“ЎЗИМДАН ЎТГАНЛАРИНИ ЎЗИМ БИЛАМАН”


Санъаткор хонадонида

Шерали  Жўраев:
“ЎЗИМДАН  ЎТГАНЛАРИНИ ЎЗИМ БИЛАМАН”
    
  Ўзбекистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти лауреати Шерали Жўраев билан суҳбатларимизни мухлислари ҳамиша орзиқиб кутишади. Кўп ўқиган, кўпни кўрган, ҳаёт илмини, санъат илмини чуқур эгаллаган бу инсоннинг  суҳбатларидан кўп бора баҳраманд бўлганмиз  ва   улардан бирини сизга ҳам илиндик.
- Шерали ака, Нажмиддин Куброда “Кўрдимки, энг яхши дўст илм экан” деган гап бор. Бугун санъат илми ҳақида гаплашсак. Ўтган галги суҳбатларимизда ахлоқсиз қўшиқлар ҳақида ҳам суҳбатлашган эдик. Ахлоқсиз қўшиқларнинг одамга  маънавий  жиҳатдан зарар етказиши ҳақида Абдулла Қаҳҳор “Ёшлар билан суҳбат” китобида алоҳида таъкидлаган эди. Орадан шунча йиллар ўтиб ҳамки, қўшиқчилигимиздаги муаммолар ҳақидаги баҳсу-мунозаралар тугамаяпти.
- Грипп касалига йўлиққан бемор битта ўзини эмас, эҳтиёт бўлмаса ,атрофидагиларини ҳам касал қилади. Бора-бора ҳамма тузалиши мумкин. Баъзида катта ёшдагилар тузалиб, болаларда  эса касалликнинг  асоратлари қолиши табиий ҳол. Санъатда ҳам шундай. Сиз айтган ахлоқсиз қўшиқларни, илм билан айтилмаган қўшиқларни кўпчилик санъат деб қабул қилади. Ёш болага иссиқ ёниб турган печкани кўрсатиб бу қўлингни куйдиради, торт, денг-чи,қулоқ солармикан? Афсуски, бола буни тушунмайди ва  иссиқ печкани ушлайди. Куйгани йиллар ўтгач билинади. Куйганида эса қирқ ёшни уриб қўйган бўлади. Чет элларда бўлганимда, ишлагани ёки ўқигани кетган  йигитлар “Сизни энди тушундик. Бошқа ашулалар қонимизни мазза қилдирмаяпти. Қўшиқларингизни эшитиб қон юриши нормаллашди” дейишади. Улар шу чоққача  нималарни эшитишмади  дейсиз,  неча марталаб “маза”лари  қочди, неча йиллар керак бўлди “маза”нинг таъмини тотиш учун. Ҳаёт фақат ўйиндан иборат эмас. Ўйин дискотекада бўлиши мумкин. Ўйнаб чиқиб кўчага чиқандан кейин ҳаёт бошқача-да. Йўқ, ҳаёт дегани бу эмас, ҳаёт дегани бошқа нарса, деб болаларимизга ўргатиб, тушунтириб боришимиз керак. Илгари  ашулаларни айтмасдан олдин маъниси тушунтириларди. Бугун ундай эмас. Ҳамма хоҳлаган гапини куйга  солиб айтиб ётибди. Мен янги чиққан хонандаларни эшитаяпман, аммо эшитолмайман. 
- Қўшиқ  айтмай қўйган пайтларингиз кўп бўлганми? Бунинг сабаблари нимада?
- Бўлган. Лекин бир марта қарийб бир йилга чўзилган. Айтолмай қолдим-да нима дейсиз энди. Кунларнинг бирида  уйимнинг иккинчи қаватида ётибман. Ишкомдаги узумнинг барги мени уйғотаяпти. Барг қайрилди  ва иккинчи томонида  чиройли аёлнинг суврати кўринди. Ўрнимдан туриб телеканаллардан бирини бурадим. “Ҳиндистон” канали кўрсатаётган экан. Унда  Озарбайжоннинг “Сегоҳ” мақоми ҳиндча янграяпти. Демак, “Сегоҳ” Ҳиндистонда ҳам чалинар экан. Воҳ-ҳ, шуни эшитиб мазза  қилдим. Дарров хаёлимга “Эй гул, ёноғингни яширма мендан”деган сатрлар келди  ва шу ерда янги қўшиқ туғилди. Узоқ вақт қўшиқ айтмай қўйганимнинг сабабини сўрадингиз. Бу ерда бошқа гап ҳам бор. Дунёда одамзод кўрмайдиган жуда кўп нарсалар бор бу дунёда. Қанчадан қанча ёндош оламлар кузатиб тургандир бизларни. Сиз билан биз кўрмаймиз буларни. Кўп нарсаларни биламизу, лекин билмаганликка олиб қўямиз. Уларнинг ичида ўзига яраша ёмон ҳаракат кўрсатаётганлари ҳам бор. Сизга иложи борича ёмонлик қилишга ҳаракат қилаётганлари бор. Ҳатто суратингни олиб, нина санчаётганлари-да бор, лўлиларга бориб куф-суф қилдирадиганлар,  қўлидан келган ёмонликларини  қиладиганлар бор. Ахир  Расуллулоҳ саллалоҳу алайҳи ва салламни ётқизиб, олти ойлаб  уйидан чиқармай  қўйган ёвуз кучлар бор. Аммо Эгам ҳаммасини  кўриб билиб турибди. Ҳар бир одам қилган  қилган ёмонлиги учун ўз жазосини олиб келган ва олади.
- Голиввуднинг дунёга танилган энг айрим машҳур артистлари фарзандларининг  машаққатли, азобли йўлларни босиб ўтишини хоҳлашар ва ўз ҳолларига қўйишар экан. Сизда бу ҳолат қандай кечган?
- Ўша санъаткорлар тўғри қилишади. Шундай бўлиши керак. Сабаби, болалар қийналмаса фойдаси йўқ. Мен ўғилларимни бирин-кетин атайлаб Андижонга, қишлоққа жўнатгандим. Ўша ерда яшаб ҳаётни ўрган, қийинчиликни кўргин, тўйлар чиқиб қолса пул топиб қорнингни тўйғаз, тирикчилингни қил, сабрли бўл, деб атайлаб шундай  йўл тутганман. Бу бутунлай бошқа ҳаёт. Телевизордаги ҳаёт бутунлай бошқа. Мен ўзимдан ўтганларини ўзим биламан. Бу ҳақда кўп гапирганман, яна айтавераман. Қирғизистонда Кампиробод  деган жой бор. Бир томони Ўзганга, иккинчи томони Жалолободга туташ бўлган жойнинг ўнг томонидаги яйловлар бобомга тегишли бўлган. Бутун Фарғона водийсига ўша ердан сув келади. Ўша ерлик одамлар бобомдан молларига ем  сўрашар  ва бобом сахийлик қилиб бериб юборар эканлар. Советлар бостириб киргач, уларнинг  ерларини, бобом  ва бошқаларнинг мол-мулкини тортиб олишиб, уйларини  бузиб ташлашган. Ўшанда ҳамма нарсадан айрилишиб, ҳоллари забун бўлиб, оддий ишчига айланиб қолишган. Ҳамиша меҳнат қилиб юрган отам нима қилишини билмасдан, ўзимиз боқиб берамиз, деб улардан 500 та қўйларини сўраб олганлар. Ваҳоланки, шу қўйлар ўзларининг мулки бўлган. Ўшанда отамнинг отига мингашиб  даштлардан, тоғлардан ўтардик. Акам 500 та қўйнинг ҳар бирининг белгисини танирди. Зокир акам ҳозир 70 ёшдан ошган, ҳалиям болаларига ишонмасдан қўй боқади, шу  ёшида улоқ чопади, от ҳақида-ку,  бир йил тинмасдан гапириши мумкин. Дунёдаги энг тўғри одам шу, дейман Зокир акам ҳақида. Кейинчалик отам ўша қўйларни қайтариб сотиб олган. Ўша йиллари  одам қўли билан бажариладиган барча оғир меҳнатларни бажарганмиз. Очлик, совуқлик, ғариблик, ҳақоратлару, таҳқирланишларнинг барчасини бошдан ўтказганмиз. Тоғларнинг ичига, бошқа миллатларнинг ичига кириларди, у ёққа ўтсак ҳам ҳақорат қилишарди, бу ёққа ўтсак ҳам ҳақорат эшитардик. Биз ўзи киммиз, дердик. Отам жуда меҳмондўст одам эдилар, хоҳлаган пайтида қўйларини  сўярдилар,келмаган одамни судраб об келиб меҳмон қилардилар. Отамнинг отига мингашиб Қамчиқ  довонига ўхшаган яна беш-олтита довондан ўтиб, далалардаги, даштлардаги гулу-чечакларни диққат билан кузатардим, уларга тўймай тикилардим. Энди ўша манзараларни тополмайман.Энди фақат бориб кўриш керак,агар қолган бўлса. У нафас,у ҳаво барибир энди йўқ. У манзарани, у гўзалликларни  ашулачи бўламан, элнинг кўнглидан жой оламан, деган одамлар кўришлари керак, чин юракдан ҳис қилишлари керак.
- Бир мухлисингизнинг айтишига қараганда, 33-35 ёшингизда концерт қўйган экансиз ва томошабинлар орасида русийзабон миллатига мансуб бўлган инсонлар борлигини инобатга олиб, “Мама” деган рус тилидаги қўшиғингизни куйлаган экансиз. Бир рус аёли қаттиқ таъсирланиб йиғлаган ва “унинг   қўшиқлари илоҳиёт билан боғлиқ” деган экан. Нега яна бошқа тилларда қўшиқлар куйламадингиз?
- Куйласам бўларди. Институтда қўшиқлар айтиб анча танилиб қолган эдим. Операчиликда иқтидорим борлигини билишиб, мени Италияга олиб кетмоқчи бўлиб одамлар келган. Икки ўт орасида қолдим. ”Опера қонимда бўлмаса,боболаримнинг ҳам қонида йўқ, опера зўр санъат, ўзим ҳам яхши кўраман, лекин опера бошқа дунёнинг санъати. Мен халқ йўлида ашула айтадиган одам бўлсам. Тўғри, театрда опера  қўшиқлари айтиб танилиб кетишим мумкин. Қайтиб келганимдан кейин шинавандаларим  мени қабул қиладими-йўқми? Уларнинг олдида ким деган одам бўламан?” деб менга қарсак чалаётган, қўшиқларимни эшитаётган шинавандаларимни кўзим қиймай Италияга бормаганман. Бошқа тилларда куйлаш жуда осон. Бошқа тилларда қўшиқ куйлашдан осони йўқ. Озарбайжон, қирғиз, тожик тилларида қўшиқлар куйлаганман. У пайтларда бизда тил ўрганишга, чет тилларга бориб қўшиқ куйлашга  имконият  қайда дейсиз? Англия, Америка ва бошқа чет давлатларга чиқиш етти ухлаб тушимизга кирмасди. Бугун  мустақиллигимиз туфайли санъаткорлар учун барча имкониятлар  яратилган. Хоҳлаган тилида қўшиқ куйлаши  ва чет элларга бориб қўшиқ  куйлаши мумкин. Болаларимга ҳам тил ўрганинглар, имкониятларимиздан фойдаланинглар, дейман. Тил ўрганмаганлигим  ичимдаги  энг  катта армоним. 

 Билишдан сира уялмаслик керак
-------------------------------------------------------
- Уйқусиз тунларни бошидан ўтказмаган одам қандай  қилиб яхши қўшиқчи бўла олсин? Ширин уйқудан воз кечиш керак, ҳаловатлардан воз кечиш керак. Ахши санъаткор бўламан деган ёшлар билмаганларини сўрасин, китоб титкиласин. Ҳар доим тилшунос,адабиётшунос олимлардан билмаганларимни сўраб келганман. Ҳозиргача  ёш олимлардан сўраб тураман. Ярим тунда уйғотиб, улардан узр сўраб  ғазаллардаги  ўзим тушунмаган сўзларнинг маъносини қайта-қайта сўраб оламан. Билишдан  сира уялмаслик керак, тортинмаслик керак.
  Ҳамма яхши-ю, бир сиз ёмонсиз
  Ҳаёт жуда катта мактаб. Ўзингизни бир тафтиш қилиб кўрадиган бўлсангиз ўзингиздан ёмон одам йўқдек. Ҳамма яхши-ю, биргина сиз ёмонсиз. Чунки ҳаётингизда кўп яхшиликлар қилишингиз керак эди, мақтангулик иш қилмабсиз, қилаётган  ишларингиз одамларга ёқаяпти-ю, аммо ўзингизга ёқмай турибди. Ҳаётнинг одамзод   англаб етган фалсафасими бу, билмадим...
  Ҳаёт бошқа, китоб бошқа
  Одамзодни китобда кўрсангиз бошқа, ҳаётда эса ундай эмас. Гул ҳаётда чиройли, китобдагиси эса чиройли эмас. Одамзодга Аллоҳ томонидан бериб қўйилган имкониятлар жуда катта. Хоҳлаган ишини қилишга ихтиёр берилган. Фақат ҳаммаси яхшилик йўлига бўлиши керак. Одам бирон нимадан ёмонлик ахтармаслиги лозим. Бизнинг энг катта хатоимиз- бир-биримиздан ёмонлик қидирамиз ва албатта, топиб оламиз. Бирон одамга ёмонлик соғиндикми, бас, шу ёмонликлар ўзимизга ёзилар экан. Бу қонун. Аллоҳ одамзодни нега дунёга келтирди? Бир-биримизга яхши гапириш, яхшилик қилиш, ёмонликдан қайтариш - бизнинг фарзимиз шу. Қўшиқчиликда ҳам шу. Ўғилларимга ҳам шу ҳақда кўп гапираман. Биз қилмаган яхшиликларни қилишсин. Бировга ёмонлик қилган бўлсак, Аллоҳдан кечирим сўраймиз.
--------------------------------------------------------------------------------------
- Шерали ака, хонадонингизда  элимизнинг энг таниқли, билимдон  инсонлари билан қилган қизғин мулоқотли дискларингизни мухлисларингиз ҳар гал мириқиб эшитишади, маънавий озиқ олишади. Билсак бўладими, нега ўтган кунлар ёдингизга тушиб куйлаганингизда дийдангиз тўлиб йиғлай бошлайсиз,бошқаларни ҳам йиғлатасиз. Нималар сизни йиғлатади?
- Қўшиқ куйлаётганимда уларда бўлиб ўтаёган воқеаларнинг, кечинмаларнинг руҳиятини ҳис қилмасам, мени таъсирлантирмаса, шу қўшиқни куйламайман. Кечинмаларимни ўзим кўрмасам айтолмайман. Воқеалар кинофилъм ленталаридек бирма-бир кўз ўнгимдан ўтади. Ўшанда дийдам тўлиб, кўзларимга ёш тўлиб келади.

Эҳтиёт бўлиш керак

  Ҳар бир нарсани қўшиқ қилиб айтишдан эҳтиёт бўлиш керак. Шоир ўзининг бошидан ўтказган дардини  ёзади, қўшиқ қилиб куйлаш мумкин бўлган жойлари бор, мумкин бўлмаган жойлари ҳам бор. Шеърни бир ўқиганда одамга ёқадиган томонлари бўлиши мумкин. Лекин бундай шеърлар ёзган одамини ҳам, куйлаган одамини ҳам жарга қулатади. Бу битта одамнинг дарди, кўпчиликники эмас. Уни айтсангиз  ичидаги “аура”си вужудингизга ёпишиб қолади  ва шу воқеа содир бўлмасдан қолмайди. Чунки ўзимнинг бошимдан ўтказганман ва эҳтиёт бўламан, ҳар бир жумлани ўйлаб,мулоҳаза қилиб   кўраман, етти ўлчаб бир кесаман. Шогирдларимга ҳам бу ҳақда кўп айтганман. Шеър битган, қўшиқ куйлаган одам яхши ният билан ижод қилиши керак.

Эртага нима бўлади, дердим

  Санъаткор ўзининг юриш-туриши, хатти-ҳаракати билан энг аввало болаларига ўрнак бўлиши керак.Ота ароқ ичса, сигарет чекса,ножўя йўлларга юрса,болалар ҳам отага тақлид қилади. Болаларим бир пайтлар менга ўхшаб мўйлаб қўйиб оларди. Уларга қараб ҳайрон бўлардим. Ёшлигимда кўча-кўйда бирон ортиқча хатти –ҳаракат қилиш ҳақида ўйламасдим ҳам.Тарбиямиз шундай бўлган. Ичимдан эзилиб кетсам ҳам ёмон ишни қилмасдим. Эртага нима бўлади, дердим. Ёмон хислатларимиз болаларимизга юқиб қолмаслиги керак. Мен ўзимни зўр одам деб ҳисобламаганман. Ўзимдаги етишмовчиликларни улар такрорлашини хоҳламайман.

- Шерали ака,”Ўзбегим”, “Ўзбекистон Ватаним маним”,”Инсон ўзинг”  каби  деб номланган  қўшиқларингизда  мардонаворлик,улуғлик  бор, Ватаннинг бир парчаси бор. Концертларда, йиғинларда одамлар сизга жўровоз бўлиб куйлашган. Чет элнинг энг машҳур хонандалари ҳам юрт,Ватан ҳақидаги қўшиқларни айтиб одамларни ортидан эргаштира олган. Саволим: Ватан ҳақида айтган янги қўшиқларингиз борми? Иккинчи саволим, ўзингиз айтишга улгурган ва улгурмаган  қайси мавзуларни ўғилларингизга мерос қилиб қолдирмоқчисиз?
- Ўйлаб кўрсам, биз мавзу қидириб кирмаган кўча қолмаган экан. Қидирса мавзу  жуда кўп. Ўзбекнинг мақоми ҳали очилмаган  қўриқ. Биз ўзимиз билмаган жойлари эҳе, қанчадан-қанча...Ўғилларимга “Шошмақом”ни чуқур ўрганинглар, ортинглардаги “багаж” тўлиб бораверади” деб ўқтираман. Эшитмаса бўлмайди. Эрон, Ҳиндистон, Европа мусиқаларинини эшитинг,улар ҳам керак, лекин биринчи навбатда ўзимизнинг мақомларни эшитиш керак. Ҳозирги кунда айтилаётган қўшиқлар ҳаммага ҳам ёқиши мумкин, бир соатга ёки уч кунга, ана боринг, уч ойгача ёқиши мумкин. Бора-бора уни эшитмай қўясиз,жонга тегади. Сабаби, бу нарса қонимизда йўқ, сингимай турверади. Енгил-елпи қўшиқларни  айтаётганлар ўқимаган, китоб титкиламаган, машаққатларнинг, азобларнинг  катта  қозонида қайнамаган. Мен ўғилларимга мавзуни ўзлари қидиришларини, ўзлари ахтариб топишларини ҳамиша айтиб келганман. Биринчи саволингизга жавобим,Ватаним,юртим ҳақидаги қўшиқларни умримнинг охиригача, танда жоним қолгунича куйлаб ўтаман. 
- Хитой донишманди Конфуцийнинг ”Ҳеч ким сенга дўст эмас, душман ҳам эмас, лекин ҳар бир инсон сен учун улуғ устоздир” деган экан. Шу ҳикматли сўзларга муносабатингизни билмоқчи эдик?
- Ҳақиқатдан ҳам ҳаёт йўлингда учраган яхшими-ёмонми, одамларнинг ҳар бири биз учун устоз. Улар сизни эҳтиёт бўлишга ўргатади. Огоҳ бўлишга ўргатади. Менга бир воқеани эслатдингиз. Ёнимда юриб менга ёмонлик қилмоқчи бўлган “устоз”ларим бўлган. Ёшлигимда филармонияда ишлаб юрган кезларимда, бошқалар 27 та концерт қўйишса, мен бир ойда 45 та концерт қўярдим.  27 та концерт қўйганлар 220 сўм маош олишса, мен 45 та концерт қўйиб 150 сўм маош олардим. Дам олиш деган нарсанинг ўзи йўқ. Тиним билмай концерт қўярдик. Лекин маош ўша-ўша. Ўша йили “Совет Ўзбекистони” газетасида санъаткорлар ҳақида фелъетон чиққан. Ўшаларнинг ичига мен ҳам кириб қолганман. Мени фалон идорага чақиришган, қабулхонада бир рус кишиси ўтирган экан. Шеърларимни унинг олдида нотўғри таржима қилишиб, роса обориб олиб келишган. “Мен нима қилдим, гуноҳим нима, ҳеч қандай ғализ қўшиқ айтганим йўқ” десам-да, хатом нимадан иборат эканлигини айтиб беришмаган. Уларнинг бошида мен устоз деб биладиган ёши улуғ инсон ҳам турган. Хато топиша олмаганларидан кейин ўша киши “Сен нега бизнинг олдимизга келмай, ғуддайиб бир четда турасан?” деб дўқ қилишгача борган. Кўрдингизми?  Мана менинг айбим!  Мана, менинг хатоим! Отам бизга катталарнинг олдига ҳадеб чопиб бораверма, қўл қовуштириб бир четда тур, деб тарбия берганлар. Шунинг учун ҳам ўғилларимга ўзингдан катталар билан дарҳол қўшқўллаб  кўриш, деб ўргатиб қўйганман. Бизни ёмон кўрадиганлар бор. Нима учун ёмон кўришларини билмайман. Ўшаларга ҳам ҳамиша инсоф берсин, уларга ҳам яхшиликларни тилайман. Негадир ўзларини солиштириб аччиғи келадиганлар бор. Бу тақдир илоҳий. Ҳар бир бандасини шундай яратди ва шундай йўлларга солиб қўйди. Уни кўрдик, буни кўрдик. Ҳаммасини кўриб энди бир тарозига ҳам солиб кўр, деди. Тарозига солинса, хатоларимиз жудаям кўп. Хатоларим кўриниб қолмасин, деб кўчага ҳам кам чиқаман (кулади). Энг муҳим нарсани унутмаслигимиз керак. Юртимизга ҳамиша файзу-барака сўрашимиз, ундан кейин ўзимизга сўрашимиз керак. Шуни сўрасак, ҳаммаси жойида бўлади.
 
Меҳринисо ҚУРБОНОВА суҳбатлашди.