томошабинлар: "Нима учун охирги икки йил ичида кино экранларида кўринмай қолдингиз?", - деган саволни кўп беришади. Тўғри, мен ҳозир киноларда ўйнамаяпман. Таклифлар йўқ. Сабабини ҳам, уларга нима деб тушунтиришни ҳам билмайман.

- Ўтган сафар телефильм маҳсулоти бўлган Етмиш ёшли бола" фильмингизнинг овозлаштириш ишлари давом этаётганлиги сабабли бафуржа гаплаша олмагандингиз. "Дубляжни эрталабгача тугатиб, тонг саҳардан Сурхондарё вилоятига гастроль сафарига жўнаб кетишим керак! Сизларнинг дастиларингиздан тинчлик борми ўзи, йўқми?", -деб ҳамкасбларимни қувиб солган экансиз?

- Қувганим йўқ эди-ю ўзлари важоҳатимни кўриб қочиб кетишди! Мазкур фильм сценарийсини телефильм раҳбарияти ўзлари таклиф қилишди. Сценарийсини ўқидим ва асар менга маъқул келди, аммо, сценарийни озгина ўзгартириш, бироз тўғрилаш, устида қайта ишлаш кераклигини айтишди. Фикрлашдик. Сценарий муаллифи - Мунирахон жуда феъли кенг аёл. Танқидий фикрларимизни  тўғри қабул қилди. У билан биргаликда сценарийни қайта-қайта ишлаб, ҳозирги даражасига  келтирдик. Суратга олиш жараёнида ҳам воқеалар жараёнининг айрим жойларини ўзгартириб, яна қўшимчалар киритишимга ва айрим лавҳаларни бутунлай олиб ташладимга тўғри келди. Монтаж жараёнида ҳам шундай ҳолат кузатилди. Ниҳоят, биз кутган фильм тайёр бўлди. Топширдик. Ўзбекистон халқ артисти - Ражаб Адашев ва севимли актрисамиз - Дилбар Икромовага катта раҳмат! Буёғи эндиликда томошабинлар ҳукмига боғлиқ.  Фильмни кимгадир ёқиш ёки кимдир учун эмас, томошабин учун ишлашингиз шарт, зеро, баҳо берувчи, энг аввало, томошабинларнинг  ўзидир.

 Масалан ойнаи жаҳон орқали актёрларимиз турли чиқишлар қилишади. Уларнинг барча намойишларини ёки ҳаваскор актёрларнинг чиқишларини томошабин ҳамма вақт ҳам қабул қилавермайди.  Чунки, улардаги сохталик ё буюртма асосида ёдлаб олиб гапирилган зўраки гаплар айтилаётганлигини очиқ ойдин биламиз. Халқимизнинг тилида айтганда, "юракдан ижро этиш бошқа, буйракдан ўйнаш бошқа" деган иборани, танқидий фикрларни ва мақтовларни эшитамиз. Томошабин мутлақо ҳақ. Кино томошабин учун намойиш этилади. Маҳоратли режиссёрлар тақчиллиги, актёрларнинг ижроси ёки танланган мавзу бўйича ҳам фикрларини билдирадиган томошабинларимиз бисёр. Адабиётга ихлосманд бўлган жонкуяр томошабинларимиз талайгина. Уларни алдай олмаймиз. 

- Қайси муаллифнинг асари асосида фильм ишлашни истардингиз?

- Қани энди имконият бўлса ва менга рухсат беришса, Шукур Холмирзаевнинг болаларга атаб ёзилган ҳикоялари асосида  фильм ишласам.  Орзуйим - шу.

- Шукур Холмирзаевнинг асарлари кўп. Айнан қайси ҳикояси эътиборингизни тортди?

- Масалан, Шукур Холмирзаевнинг “Тўп ўйин” деб номланган ҳикояси менга ёқади. Ёққан тарафи - асар инсон ғурури ҳақида. Болаликдан ғурур шаклланиши, болаликдан атрофдаги инсонларнинг ва болалар ўйинларининг (60-йиллардаги ўйинлар) ғурурли бўлишга таъсир қилиши ҳақида ёзилган ажойиб ҳикоя. Шунингдек, Учқун Назаровнинг яхши асарлари бор. Собир Назармуҳамедовнинг менга ёзилган бир нечта кино сценарийлари бор. Шароф Бошбековнинг "Меҳр ва маузер" асарини кино қилишни орзу қиламан.

  2015 йил "Кексаларни эъзозлаш йили"да "Ўзбеккино" миллий агентлиги буюртмасига биноан Ғофур Шермуҳаммад қаламига мансуб бўлган “Баракасини берсин” деб номланувчи комедияни суратга олганимдан хабарингиз бор. Мухлислар мазкур комедияни яхши кутиб олишганди. Эркин Комилов ижро этган роль (Ҳайдар бува) томошабиннинг юзига табассум югуртиради. Халқимиз юмор, комедияни яхши кўради. Шунинг учун яна юмор жанрига бўлган қизиқишим устун келди. Мен кино ишлашни жону дилимдан яхши кўраман. “Етмиш ёшли бола” фильмимиз ҳам комедия жанрида. Комедияни ҳаммамиз ҳам яхши кўрамиз. Ота-боболаримиз қадимдан сўз устаси бўлишган. Аскиячилик борасида кулги дарғалари бўлган. Бачкана сўзлар, бир-бирини камситиш, бир-бирини сўз, хусусан пичинг, кесатиқ гап орқали сўз отишмалари қилишлари, бир-бирининг устидан кулиши, кечирасизу, комедия дегани эмас. Халқимиз ниҳоятда зийрак. Комедия қандай бўлиши-ю қанақа фильмлар комедия жанридан йироқлигини яхши билишади. Бу фильмимиз ҳам томошабинларга манзур келади, деб умид қиламиз.    

Суҳбатдош - Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.

01.09.2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот