МЕНИНГ ЭРТАГИМСАН


Менинг шодлигимсан, болалигимсан,
Менинг ғуссам ўзинг, менинг армоним.
Сени осмонимга олиб кетаман,
Ерда бизга кун йўқ, кун йўқдир, жоним!..

Хато қилдиммикан мен эрта келиб,
Ё сен адашдингми келиб кейинми?
Гоҳо кимлигинг ҳам бўлмайди билиб,
Иним дейми сени, севгилим дейми?

Кет, деб ҳайдолмасам нетаман,
Кел, деб айтолмасам нетаман.
Сени осмонимга олиб кетаман,
Сени осмонимга олиб кетаман...

Ўйламай дейману ўйламай бўлмас,
Ўтсанг сен томон бир бўйламай бўлмас.
Сен менинг ҳаммадан яширган сирим,
Менинг эртагимсан, сўйламай бўлмас.

Кет, деб ҳайдолмасам нетаман,
Кел, деб айтолмасам нетаман.
Сени осмонимга олиб кетаман,
Сени осмонимга олиб кетаман!..

***

Армоним бор, бу дунёда армоним бор,
Қоқ далада ўтлар босган ўрмоним бор.
Қизғалдокдай бошим эгик бу маконда,
Ёшин яшаб ўтмаган отажоним бор.

Ота десам, бағри-дилим ёнаверар,
Куним ёнар, ойу йилим ёнаверар,
Мозорига қўйган гулим ёнаверар,
Тутунларга тўлиб кетган осмоним бор.


Эсаверсин жаннатлардан келган насим,
Момо ерим, ўзингсан энг муқаддасим,
Бағрингда жим тинглаб бу тун жон нафасим,
Руҳимни аллалаб ётган жаҳоним бор.


Одам бўлиб бир одамни тушунмаслар,
Кўзингда ёш кўриб ҳам гоҳ ўкинмаслар,
Босган изим пойлаб юрган эй, нокаслар,
Қабрдан қўл чўзиб турган қалқоним бор...


Мен отамдан қолган эркин садо-сасман,
Қонимга ёт наволарга кайрилмасман,
Ўлгунимча энди ундан айрилмасман —
Ўз отамдек бўлиб қолган имоним бор.


Армоним бор, бу дунёда армоним бор,
Кенг далада гуллар босган ўрмоним бор,
Қизғалдоқлар бош эгиб қон йиғлаб турган
Бу маконда менинг хам нуржаҳоним бор.


Мени хароб этган бевафо қизлар!.

Ҳазил 

Менинг ҳақимдаги ғийбатлар ёлғон,
Ихтиёр ўзимда бўлса қанийди.
Шароб ичиш менга Хайёмдан қолган,
Ичмасам, ул зотнинг кўнгли ранжийди. 

Ўзим бошладимми, ўзим қилгум бас,
Дўстларим беҳуда заволим излар,
Агар қирққа кирмай ўлсам, май эмас,
Мени хароб этган бевафо қизлар!..


Бахтлимисан, севгилим?..


Эсламасанг ҳам мени
Қандай қилиб тонаман.
Йиллар ўтару сени
Унутолмай ёнаман.
Майли, мен-ку, қон дилим,
Бахтлимисан, севгилим?..

Баҳор келса боғларга,
Севишганлар сиғмайди.
Менинг куйган кўксимда,
Қизғалдоқлар йиғлайди.
Майли, мен-ку, қон дилим,
Бахтлимисан, севгилим?..

Мендан кечиб кетганинг,
Майли, жонинг соғ бўлсин.
Менинг кўнглим чўкса ҳам,
Сенинг кўнглинг чоғ бўлсин.
Майли, мен-ку, қон дилим,
Бахтлимисан, севгилим?

Қайда бўлма, омон бўл,
Омон бўлу билиб ол —
Сенинг умринг узун йўл,
Менинг умрим бир савол:
Майли, мен-ку, қон дилим,
Бахтлимисан, севгилим?!

***

Сени ҳеч ким севолмайди менингдек,
Васлингга зор бу ошиқлар, эҳтимол,
Пойингга тиз чўкиб йиғлар, эҳтимол,
Лекин содиқ бўлолмайди менингдек!..

Алданма ёр, алдамчилар макрига,
Малак бўлма бевафо ишқ шаҳрига.
Улар сени бир босса бас бағрига,
Сени ҳеч ким севолмайди менингдек.

Йўлинг кесиб ўтсам – ўзим хижолат,
Узоқдан бир сени кўрсам кифоят,
Бир нигоҳинг ўзи менга иноят,
Сени ҳеч ким севолмайди менингдек.

Жонингга жон бўлмайман-у севаман,
Ёнингга бир келмайман-у севаман,
Исмнгни ҳам билмайман-у севаман,
Сени ҳеч ким севолмайди менингдек.

Сен кўкдаги ҳарир кўйлак ҳур-пари,
Кўк кўлдаги тиниб қолган сувпари.
Муҳаммаднинг кўнглидаги дилбари,
Сени ҳеч ким севолмайди менингдек.

***

Юртим, адо бўлмас армонларинг бор,
Тошларни йиғлатган достонларинг бор,
Ўтмишингни ўйлаб оғрийди жоним,
Кўксинг тўла шаҳид ўғлонларинг бор.

Бағрим ўртар бир ўй баҳор айёмлар,
Ой ботган ёқларга термулиб шомлар.
Айбин билмай кетган Акмал Икромлар,
Файзуллодек марди майдонларинг бор…

Юртим, кўнглингдек кенг осмонларинг бор,
Юлдузни йиғлатган достонларинг бор.
Осмонларингда ҳам дийдорингга зор,
Жайрондек термулган Чўлпонларинг бор.

Қўлинг қадоғига босай юзимни,
Онамсан-ку, оғир олма сўзимни,
Қайинбарглар ёпиб қаро кўзини
Олисларда қолган Усмонларинг бор.

Алҳазар, алҳазар, минг бор алҳазар,
Ана юришибди кийганлари зар,
Қодирийни сотиб шоир бўлганлар –
Меҳробингда чиққан чаёнларинг бор!

Қурбонинг бўлайин, эй онажоним,
Сенинг фарёдларинг – менинг фиғоним,
Ўтмишингни ўйлаб ўртанар жоним,
Айтсам адо бўлмас достонларинг бор.

***

Гулим, меҳр кўзда дегани ёлғон,
Менинг дилимда ҳеч ўчмас ёлқинсиз,
Қанча кўришмасак шунча қадрдон,
Қанча олис бўлсак шунча яқинсиз.

Девона ошиқман, мен бир девона,
Айтинг, сиздан бўлак кимим бор яна?..
Сиз йўқ чоғимдаги дунём бегона,
Сиз йўқ боғимдаги гуллар ёқимсиз.

Сиз аччиқ қисматим, сиз изтиробим,
Сиз ширин дардимсиз, ширин азобим,
Сиз менинг кўклардан топган офтобим,
Ерларда йўқотган кўзмунчоғимсиз.

Ёдимда кечаги шўхликларингиз,
Кўксимни куйдирган киприкларингиз,
Сиз ўша – орзуси ойдан ойдин қиз,
Сиз ўша – кулгуси қўнғироғимсиз.

Сиз ўша кўзимнинг кифтида юрган,
Сиз ўша кўнглимга кўнгли ин қурган,
Тўкилай деб тилим учида турган
Шеъримсиз, бир умр битмас оҳимсиз…

***

Билет топилмайди «Ўтган кунлар»га,
Қизлар қайтиб келар кўзёш қилишиб.
Хайр уйқу дейман, менда йўқ ором,
Муқовасиз китобимга мук тушиб.

Ногоҳ музикалар тинган ётоқда
Китобим кирмаган хона қолмаган.
Ҳеч ким уни мендек ўқимаган лекин
Ҳеч ким уни мендек ўқий олмаган.

Кўзимни юмаман кулгичлари яйраб,
Кумуш боласига рўмолча тўқир.
Кейин ичкаридан—минг йил наридан
Зайнабнинг нигоҳи жонимни чўқир.

Шундай оқшом ботар, шундай тонг отар,
Китобим ўқийман сатри муқаддас.
Менга ёқмас экрандаги Отабек,
У бошқа. У бошқа мен билган эмас!..

Билет топилмайди «Ўтган кунлар»га,
Мен эса кирмайман бекорга ҳам ҳатто.
Майли, қарсак чалай истеъдод учун
Лекин санъат — санъат, ҳаёт — ҳаёт-да.

Кўзимни юмаман, кулгичлари яйраб,
Кумуш боласига рўмолча тўқир.
Кейин ичкаридан — минг йил наридан
Зайнабнинг нигоҳи жонимни чўқир.

Сарғайган саҳифага қўйиб бошини
Кумуш кулиб ётар тирикдек худди.
Тур энди опажон, тур энди опа
Отабегинг сени унутди?..

Билет топилмайди «Ўтган кунлар»га,
Мен кирмайман. Кирсам кўнглим тўлмайди
Китобим ўқийман,
Ўзим тўқийман,
Кинога ҳеч нарса қўшиб бўлмайди.

***

Севмоқ бу –
Кечирмоқ дегани асли,
Токи бу дунёда қуёш бор, гул бор.
Ялпизлар гуллаган шу баҳор фасли,
Содиқ ҳамдам бўлгин сен менга, дилбар.

Ғийбатлар тингладим, айланди бошим,
Ҳўл тупроқ куйдирди товонларимни,
Ва мана мен уйда кўнглимни юлқиб
Кўмдим беор дўстдек гумонларимни.

Ўйлар суравердим кечалар танҳо,
Гоҳо, жиққа ёшга тўлганда кўзим.
Ва сени севмоқдан олдин бир куни
Дилдан севиб қолдим ўзимни ўзим…

Севмоқ бу – ўзингни англамоқ асли,
Токи замин аро қуёш бор, гул бор.
Райҳонга кўмилган шу баҳор фасли,
Садоқатли ёр бўл сен менга, дилбар.

Севгилим, мен сени севаман, тамом,
Ғамгин кўзинг, ҳадик тўла кўзингни.
Севмоқ бу – кунда бир кўрмоқ бахтидир
Озғин қўлларингни, сепкил юзингни…

***

Мендай ғарибни ҳам кўролмаслар бор,
Нураб борарману ўзим шундай ҳам,
Тугаб борарману ўзим шундай ҳам,
Кўксимга тош отмай юролмаслар бор...

Товушим чиқмас бир капалакча ҳам,
Садосиз кузатгим келар дунёни.
Кўтаролмас ҳатто темир токча ҳам
Улар қанотимга ортган риёни.

Дўстлар, дегим келар,
Бўлманг хавотир,
Узоқ яшамайман шундай ҳам ўзим,
Умрим бир боғ кезиб ўтгай наводир,
Сўнар у бир очиб юмгунча кўзим.

Қўйишмас,
Қўлимдан тортади бири,
Бири оёғимдан,
Бири сочимдан.
Бири қўйним, бири кўнглимга кириб,
Ҳаётдан бездирар ўттиз ёшимдан.

Ўтмас пичоқ билан мени сўйишиб,
Томоша айларлар туриб сал нари.
Худонинг қўлидан нон еб тўйишиб,
Шайтоннинг хизматин қилишар бари!..
Мендай ғарибни ҳам кўролмаслар бор.


     Ўзбекистон халқ шоири - Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб "Онаизор" шеъри Маҳлиё Рамазонова ижросида. 


Онаизор 


Кўнглим қолса булбулдан ҳам, гулдан ҳам,
Қолар бўлсам бир кун ахир тилдан ҳам…
Агар бир зот йиғласа чин дилдан ҳам –
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у… 

Сиғмай қолсам шундай кенг бу жаҳона,
Осмонларга руҳим бўлса равона,
Жонсиз таним устида ҳам парвона –
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у… 

Тонар бўлса қўлимдаги тор, дунё,
Уч кун ўтмай унутгай дўст-ёр, дунё.
Еру кўкни титратиб зор-зор, дунё –
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у… 

Гулдай кулиб юрмасмиди, ўғлим деб,
Кўриб кўнглим тўлмасмиди, ўғлим деб,
Онанг ўлса бўлмасмиди, ўғлим деб –
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у… 

Кўнглим қолса булбулдан ҳам, гулдан ҳам,
Қолар бўлсам бир кун ахир тилдан ҳам…
Агар бир зот йиғласа чин дилдан ҳам –
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у…
  
 

Муҳаммад ЮСУФ - Ўзбекистон халқ шоири. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот