БИЗДАН СЎНГ КИМ КЕЛАР БУ НИШОНДА, ОҲ!!!


 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Олтин қалам" Миллий мукофоти совриндори,  шоира Адиба УМИРОВА билан суҳбат! 

- Адабиётимизда ёрқин истеъдодлар кўп. Улар орасида Сизнинг ҳам ўз овозингиз бор. Суҳбатга бугунги шовқин-суронлар, ҳайқириқлар орасидан ўзини излаётган қаламкаш эмас,  давримиз олдига: "Биздан сўнг ким келар бу нишонда,  оҳ!!!",  дея кескин ва аёвсиз савол қўйган адиба сифатида чорламоқчимиз. Сизнингча, ижодкорлик нима?.. 
- Буюк алломалар ўз маърифати билан дунё тараққиётига тамал тошини қўйганда, биз улар орзусидаги келажак бўлганмиз. Болаликда мустақил ўқиган китобим минг йил муқаддам яшаган жаҳоншумул олим,  улуғ ҳаким, мунажжим,  файласуф,  шоир ва бастакор  "Абу Али Ибн Сино" қиссаси эди. Тўғри,  бугун Ибн Сино билган фанларни билиш учун турли мадрасаларнинг зах ҳужраларида, сарғайган китобларни шағам ёруғида мутолаа қилишга ҳожат йўқ, аммо биз тиббиётми, илоҳиёт - ер, осмон жисмлари ҳақидами, умуман, қўлимизга қандай китоб тушса ўқиб кетавермаймиз.  Парвардигори олам инсонга қандай юксак зеҳну зако ато этгани,  уни фазлу камолимиз йўлида қанақа сарфлашни билмаймиз. Ҳали ҳам кимдир доим бизга янги ҳаёт қуриб беришидан умид қиламиз. Турмушимиз қийинлашса,  бунга ким айбдор: жамиятми,  одамларми,  пулми - буни соғлом ақл тарозусига солиб кўрмаймиз. 
   Ўзбекистонда аҳоли сони 34,5 миллиондан ошди.  Ўтган йилнинг даврига нисбатан 653,7 минг кишига кўпайган. Хўш, йилма-йил кўпайишдан бошқа ҳаётимизда нима ўзгарди?.. Тўғри, дунёда ҳамма нарсанинг ўз қиймати бор, муқаддас вазифалар кўп,  аммо мен ҳаммасидан инсонни устун биламан. Мамлакатимизда қад ростлаган замонавий театрлар, кино саройлари,  кутубхоналар,  ижод мактаблари  - ҳаммаси инсон учун!.. Лекин онгимизда ҳеч нарса ўзгармади. Фикри йўқ одам қуриган дарахтга ўхшайди.  Қуруқ ҳаёт  қанчалик қўрқинчли-а!.. Бугун инсон асрлаб тиклаганини бир нафасда қулатиши мумкин. Ўз манфаати йўлида дуч келганни пашшадек, кечирасиз, одамни қириб ташлашга қодир. Инсон гўзаллиги фақат моддиятдан иборат бўлиб қолмаслиги керак. У Шоҳ Эдип тақдири ёки Қирол Лир трагедиясидан қачон хулоса чиқаради? Мамлакат қачон бой-бадавлат, кучли Ватанга айланади?.. Жадидлар инъом этган эркни у ёқ-бу ёққа қалқитмай,  ўз юртида шод-хуррам яшайди?.. Абдулла Орипов ҳам "Темур тиғи етмаган жойни Қалам билан олди Алишер", деганда инсон буюклигини назарда тутган. Етар, шунча инсоният ҳеч қандай мақсадсиз урушларда ўзини йўқотгани, қатағонга учрагани, Магадан ўрмонларида суяклари чириб кетгани...
  Ичимиздан бир янги ҳаёт етилиб келяпти. Эҳтимол, янги аср ўн минг йиллик орзуимизни рўёбга чиқарар. Инсон бир-бирига қурол эмас, тинчлик ва бахт келтирадиган ягона зотга айланар. Адабиёт инсон ва маданият ўртасида кўприк. Ижодкор - жамият атмосфераси.  Босим қанча кучли бўлмасин, энг чекка қишлоқлар,  қоронғу кулбаларгача тоза нафас билан кириб бормаса, ҳаётда ўсиш бўлмайди. Ибн Сино қиссасида Берунийнинг Ҳусайнга айтган  бир гапи бор:  "Бойлар камбағалларни бўғмоқда. "Ўрта ҳоллар" ҳам қашшоқларнинг елкасидан итариб, бойлар қаторидан ўрин олишга уринмоқда. Зиё аҳли ҳодисаларга ибрат назари билан қараб, мазлумлик камбағалларнинг азалий қисмати эмаслигини равшан билмоғи керак. Моддий бойлик жамият ўртасида нотўғри тақсимланган! Кўпинча бир бурда нонга зор бўлган халқнинг бир тўда бекорхўжаларга - бойларга хизмат қилиши адолатдан эмас! Улар ўз кучларини ҳам,  ўз устидаги адолатсизликни ҳам тушунмайдилар. Улар шундай авом, бесавод қолар экан, ҳақиқий зиёлининг биринчи иши - нодонликнинг бу даҳшатли туманини тарқатиб юборишдан иборат".  Ҳақиқий ижодкорнинг йўли шу!..
- Эъзопча иборалар адабиётгача... Ундан кейин қандай ёзиш ўзимизга боғлиқ. Ёзайлик,  ёзайлик, фақат  "хушомадсиз" деб бонг урган ҳам Сиз бўласиз... 
- Адабиётнинг энг хавфли душмани ялтоқлик. Ялтоқ ижодкор бир бурда нонга, бир пиёла шаробга ҳам энг жасур, жасоратли сўзларни сотади. Ялтоқланиш - тобеликка мойил, тилни қисиб қўяди. Кескирлик ҳеч кимга ёқмаса ҳам ялтоқланишдан устун туради. Бугун одамларни на адабиёт,  на матбуотга ишончи бор. Очиғи, қорин ғами, мукофотлар, имтиёзлар илинжида қораланган нарсалардан қониқмаяпти.  Минбардан туриб ҳайқирсанг ҳам эшитмайди, эшитса ҳам қулоққа киради, ақлга сиғмайди. Эл ўз шоирини танимайди,  шоир ўз элидан узоқлашиб кетди. Янги адабиёт,  деб жар соляпмизу эски адабиётнинг кўз ёши, юрак қони, катта қурбонлик эвазига яратилган асарларини ҳали ҳам қўлдан қўймаймиз. Чунки адабиётсиз инсон ўзини-ўзи эшитолмайди, хатоларини кўролмайди, камчиликларини тузатолмайди. Бекорчиликда ҳаёт кечирса ҳам бузуқлик қилмасликни, агар ўзида ҳақиқат бўлса, ҳеч қандай қонунсиз,  чиройли юзсиз ҳам фаровон турмуш кечиришини адабиётдан бошқа қайси соҳа мукаммал очиб бера олади?.. 
 Ижод столимда Чўлпон, Қодирий, Авлоний асарлари туради. Бу бошқа дунё, ихтиёримдаги қанчадан-қанча ишлатилмаган куч, ақл-идрок, фаҳм-фаросат, қўрқоқлик,  ялтоқлик чегарасидан чиққан ўткирлик, қониқарли даражадаги ўзлик ва унга етмоқ бахти. Абдулла Орипов, Рауф Парфи ҳам Чўлпон шеъриятининг давомчиси бўлганига энди фаҳмим етиб турибди. Булар шеъриятимиз руҳини янгилаган. Олтмишинчи йиллар деганда, дарров шу авлод кўз олдимизга келади. Хўш, ўтган йилларни эслаганда нима келади?.. Бутун башариятни таҳликага солган қора ўлатми?.. Йўқотишлар ўрнини тўлдириш, изтиробларни абадул-абад хаёлдан чиқариб ташлайдиган қандай бақувват асарлар ёзилди?.. Бизгача адабиёт чинакам фидойилик бўлган. Нега шаблонга айланди?.. Кейинги пайтда тақдим этилаётган қораламаларни мен ҳақиқий ижод намунаси, деб ҳисобламайман. Ҳеч бир замонда ўқишли китоб осонлик билан дунёга келмаган. Афсус, ҳозир адабий мезонни белгилаш гуруҳбозлар, тўдабозлар қўлида. Адабий танқидчиликнинг бор-йўғи сезилмаяпти. Китобхонлар жаҳон адабиёти нари турсин, Темир Пўлатов сингари ёзувчилар асаридан бехабар. Кўпгина замонавий шоир, ёзувчилар жаҳон, рус адабиётидаги жаҳонга машҳур ижодкорларнинг ҳатто китобларини ўзгартирмасдан ўз номидан эълон қилиб юборган. Адабиётшунослар шуни ёмби сифатида баҳолаган. Қандай шармандалик?.. Рўйхатини келтирсам,  ўзимга душман орттиришим аниқ. Қизлар бугун қадди-қоматини "мода"лар уйига келиб намойиш қилгандек руҳиятни сунъий қийноққа солиб ифодалаш ёки нотабиий жабрдийдага айланиб ёзиш кучайган. Тасаввур қилинг: 
   "Қўлингга қилич ол, кетдик жангга.." деяпти бир ҳаваскор. Қанақа жангга?.. Ҳозир қирқ биринчи йиллар эмас-ку!.. Буни замон кўтармайди. Ижтимоий тармоқдаги ҳаваскорлар адабиёт, деган муқаддас сўзни писта пўчоғидек чақиб ташлаяпти. Энг ачинарлиси, бу кўпчиликнинг адабиёт, китоб, китобхонликка бўлган муносабатини ўзгартираяпти. Илгари битта шеъримиз деворий газетага чиқса, қанчалик қувонардик, ҳозир сиз омад истайсизми ёки шуҳрат?.. Унда сизга ҳозирдан шаблон тайёрлаймиз.  Шу заҳоти ҳодисага айланасиз. Бунақа  "ҳодиса" лар адабиёт ва матбуотни ўлдираяпти. Ундан аянчлиси, маҳалла "ахборот" бозорига айланган  ижтимоий тармоқлар катта ижодкорлар, журналистларнинг ҳам минбарига айланиб қолмоқда. Йўқ, бу ижод эмас!!!  Бундай қораламалар билан замонавий ўзбек адабиёти яқин ўн йилликда дунёни ҳайратга солишига ишонмайман. 
   Қодирийнинг "Ўткан кунлар"  романини эсланг!.. Кўпчилик дунёнинг энг гўзал севги қиссаси,  деб билади. Ваҳоланки,  Қодирий бобонинг дарди бошқа, Отабек тимсолида ўз даврининг ички изтироблари, аламли ўйлари, аччиқ фожиаси, ҳақиқатини кўтариб чиққан. Асарда шарқона аҳлоқ-одоб, маданият, миллий руҳ уфуриб тургани учун немисга ҳам,  инглизга ҳам,  русга ҳам қизқарли. Эҳтимол, келажакда ўзбек адабиёти модерн-подерн эмас, ҳеч ким ўйламаган, кутилмаган миллий йўналишдаги замонавий талқин билан дунёни ҳайратга солар. Зеро,  бизда умид қилишга арзигулик ижод мактаблари ўз фаолиятини бошлади.
- Юз йил олдин келажакка элтадиган фантастик асарлар ўлди(ми?).. Нега ўз қобиғимиздан чиқолмаяпмиз?.. Инсон ўзининг нодонлиги,  номардлиги, ожизлиги, ёвузлиги, очкўзлигини китоблар, саҳналар, киноларда кўришдан безди, деган фикрингиз кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Айтинг-чи, бугун китобхонларга қанақа асар керак?.. 
- Мен янги асрни ақл эволюцияси асри бўлишини истайман. Йўқолсин мужмаллик ва қўрқоқлик!.. Адабиётдаги хушомадгўйлик! Шахсиятпарастлик! Мунофиқлик! Нимаки жонли, нимаки ҳаётий бўлса, шуни бўғиб ётганлар! Битсин чиройли сўз билан ниқобланган  "дипломатик",  муғамбирликлар!.. Адабиёт ўта шахсий ва бир нозик ишки, уни бўйсундириб бўлмайди. Мутлоқ шахсий ғоялар,  мутлоқ эркин ижод яйрасин!.. Сўз эркинлиги яшасин! Эркин адабиёт инсониятни манфаатпарастлик, мансабпарастлик ботқоғидан кўтариб, очиқ, ҳалол, тўғри яшашга ундайди. Адабиёт юз йил олдин келажакка элтадиган ҳайрат манзили. 
 Ҳалигача Навоийнинг "Бўлди назминг рангидин девон қизил, сориғ, яшил... "мисраларини ҳазрат олти юз йил илгари светофорни кашф этган,  деб ҳайратланамиз. Жюль Верннинг сув остида 80 минг километр чуқурликдаги сув кемалари, дунё томларини йўқ қилиб юборган инженер Гарин лазерлари ҳаётда ҳам ўз исботини топди-ку!.. Болалар ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг "Сариқ девни миниб", Хожиакбар Шайховнинг  "Ёнар дарё",  "Сўнгги аждарнинг ҳалокати",  "Олмос жилоси" дан бошқа илмий-фантастик асар яратилдими?..  Фантастика - инсоният келажаги. Бусиз ҳаётда ўсиш бўлмайди. Адабиёт - айшу ишрат кўнглига урган хонимлар, тўқликка шўхлик қилиб, семизликни қўй кўтаролмай қолган "зодагон" лар ҳовлисида олинган сериаллардан иборат эмас. Ёки фақат тарихий павильонларда кино олиб миллионлаб замондошларимиз ҳаётини унутишга ҳаққимиз йўқ. Энди ибтидоий мавзулар - бой, камбағал, қайнона, келин ва ҳакозо мавзуларни санъат даражасига кўтаришни тўхтатайлик!.. Ҳозир нашр этилаётган китоблар муқовасига қаранг, ношир "пешона тери"си сезилмайди. Саксонинчи йилларда ҳатто болалар китобчаларини варақланг, ҳар бир саҳифаси юксак дид ва катта маҳорат билан тайёрланган. Йўқса, у пайтларда бугунгидек техника бўлмаган, аммо оддий матн терувчида ҳам адабиётга муҳаббат,  ҳайрат,  ижодкорлик бўлган. Бугун орзу қилишни ҳам эплолмаяпмиз, сезгиларимиз ўлиб боряпти, интилишларимиз тана ҳаётини гуллатишдан бошқаси ярамаяпти. Сабаби ўз қобиғимиздан ташқарига чиқолмаяпмиз. Қайси соҳа бўлишдан қаътий назар, ижодкорлик қобилиятини фақат адабиёт ўстиради.
- "Йўқолсин адабиётдаги хушомадгўйлик!.. Ялоқлик!.. Мужмаллик ва қўрқоқлик!.. Шахсиятпарастлик!.. Манфаатпарастлик!.. Ниқобланган "дипломатик", муғамбирликлар!.." деяпсиз. Балки бундан ўлиб бораётган адабиёт ва матбуотни тирилтириб,  одамларни маърифатга бошлаш янги авлод чеккига тушгандир...
- Бир қаламкаш сифатида адабиётни Машраб ёки Навоий бобомиз олиб чиққан илоҳий чўққига кўтарилишини хоҳлайман. Аммо биз  - бугунги авлодга бунинг уддасидан чиқиш осон эмас. Ёшлигимизда ҳавас қилиб дуч келганда қаерга қочишни билмаган  "идеал"лардан узоқлашишга тўғри келади. Чунки улар аллақачон  дунёвий ҳавасларга ўзини олдириб қўйган, ҳеч қандай қаҳрамонликни қалбга мустаҳкамлолмайди. Ундан ҳам залворлиси,  тил учида "ватан,  ватан",  дейилавергандан оҳори тўкилган муқаддас сўзни ердан қоқиб, пешонасидан ўпиб юракка туғдек қадашни ўзи бўлмайди. Оддий қалам билан, адабиёт донолиги билан ўзимизни кўтариб виждонни ҳимоя қилиш - энди бизнинг чеккимизда!.. Бу йўлда бизга бокиралик илоҳаси, ҳақиқат илоҳаси, ишонч илоҳасидан бошқа нарса ёрдам бермайди. Тўғри, инсон Аллоҳ берган ақл-идрок даражасидан ортиғини ололмайди. Ҳеч қурса, адабиёт кўкка кўтарган онгнинг ўсишигача баландласин!.. Ахир, инсонга ўзидан бошқа ким эгалик қилади?.. Илгари оналар фарзанд кўрса, асар қаҳрамонларига ҳавас қилиб исм қўйган. Шунга лойиқ китоблар кўпайсин,  шунга қараб маърифатли оилалар ўссин!.. Ватанга хизмат нимагадир эришгунча эмас, муқаддас бурч бўлсин!.. Ўзим ҳам ана шу ишонч, эътиқод, адабиёт билан тирикман.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот