Гулноза САИДОВА: “ҲУҚУҚИНИ БИЛГАН ХОР БЎЛМАС”


   Республикамизда қирқга яқин театр ва театр студиялари фаолият юритиб келаётган бўлса, улар орасида Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрининг ўзига хос ўрни ва мавқеи бор. Бу театр эл севган устоз санъаткорларни етиштирган отахон театрдир. 1939 йилда ташкил топган ушбу театрда Соиб Хўжаев, Лутфихоним Саримсоқова, Ҳамза Умаров, Фароғат Раҳматова ва Марям Ихтиёрова каби санъатнинг дарғалари етишиб чиққан. Бугунги суҳбатдошимиз эса Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрининг истеъдодли, тиришқоқ, тиниб-тинчимас  гўзал актрисаси Гулноза САИДОВАдир.

 

ТЕАТРНИНГ ҚОНУН-ҚОИДАЛАРИГА АМАЛ ҚИЛАСИЗМИ?

 

Сизнингча ижодкорлик маҳсули нима?

— Ҳар бир актриса ўз олдига мақсадлар қўйиб яшайди. Мен ҳам устозларимдан олган билимларимни амалиётга тадбиқ этиб, ҳар битта ролимни маҳорат билан ўйнашга ҳаракат қиламан. Ҳар бир спектакль, сериал ва  киноларда ўйнаган ролларимни менинг ижод маҳсулимдир деб ўйлайман. Ўйнаган ролларимни бир-биридан яхшироқ деб айтолмайман. Чунки ҳар биттаси мен учун худди ўз боламдек азиздир. Ҳозирги кунда театримизда таъмирлаш ишлари авж олган бўлсада ижодимиз қизғин паллада. Маҳаллаларга, мактабларга, лицей ва коллежларга бориб, у ерда қизиқарли тадбирлар ўтказиб келаяпмиз. Имкони борича барчанинг кўнглини олишга ҳаракат қилаяпмиз.

— Ҳар бир ишхонанинг жумладан театрнинг ҳам ўз ички қонун-қоидалари бор. Сиз шунга риоя қиласизми?

— Театримиз раҳбари эл суйган санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизовдир. Мирза ака ўзлари ижодкор бўлганлиги учун жудаям бағри кенг, меҳрибон, кези келганда жудаям қаттиққўл, талабчан раҳбардир. Улар бизларга кенг имкониятлар яратиб бераяпти. Фақатгина ишхонада фидойи бўлиб ишлашимизни талаб қилаяптилар холос. Мирза ака бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Биз ҳам шунга яраша уларнинг тартиб қоидаларига бўйсунамиз, театрни иккинчи уйимиз деб ҳисоблаймиз. Тартиб-интизом бўлган жойда иш унумдор бўлади. Шунинг учун ишхонадаги қонун-қоидаларга риоя қиламан.

Охирги маротаба ўқиган китобингизнинг номи нима? Фарзандингизга қандай китоб олиб бердингиз? Китоб ўқиш шартми?

—Буюк ёзувчимиз В.Шекспернинг “Қийиқ қизнинг қуюлиши” ва “Қирол Лир” асарларини ўқидим. Қизим Ферузабонуга эса русча-инглизча сўзлашгич китобини совға қилдим. Қизим ҳар иккала тилни ҳам мукаммал билишини истайман. Ҳар бир инсонни китоб ўқиши шарт деб ўйлайман. Чунки китоб ўқиган инсондан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Китоб инсонни эзгуликлар, яхшиликлар қилишга чорлайди. Ёвузликлардан қайтаради. Билмаган нарсангизни ўргатади. Доноларимизнинг “Бешикдан то қабргача илм изла” деган ҳикмати бежизга айтилмаган. Китоб биз учун ҳаёт дарсхонасидир.

 

ҲУҚУҚИНИ БИЛГАН ҲАҚИНИ БЕРМАЙДИ

 

— Сиз ўз ҳақ-ҳуқуқингизни биласизми?

— Жуда кўп бўлмасада ўзимга яраша ҳуқуқларимни биламан. Билмаганларимни китобларни титкилаб, ёки таниш-билишларимдан сўраб, билиб олишга ҳаракат қиламан. “Ҳуқуқини билган хор бўлмас” мақолига амал қиламан. Ҳаётда инсон ўз ҳуқуқларини билсагина эркин юра олади, тили бурро бўлади.

Озиқ-овқат дўконида пайнет ҳам бор. Сиз пластик карточкангизни пайнетдаги  сотувчига бериб телефонингизга  пул ўтказмоқчи бўлдингиз. Аммо сотувчи пайнет  фақат нақд пулга ишлашини, дўкондаги маҳсулотлар эса пластик карточкасига савдо қилишини айтди. Бу вазиятда қандай йўл тутасиз?

—Аслида ҳар бир дўконга терминал ўрнатилиши шарт. Шунинг учун бу дўкондаги пайнетга ҳам пластик карточка орқали телефонимга пул ўтказишим мумкин. Агар сотувчи нақд пул талаб қиладиган бўлса мен шартта иккиланиб ўтирмасдан солиқ қўмитасининг ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтираман. Чунки сотувчи ёлғондан “пайнет фақт нақд пулга ишлайди” деб алдаса, у терминални ишлатмаганлиги учун жаримага тортилишини яхши биламан. Бу ҳолат ўзимнинг бошимдан ўтган. Ўшанда солиқ ходимлари сотувчи билан гаплашиб, унга мижозга нисбатан ноҳақлик қилаётганлигини, агар шундай қилаётган бўлса жаримага тортилиши мумкинлигини эслатишган. Сотувчи мендан норози бўлиб пластик карточкамдан телефонимга пул ўтқизиб берган.

— Кундалик ҳаётимизни cавдо-сотиқларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Барчамиз ҳам деярли ҳар куни бозорлардан, савдо дўконларидан нималарнидир харид қиламиз. Бироқ харид қилган маҳсулотингиздан ўзингизнинг кўнглингиз тўлдими? Тўлмаган бўлса нима қилдингиз ёки қандай йўл тутдингиз?

— Пойтахтимизда жойлашган “Малика” савдо мажмуасидаги дўконларнинг биридан 2 000 000 сўмга телевизор сотиб олдим. Бироқ орадан уч ой ўтгач, телевизорнинг сифати ёмонлашди. Телевизорни сотиб олганда сотувчи томонидан тақдим этилган чекни сотувчига кўрсатдим. Сотувчига “Алмаштириб беринг ёки пулимни қайтариб беринг” десам, у менга қўпол муомалада бўлиб, бу талабимдан рози бўлмади. Мен унга “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни, нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, товарни айни шундай маркали, сифатли товарга алмаштириш, унинг харид нархини қайта ҳисоб-китоб қилдириши мумкинлигини  эслатдим. Шундагина у телевизорни бошқасига алмаштириб беришга рози бўлди.

 

АНТИҚА САВОЛЛАРГА ТЕЗКОР ЖАВОБЛАР

 

— Ниманинг беш бармоғи бору лекин бирорта ҳам тирноғи йўқ?

— Бу топишмоқнинг жавоби қўлқоп.

— Андижонда замонавий транспорт воситалари бўлмаганда улар нималардан фойдаланишган? 

— Бу ҳақда китобларда ўқигандим. Извош, қўқонарава, эшакаравалардан транспорт сифатида фойдаланишган.

— ”Тожмаҳал” ким томонидан кимга атаб қурилган? 

— Шоҳжаҳон томонидан рафиқаси Мумтозмаҳал учун “Тожмаҳал” қурдирган.

— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур!

 

Хонбиби ҲИММАТ қизи суҳбатлашди.

2017 йил.

 

   СУҲБАТДОШ ҲАҚИДА:

 

1981 йил 24 мартда  Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани “Янги ҳаёт” маҳалласида туғилган.

2004 йил Тошкент давлат санъат олийгоҳининг мусиқали театр актёрлиги бўлимини  тугатган.

2002 йилдан  Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрида иш бошлаган.

2003 йилда турмушга чиққан. Турмуш ўртоғи тадбиркор. Ферузабону исмли ширингина қизалоғи бор.

“Жайдари келин”да Меҳринисони, “Синфдош”да Гулсаждани, “Тобутдан товуш”да Нетайхонни, “Гаровдаги муҳаббат”да аёл ролларни маҳорат билан ижро этган. Ойнаи жаҳонда бериб борладиган “Бир қадам” ва “Кунларнинг бирида” туркумидан берилаётган фильмларда “Оталар сўзи — ақлнинг кўзи”да бир қатор ролларни маромига етказиб талқин қилиб берган.

“Одамлар орасида” сериалида, “Уқубат”, “Афюн гирдоби” киноларида ҳам роллар ижро этган.