Хотин эмас, хоним


Малика ТАВФИҚ (САЛИМОВА) шеъри. 

Малоҳат МИРЗОМУҲАММАД қизи ижросида.


Эй, эркаклар!
Хотинингизни,
Хотин эмас, ХОНИМ деб айтинг.
Ичингизда мардлари бўлса,
СУЮКЛИГИМ, ЁРИМ деб айтинг.

Хотин деманг, ЖОНИМ деб айтинг,
Жонин сизга фидо қилган-ку!
Битта бўса қўнган юзидан,
Минг йил кета олмайди кулгу.

Хотин деманг, совуқ бу калом,
Ҳеч бўлмаса АЁЛИМ денглар.
Ёлғондакам, бир йилда бир бор,
Сенда фикру хаёлим денглар.

Хотин дея алқаманг зинҳор,
Жа бўлмаса айтинг исмини.
Йигирма беш йилда бўлса ҳам,
Бир бор мақтаб қўйинг ҳуснини!

ОНАСИ денг, ОНАЖОНИСИ,
Минг ўргилсин меҳрибонингиз.
Унинг шодон кулгуларидан,
Нурга тўлсин хонадонингиз.

ГУЛИМ денглар, ФАРИШТАМ денглар,
Айтинг, сиздан нима кетади,
Ахир биииитта ширин сўзингиз,
Минг йил яшашига етади.

Хотин, дейсиз, ҳой, дейсиз гоҳо,
МОҲИМ, ОЙИМ деса бўлмасми?!
Битта сўздан, биргина сўздан,
Яримгина кўнгли тўлмасми?!

Ранжитсалар гоҳида билмай,
Қанча бўлса бақириб тўйинг.
Лекин ёши қирқдан ошса ҳам,
ЯХШИ ҚИЗ! - деб чақириб қўйинг! 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот